Савдонинг умумий қоидалари

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 05.09.2013

Тирик инсоннинг эҳтиёжи кўп. Инсон яшаши учун нон, кийим, уй, жой ва яна кўп нарсалар керак. Аммо уларнинг ҳаммасини ўзи ишлаб чиқаролмайди, бунга имкони йўқ. Муҳтож бўлган нарсаларни ўғирлаб ё босқинчилик билан эгаллаш мумкин эмас, ер юзи пароканда бўлади.
Қуръони карим Нисо сурасининг 29-оятида бундай мазмунда хитоб бор: “Эй мўминлар! Бирингиз бирингизнинг молини ноҳақ йўллар билан еманг! Ўзганинг молини фақат рози бўлиб савдо қилиш билан олгач ейишингиз мумкин”.
Савдо ер юзида тинчлик ва осойишталикни таъминловчи асосий омиллардан бири. Савдо тартибига риоя қилинган жамиятда сотувчи ва олувчи бир-бирларини дуо қилади, раҳмат айтади. Барака ҳам шунда.
Савдо мол айирбошлаш бўлиши билан бирга кишиларнинг ахлоқини акс эттирувчи кўзгу ҳамдир. Савдода кишининг тўғрисўзлиги, ваъдага вафодорлиги, омонатга содиқлиги каби кўплаб ахлоқий фазилатлар намоён бўлади.
Бирор жамиятда савдо қилмайдиган киши деярли топилмайди. Ҳар бир инсон нимадир сотиб олади ё сотади. Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу) савдо қонун-қоидаларини билмаганларни ўзига ё ўзгага зарар қилмасин деб бозорга киритмас эканлар. Ҳақиқатдан, савдо қоидаларини билмаслик оқибати хатарлидир. Шунинг учун савдога доир баъзи қоидаларни ёдга олишни лозим кўрдик.

Фақат қийматли молнигина сотиш ё сотиб олиш мумкин. Ҳамма ёки баъзиларнинг кўнгли тусайдиган ва зарур вақтгача сақлаб қўйиш мумкин бўлган, шаръан фойдаланиш жоиз нарса қийматли мол ҳисобланади.
Сотувчи ва сотиб олувчининг молни сотишга ва сотиб олишга розилигини билдирувчи сўз ё амал савдонинг рукни, асосидир.
Амалга ошган савдонинг ҳукми сотиб олувчининг молга, сотувчининг пулга эга бўлишидир.
Савдонинг бўлиши, тугаллиги, тўғрилиги ва амалга ошишининг шартлари бор.
Биринчидан, сотувчи ҳам, олувчи ҳам ақлли бўлишлари керак. Мажнун ва фойда-зарарни билмайдиган ёш боланинг савдоси бўлмайди.
Иккинчидан, сотувчи ва олувчининг савдога розилигини билдирувчи сўзлари бир-бирига мувофиқ, ўтган замон шаклида ва бир жойда айтилиши керак. Масалан, она-бола қўйларни сотувчи: “Буларни юз минг сўмга сотдим”, дегач, сотиб олувчи: “Фақат она қўйни олтмиш минг сўмга сотиб олдим” ё “Сотиб оламан”, деса ёки бозорни айланиб келиб, сўнг “Юз минг сўмга олдим”, деб айтса, савдо бўлмайди. Чунки, биринчидан, сотиб олувчининг сўзи сотувчининг сўзига мувофиқ келмади, иккинчидан, келаси замон шаклида бўлди, учинчидан, сотувчи “сотдим” деган жойда “олдим” демади, балки айланиб келиб, сўнг айтди. Бунда савдога розиликни билдирувчи сўзлар бир жойда бўлган ҳисобланмайди.
Учинчидан, сотилаётган нарса мавжуд ва олувчига уни топшириш мумкин бўлиши керак. Йўқ нарсани, йўқ бўлиш хавфи бор нарсани (масалан, етилмаган мева, овланмаган қуш ё балиқни) сотиб бўлмайди.
Тўртинчидан, сотилаётган нарса сотувчининг мулки бўлиши ё сотувчининг уни сотишга ваколати бўлиши керак. Бу талаб савдонинг тугал бўлиш шартидир. Бировнинг мулкини унинг рухсатисиз сотиш мумкин эмас.
Бешинчидан, сотилаётган нарса ва унга тўланадиган пул миқдори аниқ бўлиши, савдони бузувчи шартлар (кейин баён этилади) қўйилмаслиги, савдога икки тараф ҳам рози бўлиши, мол насияга сотилганида, пулни тўлаш куни аниқ белгиланиши, кўчмас мулкдан бошқа молларни харидор қабул қилиб олиши лозим. Бу саналганлар ва юқоридаги шартлардан бири бўлмаса, савдо тўғри ва дуруст бўлмайди.
Мазкур шартларнинг бирортаси бузилмаса ҳамда сотувчи ва олувчида ёки уларнинг бирида алоҳида бобларда зикр этилажак ихтиёрлардан (савдодан айниш ихтиёрлари) бири бўлмаса, савдо амалга ошган ҳисобланади ва сотилган мол сотиб олувчининг, унга тўланган пул сотувчининг мулки бўлиб қолади.

САВДО
Умумий қоидалар

(«Ҳидоя», «Мухтасарул виқоя», «Қозихон», «Раддул мухтор» ва
«Дуррул мухтор» китоблари асосида)

Савдо учун муаййан сўзлар тайин қилинмаган. Молни сотганига ва олганига розилигини билдирувчи барча сўзлар билан савдо бўлади.
Олувчи ва сотувчи молнинг нархига келишганларидан сўнг улардан қайси бири бўлса-да, савдога розилигини биринчи бўлиб билдирса (масалан, сотувчи “сотдим” ё “бердим” деса), иккинчи томон (олувчи) унга розилигини билдириши шарт эмас, балки шу жойнинг ўзида (савдо ҳолатининг ўзгариши жой ўзгариши ҳисобланади) савдога рози бўлиш ё уни рад қилиш ихтиёрига эга: истаса “олдим” деб савдога розилигини билдириши ва ё уни рад қилиши мумкин. Шунингдек, савдога розилигини биринчи бўлиб билдирган томонда ҳам, иккинчи томон унга розилигини билдирмасидан олдин фикридан қайтиш ҳуқуқи бор. Буни у сўз билан ё савдо қилган жойини ўзгартириши (масалан, бошқа ишга машғул бўлиши — ўрнидан туриши) билан ифодалаши мумкин. Агар сотувчи биринчи бўлиб “сотдим” деган бўлса, олувчи “олдим” дейишдан олдин “йўқ, сотмайман” дейишга ҳақли. Зеро, у “сотдим” деган бўлса-да, олувчи “олдим” демаса, мол сотувчининг мулкидан чиққан ҳисобланмайди. Ҳар бир инсонда ўз мулкини тасарруф қилиш ҳуқуқи бор. Келтирилган мисолга ўхшаш ҳолатда бирор кишининг ҳаққи поймол бўлмаганидан уларнинг иккисини ҳам айблаш мумкин эмас.
Хат (факс) ва чопар орқали ҳам савдо қилиш мумкин. Хат ё чопар юборилган томон хат ё чопар етиб бориши билан савдога розилигини билдириши керак. Акс ҳолда, савдо бўлмайди.
Молнинг нархига келишилганидан сўнг ё дўкондаги нархи маълум нарсаларни олувчи ва сотувчи, ҳеч нарса демай, бир-бирига пулини ва молини бериши амал билан савдо бўлади. Бу савдода олувчи пулини бериб, молни олганида сотувчи норозилигини билдирса, шунингдек, молнинг нархига келишишда савдонинг дуруст бўлишига зид ҳолатлар юз берса амал билан савдо бўлмайди.
Динимизнинг муомалага доир барча ҳукмлари кишилар ўртасида чиқиши мумкин бўлган низонинг олдини олишга, уни бартараф қилишга қаратилган. Савдода мол ва пулга тааллуқли ҳукмлар ҳам ана шундай ҳукмлардандир.
Сотилаётган нарса савдо жойида бўлса, “бу мол” деб кўрсатиш кифоя. Агар у савдо жойида бўлмаса, унинг миқдорини ва сифатини айтиш шартдир. Масалан, “бир тонна кечпишар макка”, деб.
Олинаётган нарсага тўлов пул билан бўлганида унинг миқдорини айтиш керак. Агар тўлов нарса билан бўлса, унинг миқдорини ва сифатини ҳам айтиш лозим. Масалан, “Бу қўйингизни бир тонна оқ лалми буғдойга олдим”, деб.
Муомалада бир неча хил пул юрса, улардан бирининг номини айтмай савдо қилинганида, масалан, “мингга олдим”, дейилганида, энг кўп муомалада юрган пул ҳисоб қилинади. Уларнинг ҳаммаси бир хилда муомалада юрса, ҳеч бирининг номи айтилмай қилинган савдо тўғри ва дуруст бўлмайди. Мол насияга сотилганида пулини тўлаш куни ноаниқ бўлса ҳам, савдо тўғри ва дуруст бўлмайди.
Мол насияга сотилганида унга тўланадиган пул касодга учраса (яъни, муомаладан чиқиб кетса), у пул муомалада бўлган охирги кундаги қиймати тўланади, деганлар Имом Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳи). Фатво Имом Муҳаммад сўзларига берилган.
Пулнинг қиймати ортганида ё пасайганида эса, Имом Абу Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳи) сўзларига биноан, унинг савдо бўлган кундаги қиймати тўланади. Фатво шунга берилган.
Килолаб сотиладиган нарсаларни ўз жинсига (масалан, буғдойни буғдойга) сотганида (айрибошлаганида) фақат килолаб сотиш керак. Ўзидан бошқа жинсдаги нарсаларга (масалан, буғдойни маккага) сотганида эса чамалаб сотиш: сиғими ноаниқ, аммо шакли ўзгариб қолмайдиган идиш билан ўлчаб, оғирлиги ноаниқ бўлса-да, парчаланиб кетмайдиган тош каби нарсалар билан ҳам тортиб сотиш жоиз.
Бўлиш, бир қисмини ажратиш қолган қисмига таъсир қилмайдиган гуруч, картошка каби килолаб сотиладиган нарсаларни сотувчи умумий оғирлигини ва нархини айтиб (“қопдаги гуруч эллик кило, нархи эллик минг сўм”, деб) сотганидан сўнг, ўлчангач кам чиқса, (масалан, қирқ беш кило чиқса) олувчи, истаса, шунга яраша пулини (қирқ беш минг сўм) тўлаб олиши мумкин, истамаса, кам чиққани учун олмайди. Агар сотувчи айтганидан кўп чиқса (масалан, эллик бир кило чиқса), ошиқ чиққан қисми савдога кирмагани учун, сотувчиники бўлади. Олувчи уни сотувчига қайтариши керак.
Бўлиш, бир қисмни ажратиш қолган қисмига таъсир қиладиган тахта, қувур каби нарсаларни сотувчи умумий узунлигини ва нархини айтиб сотганидан сўнг, ўлчагач, айтганидан кам чиқса ҳам олувчи, истаса, уни сотувчи айтган нархида олиши керак. Агар истамаса, олмайди. Сотувчи айтган миқдордан узун чиққанида эса, олувчи ошиқ чиққан қисмига ҳақ тўламай олади. Чунки бундай ҳолда ўлчам молнинг сифати ҳисобланади. Сифатга пул тақсимланмайди.
Бўлиш, бир қисмини ажратиш қолган қисмига таъсир қиладиган молларни сотувчи уларнинг ҳар бир ўлчамининг нархини айтиб, масалан, бу тахтанинг ҳар бир метри беш юз сўмдан, узунлиги олти метр, деб сотганидан сўнг ўлчагач, айтганидан кам, масалан, беш метр чиқса, олувчи истаса, шунга яраша, икки ярим минг сўм тўлаб олиши мумкин. Истамаса, кам чиққани учун олмайди. Агар узун чиқса, истаса, ошиқ чиққан қисмининг ҳам ҳаққини тўлаб олиши ё савдодан айниши мумкин. Бу ҳолда ҳар бир ўлчамнинг нархи айтилгани учун ўлчам сифат ҳисобланмайди.

Савдони бекор қилиш ҳуқуқлари

(«Ҳидоя», «Мухтасарул виқоя», «Қозихон», «Раддул мухтор» ва
«Дуррул мухтор» китоблари асосида)*

Киши гоҳида молини сотиб қўйганига ёки бирор нарсани сотиб олганига пушаймон бўлиб қолади. Бу ҳолда агар у савдони бекор қилиш ҳуқуқларидан бирига эга бўлмаса ёки иккинчи томон молни қайтариб беришга ёки қайтариб олишга рози бўлмаса, сотган молини қайтариб ололмайди ёки сотиб олган молни қайтариб беролмайди.
Бир неча ҳолда, жумладан, савдо уни бекор қилиш шарти билан бўлганида, савдони бекор қилиш ҳуқуқи бўлади. Олувчининг “Агар бу кийим боламга тўғри келмаса, уч кунда қайтариб бераман”, сотувчининг “Ишим бошқа жойда тўғри бўлса, уч кунда қайтариб оламан” ёки “Отам койисалар, уч кунда қайтариб бераман (оламан)” каби шартларни қўйиб савдо қилиши дурустдир. Бундай шарт қўйиб савдо қилган томон (агар сотувчи ҳам, олувчи ҳам ана шундай шарт қўйган бўлса, уларнинг ҳар иккиси ҳам) савдони бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Савдони бекор қилиш ҳуқуқига уч кундан ошиқ муддат эга бўлишни шарт этиб савдо қилиш мумкин эмас. Агар у ҳуқуққа уч кундан ошиқ муддат эга бўлиш шарт қилинса, масалан, “ўн кунда” дейилса, у ҳуқуқни олган томон учинчи кун савдога розилигини билдирсагина, савдо дуруст бўлади. Акс ҳолда, савдо дуруст ва тўғри бўлмайди.
Сотувчи савдони бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлишини шарт қилиб молини сотганида унинг ҳуқуқининг амал қилиш муддати (уч кун) ўтмай, мол олувчининг қўлида айбли бўлиб қолса (сотувчи савдони бекор қилишни истамаса) ёки нобуд бўлса, олувчи унинг олган кундаги қийматини тўлаши керак. Бу ўринда “қиймат” дейилганида икки одил кишининг молга қўйган нархи тушунилади. Бу ҳолда агар у молнинг чойнак, пиёла каби ўхшаши бор бўлса, ўхшашини олиб беради. Мол айбли бўлиб қолганида сотувчи савдони бекор қилса, олувчи молнинг айби туфайли нархидан йўқотган қисмини товон сифатида тўлайди.
Агар мол сотувчи қўлида айбли бўлиб қолса, олувчи хоҳласа, молни келишилган нархида олади, хоҳласа олмай кетади. Аммо молдаги айбга сотувчи сабабчи бўлган бўлса, олувчи молнинг олдин келишилган нархидан унинг айбига яраша миқдорни чегириб олиши ҳам мумкин.
Агар мол сотувчининг қўлида нобуд бўлса, савдо бекор бўлади ва олувчи ҳеч нарса тўламайди.
Олувчи молни сотувчи айтган нархда олишга рози бўлиб олганидан сўнг пулини тўлашидан олдин мол нобуд бўлса ҳам, унинг қийматини тўлайди. Масалан, бир киши сотувчи айтган нархга рози бўлиб кўйлакни олиб сумкасига солди, лекин ҳали пулини тўлаб улгурмасидан уни ўғри уриб кетди, дейлик. Бундай ҳолда киши кўйлакнинг қийматини тўлаши керак. Аммо олувчи молни кўриш учун олганида нобуд бўлса (масалан, пиёлани кўриш учун олганида ерга тушиб синса), ҳеч нарса тўламайди.
Олувчи савдони бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлишини шарт қилиб молни олганда, ҳуқуқининг амал қилиш муддати (уч кун) ичида мол нобуд бўлса ё айбли бўлиб қолса, олувчи унинг олдин келишилган нархини тўлайди. Агар молдаги айб олувчининг савдони бекор қилиш ҳуқуқи муддатида бартараф бўлса, у агар истаса, молни қайтариб бериб, савдони бекор қилиши мумкин.
Савдо қилувчилардан бирор томон ё уларнинг иккиси ҳам савдони бекор қилиш ҳуқуқини олиб, у ҳуқуқ амал қилиш муддатида савдони бекор қилмаса ё савдони сўз билан (масалан, “сотмайман”, “олмайман” деб) бекор қилганини иккинчи томон шу муддат ичида билмаса, савдо тугал бўлади.
Савдони бекор қилиш ҳуқуқини олган томон бу ҳуқуқининг амал қилиш муддатида савдони амал билан бекор қилган бўлса (молини бошқага сотиб юборса), буни иккинчи томон билмаса ҳам, савдо бекор бўлади.
Савдони бекор қилиш ҳуқуқини олган томоннинг савдога розилигини (масалан, савдони бекор қилмайман” деганини) иккинчи томон билиши шарт эмас. У билмаса-да, савдо тугал бўлади.
Олувчи савдони бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлишини шарт қилиб олган нарсага ўз мулкидай муомалада бўлса (масалан, машинани миниб юрса, сигирни соғиб ичса), унинг савдони бекор қилиш ҳуқуқи қолмайди.
Савдони бекор қилиш ҳуқуқини олган томон оламдан ўтса ҳам савдо тугал бўлади.
Савдо қилувчи томонлардан бири савдони бекор қилиш ҳуқуқини бошқада (масалан, отасида) бўлишини шарт қилиб (отам кўнмасалар, қайтариб бераман ё оламан деб) савдо қилганида уларнинг ҳар иккиси (ота ва фарзанд) савдони бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади ва улардан (савдо қилган фарзанд ва савдони бузиш ҳуқуқи берилган ота) қайси бири савдога рози бўлса, савдо тугал бўлади. Агар улардан бири савдога рози бўлса, иккинчиси савдони бекор қилса, фикрини биринчи бўлиб билдирганнинг сўзи ўтади. Улар бир вақтда икки хил фикр билдирса, савдони бекор қилиш фикри инобатга олинади.
Савдони бекор қилиш ҳуқуқини олган томон ҳуқуқининг амал қилиш муддатида савдони бекор қилгач, у муддат ўтмай фикридан қайтса ва иккинчи томон ҳам савдони қайтаришга рози бўлса, савдо тугал бўлади.
Икки киши савдони бекор қилиш ҳуқуқига ҳар бирлари эга бўлишини шарт қилиб бир нарсани сотса ё сотиб олса ва сўнг улардан бири савдога рози бўлса, савдо тугал бўлади, иккинчиси савдони бекор қилолмайди ва, аксинча, бири савдони бекор қилса, савдо бекор бўлади.
Савдо уни бекор қилиш ҳуқуқи шарт билан бўлганида савдонинг ҳукми (сотувчининг моли учун тўланадиган пулга, олувчининг молга эга бўлиши) тўхтаб туради.
Савдони бекор қилиш ҳуқуқини сотувчи олганида мол унинг мулки ҳисобида туради. У ҳуқуқни олувчи олганида мол сотувчининг мулки ҳисобидан чиқади.
Сотувчи олувчига “Пулни уч кунда тўламасангиз, савдо бекор бўлади”, деб савдо қилиши жоиз. Шунингдек, олувчи сотувчига пулни нақд тўлаб, “Уч кун ичида пулни қайтарсангиз, молингизни қайтариб бераман (савдо бекор бўлади)”, деб савдо қилса ҳам бўлади. Бу каби савдода ҳам муддатни уч кундан ортиқ белгилаш мумкин эмас. Агар уч кундан ортиқ белгиласа ва (уч кун белгиланганида ҳам) учинчи куни пул тўланса, савдо тугал бўлади, акс ҳолда, савдо тўғри ва дуруст бўлмайди.
Икки нарсани бир жойда сотганида ё олганида улардан бирининг савдосини бекор қилиш ҳуқуқини олишни истаган киши у нарсаларнинг ҳар бирининг нархини алоҳида айтиши ва савдосини бекор қилишни истамоқчи бўлган нарсани кўрсатиши керак бўлади. Акс ҳолда, савдо тўғри ва дуруст бўлмайди.
Ўзгаларнинг фикрини сўраш ё олган нарсасининг муносиблигини билиш учун бир турдаги қийматли икки ё уч нарсадан (улар сони учтадан ошса, савдо тўғри ва дуруст бўлмайди) бирини танлаб оламан ё сотаман, деб савдо қилиш, агар танлаб олиш муддати уч кундан ошмаса, дуруст бўлади.
Киши молни, унда ўзи истаган сифат бўлиши шарти билан сотиб олгач, унда истаган сифати бўлмаса, истаса, савдони бекор қилади ё уни олдин келишилган нархида олади.
Қўй ё сигирнинг бўғозлиги ё маълум миқдор сут бериши шарти билан қилинган савдо тўғри ва дуруст бўлмайди.

Молни кўрмай савдо қилиш (савдо жойида бўлмаган мол устидаги савдо) дуруст бўлиши учун унинг нималиги ва сифати айтилиши (масалан: «кечпишар қизил макка» деб) ё унга ишора қилиниши (масалан, мана бу оғзи боғланган қопдаги гуруч) ёки у турган жой айтилиши (масалан: «оғилдаги боқилган икки ёшли ҳўкиз») шарт. Бу саналган шартлардан бири бўлмасидан молни кўрмай савдо қилиш жоиз эмас.
Мазкур шартлардан бири бўлиб, молни кўрмай савдо қилинса, олувчида савдони бекор қилиш ҳуқуқи бўлади. У молни кўргач, ёқмаса, савдони бекор қилиши, молни сотувчига қайтариб бериши ё келишилган баҳода олиши мумкин. Шунингдек, у молни кўрмасдан ҳам савдони бекор қилишга ҳақли бўлади.
Аммо у молни кўрмасдан сотиб юборса, гаровга қўйса, ижарага берса, ҳадя қилиб бериб юборса, мол унинг қўлида айбли бўлиб қолса, молни кўргач, сўз ё феъл билан савдога розилигини ифодаласа, унинг бу ҳуқуқи бекор бўлади.
Молни кўрмай сотиб олган киши агар савдони бекор қилса, буни сотувчи билиши шарт бўлади. Олувчининг савдони бекор қилганини сотувчи билмаса, савдо бекор бўлган ҳисобланмайди.
Кўрмаган молини (масалан, ўзга юртда меросга олган жойни) сотган кишида савдони бекор қилиш ҳуқуқи бўлмайди.
Одатда молни сотиб олаётган кишиларнинг ҳаммаси ҳам молнинг барча жойини кўрмайди, балки уни олишдан кўзлаган мақсадига далолат қилувчи жойларини (белгиларини) кўриш билан кифояланади. Агар олувчи, савдо пайтида молни олишдан кўзлаган мақсадига далолат қиладиган жойини кўрган бўлса, савдони бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Масалан, олувчи бир турдаги нарсаларнинг намунасини кўрса (агар кўрмаганлари кўрганидан ёмон бўлмаса), миниладиган ҳайвонларнинг юзи ва сағрини кўрса, гўштга сўйиладиган ҳайвонни ушласа, насл ва сут берадиган ҳайвонни ҳамма бадани ва елинига қараса, ейиладиган нарсани татиб кўрса, ҳидланадиган нарсани ҳидласа, ишлатиладиган нарсани ишлатиб кўрса, сўнг сотиб олса, савдони бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Аммо олувчи молни кўрмай сотиб олганидан сўнг уни сотиб олишидан кўзлаган мақсадига далолат қиладиган жойини кўрса, масалан, кўрмай сотиб олган отининг юзи ва сағрига қараса, савдога сўз ё феъл билан розилигини билдирмагунча унинг савдони бекор қилиш ҳуқуқи ўз кучини йўқотмайди.
Агар молни сотиб олишга ё кўрмай сотиб олинган молни олиб келишга вакил қилинган киши молни кўриб олса, вакил қилувчида савдони бекор қилиш ҳуқуқи қолмайди.
Киши сотиб олиш мақсадида кўрган нарсасини, бир қанча муддат ўтгач, қайта кўрмай сотиб олса, савдони бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Лекин у нарса аввалги ҳолидан ўзгарган бўлса, савдони бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳолда сотувчи “мол аввалги ҳолидан ўзгармаган” деса, олувчи «ўзгарган» дея келишолмасалар, олувчининг молни кўрганига кўп вақт (бир ойдан ортиқ) ўтмаган бўлса, сотувчининг сўзи, қасам ичиши билан инобатга олинади. Олувчи молни кўрмаганини даъво қилганида ҳам, қасам ичиши билан даъвоси эътиборга олинади.
Икки нарсани — бирини кўриб, иккинчисини кўрмай — бир жойда сотиб олган кишига уларнинг иккинчиси (кўрмагани) ёқмаса ва уни қайтаришни истаса, уларнинг иккисини ҳам қайтариши керак. Бу ҳолда улардан фақат ёқмаганини қайтариши мумкин эмас.
Молни кўрмай олганда бўладиган савдони бекор қилиш ҳуқуқи савдо ҳукмининг тамом бўлишини тўхтатиб туради, аммо молнинг олувчи мулкига ўтишига монеълик қилмайди. Олувчи кўрмай олган молини тасарруф қилиши мумкин. Бироқ у молни тасарруф қилиши билан унинг савдони бекор қилиш ҳуқуқи тугайди ва молнинг келишилган баҳосини (агар тўламаган бўлса) тўлаши лозим бўлади.
Кўр кишининг савдоси жоиздир ва у савдони бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Фақат у олаётганида ушлаб билинадиган нарсани ушласа, ҳидлаб билинадиган нарсани ҳидласа, татиб билинадиган нарсани татиб кўрса, ҳовли-жой каби нарсаларни сотиб олганида унга уларнинг сифати тўла айтилса, савдони бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Муҳаммад Шариф ЖУМАН

«Ҳидоят» журналидан олинди.

* * *

Tirik insonning ehtiyoji ko‘p. Inson yashashi uchun non, kiyim, uy, joy va yana ko‘p narsalar kerak. Ammo ularning hammasini o‘zi ishlab chiqarolmaydi, bunga imkoni yo‘q. Muhtoj bo‘lgan narsalarni o‘g‘irlab yo bosqinchilik bilan egallash mumkin emas, yer yuzi parokanda bo‘ladi.
Qur’oni karim Niso surasining 29-oyatida bunday mazmunda xitob bor: “Ey mo‘minlar! Biringiz biringizning molini nohaq yo‘llar bilan yemang! O‘zganing molini faqat rozi bo‘lib savdo qilish bilan olgach yeyishingiz mumkin”.
Savdo yer yuzida tinchlik va osoyishtalikni ta’minlovchi asosiy omillardan biri. Savdo tartibiga rioya qilingan jamiyatda sotuvchi va oluvchi bir-birlarini duo qiladi, rahmat aytadi. Baraka ham shunda.
Savdo mol ayirboshlash bo‘lishi bilan birga kishilarning axloqini aks ettiruvchi ko‘zgu hamdir. Savdoda kishining to‘g‘riso‘zligi, va’daga vafodorligi, omonatga sodiqligi kabi ko‘plab axloqiy fazilatlar namoyon bo‘ladi.
Biror jamiyatda savdo qilmaydigan kishi deyarli topilmaydi. Har bir inson nimadir sotib oladi yo sotadi. Hazrati Umar (roziyallohu anhu) savdo qonun-qoidalarini bilmaganlarni o‘ziga yo o‘zgaga zarar qilmasin deb bozorga kiritmas ekanlar. Haqiqatdan, savdo qoidalarini bilmaslik oqibati xatarlidir. Shuning uchun savdoga doir ba’zi qoidalarni yodga olishni lozim ko‘rdik.

Faqat qiymatli molnigina sotish yo sotib olish mumkin. Hamma yoki ba’zilarning ko‘ngli tusaydigan va zarur vaqtgacha saqlab qo‘yish mumkin bo‘lgan, shar’an foydalanish joiz narsa qiymatli mol hisoblanadi.
Sotuvchi va sotib oluvchining molni sotishga va sotib olishga roziligini bildiruvchi so‘z yo amal savdoning rukni, asosidir.
Amalga oshgan savdoning hukmi sotib oluvchining molga, sotuvchining pulga ega bo‘lishidir.
Savdoning bo‘lishi, tugalligi, to‘g‘riligi va amalga oshishining shartlari bor.
Birinchidan, sotuvchi ham, oluvchi ham aqlli bo‘lishlari kerak. Majnun va foyda-zararni bilmaydigan yosh bolaning savdosi bo‘lmaydi.
Ikkinchidan, sotuvchi va oluvchining savdoga roziligini bildiruvchi so‘zlari bir-biriga muvofiq, o‘tgan zamon shaklida va bir joyda aytilishi kerak. Masalan, ona-bola qo‘ylarni sotuvchi: “Bularni yuz ming so‘mga sotdim”, degach, sotib oluvchi: “Faqat ona qo‘yni oltmish ming so‘mga sotib oldim” yo “Sotib olaman”, desa yoki bozorni aylanib kelib, so‘ng “Yuz ming so‘mga oldim”, deb aytsa, savdo bo‘lmaydi. Chunki, birinchidan, sotib oluvchining so‘zi sotuvchining so‘ziga muvofiq kelmadi, ikkinchidan, kelasi zamon shaklida bo‘ldi, uchinchidan, sotuvchi “sotdim” degan joyda “oldim” demadi, balki aylanib kelib, so‘ng aytdi. Bunda savdoga rozilikni bildiruvchi so‘zlar bir joyda bo‘lgan hisoblanmaydi.
Uchinchidan, sotilayotgan narsa mavjud va oluvchiga uni topshirish mumkin bo‘lishi kerak. Yo‘q narsani, yo‘q bo‘lish xavfi bor narsani (masalan, yetilmagan meva, ovlanmagan qush yo baliqni) sotib bo‘lmaydi.
To‘rtinchidan, sotilayotgan narsa sotuvchining mulki bo‘lishi yo sotuvchining uni sotishga vakolati bo‘lishi kerak. Bu talab savdoning tugal bo‘lish shartidir. Birovning mulkini uning ruxsatisiz sotish mumkin emas.
Beshinchidan, sotilayotgan narsa va unga to‘lanadigan pul miqdori aniq bo‘lishi, savdoni buzuvchi shartlar (keyin bayon etiladi) qo‘yilmasligi, savdoga ikki taraf ham rozi bo‘lishi, mol nasiyaga sotilganida, pulni to‘lash kuni aniq belgilanishi, ko‘chmas mulkdan boshqa mollarni xaridor qabul qilib olishi lozim. Bu sanalganlar va yuqoridagi shartlardan biri bo‘lmasa, savdo to‘g‘ri va durust bo‘lmaydi.
Mazkur shartlarning birortasi buzilmasa hamda sotuvchi va oluvchida yoki ularning birida alohida boblarda zikr etilajak ixtiyorlardan (savdodan aynish ixtiyorlari) biri bo‘lmasa, savdo amalga oshgan hisoblanadi va sotilgan mol sotib oluvchining, unga to‘langan pul sotuvchining mulki bo‘lib qoladi.

SAVDO
Umumiy qoidalar

(«Hidoya», «Muxtasarul viqoya», «Qozixon», «Raddul muxtor» va
«Durrul muxtor» kitoblari asosida)

Savdo uchun muayyan so‘zlar tayin qilinmagan. Molni sotganiga va olganiga roziligini bildiruvchi barcha so‘zlar bilan savdo bo‘ladi.
Oluvchi va sotuvchi molning narxiga kelishganlaridan so‘ng ulardan qaysi biri bo‘lsa-da, savdoga roziligini birinchi bo‘lib bildirsa (masalan, sotuvchi “sotdim” yo “berdim” desa), ikkinchi tomon (oluvchi) unga roziligini bildirishi shart emas, balki shu joyning o‘zida (savdo holatining o‘zgarishi joy o‘zgarishi hisoblanadi) savdoga rozi bo‘lish yo uni rad qilish ixtiyoriga ega: istasa “oldim” deb savdoga roziligini bildirishi va yo uni rad qilishi mumkin. Shuningdek, savdoga roziligini birinchi bo‘lib bildirgan tomonda ham, ikkinchi tomon unga roziligini bildirmasidan oldin fikridan qaytish huquqi bor. Buni u so‘z bilan yo savdo qilgan joyini o‘zgartirishi (masalan, boshqa ishga mashg‘ul bo‘lishi — o‘rnidan turishi) bilan ifodalashi mumkin. Agar sotuvchi birinchi bo‘lib “sotdim” degan bo‘lsa, oluvchi “oldim” deyishdan oldin “yo‘q, sotmayman” deyishga haqli. Zero, u “sotdim” degan bo‘lsa-da, oluvchi “oldim” demasa, mol sotuvchining mulkidan chiqqan hisoblanmaydi. Har bir insonda o‘z mulkini tasarruf qilish huquqi bor. Keltirilgan misolga o‘xshash holatda biror kishining haqqi poymol bo‘lmaganidan ularning ikkisini ham ayblash mumkin emas.
Xat (faks) va chopar orqali ham savdo qilish mumkin. Xat yo chopar yuborilgan tomon xat yo chopar yetib borishi bilan savdoga roziligini bildirishi kerak. Aks holda, savdo bo‘lmaydi.
Molning narxiga kelishilganidan so‘ng yo do‘kondagi narxi ma’lum narsalarni oluvchi va sotuvchi, hech narsa demay, bir-biriga pulini va molini berishi amal bilan savdo bo‘ladi. Bu savdoda oluvchi pulini berib, molni olganida sotuvchi noroziligini bildirsa, shuningdek, molning narxiga kelishishda savdoning durust bo‘lishiga zid holatlar yuz bersa amal bilan savdo bo‘lmaydi.
Dinimizning muomalaga doir barcha hukmlari kishilar o‘rtasida chiqishi mumkin bo‘lgan nizoning oldini olishga, uni bartaraf qilishga qaratilgan. Savdoda mol va pulga taalluqli hukmlar ham ana shunday hukmlardandir.
Sotilayotgan narsa savdo joyida bo‘lsa, “bu mol” deb ko‘rsatish kifoya. Agar u savdo joyida bo‘lmasa, uning miqdorini va sifatini aytish shartdir. Masalan, “bir tonna kechpishar makka”, deb.
Olinayotgan narsaga to‘lov pul bilan bo‘lganida uning miqdorini aytish kerak. Agar to‘lov narsa bilan bo‘lsa, uning miqdorini va sifatini ham aytish lozim. Masalan, “Bu qo‘yingizni bir tonna oq lalmi bug‘doyga oldim”, deb.
Muomalada bir necha xil pul yursa, ulardan birining nomini aytmay savdo qilinganida, masalan, “mingga oldim”, deyilganida, eng ko‘p muomalada yurgan pul hisob qilinadi. Ularning hammasi bir xilda muomalada yursa, hech birining nomi aytilmay qilingan savdo to‘g‘ri va durust bo‘lmaydi. Mol nasiyaga sotilganida pulini to‘lash kuni noaniq bo‘lsa ham, savdo to‘g‘ri va durust bo‘lmaydi.
Mol nasiyaga sotilganida unga to‘lanadigan pul kasodga uchrasa (ya’ni, muomaladan chiqib ketsa), u pul muomalada bo‘lgan oxirgi kundagi qiymati to‘lanadi, deganlar Imom Muhammad (rahmatullohi alayhi). Fatvo Imom Muhammad so‘zlariga berilgan.
Pulning qiymati ortganida yo pasayganida esa, Imom Abu Yusuf (rahmatullohi alayhi) so‘zlariga binoan, uning savdo bo‘lgan kundagi qiymati to‘lanadi. Fatvo shunga berilgan.
Kilolab sotiladigan narsalarni o‘z jinsiga (masalan, bug‘doyni bug‘doyga) sotganida (ayriboshlaganida) faqat kilolab sotish kerak. O‘zidan boshqa jinsdagi narsalarga (masalan, bug‘doyni makkaga) sotganida esa chamalab sotish: sig‘imi noaniq, ammo shakli o‘zgarib qolmaydigan idish bilan o‘lchab, og‘irligi noaniq bo‘lsa-da, parchalanib ketmaydigan tosh kabi narsalar bilan ham tortib sotish joiz.
Bo‘lish, bir qismini ajratish qolgan qismiga ta’sir qilmaydigan guruch, kartoshka kabi kilolab sotiladigan narsalarni sotuvchi umumiy og‘irligini va narxini aytib (“qopdagi guruch ellik kilo, narxi ellik ming so‘m”, deb) sotganidan so‘ng, o‘lchangach kam chiqsa, (masalan, qirq besh kilo chiqsa) oluvchi, istasa, shunga yarasha pulini (qirq besh ming so‘m) to‘lab olishi mumkin, istamasa, kam chiqqani uchun olmaydi. Agar sotuvchi aytganidan ko‘p chiqsa (masalan, ellik bir kilo chiqsa), oshiq chiqqan qismi savdoga kirmagani uchun, sotuvchiniki bo‘ladi. Oluvchi uni sotuvchiga qaytarishi kerak.
Bo‘lish, bir qismni ajratish qolgan qismiga ta’sir qiladigan taxta, quvur kabi narsalarni sotuvchi umumiy uzunligini va narxini aytib sotganidan so‘ng, o‘lchagach, aytganidan kam chiqsa ham oluvchi, istasa, uni sotuvchi aytgan narxida olishi kerak. Agar istamasa, olmaydi. Sotuvchi aytgan miqdordan uzun chiqqanida esa, oluvchi oshiq chiqqan qismiga haq to‘lamay oladi. Chunki bunday holda o‘lcham molning sifati hisoblanadi. Sifatga pul taqsimlanmaydi.
Bo‘lish, bir qismini ajratish qolgan qismiga ta’sir qiladigan mollarni sotuvchi ularning har bir o‘lchamining narxini aytib, masalan, bu taxtaning har bir metri besh yuz so‘mdan, uzunligi olti metr, deb sotganidan so‘ng o‘lchagach, aytganidan kam, masalan, besh metr chiqsa, oluvchi istasa, shunga yarasha, ikki yarim ming so‘m to‘lab olishi mumkin. Istamasa, kam chiqqani uchun olmaydi. Agar uzun chiqsa, istasa, oshiq chiqqan qismining ham haqqini to‘lab olishi yo savdodan aynishi mumkin. Bu holda har bir o‘lchamning narxi aytilgani uchun o‘lcham sifat hisoblanmaydi.

Savdoni bekor qilish huquqlari

(«Hidoya», «Muxtasarul viqoya», «Qozixon», «Raddul muxtor» va
«Durrul muxtor» kitoblari asosida)*

Kishi gohida molini sotib qo‘yganiga yoki biror narsani sotib olganiga pushaymon bo‘lib qoladi. Bu holda agar u savdoni bekor qilish huquqlaridan biriga ega bo‘lmasa yoki ikkinchi tomon molni qaytarib berishga yoki qaytarib olishga rozi bo‘lmasa, sotgan molini qaytarib ololmaydi yoki sotib olgan molni qaytarib berolmaydi.
Bir necha holda, jumladan, savdo uni bekor qilish sharti bilan bo‘lganida, savdoni bekor qilish huquqi bo‘ladi. Oluvchining “Agar bu kiyim bolamga to‘g‘ri kelmasa, uch kunda qaytarib beraman”, sotuvchining “Ishim boshqa joyda to‘g‘ri bo‘lsa, uch kunda qaytarib olaman” yoki “Otam koyisalar, uch kunda qaytarib beraman (olaman)” kabi shartlarni qo‘yib savdo qilishi durustdir. Bunday shart qo‘yib savdo qilgan tomon (agar sotuvchi ham, oluvchi ham ana shunday shart qo‘ygan bo‘lsa, ularning har ikkisi ham) savdoni bekor qilish huquqiga ega bo‘ladi.
Savdoni bekor qilish huquqiga uch kundan oshiq muddat ega bo‘lishni shart etib savdo qilish mumkin emas. Agar u huquqqa uch kundan oshiq muddat ega bo‘lish shart qilinsa, masalan, “o‘n kunda” deyilsa, u huquqni olgan tomon uchinchi kun savdoga roziligini bildirsagina, savdo durust bo‘ladi. Aks holda, savdo durust va to‘g‘ri bo‘lmaydi.
Sotuvchi savdoni bekor qilish huquqiga ega bo‘lishini shart qilib molini sotganida uning huquqining amal qilish muddati (uch kun) o‘tmay, mol oluvchining qo‘lida aybli bo‘lib qolsa (sotuvchi savdoni bekor qilishni istamasa) yoki nobud bo‘lsa, oluvchi uning olgan kundagi qiymatini to‘lashi kerak. Bu o‘rinda “qiymat” deyilganida ikki odil kishining molga qo‘ygan narxi tushuniladi. Bu holda agar u molning choynak, piyola kabi o‘xshashi bor bo‘lsa, o‘xshashini olib beradi. Mol aybli bo‘lib qolganida sotuvchi savdoni bekor qilsa, oluvchi molning aybi tufayli narxidan yo‘qotgan qismini tovon sifatida to‘laydi.
Agar mol sotuvchi qo‘lida aybli bo‘lib qolsa, oluvchi xohlasa, molni kelishilgan narxida oladi, xohlasa olmay ketadi. Ammo moldagi aybga sotuvchi sababchi bo‘lgan bo‘lsa, oluvchi molning oldin kelishilgan narxidan uning aybiga yarasha miqdorni chegirib olishi ham mumkin.
Agar mol sotuvchining qo‘lida nobud bo‘lsa, savdo bekor bo‘ladi va oluvchi hech narsa to‘lamaydi.
Oluvchi molni sotuvchi aytgan narxda olishga rozi bo‘lib olganidan so‘ng pulini to‘lashidan oldin mol nobud bo‘lsa ham, uning qiymatini to‘laydi. Masalan, bir kishi sotuvchi aytgan narxga rozi bo‘lib ko‘ylakni olib sumkasiga soldi, lekin hali pulini to‘lab ulgurmasidan uni o‘g‘ri urib ketdi, deylik. Bunday holda kishi ko‘ylakning qiymatini to‘lashi kerak. Ammo oluvchi molni ko‘rish uchun olganida nobud bo‘lsa (masalan, piyolani ko‘rish uchun olganida yerga tushib sinsa), hech narsa to‘lamaydi.
Oluvchi savdoni bekor qilish huquqiga ega bo‘lishini shart qilib molni olganda, huquqining amal qilish muddati (uch kun) ichida mol nobud bo‘lsa yo aybli bo‘lib qolsa, oluvchi uning oldin kelishilgan narxini to‘laydi. Agar moldagi ayb oluvchining savdoni bekor qilish huquqi muddatida bartaraf bo‘lsa, u agar istasa, molni qaytarib berib, savdoni bekor qilishi mumkin.
Savdo qiluvchilardan biror tomon yo ularning ikkisi ham savdoni bekor qilish huquqini olib, u huquq amal qilish muddatida savdoni bekor qilmasa yo savdoni so‘z bilan (masalan, “sotmayman”, “olmayman” deb) bekor qilganini ikkinchi tomon shu muddat ichida bilmasa, savdo tugal bo‘ladi.
Savdoni bekor qilish huquqini olgan tomon bu huquqining amal qilish muddatida savdoni amal bilan bekor qilgan bo‘lsa (molini boshqaga sotib yuborsa), buni ikkinchi tomon bilmasa ham, savdo bekor bo‘ladi.
Savdoni bekor qilish huquqini olgan tomonning savdoga roziligini (masalan, savdoni bekor qilmayman” deganini) ikkinchi tomon bilishi shart emas. U bilmasa-da, savdo tugal bo‘ladi.
Oluvchi savdoni bekor qilish huquqiga ega bo‘lishini shart qilib olgan narsaga o‘z mulkiday muomalada bo‘lsa (masalan, mashinani minib yursa, sigirni sog‘ib ichsa), uning savdoni bekor qilish huquqi qolmaydi.
Savdoni bekor qilish huquqini olgan tomon olamdan o‘tsa ham savdo tugal bo‘ladi.
Savdo qiluvchi tomonlardan biri savdoni bekor qilish huquqini boshqada (masalan, otasida) bo‘lishini shart qilib (otam ko‘nmasalar, qaytarib beraman yo olaman deb) savdo qilganida ularning har ikkisi (ota va farzand) savdoni bekor qilish huquqiga ega bo‘ladi va ulardan (savdo qilgan farzand va savdoni buzish huquqi berilgan ota) qaysi biri savdoga rozi bo‘lsa, savdo tugal bo‘ladi. Agar ulardan biri savdoga rozi bo‘lsa, ikkinchisi savdoni bekor qilsa, fikrini birinchi bo‘lib bildirganning so‘zi o‘tadi. Ular bir vaqtda ikki xil fikr bildirsa, savdoni bekor qilish fikri inobatga olinadi.
Savdoni bekor qilish huquqini olgan tomon huquqining amal qilish muddatida savdoni bekor qilgach, u muddat o‘tmay fikridan qaytsa va ikkinchi tomon ham savdoni qaytarishga rozi bo‘lsa, savdo tugal bo‘ladi.
Ikki kishi savdoni bekor qilish huquqiga har birlari ega bo‘lishini shart qilib bir narsani sotsa yo sotib olsa va so‘ng ulardan biri savdoga rozi bo‘lsa, savdo tugal bo‘ladi, ikkinchisi savdoni bekor qilolmaydi va, aksincha, biri savdoni bekor qilsa, savdo bekor bo‘ladi.
Savdo uni bekor qilish huquqi shart bilan bo‘lganida savdoning hukmi (sotuvchining moli uchun to‘lanadigan pulga, oluvchining molga ega bo‘lishi) to‘xtab turadi.
Savdoni bekor qilish huquqini sotuvchi olganida mol uning mulki hisobida turadi. U huquqni oluvchi olganida mol sotuvchining mulki hisobidan chiqadi.
Sotuvchi oluvchiga “Pulni uch kunda to‘lamasangiz, savdo bekor bo‘ladi”, deb savdo qilishi joiz. Shuningdek, oluvchi sotuvchiga pulni naqd to‘lab, “Uch kun ichida pulni qaytarsangiz, molingizni qaytarib beraman (savdo bekor bo‘ladi)”, deb savdo qilsa ham bo‘ladi. Bu kabi savdoda ham muddatni uch kundan ortiq belgilash mumkin emas. Agar uch kundan ortiq belgilasa va (uch kun belgilanganida ham) uchinchi kuni pul to‘lansa, savdo tugal bo‘ladi, aks holda, savdo to‘g‘ri va durust bo‘lmaydi.
Ikki narsani bir joyda sotganida yo olganida ulardan birining savdosini bekor qilish huquqini olishni istagan kishi u narsalarning har birining narxini alohida aytishi va savdosini bekor qilishni istamoqchi bo‘lgan narsani ko‘rsatishi kerak bo‘ladi. Aks holda, savdo to‘g‘ri va durust bo‘lmaydi.
O‘zgalarning fikrini so‘rash yo olgan narsasining munosibligini bilish uchun bir turdagi qiymatli ikki yo uch narsadan (ular soni uchtadan oshsa, savdo to‘g‘ri va durust bo‘lmaydi) birini tanlab olaman yo sotaman, deb savdo qilish, agar tanlab olish muddati uch kundan oshmasa, durust bo‘ladi.
Kishi molni, unda o‘zi istagan sifat bo‘lishi sharti bilan sotib olgach, unda istagan sifati bo‘lmasa, istasa, savdoni bekor qiladi yo uni oldin kelishilgan narxida oladi.
Qo‘y yo sigirning bo‘g‘ozligi yo ma’lum miqdor sut berishi sharti bilan qilingan savdo to‘g‘ri va durust bo‘lmaydi.

Molni ko‘rmay savdo qilish (savdo joyida bo‘lmagan mol ustidagi savdo) durust bo‘lishi uchun uning nimaligi va sifati aytilishi (masalan: «kechpishar qizil makka» deb) yo unga ishora qilinishi (masalan, mana bu og‘zi bog‘langan qopdagi guruch) yoki u turgan joy aytilishi (masalan: «og‘ildagi boqilgan ikki yoshli ho‘kiz») shart. Bu sanalgan shartlardan biri bo‘lmasidan molni ko‘rmay savdo qilish joiz emas.
Mazkur shartlardan biri bo‘lib, molni ko‘rmay savdo qilinsa, oluvchida savdoni bekor qilish huquqi bo‘ladi. U molni ko‘rgach, yoqmasa, savdoni bekor qilishi, molni sotuvchiga qaytarib berishi yo kelishilgan bahoda olishi mumkin. Shuningdek, u molni ko‘rmasdan ham savdoni bekor qilishga haqli bo‘ladi.
Ammo u molni ko‘rmasdan sotib yuborsa, garovga qo‘ysa, ijaraga bersa, hadya qilib berib yuborsa, mol uning qo‘lida aybli bo‘lib qolsa, molni ko‘rgach, so‘z yo fe’l bilan savdoga roziligini ifodalasa, uning bu huquqi bekor bo‘ladi.
Molni ko‘rmay sotib olgan kishi agar savdoni bekor qilsa, buni sotuvchi bilishi shart bo‘ladi. Oluvchining savdoni bekor qilganini sotuvchi bilmasa, savdo bekor bo‘lgan hisoblanmaydi.
Ko‘rmagan molini (masalan, o‘zga yurtda merosga olgan joyni) sotgan kishida savdoni bekor qilish huquqi bo‘lmaydi.
Odatda molni sotib olayotgan kishilarning hammasi ham molning barcha joyini ko‘rmaydi, balki uni olishdan ko‘zlagan maqsadiga dalolat qiluvchi joylarini (belgilarini) ko‘rish bilan kifoyalanadi. Agar oluvchi, savdo paytida molni olishdan ko‘zlagan maqsadiga dalolat qiladigan joyini ko‘rgan bo‘lsa, savdoni bekor qilish huquqiga ega bo‘lmaydi. Masalan, oluvchi bir turdagi narsalarning namunasini ko‘rsa (agar ko‘rmaganlari ko‘rganidan yomon bo‘lmasa), miniladigan hayvonlarning yuzi va sag‘rini ko‘rsa, go‘shtga so‘yiladigan hayvonni ushlasa, nasl va sut beradigan hayvonni hamma badani va yeliniga qarasa, yeyiladigan narsani tatib ko‘rsa, hidlanadigan narsani hidlasa, ishlatiladigan narsani ishlatib ko‘rsa, so‘ng sotib olsa, savdoni bekor qilish huquqiga ega bo‘lmaydi.
Ammo oluvchi molni ko‘rmay sotib olganidan so‘ng uni sotib olishidan ko‘zlagan maqsadiga dalolat qiladigan joyini ko‘rsa, masalan, ko‘rmay sotib olgan otining yuzi va sag‘riga qarasa, savdoga so‘z yo fe’l bilan roziligini bildirmaguncha uning savdoni bekor qilish huquqi o‘z kuchini yo‘qotmaydi.
Agar molni sotib olishga yo ko‘rmay sotib olingan molni olib kelishga vakil qilingan kishi molni ko‘rib olsa, vakil qiluvchida savdoni bekor qilish huquqi qolmaydi.
Kishi sotib olish maqsadida ko‘rgan narsasini, bir qancha muddat o‘tgach, qayta ko‘rmay sotib olsa, savdoni bekor qilish huquqiga ega bo‘lmaydi. Lekin u narsa avvalgi holidan o‘zgargan bo‘lsa, savdoni bekor qilish huquqiga ega bo‘ladi. Bu holda sotuvchi “mol avvalgi holidan o‘zgarmagan” desa, oluvchi «o‘zgargan» deya kelisholmasalar, oluvchining molni ko‘rganiga ko‘p vaqt (bir oydan ortiq) o‘tmagan bo‘lsa, sotuvchining so‘zi, qasam ichishi bilan inobatga olinadi. Oluvchi molni ko‘rmaganini da’vo qilganida ham, qasam ichishi bilan da’vosi e’tiborga olinadi.
Ikki narsani — birini ko‘rib, ikkinchisini ko‘rmay — bir joyda sotib olgan kishiga ularning ikkinchisi (ko‘rmagani) yoqmasa va uni qaytarishni istasa, ularning ikkisini ham qaytarishi kerak. Bu holda ulardan faqat yoqmaganini qaytarishi mumkin emas.
Molni ko‘rmay olganda bo‘ladigan savdoni bekor qilish huquqi savdo hukmining tamom bo‘lishini to‘xtatib turadi, ammo molning oluvchi mulkiga o‘tishiga mone’lik qilmaydi. Oluvchi ko‘rmay olgan molini tasarruf qilishi mumkin. Biroq u molni tasarruf qilishi bilan uning savdoni bekor qilish huquqi tugaydi va molning kelishilgan bahosini (agar to‘lamagan bo‘lsa) to‘lashi lozim bo‘ladi.
Ko‘r kishining savdosi joizdir va u savdoni bekor qilish huquqiga ega bo‘ladi. Faqat u olayotganida ushlab bilinadigan narsani ushlasa, hidlab bilinadigan narsani hidlasa, tatib bilinadigan narsani tatib ko‘rsa, hovli-joy kabi narsalarni sotib olganida unga ularning sifati to‘la aytilsa, savdoni bekor qilish huquqiga ega bo‘lmaydi.

Muhammad Sharif JUMAN

«Hidoyat» jurnalidan olindi.