Тиб ҳукмлари

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 09.09.2013

Ҳаёт Аллоҳ таолонинг бандаларига берган энг улуғ неъмати ва қимматли омонатидир. Аллоҳнинг бу фазлу карами учун одам қанчалик шукроналар қилиши лозим бўлса, омонат ўлароқ унинг муҳофазаси учун Рабби олдида шунчалик жавобгар ҳамдир.
Бугун мана шу омонат ва унга доир баъзи ҳукмлар ҳақида гаплашсак, унут бўлган баъзи қирраларни яна қайта эсга олсак. Зеро, эслаш ва эслатишда катта фойда бор. Ушбу рисоламизда тиббиётга оид масалалар, хусусан унинг ажралмас қисми бўлган тиббий текширув ва ташхис қўйиш ҳамда деярли ҳар куни дуч келадиганимиз – жарроҳлик амалиётига доир баъзи муҳим шаръий ҳукмларни сиз азизларга савол-жавоб тарзида баён этишга ҳаракат қилдик. Алоҳида мулоҳаза талаб этиладиган масалаларда шаръий ҳукм манбалари кўрсатиб ўтилди. Бошқа ўринларда эса шаръий ҳукмни асослаш учун ақлий далиллар билан чегараланди.

Савол: Инсоннинг соғлигига жавобгарлиги қай даражада белгиланган?
Жавоб: Инсоннинг соғлигига эътибор бериши лозимлиги, жавобгарлиги фарзи айн, вожиб даражасидадир. Аллоҳ таоло айтади: “...ва ўзингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара, 195). Бу ояти карима маъносини ушбу ўринда, моддий ва маънавий ҳалокатдан сақланингиз, бундай ҳалокатга учрамаслик чораларини кўрингиз, деб тушунишимиз мумкин.
Соғлиқ муҳофазаси моддий-маънавий ҳалокатдан сақланишнинг асосий омилларидан бўлгани учун мўмин-мусулмон одам соғлиғини асраш учун керак бўладиган барча чораларни кўриши шарт. Бундай чораларнинг асосийлари сифатида жисмоний тарбия ва вақти-вақти билан ўтказиладиган шифокор кўригини айтса бўлади.
Савол: Шифокор кўригидан қачон ўтиш керак?
Жавоб: Соғлиққа эътибор вожиб экани айтилди. Динимизда: “Вожибни бажариш учун керак бўлган нарса ҳам вожибдир”, деган қоида мавжуд. Демак соғлиқ муҳофазаси учун зарур бўлган шифокор кўригидан ўтиш ҳам вожиб ҳукмидадир. Шифокор кўригидан ўтиш муддатлари тиббиётда белгиланган меъёрлар билан тартибга солинади. Бу масалада шифокор сўзига қараб ҳаракат қилинади. Албатта, шифокор ҳам ўз ишига масъулият билан ёндашиб, омонат берилган билимни суиистеъмол қилмаслиги лозим. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга... буюради” (Нисо, 58).
Савол: Тиббий текширувдан кўзланган асл мақсад нима?
Жавоб: Мақсад киши соғлиғи издан чиқишининг олдини олиш, агар издан чиққан бўлса, сабабларини аниқлаш ва уни ўз ўрнига келтириш чораларини кўришдир. Чоралар хилма-хил бўлгани ҳолда улар ичидан бемор соғлиғи учун энг хавфсизини, мавжуд касаллик учун энг муносиб бўлганини танлашдир.
Савол: Тиббий текширувдан ўтмоқчи бўлган шахс нималарга эътибор бериши лозим?
Жавоб: Аввало, мусулмон одам ўз соғлиғи ҳақида гап кетаётганида бепарво бўлмаслиги, соғлиғига доир ҳар қандай маълумотга алоҳида эътибор қаратиши, уни чуқур мулоҳаза этиши керак. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, ...қилган ишларингга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар” (Ҳужурот, 6).
Ва яна мўмин киши Аллоҳнинг раҳматидан умидсиз бўлмаслиги керак. Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ қандай касаллик туширган бўлса, унинг шифосини ҳам туширган”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий).
Қисқача айтадиган бўлсак, тиббий текширувдан ўтмоқчи бўлган шахс қўйидагиларга эътибор бериши керак:
1. Касалликнинг ўз вақтида олдини олишга.
2. Ўзида кечаётган ўзгаришларга эътиборли бўлишга.
3. Ўзидаги ўзгаришларни аниқ ва лўнда баён қилишга. Баъзи ҳолларда ўзи кечирган касалликлар тарихи ёзилган дафтарчани бирга олиши асло фойдадан холи эмас.
4. Зарур бўлган тиббий таҳлилларни ўз вақтида ўтказишга.
5. Тиббий таҳлил ўтказаётган шифокорнинг билим ва тажрибаси етарли эканини суриштириш йўли билан аниқлашга.
6. Тиббий таҳлилларнинг ишончли эканига амин бўлишга. Чунки ташхисни тўғри қўйиш айнан шунга боғлиқ.
7. Тиббий кўрикдан ўтказаётган шифокорнинг ўз касбини нечоғли пухта эгаллаганини аниқлашга. Чунки ўтказиладиган бошқа тадбирлар унинг кўрсатмалари ва тавсияларига боғлиқ. Унинг адашиши беморга нотўғри ташхис қўйишга ва бундан келиб чиққан ҳолда нотўғри даволашга олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, бемор ҳаётининг хавф остида қолишига сабаб бўлади.
Савол: Тиббий текширув давомида аврат ҳисобланган жойларни очишга тўғри келса, нима қилиш керак?
Жавоб: Аслида, аврат ҳисобланган жойларни нафақат бегоналар олдида, балки ўзи ёлғиз қолганида ҳам заруратсиз очиш мумкин эмас. Лекин зарурат юзасидан очса бўлади. Тиббий текширув ҳам мана шундай заруратлардан ҳисобланади. Чунки касаллик аврат жойларда бўлган ҳолатларда ёки аврат жойларга боғлиқ бўлган ҳолларда аврат жойларни очмасдан туриб касалликни аниқлаб, даволаб бўлмайди. Буларнинг бари динимизда қайд этилган “Зарурат ҳолати манъ қилинган ишларга рухсат беради” деган қоидага биноан амалга оширилади (Ал-ашбаҳ ван-назоир. Суютий, 74-бет).
Савол: Аёл беморни эркак шифокор ёки, аксинча, эркак беморни аёл шифокор даволашига тўғри келса, динимизга мувофиқ қандай йўл тутилади?
Жавоб: Беморлик ҳолати зарурат ҳолати ҳисобланади, шунинг учун унинг ҳукмлари бошқа ҳолатлар ҳукмларидан кескин фарқ қилади. Оддий ҳолларда рухсат берилмаган нарсаларга зарурат туғилганда рухсат этилади (“Ал-ашбаҳ ван-назоир”. Ибн Нужайм, 85-бет). Шундан келиб чиқиб, бемор аёлга қараш учун етарли билим ва тажрибага эга бўлган аёл шифокор топилмаса, у ҳолда унга эркак шифокор қарашига рухсат берилади. Аксинча бўлса ҳам, ҳукми шундай. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Умму Сулайм ва бошқа мўмина аёлларнинг ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга жангда қатнашишгани ва жангчиларга сув ташишгани, ярадорларни муолажа қилишгани ҳақида сўз боради. Албатта, бу жангчилар аёлларга номаҳрам бўлишган. Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам зарурат чоғида аёл шифокорнинг бегона эркакка қараши мумкинлиги келиб чиқади. Зеро, инсон ҳаётини сақлаб қолишда ҳар қандай тақиқлар олиб ташланади. Бироқ шифокор ва бемор мулоқоти касаллик доирасида, касаллик чегарасида бўлиши керак, бундан ортиқ муносабатга йўл йўқ. Шунингдек, агар муолажага ҳалақит бермайдиган бўлса, муолажа жойида бемор маҳрамларининг бўлишлари маъқулдир.

Савол: Ислом жарроҳлик амалиётига рухсат берадими?
Жавоб: Ҳа, албатта. Бунга далил Моида сурасининг 32-оятидир. Аллоҳ таоло айтади: “...ким бирор жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва ким унга ҳаёт ато этса, демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди...” Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсон ҳаётига тажовуз қилиш гуноҳини баён қилиш билан бирга, инсонга “ҳаёт бериш”нинг, яъни, ҳаётда қолиш учун ёрдам беришнинг ажри ҳақида ҳам сўз юритмоқда. Унинг ҳаётда қолиши эса, руҳий ҳамда жисмоний соғломликни, бу соғломликка путур етказувчи омилларни кетказишни тақозо этади.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисларда Расуллуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошларидан қон олдирганлари баён қилинган. Бу эса жарроҳлик амалиётининг кичикроқ кўринишидир.
Савол: Жарроҳлик амалиётида қатнашувчи шахслар ва уларнинг вазифалари ҳақида қисқача маълумот берсангиз.
Жавоб: Жарроҳлик амалиётида жарроҳ, наркозчи (анестезиолог) ва ҳамширалар иштирок этадилар. Жарроҳ керакли билим ва тажрибага, шунингдек, соҳа мутасаддилари томонидан берилган рухсатга эга бўлиши керак бўлиб, ўз ишига тўла жавобгар шахс ҳисобланади. Наркозчига ҳам худди шундай талаблар қўйилади. У беморнинг умумий ҳолатини текширишга, наркозлаш жиҳозлари созлигига, шундан келиб чиқиб, беморга бериладиган ҳушсизлантирувчи дори миқдорига, сифатига ҳамда амалиёт давомида бемор аҳволининг барқарорлигига, амалиётдан сўнгги белгиланган муддатда беморни ҳушига келтиришга тўла жавобгар шахсдир. Ҳамширалар эса, беморни амалиётга тайёрлаш, амалиёт пайтида керакли дори-дармон, асбоб-ускуналарни тахт қилиш, ўзига буюрилган ишларни айтилганидек бажариш, бемор аҳволидан шифокорни хабардор қилиш масъулиятини оладилар.
Савол: Жарроҳлик амалиётини ўтказишнинг қандай шартлари бор?
Жавоб: Шартлар қуйидагилардан иборат:
Ўтказиладиган амалиётга динимиз рухсат берган бўлиши.
Беморда бундай амалиётга эҳтиёжнинг бўлиши.
Амалиётга беморнинг ижозат бериши.
Шифокор ва ёрдамчиларида етарли билим ва тажриба бўлиши.
Амалиётнинг муваффақиятли ўтишига жарроҳда етарли асос бўлиши.
Амалиётдан ўзга чоранинг йўқлиги.
Амалиётнинг бундан каттароқ, оғирроқ оқибатларга олиб келмаслиги.
Амалиётнинг беморга нафи тегиши.
Савол: Ўтказиладиган амалиётга динимиз рухсати шартлигини қандай тушунамиз?
Жавоб: Еру кўкдаги барча нарса Аллоҳ таолонинг мулкидир, шунингдек, инсон танаси ҳам. Аллоҳ таоло айтади: “Осмонлар ва Ер ҳамда улардаги бор нарса Аллоҳнинг мулкидир” (Моида, 120). Шундан келиб чиқиб, бемор ҳам, шифокор ҳам бировнинг мулки бўган нарсани унинг изнисиз ўзларича тасарруф эта олмайдилар. Инсон танасини тасарруф қилишда Аллоҳнинг ижозати шартлиги шу билан изоҳланади.
Савол: Беморга амалиётқачон бўлиши тушунтириб берсангиз?
Жавоб: Агар амалиёт ўтказилмаса, беморга катта зарар етиши сабабли беморда амалиётга зарурат туғилади. Чунки амалиётга зарурат туфайлигина рухсат этилади. Бундай зарурат эса амалиёт ўтказиладиган лаҳзагача давом этиши керак.
Савол: Бемор мажнун ёки ёш бола каби ўз ишига тўла жавоб бера олмайдиган бўлса, у ҳолда амалиётга ижозатни ким беради?
Жавоб: Беморнинг васийлигини олган шахс, яъни, ота, бобо кабилар берадилар.
Савол: Динимиз рухсат берган жарроҳлик амалиётига тўхталиб ўтсангиз.
Жавоб: Қуйидаги амалиётлар динимиз тарафидан изн берилган амалиётлар сирасига киради:
1. Даволаш мақсадидаги амалиётлар. Бунга беморнинг соғлигини сақлаб қолиш учун зудлик билан ўтказиладиган амалиётлар, бемор ҳаётининг нормаллашувига сабаб бўладиган амалиётлар, ўтказилмаса келажакда турли асоратлар келтириб чиқарувчи касалликларнинг олдини олиш мақсадида ўтказиладиган амалиётлар киради. Баданга кирган ўқни олиб ташлаш, ёрилиб кетган ошқозонни даволаш, юрак нуқсонларини бартараф этиш, кўричак, бурунда пайдо бўлган гўштни олиб ташлаш каби амалиётлар ҳам мисол бўла олади. Бу ҳолатларнинг хавфлилик даражасига қараб шифокор беморга зудлик билан ёрдам бериши шарт, уни ёрдамсиз қолдириш қатъиййан ҳаромдир. Бемор ҳолатининг хавфлилик даражасига кўра, баъзи рухсат берилмаган ишларга (наркозлаш, авратни очиш) рухсат берилади. Бу ишлар динимиздаги “қийинчилик бор ерда енгиллик ҳам бор” қоидасига биноан қилинади. (“Қоваидул фиқҳ”. Зарқо. 8-бет).
2. Аниқ ташхис қўйиш мақсадидаги амалиётлар. Агар касалликка ташхисни жарроҳлик амалиётисиз қўйиб бўлмаса, унда бундай амалиётга рухсат берилади. Масалан, қорин бўшлиғи аъзолари касалликлари амалиётида.
3. Туғиш жараёнидаги жарроҳлик амалиёти.
а) Онанинг ҳаёти, ҳомиланинг ҳаёти ёки ҳар иккисининг ҳам ҳаёти хавф остида қолганида. Бунга боланинг бачадондан ташқарида ривожланишини мисол қилиш мумкин;
б) ўлим хавфига етиб бормайдиган, лекин қаттиқ қийинчиликлар келтириб чиқарувчи ҳолатлар. Бунга тос суягининг торлиги, туғиш жараёнида иштирок этувчи мускуллардаги нуқсонлар туфайли ўтказиладиган амалиётлар киради;
в) ҳар икки ҳолатда ҳам шифокор ўз илми ва тажрибасидан келиб чиқиб ҳаракат қилиши, бемор ва унинг яқинларининг ноўрин илтимос, босимларига ён бермаслиги талаб этилади. Акс ҳолда жавобгарлик унинг бўйнидадир.
4. Динимиз кўрсатмаси бўлган жарроҳлик амалиёти. Бунга динимизда тарғиб этилган ўғил болаларни хатна қилиш амалиёти киради.
5. Анатомик мақсадлардаги жарроҳлик амалиёти. Бунга инсон аъзоларини мукаммал ўрганиш ва ўргатиш мақсадида ўликларни ёриш амалиёти киради. Бундай амалиётсиз етук мутахасислар етиштириш имконсизлигини ҳисобга олиб, уламолар рухсат беришган.* Лекин бундай амалиётлар ҳам зарурат чегарасидан чиқмаган ҳолда ўтказилиши лозим.
Энди, судтибэкспертиза учун ўтказиладиган ёки эпидемия хавфини аниқлаш учун ўтказиладиган ёриш амалиётларига келсак, ҳар иккиси ҳам жоиз.
6. Зарурат учун қилинадиган пластик жарроҳлик амалиёти. Бундай амалиётнинг “зарурат учун” деб қайд этиб қўйилгани бежиз эмас, чунки бундай амалиётнинг ҳеч қандай заруратсиз, ҳавойи нафс хоҳиши билан ўтказиладиган тури ҳам бор. Зарурат учун қилинадиган пластик жарроҳлик амалиёти инсон жисмидаги нуқсонларни, мажруҳликни бартараф этиш учун ўтказилади. Чунки бундай нуқсонлар кишига ҳам жисмоний, ҳам маънавий зарар келтириб, бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқаради. Амалиётнинг бу турига куйиш натижасида қилинадиган туғма нуқсонлар сабабли ўтказиладиган (бармоқларнинг қўшилиб кетиши, очиқ бўлиши лозим бўлган тешикларнинг берклиги ҳолатлари ва ҳоказо) амалиётларни мисол қилиб келтириш мумкин.

*(Ал-Азҳар университети фатво бўлими, 1971; Макка Ислом фиқҳи академияси, 1987; “Аҳкомул жироҳат тиббиййа”, Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Мухтор аш-Шинқитий, 338-б).

Савол: Шифокор ва ҳамшираларнинг ўз ишига лаёқатли, салоҳиятли эканига ким жавобгар?*
Жавоб: Уларни ишга олган муассаса жавобгардир. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бирингиз ўз қўл остингиздагиларга масъулсизлар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий). Агар якка тартибда фаолият кўрсатаётган бўлса, унинг фаолиятига рухсат берган ташкилот жавобгардир.
Савол: Шифокор ва унинг ёрдамчилари масъулияти ва жавобгарлик даражаси ҳақида тўхталсангиз.
Жавоб: Ҳар бир шифокор ёки тиббиёт ходими ўзи бевосита бажарган ёки алоқадор ишига шахсан жавобгардир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким ўзича (етарли билими, тажрибаси бўлмай) табиблик қилса, зоминдир” (Ибн Можа). Жавобгарликка олиб келадиган сабабларни учга бўлиш мумкин:
1. Янглишиб қилинган хато.
2. Ўз вазифасини билмасликдан йўл қўйилган хато.
3. Атайин қилинган хато.
Савол: Амалиётга беморнинг ижозат бериши шарт дейилди. Ижозат ёки рухсат ҳақида сал батафсилроқ тўхталсангиз.
Жавоб: Дарҳақиқат, ўтказилажак амалиётга беморнинг рухсати шарт қилинган. Бемор балоғат ёшида ва ақлли бўлса, ўзи изн беради Агар у балоғат ёшига етмаган ёки ақли ожиз бўлса, у ҳолда рухсат бериш ҳуқуқи унинг васийларига ўтади. Васийликка ҳақлилар тартиби қўйидагича:
1. Ўғиллар.
2. Ота.
3. Бобо.
4. Ака-укалар (“Ал-фатава ал-ҳиндиййа”, 5/357).
Агар бемор ақлли ва балоғат ёшида бўлиб, амалиётга рухсат берса ёки бермаса, у ҳолда васийларнинг ёки қариндош-уруғларнинг сўзи аҳамиятсиз. Амалиёт айнан унинг хоҳишига кўра иш юритилади. Бериладиган рухсат эса икки хил:
1. Мутлоқ рухсат. Яъни, бемор шифокорга ўз ихтиёрини тўла топширади ва шифокор нимани лозим топса, шуни қилади.
2. Чекланган рухсат. Яъни, бемор шифокорга муайян аъзонинг устидагина амалиёт ўтказишга рухсат беради, шифокор ҳам ундан нарига ўтмайди.
Умуман, рухсатнинг қуйидаги шартлари бор:
1. Рухсат бемор ёки унинг васийи томонидан берилади.
2. Рухсат берувчи шахс мажбурланмаган, бошқа шахс томонидан босим ўтказилмаган бўлиши керак.
3. Рухсат аниқ-равшан ифодаланиши лозим.
Савол: Рухсат бериш беморга вожибми?
Жавоб: Агар ўтказилажак амалиётнинг муваффақиятли ва фойдали бўлишини ишончли шифокорлар тасдиқлашаётган бўлса, бундай амалиётга рухсат бериш беморга вожиб. Чунки у ўз жисмини, жонини сақлашга, авайлашга буюрилгандир. Агар рухсат бермаса, катта гуноҳкор бўлади, лекин ўзини ўзи ўлдирган ҳисобланмайди, чунки амалиётдан келадиган наф аниқ эмас, балки тахминийдир (“Ҳошияту Ибн Обидин”, 5/296).
Савол: Рухсат талаб этилмайдиган фавқулодда ҳолатлар ҳам борми?
Жавоб: Ҳа, бор. Булар қуйидагилар:
1) Бемор ўлим ёқасида турганида, тана аъзоларидан бири нобуд бўлаётган, рухсат олишга вақт ҳам, имкон ҳам йўқ ҳолатда;
2) аниқланган касаллик тез тарқайдиган касаллик туридан бўлганида. Бунда жамият манфаати ҳисобга олиниб, амалиётга қўл урилаверади.
Ҳар икки ҳолатда шифокорнинг зудлик билан ҳаракат қилиб, бемор ҳаётини сақлаб қолиши вожиб.
Савол: Ортиқча бармоқларни қирқиш мумкинми?
Жавоб: Агар оғриқ берса, оғриқ шу аъзони олиб ташлаш билан бартараф бўладиган бўлса, бундай бармоқни жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш мумкин. Чунки динимизда “Ҳар қандай зарар динимизга биноан кетказилади”, деган қоида мавжуд (“Ал-қоваид ал-фиқҳиййа”, 76-бет). Акс ҳолда, мумкин эмас.
Савол: Касалликни аниқлаш, даволаш ўта қийин бўлса, тинчлантирувчи дори-дармон таъсир этмай қолса, оғриқни мияга етказувчи асаб толаларини олиб ташлаш мумкинми?
Жавоб: Агар бундан ўзга илож қолмаса ва бу илож келажакда оғирроқ ҳолатга олиб келмаса, рухсат этилади. Бундан ўзга жарроҳлик амалиётларини ҳам шунга таққослаш мумкин.
Савол: Ўлган она қорнини ёриб, болани чиқариб олиш мумкинми?
Жавоб: Агар ҳомиланинг тирик экани билинса, она қорнини ёриб бўлса ҳам, болани чиқариб олиш вожиб. Чунки тирик жонни билатуриб ўлим чангалига топшириш мумкин эмас.
Савол: Беморнинг бир жойидан иккинчи бир жойига қайсидир аъзосини кўчириб ўтказишга динимиз нима дейди?
Жавоб: Агар шифокорнинг билими ва тажрибаси шу йўлни маъқул топса, бунга рухсат этилади. Модомики беморга ташқаридан ёрдам олишга рухсат бор экан, ўзи ўзига ёрдам беришига ҳам рухсат берилиши табиийдир. Бунга куйиш ҳолатларида баданнинг бир еридан куйган ерига тери олиб ўтказишни мисол қилиш мумкин.
Савол: Тирик одамнинг баъзи аъзоларини тирик одамга кўчириб ўтказиш ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
Жавоб: Кўчириб ўтказилаётган аъзо инсон танасида ягона бўлса (юрак, жигар, мия), унинг кўчирилиши ўлимга олиб келиши мумкин. Аммо ўтказилаётган аъзо вазифасини бошқа аъзо бажара оладиган бўлиб, уни инсон танасидан ажратиб олиниши ўлимга олиб келмаса, бундай амалиётга баъзи шартлар билан рухсат берилади. (Макка Ислом фиқҳи академияси, 1985 й.; Халқаро Ислом анжумани, Малайзия, 1969 й.) Бу шартлар қуйидагилардан иборат:
1. Аъзоси кўчирилаётган шахснинг зарар кўрмаслиги.
2. Мажбурланган бўлмаслиги, аъзони кўчиришдан бошқа ҳеч бир чора қолмаслиги.
3. Амалиётнинг муваффақиятли ўтиши илмий ва тажрибавий жиҳатдан исботланган бўлиши.
Савол: Мия ишлашдан тўхтаган, лекин юрак ишлаётган бўлса, бундай инсон ўлган ҳисобланадими?
Жавоб: Йўқ, ўлган ҳисобланмайди. Юрак уриши унинг тириклигининг белгисидир.
Савол: Ҳайвонлар аъзосини инсонларга кўчириш жоизми?
Жавоб: Аъзоси кўчириб олинаётган ҳайвон динимизда пок деб эълон қилинган ҳайвонлар туркумидан бўлса (динимиз талабларига биноан сўйилган туя, мол, қўй каби), бундай ҳайвоннинг ҳар қандай аъзосини инсонга кўчириб ўтказишга рухсат берилган. Агар аъзоси кўчириб ўтказилаётган ҳайвон динимизда пок деб айтилмаган бўлса (ўлимтиклар, чўчқа, ит каби), бундай ҳайвонлар аъзосидан фойдаланиш жоиз эмас. Лекин қаттиқ зарурат бўлиб, нопок ҳайвон аъзоси ўрнини босадиган пок ҳайвон аъзоси топилмаган ҳолатда, нопок ҳайвон аъзосидан фойдаланишга рухсат берилади (“Ал-фатава ал-ҳиндиййа”, 5/255).
Савол: Сунъий аъзолар ўрнатиш ҳукми қандай?
Жавоб: Булар Аллоҳнинг бандаларига қилган инъомидир. Улардан бемалол фойдаланиш мумкин.

Акмал АВАЗ

«Ҳидоят» журналининг 2007 йил сонларидан олинди.

 * * *

TIB HUKMLARI

Hayot Alloh taoloning bandalariga bergan eng ulug‘ ne’mati va qimmatli omonatidir. Allohning bu fazlu karami uchun odam qanchalik shukronalar qilishi lozim bo‘lsa, omonat o‘laroq uning muhofazasi uchun Rabbi oldida shunchalik javobgar hamdir.
Bugun mana shu omonat va unga doir ba’zi hukmlar haqida gaplashsak, unut bo‘lgan ba’zi qirralarni yana qayta esga olsak. Zero, eslash va eslatishda katta foyda bor. Ushbu risolamizda tibbiyotga oid masalalar, xususan uning ajralmas qismi bo‘lgan tibbiy tekshiruv va tashxis qo‘yish hamda deyarli har kuni duch keladiganimiz – jarrohlik amaliyotiga doir ba’zi muhim shar’iy hukmlarni siz azizlarga savol-javob tarzida bayon etishga harakat qildik. Alohida mulohaza talab etiladigan masalalarda shar’iy hukm manbalari ko‘rsatib o‘tildi. Boshqa o‘rinlarda esa shar’iy hukmni asoslash uchun aqliy dalillar bilan chegaralandi.

Savol: Insonning sog‘ligiga javobgarligi qay darajada belgilangan?
Javob: Insonning sog‘ligiga e’tibor berishi lozimligi, javobgarligi farzi ayn, vojib darajasidadir. Alloh taolo aytadi: “...va o‘zingizni halokatga tashlamang” (Baqara, 195). Bu oyati karima ma’nosini ushbu o‘rinda, moddiy va ma’naviy halokatdan saqlaningiz, bunday halokatga uchramaslik choralarini ko‘ringiz, deb tushunishimiz mumkin.
Sog‘liq muhofazasi moddiy-ma’naviy halokatdan saqlanishning asosiy omillaridan bo‘lgani uchun mo‘min-musulmon odam sog‘lig‘ini asrash uchun kerak bo‘ladigan barcha choralarni ko‘rishi shart. Bunday choralarning asosiylari sifatida jismoniy tarbiya va vaqti-vaqti bilan o‘tkaziladigan shifokor ko‘rigini aytsa bo‘ladi.
Savol: Shifokor ko‘rigidan qachon o‘tish kerak?
Javob: Sog‘liqqa e’tibor vojib ekani aytildi. Dinimizda: “Vojibni bajarish uchun kerak bo‘lgan narsa ham vojibdir”, degan qoida mavjud. Demak sog‘liq muhofazasi uchun zarur bo‘lgan shifokor ko‘rigidan o‘tish ham vojib hukmidadir. Shifokor ko‘rigidan o‘tish muddatlari tibbiyotda belgilangan me’yorlar bilan tartibga solinadi. Bu masalada shifokor so‘ziga qarab harakat qilinadi. Albatta, shifokor ham o‘z ishiga mas’uliyat bilan yondashib, omonat berilgan bilimni suiiste’mol qilmasligi lozim. Alloh taolo aytadi: “Albatta, Alloh sizlarni omonatlarni o‘z egalariga topshirishga... buyuradi” (Niso, 58).
Savol: Tibbiy tekshiruvdan ko‘zlangan asl maqsad nima?
Javob: Maqsad kishi sog‘lig‘i izdan chiqishining oldini olish, agar izdan chiqqan bo‘lsa, sabablarini aniqlash va uni o‘z o‘rniga keltirish choralarini ko‘rishdir. Choralar xilma-xil bo‘lgani holda ular ichidan bemor sog‘lig‘i uchun eng xavfsizini, mavjud kasallik uchun eng munosib bo‘lganini tanlashdir.
Savol: Tibbiy tekshiruvdan o‘tmoqchi bo‘lgan shaxs nimalarga e’tibor berishi lozim?
Javob: Avvalo, musulmon odam o‘z sog‘lig‘i haqida gap ketayotganida beparvo bo‘lmasligi, sog‘lig‘iga doir har qanday ma’lumotga alohida e’tibor qaratishi, uni chuqur mulohaza etishi kerak. Alloh taolo aytadi: “Ey mo‘minlar, agar sizlarga bir fosiq kimsa biron xabar keltirsa, ...qilgan ishlaringga afsus-nadomat chekib qolmasliklaringiz uchun (u fosiq kimsa olib kelgan xabarni) aniqlab-tekshirib ko‘ringlar” (Hujurot, 6).
Va yana mo‘min kishi Allohning rahmatidan umidsiz bo‘lmasligi kerak. Rasullulloh (sollallohu alayhi va sallam): “Alloh qanday kasallik tushirgan bo‘lsa, uning shifosini ham tushirgan”, deb marhamat qilganlar (Imom Buxoriy).
Qisqacha aytadigan bo‘lsak, tibbiy tekshiruvdan o‘tmoqchi bo‘lgan shaxs qo‘yidagilarga e’tibor berishi kerak:
1. Kasallikning o‘z vaqtida oldini olishga.
2. O‘zida kechayotgan o‘zgarishlarga e’tiborli bo‘lishga.
3. O‘zidagi o‘zgarishlarni aniq va lo‘nda bayon qilishga. Ba’zi hollarda o‘zi kechirgan kasalliklar tarixi yozilgan daftarchani birga olishi aslo foydadan xoli emas.
4. Zarur bo‘lgan tibbiy tahlillarni o‘z vaqtida o‘tkazishga.
5. Tibbiy tahlil o‘tkazayotgan shifokorning bilim va tajribasi yetarli ekanini surishtirish yo‘li bilan aniqlashga.
6. Tibbiy tahlillarning ishonchli ekaniga amin bo‘lishga. Chunki tashxisni to‘g‘ri qo‘yish aynan shunga bog‘liq.
7. Tibbiy ko‘rikdan o‘tkazayotgan shifokorning o‘z kasbini nechog‘li puxta egallaganini aniqlashga. Chunki o‘tkaziladigan boshqa tadbirlar uning ko‘rsatmalari va tavsiyalariga bog‘liq. Uning adashishi bemorga noto‘g‘ri tashxis qo‘yishga va bundan kelib chiqqan holda noto‘g‘ri davolashga olib keladi. Bu esa, o‘z navbatida, bemor hayotining xavf ostida qolishiga sabab bo‘ladi.
Savol: Tibbiy tekshiruv davomida avrat hisoblangan joylarni ochishga to‘g‘ri kelsa, nima qilish kerak?
Javob: Aslida, avrat hisoblangan joylarni nafaqat begonalar oldida, balki o‘zi yolg‘iz qolganida ham zaruratsiz ochish mumkin emas. Lekin zarurat yuzasidan ochsa bo‘ladi. Tibbiy tekshiruv ham mana shunday zaruratlardan hisoblanadi. Chunki kasallik avrat joylarda bo‘lgan holatlarda yoki avrat joylarga bog‘liq bo‘lgan hollarda avrat joylarni ochmasdan turib kasallikni aniqlab, davolab bo‘lmaydi. Bularning bari dinimizda qayd etilgan “Zarurat holati man’ qilingan ishlarga ruxsat beradi” degan qoidaga binoan amalga oshiriladi (Al-ashbah van-nazoir. Suyutiy, 74-bet).
Savol: Ayol bemorni erkak shifokor yoki, aksincha, erkak bemorni ayol shifokor davolashiga to‘g‘ri kelsa, dinimizga muvofiq qanday yo‘l tutiladi?
Javob: Bemorlik holati zarurat holati hisoblanadi, shuning uchun uning hukmlari boshqa holatlar hukmlaridan keskin farq qiladi. Oddiy hollarda ruxsat berilmagan narsalarga zarurat tug‘ilganda ruxsat etiladi (“Al-ashbah van-nazoir”. Ibn Nujaym, 85-bet). Shundan kelib chiqib, bemor ayolga qarash uchun yetarli bilim va tajribaga ega bo‘lgan ayol shifokor topilmasa, u holda unga erkak shifokor qarashiga ruxsat beriladi. Aksincha bo‘lsa ham, hukmi shunday. Imom Muslim rivoyat qilgan hadisda Ummu Sulaym va boshqa mo‘mina ayollarning ham Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) bilan birga jangda qatnashishgani va jangchilarga suv tashishgani, yaradorlarni muolaja qilishgani haqida so‘z boradi. Albatta, bu jangchilar ayollarga nomahram bo‘lishgan. Ushbu hadisi sharifdan ham zarurat chog‘ida ayol shifokorning begona erkakka qarashi mumkinligi kelib chiqadi. Zero, inson hayotini saqlab qolishda har qanday taqiqlar olib tashlanadi. Biroq shifokor va bemor muloqoti kasallik doirasida, kasallik chegarasida bo‘lishi kerak, bundan ortiq munosabatga yo‘l yo‘q. Shuningdek, agar muolajaga halaqit bermaydigan bo‘lsa, muolaja joyida bemor mahramlarining bo‘lishlari ma’quldir.

Savol: Islom jarrohlik amaliyotiga ruxsat beradimi?
Javob: Ha, albatta. Bunga dalil Moida surasining 32-oyatidir. Alloh taolo aytadi: “...kim biror jonni o‘ldirmagan va yerda buzg‘unchilik qilib yurmagan odamni o‘ldirsa, demak, go‘yo barcha odamlarni o‘ldiribdi va kim unga hayot ato etsa, demak, go‘yo barcha odamlarga hayot beribdi...” Ushbu oyatda Alloh taolo inson hayotiga tajovuz qilish gunohini bayon qilish bilan birga, insonga “hayot berish”ning, ya’ni, hayotda qolish uchun yordam berishning ajri haqida ham so‘z yuritmoqda. Uning hayotda qolishi esa, ruhiy hamda jismoniy sog‘lomlikni, bu sog‘lomlikka putur yetkazuvchi omillarni ketkazishni taqozo etadi.
Imom Buxoriy, Imom Muslim va boshqa muhaddislar rivoyat qilgan hadislarda Rasullullohning (sollallohu alayhi va sallam) boshlaridan qon oldirganlari bayon qilingan. Bu esa jarrohlik amaliyotining kichikroq ko‘rinishidir.
Savol: Jarrohlik amaliyotida qatnashuvchi shaxslar va ularning vazifalari haqida qisqacha ma’lumot bersangiz.
Javob: Jarrohlik amaliyotida jarroh, narkozchi (anesteziolog) va hamshiralar ishtirok etadilar. Jarroh kerakli bilim va tajribaga, shuningdek, soha mutasaddilari tomonidan berilgan ruxsatga ega bo‘lishi kerak bo‘lib, o‘z ishiga to‘la javobgar shaxs hisoblanadi. Narkozchiga ham xuddi shunday talablar qo‘yiladi. U bemorning umumiy holatini tekshirishga, narkozlash jihozlari sozligiga, shundan kelib chiqib, bemorga beriladigan hushsizlantiruvchi dori miqdoriga, sifatiga hamda amaliyot davomida bemor ahvolining barqarorligiga, amaliyotdan so‘nggi belgilangan muddatda bemorni hushiga keltirishga to‘la javobgar shaxsdir. Hamshiralar esa, bemorni amaliyotga tayyorlash, amaliyot paytida kerakli dori-darmon, asbob-uskunalarni taxt qilish, o‘ziga buyurilgan ishlarni aytilganidek bajarish, bemor ahvolidan shifokorni xabardor qilish mas’uliyatini oladilar.
Savol: Jarrohlik amaliyotini o‘tkazishning qanday shartlari bor?
Javob: Shartlar quyidagilardan iborat:
O‘tkaziladigan amaliyotga dinimiz ruxsat bergan bo‘lishi.
Bemorda bunday amaliyotga ehtiyojning bo‘lishi.
Amaliyotga bemorning ijozat berishi.
Shifokor va yordamchilarida yetarli bilim va tajriba bo‘lishi.
Amaliyotning muvaffaqiyatli o‘tishiga jarrohda yetarli asos bo‘lishi.
Amaliyotdan o‘zga choraning yo‘qligi.
Amaliyotning bundan kattaroq, og‘irroq oqibatlarga olib kelmasligi.
Amaliyotning bemorga nafi tegishi.
Savol: O‘tkaziladigan amaliyotga dinimiz ruxsati shartligini qanday tushunamiz?
Javob: Yeru ko‘kdagi barcha narsa Alloh taoloning mulkidir, shuningdek, inson tanasi ham. Alloh taolo aytadi: “Osmonlar va Yer hamda ulardagi bor narsa Allohning mulkidir” (Moida, 120). Shundan kelib chiqib, bemor ham, shifokor ham birovning mulki bo‘gan narsani uning iznisiz o‘zlaricha tasarruf eta olmaydilar. Inson tanasini tasarruf qilishda Allohning ijozati shartligi shu bilan izohlanadi.
Savol: Bemorga amaliyotqachon bo‘lishi tushuntirib bersangiz?
Javob: Agar amaliyot o‘tkazilmasa, bemorga katta zarar yetishi sababli bemorda amaliyotga zarurat tug‘iladi. Chunki amaliyotga zarurat tufayligina ruxsat etiladi. Bunday zarurat esa amaliyot o‘tkaziladigan lahzagacha davom etishi kerak.
Savol: Bemor majnun yoki yosh bola kabi o‘z ishiga to‘la javob bera olmaydigan bo‘lsa, u holda amaliyotga ijozatni kim beradi?
Javob: Bemorning vasiyligini olgan shaxs, ya’ni, ota, bobo kabilar beradilar.
Savol: Dinimiz ruxsat bergan jarrohlik amaliyotiga to‘xtalib o‘tsangiz.
Javob: Quyidagi amaliyotlar dinimiz tarafidan izn berilgan amaliyotlar sirasiga kiradi:
1. Davolash maqsadidagi amaliyotlar. Bunga bemorning sog‘ligini saqlab qolish uchun zudlik bilan o‘tkaziladigan amaliyotlar, bemor hayotining normallashuviga sabab bo‘ladigan amaliyotlar, o‘tkazilmasa kelajakda turli asoratlar keltirib chiqaruvchi kasalliklarning oldini olish maqsadida o‘tkaziladigan amaliyotlar kiradi. Badanga kirgan o‘qni olib tashlash, yorilib ketgan oshqozonni davolash, yurak nuqsonlarini bartaraf etish, ko‘richak, burunda paydo bo‘lgan go‘shtni olib tashlash kabi amaliyotlar ham misol bo‘la oladi. Bu holatlarning xavflilik darajasiga qarab shifokor bemorga zudlik bilan yordam berishi shart, uni yordamsiz qoldirish qat’iyyan haromdir. Bemor holatining xavflilik darajasiga ko‘ra, ba’zi ruxsat berilmagan ishlarga (narkozlash, avratni ochish) ruxsat beriladi. Bu ishlar dinimizdagi “qiyinchilik bor yerda yengillik ham bor” qoidasiga binoan qilinadi. (“Qovaidul fiqh”. Zarqo. 8-bet).
2. Aniq tashxis qo‘yish maqsadidagi amaliyotlar. Agar kasallikka tashxisni jarrohlik amaliyotisiz qo‘yib bo‘lmasa, unda bunday amaliyotga ruxsat beriladi. Masalan, qorin bo‘shlig‘i a’zolari kasalliklari amaliyotida.
3. Tug‘ish jarayonidagi jarrohlik amaliyoti.
a) Onaning hayoti, homilaning hayoti yoki har ikkisining ham hayoti xavf ostida qolganida. Bunga bolaning bachadondan tashqarida rivojlanishini misol qilish mumkin;
b) o‘lim xavfiga yetib bormaydigan, lekin qattiq qiyinchiliklar keltirib chiqaruvchi holatlar. Bunga tos suyagining torligi, tug‘ish jarayonida ishtirok etuvchi muskullardagi nuqsonlar tufayli o‘tkaziladigan amaliyotlar kiradi;
v) har ikki holatda ham shifokor o‘z ilmi va tajribasidan kelib chiqib harakat qilishi, bemor va uning yaqinlarining noo‘rin iltimos, bosimlariga yon bermasligi talab etiladi. Aks holda javobgarlik uning bo‘ynidadir.
4. Dinimiz ko‘rsatmasi bo‘lgan jarrohlik amaliyoti. Bunga dinimizda targ‘ib etilgan o‘g‘il bolalarni xatna qilish amaliyoti kiradi.
5. Anatomik maqsadlardagi jarrohlik amaliyoti. Bunga inson a’zolarini mukammal o‘rganish va o‘rgatish maqsadida o‘liklarni yorish amaliyoti kiradi. Bunday amaliyotsiz yetuk mutaxasislar yetishtirish imkonsizligini hisobga olib, ulamolar ruxsat berishgan.* Lekin bunday amaliyotlar ham zarurat chegarasidan chiqmagan holda o‘tkazilishi lozim.
Endi, sudtibekspertiza uchun o‘tkaziladigan yoki epidemiya xavfini aniqlash uchun o‘tkaziladigan yorish amaliyotlariga kelsak, har ikkisi ham joiz.
6. Zarurat uchun qilinadigan plastik jarrohlik amaliyoti. Bunday amaliyotning “zarurat uchun” deb qayd etib qo‘yilgani bejiz emas, chunki bunday amaliyotning hech qanday zaruratsiz, havoyi nafs xohishi bilan o‘tkaziladigan turi ham bor. Zarurat uchun qilinadigan plastik jarrohlik amaliyoti inson jismidagi nuqsonlarni, majruhlikni bartaraf etish uchun o‘tkaziladi. Chunki bunday nuqsonlar kishiga ham jismoniy, ham ma’naviy zarar keltirib, bir qancha noqulayliklar keltirib chiqaradi. Amaliyotning bu turiga kuyish natijasida qilinadigan tug‘ma nuqsonlar sababli o‘tkaziladigan (barmoqlarning qo‘shilib ketishi, ochiq bo‘lishi lozim bo‘lgan teshiklarning berkligi holatlari va hokazo) amaliyotlarni misol qilib keltirish mumkin.

*(Al-Azhar universiteti fatvo bo‘limi, 1971; Makka Islom fiqhi akademiyasi, 1987; “Ahkomul jirohat tibbiyya”, Muhammad ibn Muhammad al-Muxtor ash-Shinqitiy, 338-b).

Savol: Shifokor va hamshiralarning o‘z ishiga layoqatli, salohiyatli ekaniga kim javobgar?*
Javob: Ularni ishga olgan muassasa javobgardir. Chunki Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Har biringiz o‘z qo‘l ostingizdagilarga mas’ulsizlar”, deb marhamat qilganlar (Imom Buxoriy). Agar yakka tartibda faoliyat ko‘rsatayotgan bo‘lsa, uning faoliyatiga ruxsat bergan tashkilot javobgardir.
Savol: Shifokor va uning yordamchilari mas’uliyati va javobgarlik darajasi haqida to‘xtalsangiz.
Javob: Har bir shifokor yoki tibbiyot xodimi o‘zi bevosita bajargan yoki aloqador ishiga shaxsan javobgardir. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) aytadilar: “Kim o‘zicha (etarli bilimi, tajribasi bo‘lmay) tabiblik qilsa, zomindir” (Ibn Moja). Javobgarlikka olib keladigan sabablarni uchga bo‘lish mumkin:
1. Yanglishib qilingan xato.
2. O‘z vazifasini bilmaslikdan yo‘l qo‘yilgan xato.
3. Atayin qilingan xato.
Savol: Amaliyotga bemorning ijozat berishi shart deyildi. Ijozat yoki ruxsat haqida sal batafsilroq to‘xtalsangiz.
Javob: Darhaqiqat, o‘tkazilajak amaliyotga bemorning ruxsati shart qilingan. Bemor balog‘at yoshida va aqlli bo‘lsa, o‘zi izn beradi Agar u balog‘at yoshiga yetmagan yoki aqli ojiz bo‘lsa, u holda ruxsat berish huquqi uning vasiylariga o‘tadi. Vasiylikka haqlilar tartibi qo‘yidagicha:
1. O‘g‘illar.
2. Ota.
3. Bobo.
4. Aka-ukalar (“Al-fatava al-hindiyya”, 5/357).
Agar bemor aqlli va balog‘at yoshida bo‘lib, amaliyotga ruxsat bersa yoki bermasa, u holda vasiylarning yoki qarindosh-urug‘larning so‘zi ahamiyatsiz. Amaliyot aynan uning xohishiga ko‘ra ish yuritiladi. Beriladigan ruxsat esa ikki xil:
1. Mutloq ruxsat. Ya’ni, bemor shifokorga o‘z ixtiyorini to‘la topshiradi va shifokor nimani lozim topsa, shuni qiladi.
2. Cheklangan ruxsat. Ya’ni, bemor shifokorga muayyan a’zoning ustidagina amaliyot o‘tkazishga ruxsat beradi, shifokor ham undan nariga o‘tmaydi.
Umuman, ruxsatning quyidagi shartlari bor:
1. Ruxsat bemor yoki uning vasiyi tomonidan beriladi.
2. Ruxsat beruvchi shaxs majburlanmagan, boshqa shaxs tomonidan bosim o‘tkazilmagan bo‘lishi kerak.
3. Ruxsat aniq-ravshan ifodalanishi lozim.
Savol: Ruxsat berish bemorga vojibmi?
Javob: Agar o‘tkazilajak amaliyotning muvaffaqiyatli va foydali bo‘lishini ishonchli shifokorlar tasdiqlashayotgan bo‘lsa, bunday amaliyotga ruxsat berish bemorga vojib. Chunki u o‘z jismini, jonini saqlashga, avaylashga buyurilgandir. Agar ruxsat bermasa, katta gunohkor bo‘ladi, lekin o‘zini o‘zi o‘ldirgan hisoblanmaydi, chunki amaliyotdan keladigan naf aniq emas, balki taxminiydir (“Hoshiyatu Ibn Obidin”, 5/296).
Savol: Ruxsat talab etilmaydigan favqulodda holatlar ham bormi?
Javob: Ha, bor. Bular quyidagilar:
1) Bemor o‘lim yoqasida turganida, tana a’zolaridan biri nobud bo‘layotgan, ruxsat olishga vaqt ham, imkon ham yo‘q holatda;
2) aniqlangan kasallik tez tarqaydigan kasallik turidan bo‘lganida. Bunda jamiyat manfaati hisobga olinib, amaliyotga qo‘l urilaveradi.
Har ikki holatda shifokorning zudlik bilan harakat qilib, bemor hayotini saqlab qolishi vojib.
Savol: Ortiqcha barmoqlarni qirqish mumkinmi?
Javob: Agar og‘riq bersa, og‘riq shu a’zoni olib tashlash bilan bartaraf bo‘ladigan bo‘lsa, bunday barmoqni jarrohlik yo‘li bilan olib tashlash mumkin. Chunki dinimizda “Har qanday zarar dinimizga binoan ketkaziladi”, degan qoida mavjud (“Al-qovaid al-fiqhiyya”, 76-bet). Aks holda, mumkin emas.
Savol: Kasallikni aniqlash, davolash o‘ta qiyin bo‘lsa, tinchlantiruvchi dori-darmon ta’sir etmay qolsa, og‘riqni miyaga yetkazuvchi asab tolalarini olib tashlash mumkinmi?
Javob: Agar bundan o‘zga iloj qolmasa va bu iloj kelajakda og‘irroq holatga olib kelmasa, ruxsat etiladi. Bundan o‘zga jarrohlik amaliyotlarini ham shunga taqqoslash mumkin.
Savol: O‘lgan ona qornini yorib, bolani chiqarib olish mumkinmi?
Javob: Agar homilaning tirik ekani bilinsa, ona qornini yorib bo‘lsa ham, bolani chiqarib olish vojib. Chunki tirik jonni bilaturib o‘lim changaliga topshirish mumkin emas.
Savol: Bemorning bir joyidan ikkinchi bir joyiga qaysidir a’zosini ko‘chirib o‘tkazishga dinimiz nima deydi?
Javob: Agar shifokorning bilimi va tajribasi shu yo‘lni ma’qul topsa, bunga ruxsat etiladi. Modomiki bemorga tashqaridan yordam olishga ruxsat bor ekan, o‘zi o‘ziga yordam berishiga ham ruxsat berilishi tabiiydir. Bunga kuyish holatlarida badanning bir yeridan kuygan yeriga teri olib o‘tkazishni misol qilish mumkin.

Savol: Tirik odamning ba’zi a’zolarini tirik odamga ko‘chirib o‘tkazish haqida to‘xtalib o‘tsangiz.
Javob: Ko‘chirib o‘tkazilayotgan a’zo inson tanasida yagona bo‘lsa (yurak, jigar, miya), uning ko‘chirilishi o‘limga olib kelishi mumkin. Ammo o‘tkazilayotgan a’zo vazifasini boshqa a’zo bajara oladigan bo‘lib, uni inson tanasidan ajratib olinishi o‘limga olib kelmasa, bunday amaliyotga ba’zi shartlar bilan ruxsat beriladi. (Makka Islom fiqhi akademiyasi, 1985 y.; Xalqaro Islom anjumani, Malayziya, 1969 y.) Bu shartlar quyidagilardan iborat:
1. A’zosi ko‘chirilayotgan shaxsning zarar ko‘rmasligi.
2. Majburlangan bo‘lmasligi, a’zoni ko‘chirishdan boshqa hech bir chora qolmasligi.
3. Amaliyotning muvaffaqiyatli o‘tishi ilmiy va tajribaviy jihatdan isbotlangan bo‘lishi.
Savol: Miya ishlashdan to‘xtagan, lekin yurak ishlayotgan bo‘lsa, bunday inson o‘lgan hisoblanadimi?
Javob: Yo‘q, o‘lgan hisoblanmaydi. Yurak urishi uning tirikligining belgisidir.
Savol: Hayvonlar a’zosini insonlarga ko‘chirish joizmi?
Javob: A’zosi ko‘chirib olinayotgan hayvon dinimizda pok deb e’lon qilingan hayvonlar turkumidan bo‘lsa (dinimiz talablariga binoan so‘yilgan tuya, mol, qo‘y kabi), bunday hayvonning har qanday a’zosini insonga ko‘chirib o‘tkazishga ruxsat berilgan. Agar a’zosi ko‘chirib o‘tkazilayotgan hayvon dinimizda pok deb aytilmagan bo‘lsa (o‘limtiklar, cho‘chqa, it kabi), bunday hayvonlar a’zosidan foydalanish joiz emas. Lekin qattiq zarurat bo‘lib, nopok hayvon a’zosi o‘rnini bosadigan pok hayvon a’zosi topilmagan holatda, nopok hayvon a’zosidan foydalanishga ruxsat beriladi (“Al-fatava al-hindiyya”, 5/255).
Savol: Sun’iy a’zolar o‘rnatish hukmi qanday?
Javob: Bular Allohning bandalariga qilgan in’omidir. Ulardan bemalol foydalanish mumkin.

Akmal AVAZ

«Hidoyat» jurnalining 2007 yil sonlaridan olindi.