Гиёҳвандлик офатдир

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 15.07.2013

Ислом шариати шафқат ва марҳамат тимсолидир. Унинг аҳкомлари ўзаро муҳаббат, меҳр-мурувват, дўстлик, адолат, инсоф, ахлоқий баркамоллик каби фазилатларни мустаҳкамлашга йўналтирилган. Ислом дини аҳкомлари инсоннинг динини, жонини, молини, ақлини ва наслини сақлашга қаратилган.

Шариатимизда барча маст қилувчи моддалар, жумладан, гиёҳвандлик ҳам ҳаром деб ҳукм қилинган. Зеро, гиёҳвандлик инсонни хорликка етакловчи офатдир. Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар бир хамр ҳаромдир”, дейилади (Имом Муслим ривояти). Демак, ҳар қандай маст қилувчи нарсалар хамр ва уларнинг истеъмоли ҳаром.

Ҳазрати Ойша (р.а.) ривоят қилган ҳадисда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир, агар бир челаги маст қилса, унинг бир ҳовучи ҳам ҳаромдир”, дейилади.

Абу Довуд ривоят қилган бир ҳадис мазмуни бундай: “Ҳар қандай маст қилувчи ва карахт қилувчи нарса ҳаромдир”.

Машҳур уламолардан ал-Ироқий ва Шайхулислом ибн Таймиййа (XIV асрда яшаган) ҳамда бошқа кўп уламолар наша ва тарёқни билиттифоқ ҳаром ва ўта зарарли деган хулосага келиб, ижмоъ қилишган ва кимки ҳалол деб иддао қилса, ўша киши кофир бўлади, дейишган.

Ибн Таймиййанинг таъкидлашича, тарёқ дастлаб етгинчи ҳижрий (XIII милодий) асрда мўғул истилоси вақтида пайдо бўлган. Мўғуллар уни истеъмол қилишган, шунинг учун ҳам ўта раҳмсиз бўлишган. Тарёқни Ислом давлатларига ва бошқа мамлакатларга ҳам тарқатганлар мўғуллардир.

Тарёқ хамрга оид моддаларнинг энг қотилидир, чунки у кишиларда хомхаёллик, карахтлик кайфиятини туғдиради. Банг ҳам уларнинг сафига киради. “Бинобарин, — дейди ибн Таймиййа ўзининг “Фатво”сида, — бу моддаларни истеъмол қилувчилар жазога тортилиши керак”.

Машҳур табиб ибн ал-Байторнинг айтишича, нашанинг бошқа номи каноп бўлиб, Мисрда кўп ўстирилган. Кимки бу ўта зарарли ва маст қилувчи моддадан бир дирҳам ёки икки дирҳам миқдорда тановул қилса, уни дунё ҳаётидан бехабар қилиб қўйишини ва юздан ортиқ диний ва дунёвий зарарларга сабаб бўлишини уламолар аниқлашган.

XI милодий асрда яшаган буюк аллома Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Саҳл ас-Сарахсий “Банг (афюн) X асрдан бошлаб бизнинг диёримизда пайдо бўлди ва кўп кишилар унга мубтало бўлдилар”, дейди.

Аллома Шайхулислом ибн Таймиййа айтадилар: “Гиёҳванд моддалар инсон ақли ва мижозини ишдан чиқаради; инсоннинг энг зарур аъзоси бўлмиш қўл ва оёқларни маълум вақтга ҳаракатсиз қилиб қўяди ва уни шолликка олиб келади”.

Ибн Ҳажар фатволарида айтишларича, “Хамр моддалардан ҳидлаш орқали қўлланиладигани ҳам бор. Уни истеъмол қилиш ҳам ҳаром, чунки уни ҳидлаган инсон ўзини назорат қилиш қобилиятини йўқотади ҳамда қилган ишини билмай қолади” (“Фатаво Исломийа", 10жилд, 3516-бет).

Гиёҳванд моддалар ҳаром бўлгач, уни сотиш ҳам, тижорати ҳам, олинган фойда ҳам ҳаром ҳисобланади.

Қуръони карим оятларида мўминлар ичкилик ичиладиган ва гиёҳванд моддалар тановул қилинадиган йиғин ва ўтиришларда қатнашишдан қайтарилади. Чунки шундай йиғинларга қатнашиш орқали ўша ботил ишларга қўшилиб кетиш хавфи бор. Зеро, фосиқ ва бадхулқ кишиларга ҳамнишин бўлиш софдил одамларнинг ҳам ахлоқини бузади.

Аллома ибн Ҳажар ал-Маккий “Катта фатво”сида ёзишича: “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: инсон тафаккурини тўмтоқлаштиради, баданнинг ҳар хил касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани тунд қилиб қўяди, бошоғриққа мубтало қилади, юрак касалига учратади, ақл-ҳушнинг мувозанатини бузади, сил ва истисқо касалини келтириб чиқаради, шарму ҳаёни, мурувват ва инсоний муносабатни кетказади ва ҳоказо”. Бундан ташқари, гиёҳвандлик инсонни ўта ялқов ва камғайрат, оилага бепарво қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни сарғайтиради ва вақтидан олдин тўкилиб кетишига олиб келади.

Гиёҳванд моддаларини сотишдан қўлга киритилган даромадлар шариатда ҳаром моллар деб ҳисобланади.

Шариат кўзда тутган эзгу мақсадлар Қуръон ва ҳадисларда баён қилинган бўлиб, айниқса бешта зарурий нарса — ҳар кишининг дини-эътиқоди, жони, моли, ақли ва наслининг саломатлигини авайлаб сақлашга эътибор беришини сўзимиз бошида айтдик.

Диний эътиқод ҳар бир шахснинг руҳий мулкидир. Унга бировнинг тажовуз қилиши мумкин эмас. Гиёҳванд моддаларини сотиш ва тарқатишни шариат шахс ва унинг жонига қарши қилинган тажовуз деб ҳисоблайди. Шахснинг ўз жонига гиёҳвандлик йўли билан тажовуз қилиши эса оғир гуноҳдир. Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш ва ўзини шу йўл билан хароб қилиш Аллоҳ берган энг улуғ неъмат бўлмиш умрнинг қадрига етмаслиқдир.

Инсонни гиёҳвандликдан сақлаш унинг жонини сақлаш билан баробардир.

Ҳаммага маълумки, инсоннинг бахт-саодати унинг ақл-идроки билан боғлиқдир. Ақл жасадда руҳ кабидир. Инсон ақл воситаси билан зарарли нарсани фойдали нарсадан ажратади. Гиёҳвандликка берилган киши эса, яхшини ёмондан ва зарарни фойдадан ажратолмай қолади. Аллоҳ инсонни унинг ақли сабабли бошқа махлуқотлардан афзал қилиб яратди. Шунинг учун унинг ақлига футур етказувчи ҳамма нарсани ҳаром қилди ва манъ этди. Ичкилик ва гиёҳвандлик шахс билан жамият ўртасидаги муносабатнинг бузилишига олиб келади.

Дарҳақиқат, буни бугунги ҳаётимизда ҳам тез-тез учратиб турамиз. Гиёҳванд кишилар қавми-қариндошидан, гулдай фарзандларидан, умр йўлдошидан ажралиб қолаётгани, ундан кўпинча мажруҳ фарзандлар туғилаётгани ҳаётда кўрилаётган ҳақиқатдир. Гиёҳванд киши иродасиз қолиб, ўзганинг асирига айланади.

Ичкилик ва гиёҳвандлик моддаларининг зарарларини ҳозирги замонамиздаги илмий тадқиқотлар ҳам исботламоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчиларнинг секин-аста оғир касалликларга йўлиқишлари ва ички аъзоларида тузатиб бўлмас оғир хасталиклар пайдо бўлиши шулар жумласидандир.

Гиёҳванд моддалар кишининг меъдаси, жигари ва ўпкаларини ишдан чиқаради. Демак, гиёҳвандлик ўз жонига ўзи қасд қилишдан бошқа нарса эмас. Ички ва ташқи аъзоларнинг соғлигини асраш вожиблиги ва зарурлиги Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида собит бўлган. “Баланингиз, аъзоларингиз, кўзингиз, оёқларингизнинг сизда ҳақи бор, уларнинг ҳаққини бажо келтиринг, гуноҳ бўладиган жойларга ишлатманг”, деганлар ул зот. Маст қилувчи ва карахт қилувчи моддалар энг аввал инсоннинг энг муҳим аъзоларини ишдан чиқаради ва уни ҳалокатга олиб келади.

Бу моддаларни тановул қилиш мол-дунё ва бойлик исроф бўлишига ҳам олиб келади. Исрофгарчилик эса инсонни хор-зорликка элтади. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): “Эй Парвардигоро, мени қариб, кексайиб қолган чоғимда ризқи рўзимни кенгроқ қилгайсан”, деб дуо қиладилар.

Киши ёшликданоқ қарилик ғамини ейиши, ўзини ичкилик ва гиёҳвандликдан асраб, қариганида хор-зор бўлиб қолишдан сақлаши лозимлиги ушбу ҳадиси шариф мазмунидан англаш қийин эмас.

Баъзан ёшларга қарилик ва кексалик замони ҳали узоқ кўринса-да, билсинларки, умр тез ўтади, ҳадемай сочлар оқариб, кўзлар хиралашади, кексалик тезлик билан етиб келганини сезмай қоладилар.

Авазхон Ҳайдар ўғли,
Тошкент шаҳар, Юнусобод туманидаги «Омина» жомеъ масжиди имом-хатиби
«Ҳидоят» журналининг 2004 йил 2-сонидан олинди.


* * *

Islom shariati shafqat va marhamat timsolidir. Uning ahkomlari o‘zaro muhabbat, mehr-muruvvat, do‘stlik, adolat, insof, axloqiy barkamollik kabi fazilatlarni mustahkamlashga yo‘naltirilgan. Islom dini ahkomlari insonning dinini, jonini, molini, aqlini va naslini saqlashga qaratilgan.

Shariatimizda barcha mast qiluvchi moddalar, jumladan, giyohvandlik ham harom deb hukm qilingan. Zero, giyohvandlik insonni xorlikka yetaklovchi ofatdir. Hadisi sharifda: “Har bir mast qiluvchi narsa xamrdir va har bir xamr haromdir”, deyiladi (Imom Muslim rivoyati). Demak, har qanday mast qiluvchi narsalar xamr va ularning iste’moli harom.

Hazrati Oysha (r.a.) rivoyat qilgan hadisda: “Har bir mast qiluvchi narsa haromdir, agar bir chelagi mast qilsa, uning bir hovuchi ham haromdir”, deyiladi.

Abu Dovud rivoyat qilgan bir hadis mazmuni bunday: “Har qanday mast qiluvchi va karaxt qiluvchi narsa haromdir”.

Mashhur ulamolardan al-Iroqiy va Shayxulislom ibn Taymiyya (XIV asrda yashagan) hamda boshqa ko‘p ulamolar nasha va taryoqni bilittifoq harom va o‘ta zararli degan xulosaga kelib, ijmo’ qilishgan va kimki halol deb iddao qilsa, o‘sha kishi kofir bo‘ladi, deyishgan.

Ibn Taymiyyaning ta’kidlashicha, taryoq dastlab yetginchi hijriy (XIII milodiy) asrda mo‘g‘ul istilosi vaqtida paydo bo‘lgan. Mo‘g‘ullar uni iste’mol qilishgan, shuning uchun ham o‘ta rahmsiz bo‘lishgan. Taryoqni Islom davlatlariga va boshqa mamlakatlarga ham tarqatganlar mo‘g‘ullardir.

Taryoq xamrga oid moddalarning eng qotilidir, chunki u kishilarda xomxayollik, karaxtlik kayfiyatini tug‘diradi. Bang ham ularning safiga kiradi. “Binobarin, — deydi ibn Taymiyya o‘zining “Fatvo”sida, — bu moddalarni iste’mol qiluvchilar jazoga tortilishi kerak”.

Mashhur tabib ibn al-Baytorning aytishicha, nashaning boshqa nomi kanop bo‘lib, Misrda ko‘p o‘stirilgan. Kimki bu o‘ta zararli va mast qiluvchi moddadan bir dirham yoki ikki dirham miqdorda tanovul qilsa, uni dunyo hayotidan bexabar qilib qo‘yishini va yuzdan ortiq diniy va dunyoviy zararlarga sabab bo‘lishini ulamolar aniqlashgan.

XI milodiy asrda yashagan buyuk alloma Abu Bakr Muhammad ibn Abu Sahl as-Saraxsiy “Bang (afyun) X asrdan boshlab bizning diyorimizda paydo bo‘ldi va ko‘p kishilar unga mubtalo bo‘ldilar”, deydi.

Alloma Shayxulislom ibn Taymiyya aytadilar: “Giyohvand moddalar inson aqli va mijozini ishdan chiqaradi; insonning eng zarur a’zosi bo‘lmish qo‘l va oyoqlarni ma’lum vaqtga harakatsiz qilib qo‘yadi va uni shollikka olib keladi”.

Ibn Hajar fatvolarida aytishlaricha, “Xamr moddalardan hidlash orqali qo‘llaniladigani ham bor. Uni iste’mol qilish ham harom, chunki uni hidlagan inson o‘zini nazorat qilish qobiliyatini yo‘qotadi hamda qilgan ishini bilmay qoladi” (“Fatavo Islomiya", 10jild, 3516-bet).

Giyohvand moddalar harom bo‘lgach, uni sotish ham, tijorati ham, olingan foyda ham harom hisoblanadi.

Qur’oni karim oyatlarida mo‘minlar ichkilik ichiladigan va giyohvand moddalar tanovul qilinadigan yig‘in va o‘tirishlarda qatnashishdan qaytariladi. Chunki shunday yig‘inlarga qatnashish orqali o‘sha botil ishlarga qo‘shilib ketish xavfi bor. Zero, fosiq va badxulq kishilarga hamnishin bo‘lish sofdil odamlarning ham axloqini buzadi.

Alloma ibn Hajar al-Makkiy “Katta fatvo”sida yozishicha: “Giyohvandlik moddalarini iste’mol qilishda bir qancha diniy va dunyoviy zararlar mavjud: inson tafakkurini to‘mtoqlashtiradi, badanning har xil kasalliklarga chidamliligini yo‘qotadi, xotirani tund qilib qo‘yadi, boshog‘riqqa mubtalo qiladi, yurak kasaliga uchratadi, aql-hushning muvozanatini buzadi, sil va istisqo kasalini keltirib chiqaradi, sharmu hayoni, muruvvat va insoniy munosabatni ketkazadi va hokazo”. Bundan tashqari, giyohvandlik insonni o‘ta yalqov va kamg‘ayrat, oilaga beparvo qilib qo‘yadi, ko‘zni xiralashtiradi, tishlarni sarg‘aytiradi va vaqtidan oldin to‘kilib ketishiga olib keladi.

Giyohvand moddalarini sotishdan qo‘lga kiritilgan daromadlar shariatda harom mollar deb hisoblanadi.

Shariat ko‘zda tutgan ezgu maqsadlar Qur’on va hadislarda bayon qilingan bo‘lib, ayniqsa beshta zaruriy narsa — har kishining dini-e’tiqodi, joni, moli, aqli va naslining salomatligini avaylab saqlashga e’tibor berishini so‘zimiz boshida aytdik.

Diniy e’tiqod har bir shaxsning ruhiy mulkidir. Unga birovning tajovuz qilishi mumkin emas. Giyohvand moddalarini sotish va tarqatishni shariat shaxs va uning joniga qarshi qilingan tajovuz deb hisoblaydi. Shaxsning o‘z joniga giyohvandlik yo‘li bilan tajovuz qilishi esa og‘ir gunohdir. Giyohvandlik moddalarini iste’mol qilish va o‘zini shu yo‘l bilan xarob qilish Alloh bergan eng ulug‘ ne’mat bo‘lmish umrning qadriga yetmasliqdir.

Insonni giyohvandlikdan saqlash uning jonini saqlash bilan barobardir.

Hammaga ma’lumki, insonning baxt-saodati uning aql-idroki bilan bog‘liqdir. Aql jasadda ruh kabidir. Inson aql vositasi bilan zararli narsani foydali narsadan ajratadi. Giyohvandlikka berilgan kishi esa, yaxshini yomondan va zararni foydadan ajratolmay qoladi. Alloh insonni uning aqli sababli boshqa maxluqotlardan afzal qilib yaratdi. Shuning uchun uning aqliga futur yetkazuvchi hamma narsani harom qildi va man’ etdi. Ichkilik va giyohvandlik shaxs bilan jamiyat o‘rtasidagi munosabatning buzilishiga olib keladi.

Darhaqiqat, buni bugungi hayotimizda ham tez-tez uchratib turamiz. Giyohvand kishilar qavmi-qarindoshidan, gulday farzandlaridan, umr yo‘ldoshidan ajralib qolayotgani, undan ko‘pincha majruh farzandlar tug‘ilayotgani hayotda ko‘rilayotgan haqiqatdir. Giyohvand kishi irodasiz qolib, o‘zganing asiriga aylanadi.

Ichkilik va giyohvandlik moddalarining zararlarini hozirgi zamonamizdagi ilmiy tadqiqotlar ham isbotlamoqda. Bu moddalarni iste’mol qiluvchilarning sekin-asta og‘ir kasalliklarga yo‘liqishlari va ichki a’zolarida tuzatib bo‘lmas og‘ir xastaliklar paydo bo‘lishi shular jumlasidandir.

Giyohvand moddalar kishining me’dasi, jigari va o‘pkalarini ishdan chiqaradi. Demak, giyohvandlik o‘z joniga o‘zi qasd qilishdan boshqa narsa emas. Ichki va tashqi a’zolarning sog‘ligini asrash vojibligi va zarurligi Payg‘ambarimiz (s.a.v.) hadislarida sobit bo‘lgan. “Balaningiz, a’zolaringiz, ko‘zingiz, oyoqlaringizning sizda haqi bor, ularning haqqini bajo keltiring, gunoh bo‘ladigan joylarga ishlatmang”, deganlar ul zot. Mast qiluvchi va karaxt qiluvchi moddalar eng avval insonning eng muhim a’zolarini ishdan chiqaradi va uni halokatga olib keladi.

Bu moddalarni tanovul qilish mol-dunyo va boylik isrof bo‘lishiga ham olib keladi. Isrofgarchilik esa insonni xor-zorlikka eltadi. Hadisi sharifda Payg‘ambarimiz Muhammad (s.a.v): “Ey Parvardigoro, meni qarib, keksayib qolgan chog‘imda rizqi ro‘zimni kengroq qilgaysan”, deb duo qiladilar.

Kishi yoshlikdanoq qarilik g‘amini yeyishi, o‘zini ichkilik va giyohvandlikdan asrab, qariganida xor-zor bo‘lib qolishdan saqlashi lozimligi ushbu hadisi sharif mazmunidan anglash qiyin emas.

Ba’zan yoshlarga qarilik va keksalik zamoni hali uzoq ko‘rinsa-da, bilsinlarki, umr tez o‘tadi, hademay sochlar oqarib, ko‘zlar xiralashadi, keksalik tezlik bilan yetib kelganini sezmay qoladilar.

Avazxon Haydar o‘g‘li,
Toshkent shahar, Yunusobod tumanidagi «Omina» jome’ masjidi imom-xatibi
«Hidoyat» jurnalining 2004 yil 2-sonidan olindi.