Роғун ГЭСи – минтақа халқлари келажагига таҳдид

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 18.06.2014

Сўнгги пайтларда Тожикистон раҳбариятининг ташаббуси билан Роғунда бошлаб юборилган улкан ГЭС қурилиши ҳамда унинг келтириб чиқариши мумкин бўлган мудҳиш оқибатлари ҳақида бот-бот гапирилмоқда. Албатта, бундай маълумотлар ҳеч кимни, айниқса, шу минтақада яшаётган халқларни бефарқ қолдирмайди. Битта мақолада ушбу муаммони батафсил таҳлил қилишнинг эса имкони йўқ. Шу боис мен унинг айрим техник-иқтисодий, қисман экологик ва ҳуқуқий жиҳатларига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Бугунги кунда дунёда ишлаб чиқарилаётган умумий электр энергиясининг 20 фоизга яқини гидроэлектростанциялар – ГЭСлар ҳиссасига тўғри келади. Бу борада энг олдинда Исландия давлати бормоқда, Норвегияда мазкур кўрсаткич 98 фоизга тенг бўлса, Канада ва Швецияда ҳам шунга яқин, Парагвайда эса тўлиқ ГЭСлар имкониятидан фойдаланилади. Таъкидлаш жоиз, Хитой дунёда электр энергиясини энг кўп истеъмол қиладиган давлат ҳисобланади. Ке­йинги йилларда ушбу мамлакатда ГЭСлар қурилиши юксак суръатларда олиб борилмоқда. Бироқ бу ерда қанчалик эҳтиёж юқори бўлмасин, Тожикистондан фарқли ўлароқ, асосан, кичик-кичик ГЭСлар қуришга алоҳида эътибор берилмоқда. Чунки Хитой халқи катта ва хавфли сув иншоотлари қуришнинг фожиавий оқибатларини ўтган асрнинг 1975 йилида бошидан кечирган. Ўшанда сув омбори тўғонининг ўпирилиши натижасида  170 минг киши ҳалок бўлган, 11 миллиондан ортиқ аҳоли жиддий зарар кўрган эди. Шу маънода, бугун Хитойни кичик ГЭСлар мамлакати, десак ҳам бўлади. Ҳақиқатан ҳам, мазкур давлатда жаҳонда мавжуд бўлган кичик ГЭСларнинг ярмидан кўпи жойлашган.

Тожикистон ҳукумати томонидан қурилиши мўл­жалланаётган Роғун ГЭСининг баландлиги 350 метр, ишлаб чиқариш қуввати эса 3600 МВтни ташкил этадиган тўғон дунёдаги энг йирик ҳисобланмиш ГЭСлардан ҳам сув босими ёки тўғонининг баландлиги бўйича олти баробарга, қуввати бўйича эса 144 баробарга устунроқдир. Шу ўринда айтиш керак, катта гидроиншоотларнинг атроф-муҳитга салбий таъсири ва зарари борлиги учун Европада аллақачон улар хизматидан воз кечиш ҳақида қатьий қарорга келиб бўлинган. Шунинг учун ҳам 1998 йилдан бери мазкур қитъада улкан тўғонлардан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечилмоқда.

Инсон ҳеч қачон табиатни ўз измига бўйсундира олмаган. Бироқ Тожикис­тон расмийлари собиқ тузум анъаналарига содиқ қолиб, “Сен зўрми, мен зўр” қабилида иш тутаётганлик­ларини, сув балоси билан ўйнашаётганликларини сезмаяптилар чоғи. Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни айтиш керак, сув балосини ҳеч нарса билан даф қилиб бўлмайди. Бунга мисол тариқасида Россиянинг Саяно-Шушенск ГЭСидаги юз берган ҳалокатни келтирайлик. Фалокат содир бўлганидан сўнг қишнинг ниҳоятда қаттиқ келиши натижасида тўғоннинг юқори қисмидан пастга тушаётган ва парланаётган сувнинг музлаши оқибатида бир неча юз тонналик баҳайбат муз бўлаклари пайдо бўлиб, бутун иншоотни бузиб юбориш хавфи вужудга келди. Бундай таҳликали вазиятда Россия мутахассисларининг янги офатнинг юз бермаслигини сўраб, Худога илтижо қилишдан бошқа иложлари қолмади.

Бугун “аср қурилиши” дея зўр берилаётган Роғун ­ГЭСида ҳам шундай ҳолат­нинг такрорланмаслигига ким кафолат бера олади? Тоғли ҳудудда барпо этилиши мўлжалланаётган сунъий денгизни қишда қалин муз қатлами қопласа, қандай фалокат юз беришини ким тасаввур қила олади?

Энди масаланинг экологик жиҳатига қисман тўхталиб ўтсак. Роғун ­ГЭСи курилиши ва юз бериши мумкин бўлган табиий офат (кучли зилзила ёки кўчки) қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги хорижий ва маҳаллий олимлар, шунингдек, мутахас­сислар томонидан ҳар томонлама асослаб берилмоқда. Лекин масаланинг бошқа тарафига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Дунё олимлари ҳозирда иқлим ўзгариши сабаб сайёрамиздаги энг йирик музликлардан бири, мазкур ГЭС курилаётган ҳудуддан унча узоқ бўлмаган Федченко музлигининг эриши оқибатида вужудга келиши мумкин бўлган экологик вазиятни хомчўт қилиб, жиддий хавотирга тушишмоқда. Айнан шу ҳудудда Роғун ГЭСидек улкан иншоотнинг барпо этилиши бу хавотирни ваҳимага айлантирмоқда. Бироқ мазкур ҳаракатлари оқибатида наинки Марказий Осиё, балки бутун дун­ёда экологик мувозанат издан чиқишини Тожикистон расмийлари, мутахассислари ҳисобга олишмаяпти.

Давлатлараро дипломатияда манфаатлар мувозанати эътиборга олиниши халқаро ҳуқуқнинг муҳим тамойилларидан саналади. Юқоридаги муаммонинг ҳал этилишида Ўзбекистон раҳбари ва ҳукумати халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиққан ҳолда, масалага дунё­ ҳамжамияти эътиборини қаратиб келмокда. Юртбошимизнинг бошқа мамлакатлар раҳбарлари билан олий даражадаги қандай учрашуви бўлмасин, албатта, ушбу муаммога алоҳида эътибор берилади. Президентимизнинг Россия, Хитой, Қозоғистон, Туркманистон, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлат ҳамда ташкилотлар раҳбарлари билан бўлган учрашувларидаги музокаралари бунга мисолдир. Шунингдек, Юртбошимиз 2010 йил 20 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг Минг йиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган олий даражадаги ялпи мажлисидаги нутқида ҳам трансчегаравий дарёларда сув иншоотларини қуришга мўлжалланган ҳар бир лойиҳа халқаро холис экспертиза натижаларига асосланган ҳамда қўшни давлатлар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши зарурлигини таъкидлаган эдилар. Шунингдек, Президентимизнинг улкан гидроиншоотлар ўрнига кичик ГЭС ларни қуриш ҳар томонлама самарали, арзон ва экологик жиҳатдан хавфсиз эканлиги тўғрисидаги фикр­лари халқаро ҳамжамият томонидан қизғин қўллаб-қувватланган. Масалан, Нью-Йорк давлат университети профессори, экология муаммолари бўйича эксперт А. Коддерманнинг бу борадаги фикри қуйидагича: “Мен бугунги кунда ер ю­зи­да­ иқлимнинг глобал ўзгариши табиий офатлар сони ва кўлами кенгайишига сабаб бўлаётган бир пайтда инсониятнинг улкан иншоотларни барпо этиш билан боғлиқ масалада ўз масъулиятини кескин ошириши лозим, деб ҳисоблайман. Бу жаҳонда энг йирик – Роғун ГЭСини куришга интилаётган Тожикистонга ҳам тааллуқлидир. Тожикистон бу улкан иншоотни барпо этишдан воз кечиши лозим”.

Жорий йилнинг 25 мартида вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, Катта тўғонлар халқаро комиссияси билан ҳамкорликни ташкил этиш ва унда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш мақсадида Ўзбекистон  катта тўғонлар миллий қўмитаси ташкил этилди. Ўзбекистон Рес­публикаси катта тўғонлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги манфаатларини, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича нуқтаиназарини илгари суриш, бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, уларнинг миллий қўмиталари билан илмий, техникавий ҳамда бошқа ахборотлар алмашиш орқали тўғонлар хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш,  катта тўғонлар халқаро комиссияси ва унинг доимий ишчи гуруҳлари таркибига етакчи мутахассислар ва олимларни жалб этган ҳолда, уларнинг ишида иштирок этиш каби масалалар бу қўмитанинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибди, Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукумати ушбу муаммони халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида дунё­ ҳамжамияти эътиборини жалб этган ҳолда ҳал этишга ҳаракат қилмокда.

Шу ўринда мақоламизда кўтарилган масалаларга та­ал­луқли қуйидаги икки халқаро Конвенция – Трансчегаравий очиқ сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланиш бўйича Конвенция (Хельсинки, 1992 йил 17 март) ва Халқаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги Конвенция (Нью-Йорк, 1997 йил 21 май) нормаларини таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Ушбу Конвенцияларда трансчерагавий дарёлардан қандай фойдаланиш, вужудга келган муаммоларни ҳал этиш каби масалалар белгилаб қўйилган. Масалан, Нью-Йорк Конвенциясининг 6-моддаси 1-қисмида халқаро сув оқимларидан адолатли ва оқилона фойдаланиш шартлари кўрсатилган бўлиб, унга кўра, ўз ҳудудидан халқ­аро сув оқимлари ўтадиган ҳар бир давлатга гидрогеографик, иқлимий, экологик ва бошқа табиий характерга эга омилларни, шунингдек, қўшни давлатларнинг сувга бўлган ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжини, трансчегаравий сув оқимларининг бир давлат томонидан монополлаштирилиши ёки хўжасизларча ишлатилиши оқибатида бошқа бир давлат кўрадиган зарар ва шунга ўхшаш бошқа омилларни ҳисобга олиб боришни белгилаб беради.

Тожикистон раҳбарияти эса юқорида қайд этилган Конвенцияларни имзоламаганлигини рўкач қилиб, умумэътироф этилган хал­қаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда “иқтисодий ўсишга” қаратилган режаларини ўжарлик билан ҳимоя қилишдан нарига ўтмаяпти. Албатта, халқаро Конвенцияларни имзолаш ёки имзоламаслик – ҳар бир давлатнинг суверен ҳуқуқи. Лекин, кези келганда, ўз манфаатлари йўлида халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳар хил баҳоналар билан тан олмаслик ҳам адолатдан эмас. Тожикистон ҳукуматининг бу иши ўзи ўтирган шохга ўзи болта ураётган одамнинг аҳволига ўхшайди...

Фаровон ҳаётни, порлоқ келажакни таъминлаш баҳонасида ўз бурчларидан юз ўгириш ёки уни бажаришдан бўйин товлаш кечириб бўлмас хатодир.

Икромжон МАРДОНОВ,

Ўзбекистон ҳакамлик судлари ассоциацияси Тошкент шаҳар филиали бошлиғи

“Халқ сўзи” газетасининг 2011 йил 20 май сонидан олинди.

* * *

So‘nggi paytlarda Tojikiston rahbariyatining tashabbusi bilan Rog‘unda boshlab yuborilgan ulkan GES qurilishi hamda uning keltirib chiqarishi mumkin bo‘lgan mudhish oqibatlari haqida bot-bot gapirilmoqda. Albatta, bunday ma’lumotlar hech kimni, ayniqsa, shu mintaqada yashayotgan xalqlarni befarq qoldirmaydi. Bitta maqolada ushbu muammoni batafsil tahlil qilishning esa imkoni yo‘q. Shu bois men uning ayrim texnik-iqtisodiy, qisman ekologik va huquqiy jihatlariga e’tiboringizni qaratmoqchiman.

Bugungi kunda dunyoda ishlab chiqarilayotgan umumiy elektr energiyasining 20 foizga yaqini gidroelektrostantsiyalar – GESlar hissasiga to‘g‘ri keladi. Bu borada eng oldinda Islandiya davlati bormoqda, Norvegiyada mazkur ko‘rsatkich 98 foizga teng bo‘lsa, Kanada va Shvetsiyada ham shunga yaqin, Paragvayda esa to‘liq GESlar imkoniyatidan foydalaniladi. Ta’kidlash joiz, Xitoy dunyoda elektr energiyasini eng ko‘p iste’mol qiladigan davlat hisoblanadi. Ke­yingi yillarda ushbu mamlakatda GESlar qurilishi yuksak sur’atlarda olib borilmoqda. Biroq bu yerda qanchalik ehtiyoj yuqori bo‘lmasin, Tojikistondan farqli o‘laroq, asosan, kichik-kichik GESlar qurishga alohida e’tibor berilmoqda. Chunki Xitoy xalqi katta va xavfli suv inshootlari qurishning fojiaviy oqibatlarini o‘tgan asrning 1975 yilida boshidan kechirgan. O‘shanda suv ombori to‘g‘onining o‘pirilishi natijasida  170 ming kishi halok bo‘lgan, 11 milliondan ortiq aholi jiddiy zarar ko‘rgan edi. Shu ma’noda, bugun Xitoyni kichik GESlar mamlakati, desak ham bo‘ladi. Haqiqatan ham, mazkur davlatda jahonda mavjud bo‘lgan kichik GESlarning yarmidan ko‘pi joylashgan.

Tojikiston hukumati tomonidan qurilishi mo‘l­jallanayotgan Rog‘un GESining balandligi 350 metr, ishlab chiqarish quvvati esa 3600 MVtni tashkil etadigan to‘g‘on dunyodagi eng yirik hisoblanmish GESlardan ham suv bosimi yoki to‘g‘onining balandligi bo‘yicha olti barobarga, quvvati bo‘yicha esa 144 barobarga ustunroqdir. Shu o‘rinda aytish kerak, katta gidroinshootlarning atrof-muhitga salbiy ta’siri va zarari borligi uchun Yevropada allaqachon ular xizmatidan voz kechish haqida qatiy qarorga kelib bo‘lingan. Shuning uchun ham 1998 yildan beri mazkur qit’ada ulkan to‘g‘onlardan foydalanishdan bosqichma-bosqich voz kechilmoqda.

Inson hech qachon tabiatni o‘z izmiga bo‘ysundira olmagan. Biroq Tojikis­ton rasmiylari sobiq tuzum an’analariga sodiq qolib, “Sen zo‘rmi, men zo‘r” qabilida ish tutayotganlik­larini, suv balosi bilan o‘ynashayotganliklarini sezmayaptilar chog‘i. Achchiq bo‘lsa ham haqiqatni aytish kerak, suv balosini hech narsa bilan daf qilib bo‘lmaydi. Bunga misol tariqasida Rossiyaning Sayano-Shushensk GESidagi yuz bergan halokatni keltiraylik. Falokat sodir bo‘lganidan so‘ng qishning nihoyatda qattiq kelishi natijasida to‘g‘onning yuqori qismidan pastga tushayotgan va parlanayotgan suvning muzlashi oqibatida bir necha yuz tonnalik bahaybat muz bo‘laklari paydo bo‘lib, butun inshootni buzib yuborish xavfi vujudga keldi. Bunday tahlikali vaziyatda Rossiya mutaxassislarining yangi ofatning yuz bermasligini so‘rab, Xudoga iltijo qilishdan boshqa ilojlari qolmadi.

Bugun “asr qurilishi” deya zo‘r berilayotgan Rog‘un ­GESida ham shunday holat­ning takrorlanmasligiga kim kafolat bera oladi? Tog‘li hududda barpo etilishi mo‘ljallanayotgan sun’iy dengizni qishda qalin muz qatlami qoplasa, qanday falokat yuz berishini kim tasavvur qila oladi?

Endi masalaning ekologik jihatiga qisman to‘xtalib o‘tsak. Rog‘un ­GESi kurilishi va yuz berishi mumkin bo‘lgan tabiiy ofat (kuchli zilzila yoki ko‘chki) qanday og‘ir oqibatlarga olib kelishi mumkinligi xorijiy va mahalliy olimlar, shuningdek, mutaxas­sislar tomonidan har tomonlama asoslab berilmoqda. Lekin masalaning boshqa tarafiga e’tiboringizni qaratmoqchimiz. Dunyo olimlari hozirda iqlim o‘zgarishi sabab sayyoramizdagi eng yirik muzliklardan biri, mazkur GES kurilayotgan hududdan uncha uzoq bo‘lmagan Fedchenko muzligining erishi oqibatida vujudga kelishi mumkin bo‘lgan ekologik vaziyatni xomcho‘t qilib, jiddiy xavotirga tushishmoqda. Aynan shu hududda Rog‘un GESidek ulkan inshootning barpo etilishi bu xavotirni vahimaga aylantirmoqda. Biroq mazkur harakatlari oqibatida nainki Markaziy Osiyo, balki butun dun­yoda ekologik muvozanat izdan chiqishini Tojikiston rasmiylari, mutaxassislari hisobga olishmayapti.

Davlatlararo diplomatiyada manfaatlar muvozanati e’tiborga olinishi xalqaro huquqning muhim tamoyillaridan sanaladi. Yuqoridagi muammoning hal etilishida O‘zbekiston rahbari va hukumati xalqaro huquq normalaridan kelib chiqqan holda, masalaga dunyo­ hamjamiyati e’tiborini qaratib kelmokda. Yurtboshimizning boshqa mamlakatlar rahbarlari bilan oliy darajadagi qanday uchrashuvi bo‘lmasin, albatta, ushbu muammoga alohida e’tibor beriladi. Prezidentimizning Rossiya, Xitoy, Qozog‘iston, Turkmaniston, AQSh, Yevropa Ittifoqi va boshqa davlat hamda tashkilotlar rahbarlari bilan bo‘lgan uchrashuvlaridagi muzokaralari bunga misoldir. Shuningdek, Yurtboshimiz 2010 yil 20 sentyabr kuni BMT Bosh Assambleyasining Ming yillik rivojlanish maqsadlariga bag‘ishlangan oliy darajadagi yalpi majlisidagi nutqida ham transchegaraviy daryolarda suv inshootlarini qurishga mo‘ljallangan har bir loyiha xalqaro xolis ekspertiza natijalariga asoslangan hamda qo‘shni davlatlar bilan kelishilgan holda ishlab chiqilishi va amalga oshirilishi zarurligini ta’kidlagan edilar. Shuningdek, Prezidentimizning ulkan gidroinshootlar o‘rniga kichik GES larni qurish har tomonlama samarali, arzon va ekologik jihatdan xavfsiz ekanligi to‘g‘risidagi fikr­lari xalqaro hamjamiyat tomonidan qizg‘in qo‘llab-quvvatlangan. Masalan, Nyu-York davlat universiteti professori, ekologiya muammolari bo‘yicha ekspert A. Koddermanning bu boradagi fikri quyidagicha: “Men bugungi kunda yer yu­zi­da­ iqlimning global o‘zgarishi tabiiy ofatlar soni va ko‘lami kengayishiga sabab bo‘layotgan bir paytda insoniyatning ulkan inshootlarni barpo etish bilan bog‘liq masalada o‘z mas’uliyatini keskin oshirishi lozim, deb hisoblayman. Bu jahonda eng yirik – Rog‘un GESini kurishga intilayotgan Tojikistonga ham taalluqlidir. Tojikiston bu ulkan inshootni barpo etishdan voz kechishi lozim”.

Joriy yilning 25 martida vazirlar Mahkamasining qaroriga asosan, Katta to‘g‘onlar xalqaro komissiyasi bilan hamkorlikni tashkil etish va unda O‘zbekiston Respublikasi manfaatlarini ifodalash maqsadida O‘zbekiston  katta to‘g‘onlar milliy qo‘mitasi tashkil etildi. O‘zbekiston Res­publikasi katta to‘g‘onlar xavfsizligini ta’minlash sohasidagi manfaatlarini, transchegaraviy suv resurslaridan oqilona foydalanish bo‘yicha nuqtainazarini ilgari surish, boshqa mamlakatlar tajribasini o‘rganish, ularning milliy qo‘mitalari bilan ilmiy, texnikaviy hamda boshqa axborotlar almashish orqali to‘g‘onlar xavfsizligini ta’minlash tizimini takomillashtirish,  katta to‘g‘onlar xalqaro komissiyasi va uning doimiy ishchi guruhlari tarkibiga yetakchi mutaxassislar va olimlarni jalb etgan holda, ularning ishida ishtirok etish kabi masalalar bu qo‘mitaning asosiy vazifalari etib belgilandi.

Yuqoridagi misollardan ko‘rinib turibdi, O‘zbekiston rahbariyati va hukumati ushbu muammoni xalqaro huquq normalari doirasida dunyo­ hamjamiyati e’tiborini jalb etgan holda hal etishga harakat qilmokda.

Shu o‘rinda maqolamizda ko‘tarilgan masalalarga ta­al­luqli quyidagi ikki xalqaro Konventsiya – Transchegaraviy ochiq suv oqimlari va xalqaro ko‘llarni muhofaza qilish hamda foydalanish bo‘yicha Konventsiya (Xelsinki, 1992 yil 17 mart) va Xalqaro ochiq suv oqimlaridan kemalar qatnamaydigan turda foydalanish huquqi to‘g‘risidagi Konventsiya (Nyu-York, 1997 yil 21 may) normalarini ta’kidlab o‘tish o‘rinlidir. Ushbu Konventsiyalarda transcheragaviy daryolardan qanday foydalanish, vujudga kelgan muammolarni hal etish kabi masalalar belgilab qo‘yilgan. Masalan, Nyu-York Konventsiyasining 6-moddasi 1-qismida xalqaro suv oqimlaridan adolatli va oqilona foydalanish shartlari ko‘rsatilgan bo‘lib, unga ko‘ra, o‘z hududidan xalq­aro suv oqimlari o‘tadigan har bir davlatga gidrogeografik, iqlimiy, ekologik va boshqa tabiiy xarakterga ega omillarni, shuningdek, qo‘shni davlatlarning suvga bo‘lgan ijtimoiy-iqtisodiy ehtiyojini, transchegaraviy suv oqimlarining bir davlat tomonidan monopollashtirilishi yoki xo‘jasizlarcha ishlatilishi oqibatida boshqa bir davlat ko‘radigan zarar va shunga o‘xshash boshqa omillarni hisobga olib borishni belgilab beradi.

Tojikiston rahbariyati esa yuqorida qayd etilgan Konventsiyalarni imzolamaganligini ro‘kach qilib, umume’tirof etilgan xal­qaro huquq normalariga zid ravishda “iqtisodiy o‘sishga” qaratilgan rejalarini o‘jarlik bilan himoya qilishdan nariga o‘tmayapti. Albatta, xalqaro Konventsiyalarni imzolash yoki imzolamaslik – har bir davlatning suveren huquqi. Lekin, kezi kelganda, o‘z manfaatlari yo‘lida xalqaro huquq normalarini har xil bahonalar bilan tan olmaslik ham adolatdan emas. Tojikiston hukumatining bu ishi o‘zi o‘tirgan shoxga o‘zi bolta urayotgan odamning ahvoliga o‘xshaydi...

Farovon hayotni, porloq kelajakni ta’minlash bahonasida o‘z burchlaridan yuz o‘girish yoki uni bajarishdan bo‘yin tovlash kechirib bo‘lmas xatodir.

Ikromjon MARDONOV,

O‘zbekiston hakamlik sudlari assotsiatsiyasi Toshkent shahar filiali boshlig‘i

 

“Xalq so‘zi” gazetasining2011 yil 20 may sonidan olindi.