Сен йиғлама, болажон!

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 16.07.2016

“Энг ибратли ҳаётий ҳикоялар” танловига

– Илҳомжон ҳозир етти ёшда, Худо ҳохласа бу йил мактабга чиқади – дея сўз бошлайди Илҳомжоннинг онаси.   – У иккинчи фарзандимиз. Акаси бу йил тўртинчи синфни тугатди. Аллоҳга шукр тўрт мучаси соғ. Фарзанд туғилган вақтда унинг ота-онасидан бахтлироқ инсон бўлмайди дунёда. Бу бахтни фарзандли бўлган ҳар бир киши ўзича ҳис қилса-да,  аммо уларнинг ҳаммаси деярли бир хил туйғуни туйишади: бундай вақтда осмонларда учиб юришади ота-оналар. Бизда ҳам худди шундай бўлди. Гарчи, Илҳомжон иккинчи фарзандимиз бўлса-да, унинг таваллудидан акасининг дунёга келган вақтида севинганимиздан-да ортиқроқ севиндикки, ҳар бир фарзанд ўз ризқи билан туғилишига яна бир бор имон келтирдим.

Вақт оқар сувдек ўта бошлади. Ҳаммаси рисоладагидек эди. Аммо, вақт ўтиши билан қалбимни бир хавотир эгаллай бошлади: Илҳомжон гарчи шовқинни тез илғаса-да кўз олдидаги нарсаларга бефарқ қараётганини сеза бошладим. Эримга бу ҳақда айтганимда “ваҳима қилма, туппа-тузук болаку” – деб урушиб бердилар. Орадан икки-уч кун ўтиб қайнонам Илҳомжоннинг кўзини шифокорга кўрсатиш кераклигини ўзлари айтиб қолдилар. Бордик. Мен қўрққан воқеа содир бўлди: таниш шифокор жигаргўшамнинг кўзларида қанақадир парда борлигини, шу сабабли ҳам унинг кўзлари кўрмаслигини айтди...

Кўз олдим қоронғулашиб, бошим айланди ва бирдан ҳамма нарса сокинликка чулғанди. Оппоқ булутлар ва мендан бўлак ҳеч нарса йўқ эди атрофимда. Кўзимни очганимда эса шифохонанинг икки кишилик хонасининг оппоқ шифтинию, деразадан тушиб турган қуёш нурини ва менга “хайрият, кўзини очди” дея қараб турган шифокор, унинг ортида қўлида бир нималар ушлаб турган ҳамширани кўрдим. Кейин билсам орадан тўрт соат вақт ўтган экан.

Бу воқеага ҳам олти йил бўлди. Бу орада Аллоҳга шукрки, қайнотам шифокорлар билан маслаҳатлашиб, Тошкентдаги махсус шифохонада Илҳомжоннинг кўзларини даволатдилар. Бу узоқ муддатли даволаниш ўз самарасини берди. Унинг кўзлари кўра бошлади. Менинг ҳам қалбимга қувонч қайтиб келди. Аллоҳнинг қудрати билан фарзандимнинг кўзига нур бахш этган шифокор унинг кўзлари кўраётганлигини, аммо бошқа соғлом одамлар каби аниқ ва равшан кўролмаслигини айтди. Шунисигаям минг марта шукр қилдик. Ўзингга шукр яратган эгам, ўзингга шукр.

Ҳозирги кунда Илҳомжон мустақил бемалол ўзи юра олади, ҳарфларни ҳам ўргатдим, ёзишгаям анча қўли келишиб қолди. Ўзингга шукр яратган эгам, ўзингга шукр.  Фақатгина бир нарса баъзам қалбимни тирнайди. Гоҳида у кўчадан “ая, кўчада бир амаки менга кўзинг кўрми деди, йўқ Тошкентда апараста қилгандан кейин кўради, десам йўғе деб кулди”,  “ая, пастки кўчадаги Нодирни аяси бу билан ўйнама, шунча соғлом ўртоқларинг турганда шу билан ўйнайсанми деб уни олиб кетди, лекинчалик Нодир яхши бола у менга “кейинроқ ўйнаймиз“ деди”, “ая, кеча амакимни “айфон”ларини ўйнаётганимда Бакир амаки “ўзи кўзинг тузук кўрмайдию, телефон ўйнашга бало борми” деди”, яна “ая, у киши унақа деди, ая бу киши бунақа деди” деб келганида Аллоҳнинг ўзи кечирсину, одамлардан нафратланиб кетаман. Агарда бунақа гапларни ёш болалар айтса умуман бу ҳақда ўйламасдим ҳам, хафа ҳам бўлмасдим. Аммо, афсуски бунақа гаплар кап-катта одамлардан чиқганидан кейин нима қилай...

Кечагина бўлган воқеа эса ҳаммасидан ўтиб тушди. Овсинимнинг туғилган кунлари эди. Куни билан меҳмон кутдик. Ҳаммаси яхши ўтди. Кечга яқин эса қайнакам овсиним ва фарзандлари қатори менинг икки ўғлимниям шаҳримиз марказидаги истироҳат боғига олиб бордилар. Мен бироз мазам йўқлиги сабабли уйда қолдим. Улар анча кеч қайтишди: ҳамма болалар улар қатори катталар ҳам хурсанд эди. Фақатгина Илҳомжоннинг киприкларида қотиб қолган икки томчи ёш ва унинг кўзларида қувонч йўқлигини кўриб, нимадир бўлганлигини сездим ва астагина овсинимни чақириб сўрадим:

– Илҳомжонга нима бўлди?

– Овсин, мазза қилиб айландик, фонтанни томоша қилдик, атракционларда учдик.  Кейин музқаймоққа бордик – дея гап бошлади овсиним мени бироз тинчлантириш учун. Лекин бу гаплар менинг қулоғимга кирмасди, – Дадаси олдинроқ бориб жой танладилар ва бизни чақирдилар. Навбат кўп бўлганлиги сабабли ҳаммамиз тез-тез танланган стол томон юриб бориб, ўзимизга стул танлаб ўтирдик. Дадаси ҳамма келдими деганларидан кейингина Илҳомжоннинг йўқлигини билиб қолдик. Қарасам у иккита стол нарида эллик ёшлилар атрофидаги 3-4 та нотаниш аёл ўтирган стол томон бораётган эди. Қоронғуда уларни биз деб ўйлаган шекинли, бориб стулга ўтирмоқчи бўлди. Шу пайт Илҳомжон у аёллардан бирига қараб “ойижон сизмисиз” дегани эшитилди. Ўтирган аёллар ярқ этиб ҳаммаси унга қарашди. Бу вақтда мен ҳам уларга яқинлашиб қолганим учун уларнинг юзини чироқнинг ёруғида аниқ кўрдим. Уларнинг юзида кексаларимизнинг юзидаги нур ҳам, аёлларга хос иффат, ҳаё ҳам, ҳеч бўлмаганда бир ожизгина болакайнинг ҳолига ачиниш ҳисси ҳам кўринмасди. Шу пайт улардан бири Илҳомжонга қараб – ойижонингни дадажонингни қучоғидан қидир, нима кўрмисан, мен ойижонингга ўхшайманми – дея тўнғиллай бошлади. Илҳомжон эса беғубор нигоҳини у аёлга қадаб – йўқ, Тошкентда апараста қилгандан кейин кўради, бобом олиб борганлар мани Тошкентга, россаям кўп марта борганман – деб гапира бошлади. – Йўли жуддаям...

–  Ээээ бўлди бас қил, – Беғубор боланинг беғубор гапини бўлди халиги аёл.  – кўрмисан, кармисан манга фарқи йўқ. Нарироқ кетсанг бўлди.

Шу пайт Илҳомжоннинг кўзларидан икки томчи ёш юзидан сирпаниб тушганини кўрдим. Югуриб бориб, уни бағримга босдим. Аёлларга эса нафрат билан қарай олдим, холос. Чунки, тилим калимага келолмай қолганди.  Секингина унинг қўлидан ушлаб ўзимиз ўтирган стол томон етаклай бошладим. Икки-уч қадам қўйганимиздан сўнг бояги аёллардан бири “ҳой, бола” дея Илҳомжонни чақирди. Ичимда “ҳарқалай инсофлироғи ҳам бор экан буларнинг ичида” деган ҳаёл ўтди. Минг афсуски, унақа бўлиб чиқмади.  

– Ҳой, бола. Қара пулинг тушиб қолди – давом этди ҳалиги аёл.

Икки дақиқа ҳайкалдек қотиб қолдим... Вужудимни нафрат кучи эгаллади. Бир пайт қарасам Илҳомжон  эгилган кўйи икки қўли билан ерни пайпаслаб “тушиб қолган пули”ни қидираётган экан. Бу ҳолатни кўрган аёл кўринишидаги шайтонлар даврасида бирдан қаҳ-қаҳ отилди. Нафақат аёлларга, балки эркакларгаям, умуман Одам Ато авлодига хос бўлмаган кулги эди бу кулги, Одамзотнинг шайтон измига ўтганидан дарак берарди бу кулги... Музқаймоқ егани келганларнинг ҳаммаси шу томонга қарашди... Аста эгилиб, Илҳомжоннинг қўлидан тутиб ортга қайрилдим. Ортимдаги “аёллар”га эса титроқ овозда, секингина  “худога солдим” демоқчи бўлдиму, аммо овозим ҳам чиқмай қолганди. 

Овсинимнинг бу гапларини кўзларимда нам, вужудимда титроқ, юрагимда эса қандайдир аламзадалик билан тингладим.

– Ая, ўша она манга “пулинг тушди” деди, лекинчалик мани пулим йўғиди... Ая, у она мани алдади, оналарам алдайдими ая! – Болам эшик олдида ҳаммасини эшитиб ўтирган экан.

Унинг бу сўзлари ва кўзларидаги икки томчи ёш овсинимнинг ҳам кўзларини намлантирди... Ўша кўрмаган, танимаган одамлардан шу қадар нафратландимки, ўша ерда бўлганимда нимадир бўлиши аниқ эди. Боламнинг юзига юзларимни босиб, кўзда ёш билан кўзларидаги ёшни артдим.

– Йиғлама болам, қалбсизлар йиғласин, қалби кўрлар йиғласин, сен йиғлама болажоним, сен йиғлама...

Жалолиддин Турсунов ёзиб олди.

Самарқанд вилояти, Ургут шаҳри. 

* * *

– Ilhomjon hozir yetti yoshda, Xudo hoxlasa bu yil maktabga chiqadi – deya so‘z boshlaydi Ilhomjonning onasi.   – U ikkinchi farzandimiz. Akasi bu yil to‘rtinchi sinfni tugatdi. Allohga shukr to‘rt muchasi sog‘. Farzand tug‘ilgan vaqtda uning ota-onasidan baxtliroq inson bo‘lmaydi dunyoda. Bu baxtni farzandli bo‘lgan har bir kishi o‘zicha his qilsa-da,  ammo ularning hammasi deyarli bir xil tuyg‘uni tuyishadi: bunday vaqtda osmonlarda uchib yurishadi ota-onalar. Bizda ham xuddi shunday bo‘ldi. Garchi, Ilhomjon ikkinchi farzandimiz bo‘lsa-da, uning tavalludidan akasining dunyoga kelgan vaqtida sevinganimizdan-da ortiqroq sevindikki, har bir farzand o‘z rizqi bilan tug‘ilishiga yana bir bor imon keltirdim.

Vaqt oqar suvdek o‘ta boshladi. Hammasi risoladagidek edi. Ammo, vaqt o‘tishi bilan qalbimni bir xavotir egallay boshladi: Ilhomjon garchi shovqinni tez ilg‘asa-da ko‘z oldidagi narsalarga befarq qarayotganini seza boshladim. Erimga bu haqda aytganimda “vahima qilma, tuppa-tuzuk bolaku” – deb urushib berdilar. Oradan ikki-uch kun o‘tib qaynonam Ilhomjonning ko‘zini shifokorga ko‘rsatish kerakligini o‘zlari aytib qoldilar. Bordik. Men qo‘rqqan voqea sodir bo‘ldi: tanish shifokor jigargo‘shamning ko‘zlarida qanaqadir parda borligini, shu sababli ham uning ko‘zlari ko‘rmasligini aytdi...

Ko‘z oldim qorong‘ulashib, boshim aylandi va birdan hamma narsa sokinlikka chulg‘andi. Oppoq bulutlar va mendan bo‘lak hech narsa yo‘q edi atrofimda. Ko‘zimni ochganimda esa shifoxonaning ikki kishilik xonasining oppoq shiftiniyu, derazadan tushib turgan quyosh nurini va menga “xayriyat, ko‘zini ochdi” deya qarab turgan shifokor, uning ortida qo‘lida bir nimalar ushlab turgan hamshirani ko‘rdim. Keyin bilsam oradan to‘rt soat vaqt o‘tgan ekan.

Bu voqeaga ham olti yil bo‘ldi. Bu orada Allohga shukrki, qaynotam shifokorlar bilan maslahatlashib, Toshkentdagi maxsus shifoxonada Ilhomjonning ko‘zlarini davolatdilar. Bu uzoq muddatli davolanish o‘z samarasini berdi. Uning ko‘zlari ko‘ra boshladi. Mening ham qalbimga quvonch qaytib keldi. Allohning qudrati bilan farzandimning ko‘ziga nur baxsh etgan shifokor uning ko‘zlari ko‘rayotganligini, ammo boshqa sog‘lom odamlar kabi aniq va ravshan ko‘rolmasligini aytdi. Shunisigayam ming marta shukr qildik. O‘zingga shukr yaratgan egam, o‘zingga shukr.

Hozirgi kunda Ilhomjon mustaqil bemalol o‘zi yura oladi, harflarni ham o‘rgatdim, yozishgayam ancha qo‘li kelishib qoldi. O‘zingga shukr yaratgan egam, o‘zingga shukr.  Faqatgina bir narsa ba’zam qalbimni tirnaydi. Gohida u ko‘chadan “aya, ko‘chada bir amaki menga ko‘zing ko‘rmi dedi, yo‘q Toshkentda aparasta qilgandan keyin ko‘radi, desam yo‘g‘e deb kuldi”,  “aya, pastki ko‘chadagi Nodirni ayasi bu bilan o‘ynama, shuncha sog‘lom o‘rtoqlaring turganda shu bilan o‘ynaysanmi deb uni olib ketdi, lekinchalik Nodir yaxshi bola u menga “keyinroq o‘ynaymiz“ dedi”, “aya, kecha amakimni “ayfon”larini o‘ynayotganimda Bakir amaki “o‘zi ko‘zing tuzuk ko‘rmaydiyu, telefon o‘ynashga balo bormi” dedi”, yana “aya, u kishi unaqa dedi, aya bu kishi bunaqa dedi” deb kelganida Allohning o‘zi kechirsinu, odamlardan nafratlanib ketaman. Agarda bunaqa gaplarni yosh bolalar aytsa umuman bu haqda o‘ylamasdim ham, xafa ham bo‘lmasdim. Ammo, afsuski bunaqa gaplar kap-katta odamlardan chiqganidan keyin nima qilay...

Kechagina bo‘lgan voqea esa hammasidan o‘tib tushdi. Ovsinimning tug‘ilgan kunlari edi. Kuni bilan mehmon kutdik. Hammasi yaxshi o‘tdi. Kechga yaqin esa qaynakam ovsinim va farzandlari qatori mening ikki o‘g‘limniyam shahrimiz markazidagi istirohat bog‘iga olib bordilar. Men biroz mazam yo‘qligi sababli uyda qoldim. Ular ancha kech qaytishdi: hamma bolalar ular qatori kattalar ham xursand edi. Faqatgina Ilhomjonning kipriklarida qotib qolgan ikki tomchi yosh va uning ko‘zlarida quvonch yo‘qligini ko‘rib, nimadir bo‘lganligini sezdim va astagina ovsinimni chaqirib so‘radim:

– Ilhomjonga nima bo‘ldi?

– Ovsin, mazza qilib aylandik, fontanni tomosha qildik, atraktsionlarda uchdik.  Keyin muzqaymoqqa bordik – deya gap boshladi ovsinim meni biroz tinchlantirish uchun. Lekin bu gaplar mening qulog‘imga kirmasdi, – Dadasi oldinroq borib joy tanladilar va bizni chaqirdilar. Navbat ko‘p bo‘lganligi sababli hammamiz tez-tez tanlangan stol tomon yurib borib, o‘zimizga stul tanlab o‘tirdik. Dadasi hamma keldimi deganlaridan keyingina Ilhomjonning yo‘qligini bilib qoldik. Qarasam u ikkita stol narida ellik yoshlilar atrofidagi 3-4 ta notanish ayol o‘tirgan stol tomon borayotgan edi. Qorong‘uda ularni biz deb o‘ylagan shekinli, borib stulga o‘tirmoqchi bo‘ldi. Shu payt Ilhomjon u ayollardan biriga qarab “oyijon sizmisiz” degani eshitildi. O‘tirgan ayollar yarq etib hammasi unga qarashdi. Bu vaqtda men ham ularga yaqinlashib qolganim uchun ularning yuzini chiroqning yorug‘ida aniq ko‘rdim. Ularning yuzida keksalarimizning yuzidagi nur ham, ayollarga xos iffat, hayo ham, hech bo‘lmaganda bir ojizgina bolakayning holiga achinish hissi ham ko‘rinmasdi. Shu payt ulardan biri Ilhomjonga qarab – oyijoningni dadajoningni quchog‘idan qidir, nima ko‘rmisan, men oyijoningga o‘xshaymanmi – deya to‘ng‘illay boshladi. Ilhomjon esa beg‘ubor nigohini u ayolga qadab – yo‘q, Toshkentda aparasta qilgandan keyin ko‘radi, bobom olib borganlar mani Toshkentga, rossayam ko‘p marta borganman – deb gapira boshladi. – Yo‘li juddayam...

–  Eeee bo‘ldi bas qil, – Beg‘ubor bolaning beg‘ubor gapini bo‘ldi xaligi ayol.  – ko‘rmisan, karmisan manga farqi yo‘q. Nariroq ketsang bo‘ldi.

Shu payt Ilhomjonning ko‘zlaridan ikki tomchi yosh yuzidan sirpanib tushganini ko‘rdim. Yugurib borib, uni bag‘rimga bosdim. Ayollarga esa nafrat bilan qaray oldim, xolos. Chunki, tilim kalimaga kelolmay qolgandi.  Sekingina uning qo‘lidan ushlab o‘zimiz o‘tirgan stol tomon yetaklay boshladim. Ikki-uch qadam qo‘yganimizdan so‘ng boyagi ayollardan biri “hoy, bola” deya Ilhomjonni chaqirdi. Ichimda “harqalay insoflirog‘i ham bor ekan bularning ichida” degan hayol o‘tdi. Ming afsuski, unaqa bo‘lib chiqmadi.  

– Hoy, bola. Qara puling tushib qoldi – davom etdi haligi ayol.

Ikki daqiqa haykaldek qotib qoldim... Vujudimni nafrat kuchi egalladi. Bir payt qarasam Ilhomjon  egilgan ko‘yi ikki qo‘li bilan yerni paypaslab “tushib qolgan puli”ni qidirayotgan ekan. Bu holatni ko‘rgan ayol ko‘rinishidagi shaytonlar davrasida birdan qah-qah otildi. Nafaqat ayollarga, balki erkaklargayam, umuman Odam Ato avlodiga xos bo‘lmagan kulgi edi bu kulgi, Odamzotning shayton izmiga o‘tganidan darak berardi bu kulgi... Muzqaymoq yegani kelganlarning hammasi shu tomonga qarashdi... Asta egilib, Ilhomjonning qo‘lidan tutib ortga qayrildim. Ortimdagi “ayollar”ga esa titroq ovozda, sekingina  “xudoga soldim” demoqchi bo‘ldimu, ammo ovozim ham chiqmay qolgandi. 

Ovsinimning bu gaplarini ko‘zlarimda nam, vujudimda titroq, yuragimda esa qandaydir alamzadalik bilan tingladim.

– Aya, o‘sha ona manga “puling tushdi” dedi, lekinchalik mani pulim yo‘g‘idi... Aya, u ona mani aldadi, onalaram aldaydimi aya! – Bolam eshik oldida hammasini eshitib o‘tirgan ekan.

Uning bu so‘zlari va ko‘zlaridagi ikki tomchi yosh ovsinimning ham ko‘zlarini namlantirdi... O‘sha ko‘rmagan, tanimagan odamlardan shu qadar nafratlandimki, o‘sha yerda bo‘lganimda nimadir bo‘lishi aniq edi. Bolamning yuziga yuzlarimni bosib, ko‘zda yosh bilan ko‘zlaridagi yoshni artdim.

– Yig‘lama bolam, qalbsizlar yig‘lasin, qalbi ko‘rlar yig‘lasin, sen yig‘lama bolajonim, sen yig‘lama...

Jaloliddin Tursunov yozib oldi.

Samarqand viloyati, Urgut shahri.