Ҳар бир қўй ўз оёғидан осиладими?

Рукн: Ибрат Чоп этилган: 12.04.2016

Баҳлул Доно ҳазратлари бозорда, халқ ичида кезиб юрар экан, одамларга панд насиҳат қилар, нотўғри ҳатти-ҳаракатлардан сақланишлари учун уларга танбеҳ берарди. Унинг танбеҳлари баъзи одамларнинг ғашига тегарди. Улар Баҳлулдан норози эдилар.
Бир куни Баҳлулнинг танбеҳларидан безор бўлган баъзи кишилар унинг устидан шикоят қилиб, халифа Ҳорун ар-Рашид олдига келишди.
— Султоним, бизнинг қилаётган ишларимиздан унга нима зарар бор? Бизни ўз ҳолимизга қўйсин. Бизга насиҳат қилмасин. Ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади, — дейишди улар.
Халифа бу шикоятларни эшитиб, Баҳлулни ҳузурига чақирди ва одамларнинг истагини унга билдирди. Баҳлул бир оғиз гапирмай саройдан чиқиб кетди. Кейин бозордан бир нечта қўй сотиб олди ва уларни сўйди. Ҳар бир қўйни ўз оёғидан маҳаллаларнинг чорраҳаларига осиб чиқди. Баҳлулнинг бу ишини кўриб турган одамлар:
— Телбадан бошқа нима  кутиш мумкин, доим шунақа ғалати ишлар қилиб юради, — дейишди.
Бир неча кун ўтгач, осилган қўйлар сасиб, ўзидан бадбўй ҳид тарата бошлади. Бундан маҳалла одамларининг ҳаммаси зарар кўрди. Айниган гўштнинг ҳидига чидаб бўлмасди. Одамлар яна халифани олдига бориб, шикоят қила бошлашди:
— Эй Амирал Мўминин! Баҳлул осган қўйларнинг ҳидидан маҳаллада туриб бўлмаябди. Бизни жуда беҳузур қиляпти. Унга айтинг осган қўйларини олиб ташласин!
Халифа Баҳлулнинг қилган бу ишига қизиқиб, ҳайрон бўлди. Девонани саройга чақиртириб, сабабини сўради.
— Эй Баҳлул, осган қўйларингни ҳидига одамлар чидолмай, яна сенинг устингдан шикоят қилишябди. Бу нима қилганинг?
Баҳлул Доно шундай жавоб берди:
— Эй Мўминларнинг амири. Мен  нотўғри иш қилганим йўқ. Фақат ҳар бир қўйни ўз оёғидан осдим, холос. Лекин кўряпсизки, ҳар бир қўй ўз оёғидан осилса ҳам атрофидаги ҳамма бундан зарар кўряпти. Бир ёмон ишнинг зарари ҳам фақат ўзига эмас, ҳаммага бўлади. Одамлар буни тушунсин, деб шу ишни қилдим.
Шикоятчилар хатоларини тушуниб, қайтиб Баҳлулнинг танбеҳларига эътироз билдирмайдиган бўлишди.

Манба: “Исломий ҳикоялар”
Туркчадан Марям Осиё таржимаси

* * *

Bahlul Dono hazratlari bozorda, xalq ichida kezib yurar ekan, odamlarga pand nasihat qilar, noto‘g‘ri hatti-harakatlardan saqlanishlari uchun ularga tanbeh berardi. Uning tanbehlari ba’zi odamlarning g‘ashiga tegardi. Ular Bahluldan norozi edilar.
Bir kuni Bahlulning tanbehlaridan bezor bo‘lgan ba’zi kishilar uning ustidan shikoyat qilib, xalifa Horun ar-Rashid oldiga kelishdi.
— Sultonim, bizning qilayotgan ishlarimizdan unga nima zarar bor? Bizni o‘z holimizga qo‘ysin. Bizga nasihat qilmasin. Har bir qo‘y o‘z oyog‘idan osiladi, — deyishdi ular.
Xalifa bu shikoyatlarni eshitib, Bahlulni huzuriga chaqirdi va odamlarning istagini unga bildirdi. Bahlul bir og‘iz gapirmay saroydan chiqib ketdi. Keyin bozordan bir nechta qo‘y sotib oldi va ularni so‘ydi. Har bir qo‘yni o‘z oyog‘idan mahallalarning chorrahalariga osib chiqdi. Bahlulning bu ishini ko‘rib turgan odamlar:
— Telbadan boshqa nima  kutish mumkin, doim shunaqa g‘alati ishlar qilib yuradi, — deyishdi.
Bir necha kun o‘tgach, osilgan qo‘ylar sasib, o‘zidan badbo‘y hid tarata boshladi. Bundan mahalla odamlarining hammasi zarar ko‘rdi. Aynigan go‘shtning hidiga chidab bo‘lmasdi. Odamlar yana xalifani oldiga borib, shikoyat qila boshlashdi:
— Ey Amiral Mo‘minin! Bahlul osgan qo‘ylarning hididan mahallada turib bo‘lmayabdi. Bizni juda behuzur qilyapti. Unga ayting osgan qo‘ylarini olib tashlasin!
Xalifa Bahlulning qilgan bu ishiga qiziqib, hayron bo‘ldi. Devonani saroyga chaqirtirib, sababini so‘radi.
— Ey Bahlul, osgan qo‘ylaringni hidiga odamlar chidolmay, yana sening ustingdan shikoyat qilishyabdi. Bu nima qilganing?
Bahlul Dono shunday javob berdi:
— Ey Mo‘minlarning amiri. Men  noto‘g‘ri ish qilganim yo‘q. Faqat har bir qo‘yni o‘z oyog‘idan osdim, xolos. Lekin ko‘ryapsizki, har bir qo‘y o‘z oyog‘idan osilsa ham atrofidagi hamma bundan zarar ko‘ryapti. Bir yomon ishning zarari ham faqat o‘ziga emas, hammaga bo‘ladi. Odamlar buni tushunsin, deb shu ishni qildim.
Shikoyatchilar xatolarini tushunib, qaytib Bahlulning tanbehlariga e’tiroz bildirmaydigan bo‘lishdi.

Manba: “Islomiy hikoyalar”
Turkchadan Maryam Osiyo tarjimasi