Фарзанд — жазо эмас, мукофот

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 18.07.2016

“Энг ибратли ҳаётий ҳикоялар” танловига

Тўртинчи фарзандим дунёга келганда ҳар бир ота-она каби Оллоҳга шукроналар айтиб ўзимизни бахтиёр ҳис этдик. Ўғлимнинг келажаги ҳақида орзуларга берилар эканман, дунёда мендан-да бахтлироқ инсон йўқ эди, чамамда. Болалар шифокорининг “болангиз касалманд туғилди, гапиролмаслиги, юролмаслигиям мумкин”, деган гапи мени турган жойимда михлаб қўйди. Хаёлимда “нега айнан менинг болам?”, “наҳотки шунчалар гуноҳларим кўп бўлса”, деган аянчли савол чарх урарди.

Ўтирсам ҳам, турсам ҳам ўзимни айбдордек ҳис этишдан воз кечолмасдим. Туну кун Оллоҳга илтижо қилиб, болам учун дуолар қилардим.

Уйга рухсат беришган кунда турмуш ўртоғимни болаларим билан хурсанд, қўлида гул билан кўриб, кўнглим анча хотиржам бўлди. Кейинроқ билсам, докторлар турмуш ўртоғимга боладан воз кечишни таклиф қилишган, турмуш ўртоғим эса Оллоҳнинг неъматини  рад этадиган ғофил эмаслигини айтган экан.

Болам 2 ойлик бўлганида юрагида туғма нуқсон борлигини ҳам билдик. Яна ичак фаолиятида ҳам бузилиш бўлиб, ичидан қон келиши юрак-бағримни эзарди. Аммо эр-хотин тушкунликка тушмай, Оллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлаверар эдик.

Болам ўсган сари соғлиги ёмонлашиб борар, юраги жарроҳлик амалиётисиз тузалмаслиги аён бўла бошлади. Турмуш ўртоғим тижорат билан шуғуллансалар-да, рўзғордан пул орттириб, амалиёт учун пул тўплаш осон эмас эди. Ҳеч ким ўзидан ортмай қолган бу замонда бировдан қарз кўтариш ҳам осон иш эмасди. Эр-хотин кеча-ю кундуз Оллоҳга таваккал қилиб, яхши кунларга умид қилдик. Турмуш ўртоғим шу фарзандимиз туғилганидан бери ишларига қут-барака кирганини айтганларида Меҳрибон Зотнинг  марҳаматини ҳис этдим.

Тез-тез касалликка чалинаётган мурғаккина гўдагим жонлантириш бўлимида ўзига келарди. Нимжонгина вужуди билан яшаш учун курашаётган болам бир ярим ёшида ҳам икки-уч ойлик гўдакка ўхшарди.

Докторлар ўғлимнинг юрак амалиёти мураккаблигини, имконият бўлса, чет элда қилдиришимиз лозимлигини айтишди. Ягона нажоткоримиз Оллоҳга илтижоларимиз, дуоларимиз сабаб секин-аста имкониятларимиз эшиги очила бошлади.

Ҳужжатларни тўғрилаш ишлари билан югуриб юрганимизда турмуш ўртоғимнинг жарроҳ танишларига дуч келиб қолдик. Бизнинг мақсадимизни эшитган бу жарроҳ гап бошлади: “Ака, очиғини айтаман сизга, яхшилаб ўйлаб кўринг... бу бола шунча харажат қилишга арзирмикан?.. Ҳам ичаги, ҳам юрагида муаммо бўлса... Дейлик, ҳаммаси тузалди, лекин бу боланинг яшаб кетишидан сизга нима фойда?..”

Э, воҳ, Оллоҳим, кўнгил кўзи сўқир бу бандаларингни ўзинг кечир! Бизни ҳам шунақалар сафида қилмаганинг учун ўзингга ҳамд-у санолар бўлсин! Кўнглимда шу кечинмалар билан турмуш ўртоғимга қарадим. У киши танишига лом-мим демай сукут сақлади-да, секин мени йўлакка бошлади...

Ва ниҳоят, Ҳиндистоннинг нуфузли клиникаларидан бирида ўғлимнинг жарроҳлик амалиёти ўтадиган бўлди.

Бир ойлик муддатга мўлжалланган сафар олдидан турмуш ўртоғим тижоратни тўхтатиб туришга мажбур эдилар. Аммо, дўконнинг ижара пули, бироз олинган қарзларни узиш мажбуриятидан турмуш ўртоғим сиқилаётганини, аммо менга ўзини хотиржам кўрсатаётганини ҳис қилардим. Бир томондан мусофир юрт, нотаниш одамлар орасига бориш ҳадик берса, иккинчи томондан беозоргина кулиб турувчи мушфиқ гўдагимнинг барча қийинчиликлардан қутулишини ўйлаб таскин топардим. Яна ҳамма-ҳаммасини Ҳасиб зотга таваккал қилиб, эр-хотин ўғлимизни олиб йўлга тушдик.

Аэропортдан хушмуомала таржимон йигит бизни кутиб олиб, меҳмонхонага олиб кетди. Шифо умидида келган юртдошларимиз билан бир жойга жойлашдик. Кейинги куни дарҳол мен ва ўғлимни клиникага ётқизишди. Икки кунлик текширувдан сўнг, ўғлимни жарроҳлик амалиётига тайёрлай бошлашди. Доктор мени чақириб амалиёт оғир ўтишидан, ўғлим ойлаб жонлантириш бўлимида ётиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Боламнинг тепасида туриб, Яратганга дуо қилишдан бошқа нарса ҳаёлимга келмасди. Амалиёт кунида эр-хотин фақат яхши кунларга умидвор бўлиб, илтижолар қилдик. Боламизнинг келажаги докторлар айтгани каби бўлмаслигига, ҳаммаси Қодир Зотнинг қўлида эканлигига умидвор эдик. Шунинг учун тинмай дуо қилар эдик. Зеро, ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси, қолаверса, мусофирнинг дуоси ижобат бўлишини яхши билардик.

Алҳамдулиллоҳ, ўғлимнинг юрак жарроҳлиги амалиёти жуда омадли ўтди. Докторлар ўғлимнинг кутилганидан тез тузалаётганидан ҳайратда эдилар. Бир ҳафта деганда бизни жонлантириш бўлимидан оддий палатага ўтқазишди. Доим беҳолгина бўлиб ётволадиган, камҳаракат ўғлимнинг анча тетиклашгани, кўзларида порлаб турган яшаш умидини кўриб, бўғзимга йиғи тиқиларди. Ҳамшираларнинг ўғлим тепасида парвоналигини кўриб кўнглим тоғдек кўтарилади.

Амалиётнинг 14-кунида бизга рухсат беришди. Яна бир ҳафта шу ерда қолиб, ҳар куни докторлар назоратига келиб туришимиз керак эди. Қиш Дехлида ҳам қишлигини қилар экан. Кунлар анча-мунча совуқ эди. Шу боис ўғлим шамолламасин дея турмуш ўртоғим касалхона биносигача такси чақиртирган эканлар. Уччовлон  яна меҳмонхонага қайтдик. Келгач, турмуш ўртоғим касалхона харажатларидан ташқари кам маблағ қолганини, ҳали олдинда меҳмонхона тўлови, бир ҳафталик еб-ичиш, боламиз учун харажатлар борлигини айтиб қолдилар. Касалхона ва меҳмонхона орасидаги масофа анча олис бўлгани боис ҳар куни таксида муолажа учун қатнашимиз кам пул эмас эди. Боламиз тузалганидан хурсандчилигимиз билан мусофир юртда пулсиз қолиб кетиш ҳадиги баробар қалбимизга кириб келганди. Меҳмонхонада бирга турган юртдошларимиздан ёрдам сўраш жуда ноқулай эди.

Эр-хотин ўйлаб-ўйлаб, охири, қўлимиздаги бор пулни ишлатиб турайлик-чи, жуда бўлмаса, банк орқали қариндошларимиздан пул олиб турамиз деган қарорга келдик. Буёғи яна ўзига таваккал...

Кейинги куни эрталаб меҳмонхона ёнига такси чақиртирдик. Ҳаво анча изғирин, совуқ кучли бўлгани боис ўғлимни иссиқ кийинтириб тезда мошинага чиқволдик. Доктор ўғлимнинг аҳволи анча яхшилигини кўриб, ҳар куни келмасангиз ҳам бўлади. Яна уч кундан кейин соат саккизда келсангиз жарроҳлик ипини олиб ташлаймиз, деди. Айтган соатида бормасак, доктор жарроҳлик амалиётига кириб кетади ва биз тўрт-беш соатлаб кутишга мажбур бўламиз. Шунинг учун вақтида боришимиз шарт эди. Айтилган кунда соат 06:30 да такси чақиртирдик. Аммо соат 7 га яқинлашса ҳам таксидан дарак йўқ эди. Қайта-қайта қўнғироқ қилишлар ҳам ёрдам бермади. Ортиқ кутишга вақт йўқ эди. Шунда ўғлимни кўтариб совуқ кўчага чиқишга мажбур бўлдик. Жароҳати битмаган боламни бу аҳволда совуқда олиб юриш жуда оғир эди. Эр-хотин иккаламиз ҳадикда, боламни яна касал бўлиб қолишидан қўрқсак-да, бир-биримизга билдирмасликка ҳаракат қилардик. Турмуш ўртоғим тинимсиз такси тўхтатар, аммо масофа олислиги боис ҳамма ҳайдовчилар ҳам у йўналишда юргиси йўқ эди. Ҳам кечикиш ташвиши, ҳам боламни шамоллатиб қўйиш хавотири ич-этимизни тирнарди. Ичимдан мусофирчилик қурсин, дея ҳўрлигим келарди-ю, турмуш ўртоғимга билдирмасдим.

Шу пайт ёнимизга оддий таксилардан фарқ қиладиган салобатли мошина келиб тўхтади. Ҳайдовчи машинадан тезда тушиб машинасини эшигини очди-да, бизни ичкарига таклиф қилди. Ҳеч нарсани ўйламай ўзимизни машинага урдик. Совуқ, хавотир гангитиб қўйган эканми, машинанинг иссиқлигидан ўзимга кела бошладим. Бу орада турмуш ўртоғим юра бошлаган машинага қаерга боришимизни тушунтирдилар. Йўлда сукут ичида кетар эканмиз, хаёлимдан “бу ҳайдовчи оддий таксилардан анча-мунча баландроқ нарх талаб қилади–ёв, бу ёғи нима бўларкин” дея бот-бот хўжайнимга қараб қўярдим. Йўл ярмидан ошганда ҳайдовчи қайси меҳмонхонада туришимизни сўради. Кейин ёнгинамиздаги кўчада ўзининг меҳмонхонаси борлигини, агар турган жойимизнинг шароити ёқмаса, ўша жойга кўчиб ўтишимиз мумкинлигини айтди. “Ҳа, демак, меҳмонхонасини реклама қилиб юрганлардан экан-да, мусофирлигимизни билиб мўмайгина пул ишламоқчи бўлибди-да...” дея ўйлай бошладим. Клиникага келганимизда бизни кўчада қолдирмасдан стоянкага пул тўлаб ичкарига  кирди. “Ҳм, шу тўловини 10 баробар қилиб ундириб олади-да, ҳозир бу ёғига хўжайиним нима қиларкинлар” дея баттар эзила бошладим. Хайдовчи касалхона эшиги тагида тўхтаб машинадан тушди. Хўжайиним ҳам бу ёғи қанчага тушдийкин дегандек чўнтакларини ушлаб турибдилар. Иккаламиз ҳам ҳайдовчининг оғзига термулиб турибмиз. У тўғри келиб қўлимдан ўғлимни олди-ю, қўлига кўтарди. Меҳр билан ўғлимга термулиб исмини сўради. Аҳмад, дедик секингина. Хўжайним безовталаниб қанча беришимиз лозимлигини сўраганларида секингина жилмайди-да, Аҳмад учун сизлардан пул олмайман. Ҳаммасини шу гўдак учун қилдим. Менинг исмим Абдураҳмон деди.

Ё Раб, мусофир юртда ҳам дўстларингни рўбарў қилиб ўз ҳолига ташлаб қўймаганинг биз ғофил бандаларингни кечир! Ҳаммаси учун кечир, Оллоҳим! Ҳам тазарру, ҳам шукроналикка тўлган кўз ёшларим юзларимни ювиб кетди!

Ва, ниҳоят, ўғлим соғайиб бизга Ватанимизга қайтишга рухсат беришди. Меҳмонхона хўжайини яшаган кунларимизни ҳисоб-китоб қилиб олиши керак бўлган пулнинг бир қисмини ўғлинг учун деб қайтариб берди. Меҳрибон Зотнинг марҳамати билан Ватанимизга эсон-омон, яна қўлимизда пулимиз ортиб қайтдик.

Энди бу ёғи дўконнинг ижара пули, қарзларни тўлаш учун ҳам ишлаш кераклиги ҳақида эр-хотин суҳбатлашиб турганимизда телефон жиринглади. Олсам дўкон эгаси Дилбар опа. Биздан ҳол-аҳвол сўраб, ўғлимни суриштирдилар. Яхши гапларни айтиб кўнглимни кўтардилар. Суҳбат охирлаб хайрлашаётганимизда  “Ҳа, дарвоқе, менга ўтган ой  учун ижара пулини тўлашларингиз шарт эмас. Мендан сизларга ёрдам шу бўлақолсин” дедилар.

Ё Раб, бир бандангга шунча яхшиликми?.. Наҳот, шунча марҳаматингга лойиқ кўрган бўлсанг..... Алҳамдулиллоҳ! Гўшакни қўйиб тинимсиз йиғларканман, бу ҳолимни ўзимдан бошқа ҳеч ким тушунмасди!

Шу воқеаларга ҳам бир ярим йил бўлди. Бу вақт мобайнида ўғлим чопқиллаб юриб ҳам кетди. Ҳозир боғчага боради, уч ярим ёш ўғлим яхши гапиролмаса-да, зеҳни ўткирлиги, ҳаммага меҳрибонлиги кўзимни қувонтиради. Адасига қўшилиб азон айтишга, намоз ўқишга ҳаракат қилаётганини кўриб, ўғлим туғилганида докторларнинг айтган ваҳимали гаплари учун беҳудага азоб чекканимни тушунаман.

Ўғлим менга жазо эмас, мукофот сифатида берилганини тушуниб етдим. Оллоҳ ўғлим туфайли фақат яхши одамларни рўбарў қилди. Ўзимни ҳам қўлимдан келганча яхшилик қилишга  ўргатди. Қолаверса, ҳар бир нарсадан иллат эмас, ҳикмат излашга ўргатди! Ноумид бўлманг! Карами кенг Зотнинг марҳаматидан умидвор бўлиб яшанг!

Дилдора Шарипова

* * *

To‘rtinchi farzandim dunyoga kelganda har bir ota-ona kabi Ollohga shukronalar aytib o‘zimizni baxtiyor his etdik. O‘g‘limning kelajagi haqida orzularga berilar ekanman, dunyoda mendan-da baxtliroq inson yo‘q edi, chamamda. Bolalar shifokorining “bolangiz kasalmand tug‘ildi, gapirolmasligi, yurolmasligiyam mumkin”, degan gapi meni turgan joyimda mixlab qo‘ydi. Xayolimda “nega aynan mening bolam?”, “nahotki shunchalar gunohlarim ko‘p bo‘lsa”, degan ayanchli savol charx urardi.

O‘tirsam ham, tursam ham o‘zimni aybdordek his etishdan voz kecholmasdim. Tunu kun Ollohga iltijo qilib, bolam uchun duolar qilardim.

Uyga ruxsat berishgan kunda turmush o‘rtog‘imni bolalarim bilan xursand, qo‘lida gul bilan ko‘rib, ko‘nglim ancha xotirjam bo‘ldi. Keyinroq bilsam, doktorlar turmush o‘rtog‘imga boladan voz kechishni taklif qilishgan, turmush o‘rtog‘im esa Ollohning ne’matini  rad etadigan g‘ofil emasligini aytgan ekan.

Bolam 2 oylik bo‘lganida yuragida tug‘ma nuqson borligini ham bildik. Yana ichak faoliyatida ham buzilish bo‘lib, ichidan qon kelishi yurak-bag‘rimni ezardi. Ammo er-xotin tushkunlikka tushmay, Ollohning marhamatidan umidvor bo‘laverar edik.

Bolam o‘sgan sari sog‘ligi yomonlashib borar, yuragi jarrohlik amaliyotisiz tuzalmasligi ayon bo‘la boshladi. Turmush o‘rtog‘im tijorat bilan shug‘ullansalar-da, ro‘zg‘ordan pul orttirib, amaliyot uchun pul to‘plash oson emas edi. Hech kim o‘zidan ortmay qolgan bu zamonda birovdan qarz ko‘tarish ham oson ish emasdi. Er-xotin kecha-yu kunduz Ollohga tavakkal qilib, yaxshi kunlarga umid qildik. Turmush o‘rtog‘im shu farzandimiz tug‘ilganidan beri ishlariga qut-baraka kirganini aytganlarida Mehribon Zotning  marhamatini his etdim.

Tez-tez kasallikka chalinayotgan murg‘akkina go‘dagim jonlantirish bo‘limida o‘ziga kelardi. Nimjongina vujudi bilan yashash uchun kurashayotgan bolam bir yarim yoshida ham ikki-uch oylik go‘dakka o‘xshardi.

Doktorlar o‘g‘limning yurak amaliyoti murakkabligini, imkoniyat bo‘lsa, chet elda qildirishimiz lozimligini aytishdi. Yagona najotkorimiz Ollohga iltijolarimiz, duolarimiz sabab sekin-asta imkoniyatlarimiz eshigi ochila boshladi.

Hujjatlarni to‘g‘rilash ishlari bilan yugurib yurganimizda turmush o‘rtog‘imning jarroh tanishlariga duch kelib qoldik. Bizning maqsadimizni eshitgan bu jarroh gap boshladi: “Aka, ochig‘ini aytaman sizga, yaxshilab o‘ylab ko‘ring... bu bola shuncha xarajat qilishga arzirmikan?.. Ham ichagi, ham yuragida muammo bo‘lsa... Deylik, hammasi tuzaldi, lekin bu bolaning yashab ketishidan sizga nima foyda?..”

E, voh, Ollohim, ko‘ngil ko‘zi so‘qir bu bandalaringni o‘zing kechir! Bizni ham shunaqalar safida qilmaganing uchun o‘zingga hamd-u sanolar bo‘lsin! Ko‘nglimda shu kechinmalar bilan turmush o‘rtog‘imga qaradim. U kishi tanishiga lom-mim demay sukut saqladi-da, sekin meni yo‘lakka boshladi...

Va nihoyat, Hindistonning nufuzli klinikalaridan birida o‘g‘limning jarrohlik amaliyoti o‘tadigan bo‘ldi.

Bir oylik muddatga mo‘ljallangan safar oldidan turmush o‘rtog‘im tijoratni to‘xtatib turishga majbur edilar. Ammo, do‘konning ijara puli, biroz olingan qarzlarni uzish majburiyatidan turmush o‘rtog‘im siqilayotganini, ammo menga o‘zini xotirjam ko‘rsatayotganini his qilardim. Bir tomondan musofir yurt, notanish odamlar orasiga borish hadik bersa, ikkinchi tomondan beozorgina kulib turuvchi mushfiq go‘dagimning barcha qiyinchiliklardan qutulishini o‘ylab taskin topardim. Yana hamma-hammasini Hasib zotga tavakkal qilib, er-xotin o‘g‘limizni olib yo‘lga tushdik.

Aeroportdan xushmuomala tarjimon yigit bizni kutib olib, mehmonxonaga olib ketdi. Shifo umidida kelgan yurtdoshlarimiz bilan bir joyga joylashdik. Keyingi kuni darhol men va o‘g‘limni klinikaga yotqizishdi. Ikki kunlik tekshiruvdan so‘ng, o‘g‘limni jarrohlik amaliyotiga tayyorlay boshlashdi. Doktor meni chaqirib amaliyot og‘ir o‘tishidan, o‘g‘lim oylab jonlantirish bo‘limida yotishi mumkinligidan ogohlantirdi. Bolamning tepasida turib, Yaratganga duo qilishdan boshqa narsa hayolimga kelmasdi. Amaliyot kunida er-xotin faqat yaxshi kunlarga umidvor bo‘lib, iltijolar qildik. Bolamizning kelajagi doktorlar aytgani kabi bo‘lmasligiga, hammasi Qodir Zotning qo‘lida ekanligiga umidvor edik. Shuning uchun tinmay duo qilar edik. Zero, ota-onaning farzandi haqqiga qilgan duosi, qolaversa, musofirning duosi ijobat bo‘lishini yaxshi bilardik.

Alhamdulilloh, o‘g‘limning yurak jarrohligi amaliyoti juda omadli o‘tdi. Doktorlar o‘g‘limning kutilganidan tez tuzalayotganidan hayratda edilar. Bir hafta deganda bizni jonlantirish bo‘limidan oddiy palataga o‘tqazishdi. Doim beholgina bo‘lib yotvoladigan, kamharakat o‘g‘limning ancha tetiklashgani, ko‘zlarida porlab turgan yashash umidini ko‘rib, bo‘g‘zimga yig‘i tiqilardi. Hamshiralarning o‘g‘lim tepasida parvonaligini ko‘rib ko‘nglim tog‘dek ko‘tariladi.

Amaliyotning 14-kunida bizga ruxsat berishdi. Yana bir hafta shu yerda qolib, har kuni doktorlar nazoratiga kelib turishimiz kerak edi. Qish Dexlida ham qishligini qilar ekan. Kunlar ancha-muncha sovuq edi. Shu bois o‘g‘lim shamollamasin deya turmush o‘rtog‘im kasalxona binosigacha taksi chaqirtirgan ekanlar. Uchchovlon  yana mehmonxonaga qaytdik. Kelgach, turmush o‘rtog‘im kasalxona xarajatlaridan tashqari kam mablag‘ qolganini, hali oldinda mehmonxona to‘lovi, bir haftalik yeb-ichish, bolamiz uchun xarajatlar borligini aytib qoldilar. Kasalxona va mehmonxona orasidagi masofa ancha olis bo‘lgani bois har kuni taksida muolaja uchun qatnashimiz kam pul emas edi. Bolamiz tuzalganidan xursandchiligimiz bilan musofir yurtda pulsiz qolib ketish hadigi barobar qalbimizga kirib kelgandi. Mehmonxonada birga turgan yurtdoshlarimizdan yordam so‘rash juda noqulay edi.

Er-xotin o‘ylab-o‘ylab, oxiri, qo‘limizdagi bor pulni ishlatib turaylik-chi, juda bo‘lmasa, bank orqali qarindoshlarimizdan pul olib turamiz degan qarorga keldik. Buyog‘i yana o‘ziga tavakkal...

Keyingi kuni ertalab mehmonxona yoniga taksi chaqirtirdik. Havo ancha izg‘irin, sovuq kuchli bo‘lgani bois o‘g‘limni issiq kiyintirib tezda moshinaga chiqvoldik. Doktor o‘g‘limning ahvoli ancha yaxshiligini ko‘rib, har kuni kelmasangiz ham bo‘ladi. Yana uch kundan keyin soat sakkizda kelsangiz jarrohlik ipini olib tashlaymiz, dedi. Aytgan soatida bormasak, doktor jarrohlik amaliyotiga kirib ketadi va biz to‘rt-besh soatlab kutishga majbur bo‘lamiz. Shuning uchun vaqtida borishimiz shart edi. Aytilgan kunda soat 06:30 da taksi chaqirtirdik. Ammo soat 7 ga yaqinlashsa ham taksidan darak yo‘q edi. Qayta-qayta qo‘ng‘iroq qilishlar ham yordam bermadi. Ortiq kutishga vaqt yo‘q edi. Shunda o‘g‘limni ko‘tarib sovuq ko‘chaga chiqishga majbur bo‘ldik. Jarohati bitmagan bolamni bu ahvolda sovuqda olib yurish juda og‘ir edi. Er-xotin ikkalamiz hadikda, bolamni yana kasal bo‘lib qolishidan qo‘rqsak-da, bir-birimizga bildirmaslikka harakat qilardik. Turmush o‘rtog‘im tinimsiz taksi to‘xtatar, ammo masofa olisligi bois hamma haydovchilar ham u yo‘nalishda yurgisi yo‘q edi. Ham kechikish tashvishi, ham bolamni shamollatib qo‘yish xavotiri ich-etimizni tirnardi. Ichimdan musofirchilik qursin, deya ho‘rligim kelardi-yu, turmush o‘rtog‘imga bildirmasdim.

Shu payt yonimizga oddiy taksilardan farq qiladigan salobatli moshina kelib to‘xtadi. Haydovchi mashinadan tezda tushib mashinasini eshigini ochdi-da, bizni ichkariga taklif qildi. Hech narsani o‘ylamay o‘zimizni mashinaga urdik. Sovuq, xavotir gangitib qo‘ygan ekanmi, mashinaning issiqligidan o‘zimga kela boshladim. Bu orada turmush o‘rtog‘im yura boshlagan mashinaga qaerga borishimizni tushuntirdilar. Yo‘lda sukut ichida ketar ekanmiz, xayolimdan “bu haydovchi oddiy taksilardan ancha-muncha balandroq narx talab qiladi–yov, bu yog‘i nima bo‘larkin” deya bot-bot xo‘jaynimga qarab qo‘yardim. Yo‘l yarmidan oshganda haydovchi qaysi mehmonxonada turishimizni so‘radi. Keyin yonginamizdagi ko‘chada o‘zining mehmonxonasi borligini, agar turgan joyimizning sharoiti yoqmasa, o‘sha joyga ko‘chib o‘tishimiz mumkinligini aytdi. “Ha, demak, mehmonxonasini reklama qilib yurganlardan ekan-da, musofirligimizni bilib mo‘maygina pul ishlamoqchi bo‘libdi-da...” deya o‘ylay boshladim. Klinikaga kelganimizda bizni ko‘chada qoldirmasdan stoyankaga pul to‘lab ichkariga  kirdi. “Hm, shu to‘lovini 10 barobar qilib undirib oladi-da, hozir bu yog‘iga xo‘jayinim nima qilarkinlar” deya battar ezila boshladim. Xaydovchi kasalxona eshigi tagida to‘xtab mashinadan tushdi. Xo‘jayinim ham bu yog‘i qanchaga tushdiykin degandek cho‘ntaklarini ushlab turibdilar. Ikkalamiz ham haydovchining og‘ziga termulib turibmiz. U to‘g‘ri kelib qo‘limdan o‘g‘limni oldi-yu, qo‘liga ko‘tardi. Mehr bilan o‘g‘limga termulib ismini so‘radi. Ahmad, dedik sekingina. Xo‘jaynim bezovtalanib qancha berishimiz lozimligini so‘raganlarida sekingina jilmaydi-da, Ahmad uchun sizlardan pul olmayman. Hammasini shu go‘dak uchun qildim. Mening ismim Abdurahmon dedi.

Yo Rab, musofir yurtda ham do‘stlaringni ro‘baro‘ qilib o‘z holiga tashlab qo‘ymaganing biz g‘ofil bandalaringni kechir! Hammasi uchun kechir, Ollohim! Ham tazarru, ham shukronalikka to‘lgan ko‘z yoshlarim yuzlarimni yuvib ketdi!

Va, nihoyat, o‘g‘lim sog‘ayib bizga Vatanimizga qaytishga ruxsat berishdi. Mehmonxona xo‘jayini yashagan kunlarimizni hisob-kitob qilib olishi kerak bo‘lgan pulning bir qismini o‘g‘ling uchun deb qaytarib berdi. Mehribon Zotning marhamati bilan Vatanimizga eson-omon, yana qo‘limizda pulimiz ortib qaytdik.

Endi bu yog‘i do‘konning ijara puli, qarzlarni to‘lash uchun ham ishlash kerakligi haqida er-xotin suhbatlashib turganimizda telefon jiringladi. Olsam do‘kon egasi Dilbar opa. Bizdan hol-ahvol so‘rab, o‘g‘limni surishtirdilar. Yaxshi gaplarni aytib ko‘nglimni ko‘tardilar. Suhbat oxirlab xayrlashayotganimizda  “Ha, darvoqe, menga o‘tgan oy  uchun ijara pulini to‘lashlaringiz shart emas. Mendan sizlarga yordam shu bo‘laqolsin” dedilar.

Yo Rab, bir bandangga shuncha yaxshilikmi?.. Nahot, shuncha marhamatingga loyiq ko‘rgan bo‘lsang..... Alhamdulilloh! Go‘shakni qo‘yib tinimsiz yig‘larkanman, bu holimni o‘zimdan boshqa hech kim tushunmasdi!

Shu voqealarga ham bir yarim yil bo‘ldi. Bu vaqt mobaynida o‘g‘lim chopqillab yurib ham ketdi. Hozir bog‘chaga boradi, uch yarim yosh o‘g‘lim yaxshi gapirolmasa-da, zehni o‘tkirligi, hammaga mehribonligi ko‘zimni quvontiradi. Adasiga qo‘shilib azon aytishga, namoz o‘qishga harakat qilayotganini ko‘rib, o‘g‘lim tug‘ilganida doktorlarning aytgan vahimali gaplari uchun behudaga azob chekkanimni tushunaman.

O‘g‘lim menga jazo emas, mukofot sifatida berilganini tushunib yetdim. Olloh o‘g‘lim tufayli faqat yaxshi odamlarni ro‘baro‘ qildi. O‘zimni ham qo‘limdan kelgancha yaxshilik qilishga  o‘rgatdi. Qolaversa, har bir narsadan illat emas, hikmat izlashga o‘rgatdi! Noumid bo‘lmang! Karami keng Zotning marhamatidan umidvor bo‘lib yashang!

Dildora Sharipova