«Ал-Азҳар»нинг нуфузли уламолари: «Биз ИШИДга йўқ деймиз!»

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 08.10.2015

Ал-Азҳар» университети дунёнинг энг қадимий таълим даргоҳларидан бири бўлиб, Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида жойлашган. 988 йилда Фотимийлар томонидан ташкил этилган университет Мисрнинг фахрий рамзи ҳисобланади. Миср конституциясидаги алоҳида моддалар бевосита университетга бағишланган. «Ал-Азҳар» нафақат Мисрда балки, бутун араб-мусулмон дунёсида энг нуфузли таълим маскани сифатида ном қозонган.

«Ал-Азҳар» университетининг дунёга машҳур уламолари дунёда содир бўлаётган ҳодисаларга ислом дини таълимотлари нуқтаи назаридан ўз фикрларини билдириб борадилар. «Ал-Азҳар» уламолари бутун дунёда қўрқув, оммавий қирғин ва ваҳшийликка сабаб бўлаётган «ИШИД» террорчилик ташкилотини қоралаб, унинг муқаддас ислом динига умуман дахли йўқлигини қатъий таъкидладилар.

«Ал-азҳар» уламоларининг ИШИДга раддиялари

Шайхул Азҳар Доктор Аҳмад Таййиб ИШИДнинг Ислом динидан йироқ тузилма эканини таъкидлаб, шундай дейди:

«Ироқ халқи барча имконият ва кучини мамлакатда оқаётган қонларни тўхтатиш ҳамда ИШИД томонидан олиб борилаётган ноҳақ одам ўлдириш, инсонларнинг обрўсини поймол қилиш, масжидларни харобага айлантириш, насроний ҳамда бошқа дин вакилларининг қувғин қилиниши каби аянчли ҳолатларни бартараф қилишга сарфлашлари зарур. Ислом дини вайронагарчилик ва қотиллик каби ишларни амалга оширадиган қуролли ҳаракатларни рад қилади. Ислом бундай ишлардан мутлақо йироқ!»

Шунингдек, Аҳмад Таййиб Ироқдаги ваҳший хатти-ҳаракатларни миллати, дини ва эътиқодидан қатъи назар шу ерда яшаётган фуқароларнинг тинчлигига раҳна солиш, дея баҳолаб, бундай вазиятларда самовий динлар тарғиб қилиб келган бағрикенглик қадриятларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро тинч-фаровон яшаш зарурлигини таъкидлади.

«Ал-Азҳар»даги Нуфузли олимлар ҳайъати аъзоси Доктор Маҳмуд Маҳно ИШИД борасида ўз фикрларини баён қилар экан, жумладан шундай дейди:

«Ироқ ва Сурияда фаолият олиб бораётган ушбу террорчи ташкилот баъзилар хато талқин қилаётганидек, «Аҳли сунна» намоёндалари эмас. Чунки «Аҳли сунна» эътиқоди тинч аҳолига ва мусулмонларга тажовуз қилишга зинҳор рухсат бермайди. У ноҳақ қон тўкишнинг ҳаром эканини қатъий таъкидлайди. ИШИД суннани боши берк кўчага олиб кирмоқда. Ислом динини бутунлай салбий суратда гавдалантириб, уни беҳуда, ўйинчоқ ва қотиллик дини сифатида намоён қилмоқда. Мусулмон ўз биродарига қилич кўтармайди. Ҳатто ўзга дин вакиллари модомики мусулмонларга қарши жанг қилишмас экан, уларга ҳам қилич кўтариш мумкин эмас. Ҳозир бутун олам Ислом динини тажовузкор дин сифатида тасаввур қилмоқда. Ислом дини қон тўкиш билан халифаликка эришишни мутлақо ёқламайди».

«Ал-Азҳар» вакили, нуфузли олимлар ҳайъати бош котиби Доктор Аббос Шумон «Ал-Азҳар»нинг ИШИД содир этаётган жиноятларига қарши эканини таъкидлаб, шундай дейди:

«Ал-Азҳар» уламолари Ислом ниқоби остида фаолият юритаётган жиноятчи ва қотилларнинг хатти-ҳаракатлари шариатга зид эканини маълум қилади. Дарҳақиқат, Ислом башарият учун тинчлик ва раҳмат дини! Ироқ ва Суриядаги хунрезлик ишлари эса Исломдан эмас! Мусулмон одам бошқа дин ва ақида вакилларига нисбатан раҳм-шафқатли, кечиримли ва бағрикенг бўлиши лозим. Мусулмон киши ақида сабабли бировга зулм қилиши, террорчилик ҳаракатларини амалга ошириши ва қўполлик қилиши, хусусан, бу ишларни мусулмонга нисбатан амалга ошириши асло мумкин эмас. «Ал-Азҳар» ИШИД содир этаётган бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш, насронийларни қувғин қилиш ва язидий тоифасини қатл қилиш каби жиноятларни рад этиб, шариатга зид эканини эълон қилган. Бу кимсалар диний эркинлик тушунчасини тўлиқ англаб етишмаган. Куфрнинг гуноҳи куфр келтирганнинг зиммасига юкланади. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида ўзи жавоб беради. Биз унинг куфр келтирганидан сўралмаймиз».

Миср диёри муфтийси Доктор Шавқий Аллом ИШИД уюшмасини «Шайтон ўсимлиги» дея таърифлаб, қуйидагиларни сўзлади:

«ИШИД – адашган террористик гуруҳ! Ғарб ОАВ бу уюшмани исломий атама ва номлар билан атаб, ИШИДнинг Ислом суратида намоён бўлишига ҳисса қўшмоқдалар. Лекин араб ОАВ воқеликни бу тарзда ёритишдан ниҳоятда ҳушёр бўлиши лозим. Чунки қаршимизда Ислом динига умуман алоқаси бўлмаган бир террорчилик ташкилоти турибди. ИШИД Ислом дини олиб келган исломий қадриятлар ва шаръий мақсадларга хилоф бўлиш билан бирга умуминсоний қадриятларга ҳам раҳна солмоқда. Биз бу адашган уюшманинг қонли ва мутаассиб ҳаракатлари Ислом дини учун хатарли экани, ер юзида бузғунчиликни тарқатиб, мамлакатларни заифлаштираётганини кўрмоқдамиз. Терроризм ва мутаассибликка қарши курашиш биздан кенг миқёсдаги халқаро ва минтақавий ҳамкорликни талаб қилади».

Доктор Шавқий сўзининг охирида араб ва Ислом оламидаги барча исломий муассасаларни ИШИД уюшмасига қарши тарғибот ишларини олиб боришга ва одамларни унинг салбий натижаларидан огоҳлантиришга чақирди.

Миср Вақф ишлари вазири Муҳаммад Мухтор Жумъа мамлакатда бузғунчиликни режалаштираётган ИШИД уюшмасига қарши кураш фуқароларнинг ҳам шаръий, ҳам фуқаролик вазифаси эканини таъкидлаб, шундай деди: «ИШИД ҳамда унинг тарафдорлари ва атрофидаги ҳамкорлари содир этаётган қотиллик, вайронагарчилик ва ёш қизларни зўрлаш каби жиноятларни инсоният тарихи кўрмаган. Башарият душмани бўлган бу жиноятчиларга қарши кураш барчамизнинг бурчимиздир. Бу каби бузғунчи ташкилотларга Ислом номини беришдан сақланишимиз даркор».

 «Ал-Азҳар» университетининг собиқ раҳбари Нуфузли олимлар ҳайъати аъзоси Доктор Аҳмад Умар Ҳошим ИШИД уюшмасини «Ҳозирги аср хорижийлари» дея таърифлаб, ўз сўзини қуйидагича асослади:

«ИШИД» террорчи ташкилоти ғояларида Расулуллоҳ (с.а.в.) таърифлаб берган хорижийларнинг ақида ва сифатлари бор. Бу сифатларнинг энг муҳими динда адашишдир. Бу тоифа вакиллари Аллоҳ изн бермаган зоҳидлик ва хушуъни зоҳир қилиб, ҳатто ҳаж мавсумидан бошқа вақтда соч олдиришни ибодат санашади. Яна бир жиҳати, уларга тўғри йўлни ажрата олмайдиган уқувсиз йигит раҳбарлик қилади. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Охири замонда ёшлари кичик бир қавм чиқади ...» ИШИД тарафдорларининг сифатларидан яна бири шуки, улар шаръий илмдан бехабардир. Улар оят ва ҳадисларни нотўғри, хато тушунчалари асосида англаб, ишончли олимларга мурожаат қилишмайди. Шу боис, бу тоифа ўзи адашгани етмаганидек, ўзгаларни ҳам тўғри йўлдан оздирмоқда. Расулуллоҳ (с.а.в.) улар ҳақида шундай деганлар: «Машриқ тарафдан бир тоифа одамлар чиқади. Улар Қуръон ўқийдилар. Лекин Қуръон уларнинг халқумидан ўтмайди. Улар ўқ камондан чиққанидек диндан чиқадилар ...» Яъни, улар Қуръонни ўқиб, ундан илмсиз далил келтиришади, улар Қуръонни тушунмасдан, ундаги аҳкомларни англамасдан ва муташобеҳларини билмасдан ўқийдилар. Ҳозирги янги хорижийлар ҳам ўзларини ибодатгўй кўрсатиб одамларни алдамоқдалар. ИШИД тарафдорларининг фаолиятини кузатар экансиз, Аҳли суннанинг етук олимларига таъна тошларини отаётганини ва қолган оддий мусулмонларни ва ҳокиму давлат раҳбарларини куфрда айблаётганини кўрасиз. Улар фақат ўзларинигина ҳақ йўлда деб биладилар. Шу боис улар Аҳли сунна уламоларининг насиҳатларига қулоқ солмайдилар».

Нуфузли олимлар ҳайъати аъзоси Доктор Аҳмад Маъбад ИШИД террорчилик ташкилотини замонамиз хорижийлари деб таърифлаб, қуйидагиларни таъкидлайди:

«ИШИД мусулмонларнинг қонини тўкиш, уларни обрўсизлантириш ва мол-мулкларига тажовуз қилишни ҳалол деб ҳисоблайдилар. Улар ўзларига қарши бўлган мусулмонларни куфрда айблаб, Қуръони каримнинг Нисо сураси 93-оятидаги қуйидаги муҳим кўрсатмани унутишмоқда: «Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай». «ИШИД» тарафдорлари кофирлар хусусида нозил бўлган оятларни мўминларга тадбиқ қилиб, ҳатто айрим ҳадисларни инкор ҳам қилишмоқда. Уларнинг ақидасига кўра, ҳокимга қарши бош кўтариш ҳалол саналади. Аслида эса, шаръий ҳокимга ноҳақ қарши чиқиш боғийлик деб аталади. Шу боис, бу янги хорижийларга қарши курашиш вожибдир. Чунки улар шариатимизга қарши чиқишмоқда. Аҳмад ибн Ҳанбал хорижийлар ҳақида шундай деган: «Хорижийлар энг ёмон қавмдир. Мен ер юзида улардан-да ёмонроқ қавмни билмайман». Хорижийлар асрлар оша шу сифат билан танилиб келган. Умматнинг олими Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) улар ҳақида шундай деган: «Мен қўлини ишлатишда хорижийлардан-да ашаддийроқ қавмни кўрмадим». Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) эса хорижийларни қуйидагича таърифлаган: «Улар кофирлар учун нозил бўлган оятларни мўминларга тадбиқ қилганлар».

Нуфузли олимлар ҳайъати аъзоси Муҳаммад Раъфат Усмон ИШИД даъво қилаётган давлатчилик ҳақида қуйидагиларни сўзлади:

«Ўзига ақида, ғоя ва мазҳабда мухолиф бўлганларнинг қонини тўкишни ҳалол санаш бу қандай халифалик?! Бу қандай шариат?! Улар турли вайронагарчилик, қонхўрлик ва бузғунчиликларни содир этиш орқали янги исломий халифаликни тиклаймиз деб эълон қилишмоқда. Бу Аллоҳ ва Унинг Расулига туҳмат ва ёлғон!»

Раъфат Усмон «ИШИД»нинг мақсади Исломга зарба беришдан иборатлигини таъкидлаб, шундай деди: «ИШИДнинг фаолияти одамларда турли қарашларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Баъзилар ИШИДни ношаръий ташкилот сифатида қабул қилса, айримлар уни янги исломий халифалик давлати барпо қилиш учун ҳаракат қилаётган мустақил ташкилот сифатида тушунмоқда. Учинчи тоифа одамлар ИШИДга ўз мухолифларини маҳв этиш учун ташкил қилинган уюшма деб қарамоқда. Тўртинчи тоифа инсонлар эса уни халифалик ниқоби остида минтақадаги давлатларни кичик давлатчаларга парчалаб ташлашни режалаштирган ташкилот деб ҳисобламоқдалар». Олимнинг таъкидлашича, ИШИД ва унга ўхшаган адашган гуруҳлар Исломдан юз ўгирган гуруҳлардир.

Muslim.uz саҳифасидан олинди.

* * *

Al-Azhar» universiteti dunyoning eng qadimiy ta’lim dargohlaridan biri bo‘lib, Misr poytaxti Qohira shahrida joylashgan. 988 yilda Fotimiylar tomonidan tashkil etilgan universitet Misrning faxriy ramzi hisoblanadi. Misr konstitutsiyasidagi alohida moddalar bevosita universitetga bag‘ishlangan. «Al-Azhar» nafaqat Misrda balki, butun arab-musulmon dunyosida eng nufuzli ta’lim maskani sifatida nom qozongan.

«Al-Azhar» universitetining dunyoga mashhur ulamolari dunyoda sodir bo‘layotgan hodisalarga islom dini ta’limotlari nuqtai nazaridan o‘z fikrlarini bildirib boradilar. «Al-Azhar» ulamolari butun dunyoda qo‘rquv, ommaviy qirg‘in va vahshiylikka sabab bo‘layotgan «IShID» terrorchilik tashkilotini qoralab, uning muqaddas islom diniga umuman daxli yo‘qligini qat’iy ta’kidladilar.

«Al-azhar» ulamolarining IShIDga raddiyalari

Shayxul Azhar Doktor Ahmad Tayyib IShIDning Islom dinidan yiroq tuzilma ekanini ta’kidlab, shunday deydi:

«Iroq xalqi barcha imkoniyat va kuchini mamlakatda oqayotgan qonlarni to‘xtatish hamda IShID tomonidan olib borilayotgan nohaq odam o‘ldirish, insonlarning obro‘sini poymol qilish, masjidlarni xarobaga aylantirish, nasroniy hamda boshqa din vakillarining quvg‘in qilinishi kabi ayanchli holatlarni bartaraf qilishga sarflashlari zarur. Islom dini vayronagarchilik va qotillik kabi ishlarni amalga oshiradigan qurolli harakatlarni rad qiladi. Islom bunday ishlardan mutlaqo yiroq!»

Shuningdek, Ahmad Tayyib Iroqdagi vahshiy xatti-harakatlarni millati, dini va e’tiqodidan qat’i nazar shu yerda yashayotgan fuqarolarning tinchligiga rahna solish, deya baholab, bunday vaziyatlarda samoviy dinlar targ‘ib qilib kelgan bag‘rikenglik qadriyatlarini yanada mustahkamlash hamda o‘zaro tinch-farovon yashash zarurligini ta’kidladi.

«Al-Azhar»dagi Nufuzli olimlar hay’ati a’zosi Doktor Mahmud Mahno IShID borasida o‘z fikrlarini bayon qilar ekan, jumladan shunday deydi:

«Iroq va Suriyada faoliyat olib borayotgan ushbu terrorchi tashkilot ba’zilar xato talqin qilayotganidek, «Ahli sunna» namoyondalari emas. Chunki «Ahli sunna» e’tiqodi tinch aholiga va musulmonlarga tajovuz qilishga zinhor ruxsat bermaydi. U nohaq qon to‘kishning harom ekanini qat’iy ta’kidlaydi. IShID sunnani boshi berk ko‘chaga olib kirmoqda. Islom dinini butunlay salbiy suratda gavdalantirib, uni behuda, o‘yinchoq va qotillik dini sifatida namoyon qilmoqda. Musulmon o‘z birodariga qilich ko‘tarmaydi. Hatto o‘zga din vakillari modomiki musulmonlarga qarshi jang qilishmas ekan, ularga ham qilich ko‘tarish mumkin emas. Hozir butun olam Islom dinini tajovuzkor din sifatida tasavvur qilmoqda. Islom dini qon to‘kish bilan xalifalikka erishishni mutlaqo yoqlamaydi».

«Al-Azhar» vakili, nufuzli olimlar hay’ati bosh kotibi Doktor Abbos Shumon «Al-Azhar»ning IShID sodir etayotgan jinoyatlariga qarshi ekanini ta’kidlab, shunday deydi:

«Al-Azhar» ulamolari Islom niqobi ostida faoliyat yuritayotgan jinoyatchi va qotillarning xatti-harakatlari shariatga zid ekanini ma’lum qiladi. Darhaqiqat, Islom bashariyat uchun tinchlik va rahmat dini! Iroq va Suriyadagi xunrezlik ishlari esa Islomdan emas! Musulmon odam boshqa din va aqida vakillariga nisbatan rahm-shafqatli, kechirimli va bag‘rikeng bo‘lishi lozim. Musulmon kishi aqida sababli birovga zulm qilishi, terrorchilik harakatlarini amalga oshirishi va qo‘pollik qilishi, xususan, bu ishlarni musulmonga nisbatan amalga oshirishi aslo mumkin emas. «Al-Azhar» IShID sodir etayotgan begunoh odamlarning qonini to‘kish, nasroniylarni quvg‘in qilish va yazidiy toifasini qatl qilish kabi jinoyatlarni rad etib, shariatga zid ekanini e’lon qilgan. Bu kimsalar diniy erkinlik tushunchasini to‘liq anglab yetishmagan. Kufrning gunohi kufr keltirganning zimmasiga yuklanadi. Qiyomatda Allohning huzurida o‘zi javob beradi. Biz uning kufr keltirganidan so‘ralmaymiz».

Misr diyori muftiysi Doktor Shavqiy Allom IShID uyushmasini «Shayton o‘simligi» deya ta’riflab, quyidagilarni so‘zladi:

«IShID – adashgan terroristik guruh! G‘arb OAV bu uyushmani islomiy atama va nomlar bilan atab, IShIDning Islom suratida namoyon bo‘lishiga hissa qo‘shmoqdalar. Lekin arab OAV voqelikni bu tarzda yoritishdan nihoyatda hushyor bo‘lishi lozim. Chunki qarshimizda Islom diniga umuman aloqasi bo‘lmagan bir terrorchilik tashkiloti turibdi. IShID Islom dini olib kelgan islomiy qadriyatlar va shar’iy maqsadlarga xilof bo‘lish bilan birga umuminsoniy qadriyatlarga ham rahna solmoqda. Biz bu adashgan uyushmaning qonli va mutaassib harakatlari Islom dini uchun xatarli ekani, yer yuzida buzg‘unchilikni tarqatib, mamlakatlarni zaiflashtirayotganini ko‘rmoqdamiz. Terrorizm va mutaassiblikka qarshi kurashish bizdan keng miqyosdagi xalqaro va mintaqaviy hamkorlikni talab qiladi».

Doktor Shavqiy so‘zining oxirida arab va Islom olamidagi barcha islomiy muassasalarni IShID uyushmasiga qarshi targ‘ibot ishlarini olib borishga va odamlarni uning salbiy natijalaridan ogohlantirishga chaqirdi.

Misr Vaqf ishlari vaziri Muhammad Muxtor Jum’a mamlakatda buzg‘unchilikni rejalashtirayotgan IShID uyushmasiga qarshi kurash fuqarolarning ham shar’iy, ham fuqarolik vazifasi ekanini ta’kidlab, shunday dedi: «IShID hamda uning tarafdorlari va atrofidagi hamkorlari sodir etayotgan qotillik, vayronagarchilik va yosh qizlarni zo‘rlash kabi jinoyatlarni insoniyat tarixi ko‘rmagan. Bashariyat dushmani bo‘lgan bu jinoyatchilarga qarshi kurash barchamizning burchimizdir. Bu kabi buzg‘unchi tashkilotlarga Islom nomini berishdan saqlanishimiz darkor».

 «Al-Azhar» universitetining sobiq rahbari Nufuzli olimlar hay’ati a’zosi Doktor Ahmad Umar Hoshim IShID uyushmasini «Hozirgi asr xorijiylari» deya ta’riflab, o‘z so‘zini quyidagicha asosladi:

«IShID» terrorchi tashkiloti g‘oyalarida Rasululloh (s.a.v.) ta’riflab bergan xorijiylarning aqida va sifatlari bor. Bu sifatlarning eng muhimi dinda adashishdir. Bu toifa vakillari Alloh izn bermagan zohidlik va xushu’ni zohir qilib, hatto haj mavsumidan boshqa vaqtda soch oldirishni ibodat sanashadi. Yana bir jihati, ularga to‘g‘ri yo‘lni ajrata olmaydigan uquvsiz yigit rahbarlik qiladi. Zero, Rasululloh (s.a.v.) shunday deganlar: «Oxiri zamonda yoshlari kichik bir qavm chiqadi ...» IShID tarafdorlarining sifatlaridan yana biri shuki, ular shar’iy ilmdan bexabardir. Ular oyat va hadislarni noto‘g‘ri, xato tushunchalari asosida anglab, ishonchli olimlarga murojaat qilishmaydi. Shu bois, bu toifa o‘zi adashgani yetmaganidek, o‘zgalarni ham to‘g‘ri yo‘ldan ozdirmoqda. Rasululloh (s.a.v.) ular haqida shunday deganlar: «Mashriq tarafdan bir toifa odamlar chiqadi. Ular Qur’on o‘qiydilar. Lekin Qur’on ularning xalqumidan o‘tmaydi. Ular o‘q kamondan chiqqanidek dindan chiqadilar ...» Ya’ni, ular Qur’onni o‘qib, undan ilmsiz dalil keltirishadi, ular Qur’onni tushunmasdan, undagi ahkomlarni anglamasdan va mutashobehlarini bilmasdan o‘qiydilar. Hozirgi yangi xorijiylar ham o‘zlarini ibodatgo‘y ko‘rsatib odamlarni aldamoqdalar. IShID tarafdorlarining faoliyatini kuzatar ekansiz, Ahli sunnaning yetuk olimlariga ta’na toshlarini otayotganini va qolgan oddiy musulmonlarni va hokimu davlat rahbarlarini kufrda ayblayotganini ko‘rasiz. Ular faqat o‘zlarinigina haq yo‘lda deb biladilar. Shu bois ular Ahli sunna ulamolarining nasihatlariga quloq solmaydilar».

Nufuzli olimlar hay’ati a’zosi Doktor Ahmad Ma’bad IShID terrorchilik tashkilotini zamonamiz xorijiylari deb ta’riflab, quyidagilarni ta’kidlaydi:

«IShID musulmonlarning qonini to‘kish, ularni obro‘sizlantirish va mol-mulklariga tajovuz qilishni halol deb hisoblaydilar. Ular o‘zlariga qarshi bo‘lgan musulmonlarni kufrda ayblab, Qur’oni karimning Niso surasi 93-oyatidagi quyidagi muhim ko‘rsatmani unutishmoqda: «Kimda-kim qasddan bir mo‘minni o‘ldirsa, uning jazosi jahannamda abadiy qolishdir. Yana unga Alloh g‘azab qilgay, la’natlagay va unga ulkan azobni tayyorlab qo‘ygay». «IShID» tarafdorlari kofirlar xususida nozil bo‘lgan oyatlarni mo‘minlarga tadbiq qilib, hatto ayrim hadislarni inkor ham qilishmoqda. Ularning aqidasiga ko‘ra, hokimga qarshi bosh ko‘tarish halol sanaladi. Aslida esa, shar’iy hokimga nohaq qarshi chiqish bog‘iylik deb ataladi. Shu bois, bu yangi xorijiylarga qarshi kurashish vojibdir. Chunki ular shariatimizga qarshi chiqishmoqda. Ahmad ibn Hanbal xorijiylar haqida shunday degan: «Xorijiylar eng yomon qavmdir. Men yer yuzida ulardan-da yomonroq qavmni bilmayman». Xorijiylar asrlar osha shu sifat bilan tanilib kelgan. Ummatning olimi Abdulloh ibn Abbos (r.a.) ular haqida shunday degan: «Men qo‘lini ishlatishda xorijiylardan-da ashaddiyroq qavmni ko‘rmadim». Abdulloh ibn Umar (r.a.) esa xorijiylarni quyidagicha ta’riflagan: «Ular kofirlar uchun nozil bo‘lgan oyatlarni mo‘minlarga tadbiq qilganlar».

Nufuzli olimlar hay’ati a’zosi Muhammad Ra’fat Usmon IShID da’vo qilayotgan davlatchilik haqida quyidagilarni so‘zladi:

«O‘ziga aqida, g‘oya va mazhabda muxolif bo‘lganlarning qonini to‘kishni halol sanash bu qanday xalifalik?! Bu qanday shariat?! Ular turli vayronagarchilik, qonxo‘rlik va buzg‘unchiliklarni sodir etish orqali yangi islomiy xalifalikni tiklaymiz deb e’lon qilishmoqda. Bu Alloh va Uning Rasuliga tuhmat va yolg‘on!»

Ra’fat Usmon «IShID»ning maqsadi Islomga zarba berishdan iboratligini ta’kidlab, shunday dedi: «IShIDning faoliyati odamlarda turli qarashlarning paydo bo‘lishiga olib keldi. Ba’zilar IShIDni noshar’iy tashkilot sifatida qabul qilsa, ayrimlar uni yangi islomiy xalifalik davlati barpo qilish uchun harakat qilayotgan mustaqil tashkilot sifatida tushunmoqda. Uchinchi toifa odamlar IShIDga o‘z muxoliflarini mahv etish uchun tashkil qilingan uyushma deb qaramoqda. To‘rtinchi toifa insonlar esa uni xalifalik niqobi ostida mintaqadagi davlatlarni kichik davlatchalarga parchalab tashlashni rejalashtirgan tashkilot deb hisoblamoqdalar». Olimning ta’kidlashicha, IShID va unga o‘xshagan adashgan guruhlar Islomdan yuz o‘girgan guruhlardir.

Muslim.uz sahifasidan olindi.