Қулнинг берган омонлиги

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 04.09.2017

Мусулмон қўшинлари Форсга ҳарбий юришларида Сус шаҳрини қамал қилишди. Кутилмаганда, шундай ҳарбий ҳолатда ҳам гўё ҳеч қандай уруш бўлмагандек аҳоли шаҳар дарвозаларини очиб қуролларини тақмасдан хотиржам бозорларига чиқа бошладилар. Мусулмонлар уларга одам жўнатишиб, уларнинг нега қурол аслаҳасиз, ўз ҳожатлари учун бемалол бозорларига чиқишаётганларини сўрашди.

Улар: “Сизлар бизларга берган омонликларингизни қабул қилдик. Шунинг учун бизларни ман қилмасликларингизга иқрор бўлдик” дейишди. Мусулмонлар ҳайрон бўлиб: “Бизлар ундай қилганимиз йўқ!” дейишди. Улар яна: “Бизлар алдаётганимиз йўқ” дейишди. Шундан сўнг мусулмонлар бир-бирларидан бу ҳақда суриштира бошладилар. Қарасалар асли жундишопурлик бўлган Муктафо исмли бир қул уларга омонлик хати ёзиб берган экан.

Шунда мусулмонлар ҳатто ўзига ҳам ҳеч қандай эгалик қила олмайдиган бир қулнинг омонлик хатини бекор қилишмоқчи бўлишди.

“Бизлар сизларнинг ҳурларингиз билан қулларингизнинг фарқига бормасак. Бизга омонлик келди, шунга эътимод қиламиз ва шуни қабул қилдик. Хоҳласаларингиз ўзларингиз аҳдингизга хиёнат қилаверинглар, аммо биз уни алмаштирмоқчи эмасмиз” дейишди улар.

Мусулмонлар уларга нисбатан на уруш оча олмай, на улардан юз ўгира олмай туриб қолишди. Охири мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан сўрашди. Умар разияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло вафони улуғлаб қўйди. Аҳдга вафо қилинглар!” дедилпр.

Мусулмонлар Умар разияллоҳу анҳуга итоат қилиб, уларга омонлик беришди ва ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилишди.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан Шаҳобиддин Парпиев таржимаси.

Musulmon qo‘shinlari Forsga harbiy yurishlarida Sus shahrini qamal qilishdi. Kutilmaganda, shunday harbiy holatda ham go‘yo hech qanday urush bo‘lmagandek aholi shahar darvozalarini ochib qurollarini taqmasdan xotirjam bozorlariga chiqa boshladilar. Musulmonlar ularga odam jo‘natishib, ularning nega qurol aslahasiz, o‘z hojatlari uchun bemalol bozorlariga chiqishayotganlarini so‘rashdi.

Ular: “Sizlar bizlarga bergan omonliklaringizni qabul qildik. Shuning uchun bizlarni man qilmasliklaringizga iqror bo‘ldik” deyishdi. Musulmonlar hayron bo‘lib: “Bizlar unday qilganimiz yo‘q!” deyishdi. Ular yana: “Bizlar aldayotganimiz yo‘q” deyishdi. Shundan so‘ng musulmonlar bir-birlaridan bu haqda surishtira boshladilar. Qarasalar asli jundishopurlik bo‘lgan Muktafo ismli bir qul ularga omonlik xati yozib bergan ekan.

Shunda musulmonlar hatto o‘ziga ham hech qanday egalik qila olmaydigan bir qulning omonlik xatini bekor qilishmoqchi bo‘lishdi.

“Bizlar sizlarning hurlaringiz bilan qullaringizning farqiga bormasak. Bizga omonlik keldi, shunga e’timod qilamiz va shuni qabul qildik. Xohlasalaringiz o‘zlaringiz ahdingizga xiyonat qilaveringlar, ammo biz uni almashtirmoqchi emasmiz” deyishdi ular.

Musulmonlar ularga nisbatan na urush ocha olmay, na ulardan yuz o‘gira olmay turib qolishdi. Oxiri mo‘minlarning amiri Umar ibn Xattob raziyallohu anhudan so‘rashdi. Umar raziyallohu anhu: “Alloh taolo vafoni ulug‘lab qo‘ydi. Ahdga vafo qilinglar!” dedilpr.

Musulmonlar Umar raziyallohu anhuga itoat qilib, ularga omonlik berishdi va huquqlariga to‘liq rioya qilishdi.

Shayx Ahmad Muhammad Assofning “Qabasotun min hayotir-Rasul” kitobidan Shahobiddin Parpiev tarjimasi.