Отдан тушсам, хотиним талоқ бўлсин!

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 02.11.2016

Ўтган асрнинг бошларида Марғилоннинг Галатой маҳалласида яшовчи тажанглиги билан халқ орасида танилган Райим мироб исмли киши   бир куни Сойбўйи даҳасига кетаётганида Бекат чойхонасида биродарлари уни дастурхонга таклиф қилишади. Лекин у шошиб кетаётганини айтиб узр айтади. Улар эса бунга кўнмай, яна мажбур қиладилар. У яна узр айтади.

Улар билиб туриб атайин мажбур қиладилар. Охири у бундан тажанг бўлиб, жаҳл устида: “Отдан тушмайман, тушсам хотиним талоқ бўлсин!”, – деб юборади...

Гапидан қўрқиб кетиб нима қилишини билмай, кечгача отдан тушмай юрган мироб охири кишиларнинг маслаҳати билан   тўғри Хожажон қози ҳузурига боради.

Қозихона саҳнида бировни отлиқ юрганини кўрган қози домла, нима гап ўзи, деб мирзоларидан сўрайди. У воқеани билиб келади. У эрталабдан бери отдан туша олмаётгани, тушса аёли талоқ бўлишини айтади.

Уни тинглаган қози домла: “Отингни бур, анави тут олдига бор-да, отдан тутга чиқ", – дейдилар. У ҳайрон бўлиб тутга чиқади. Энди пастга туш, дейдилар. У пастга тушади. Бор кетавер, аёлинг талоқ бўлгани йўқ, дейдилар.

Ҳали ҳам хушига келмай турган йигитга “сен отдан эмас, тутдан тушдинг”, дейдилар.

Раҳматуллоҳ Файзуллаев

Марғилон шаҳридаги «Робия ҳожи она» масжиди имом-хатиби


O‘tgan asrning boshlarida Marg‘ilonning Galatoy mahallasida yashovchi tajangligi bilan xalq orasida tanilgan Rayim mirob ismli kishi   bir kuni Soybo‘yi dahasiga ketayotganida Bekat choyxonasida birodarlari uni dasturxonga taklif qilishadi. Lekin u shoshib ketayotganini aytib uzr aytadi. Ular esa bunga ko‘nmay, yana majbur qiladilar. U yana uzr aytadi.

Ular bilib turib atayin majbur qiladilar. Oxiri u bundan tajang bo‘lib, jahl ustida: “Otdan tushmayman, tushsam xotinim taloq bo‘lsin!”, – deb yuboradi...

Gapidan qo‘rqib ketib nima qilishini bilmay, kechgacha otdan tushmay yurgan mirob oxiri kishilarning maslahati bilan   to‘g‘ri Xojajon qozi huzuriga boradi.

Qozixona sahnida birovni otliq yurganini ko‘rgan qozi domla, nima gap o‘zi, deb mirzolaridan so‘raydi. U voqeani bilib keladi. U ertalabdan beri otdan tusha olmayotgani, tushsa ayoli taloq bo‘lishini aytadi.

Uni tinglagan qozi domla: “Otingni bur, anavi tut oldiga bor-da, otdan tutga chiq", – deydilar. U hayron bo‘lib tutga chiqadi. Endi pastga tush, deydilar. U pastga tushadi. Bor ketaver, ayoling taloq bo‘lgani yo‘q, deydilar.

Hali ham xushiga kelmay turgan yigitga “sen otdan emas, tutdan tushding”, deydilar.

Rahmatulloh Fayzullayev

Marg‘ilon shahridagi «Robiya hoji ona» masjidi imom-xatibi