Тармоқли маркетинг: кимга омад, кимга надомат
Автобусда эдим. Бекатдан бир аёл чиқиб, олдимда ўтирган ҳамроҳим билан қуюқ сўрашиб кетди. Кейин менга юзланди:
- Ўқийсизми-ишлайсизми? Уйда ўтириб пул топадиган ишни биламан, кирмайсизми? Шунча йил ўқишга тўлаган пулингизни ҳам чиқариб олардингиз.
- Қандай иш экан? (кўз олдимга 4 йил тўлаган шартнома пулим келди)
- Аъзо бўласиз – бўлди! Пул топаверасиз. Ишингиз қийин эмас, алсо қийин эмас. - Қандай иш? – саволимни такрорладим мен.
- Қонуний, расман тасдиқланган иш. Сизга тўғри келадиган, рисоладагидек иш. Аъзоларимиз ҳам, мижозларимиз ҳам кўп. Анчадан бери фаолият юритамиз, чиройли офисимиз бор.
“Оббо, мен бундан нима иш қилишим кераклигини сўраяпману, бошқа нарсаларни гапириб оғзи тинмайди-я!”
- Кетингиздан бир яхши одамни қўйсангиз бас, сиз ҳеч нарса қилмасдан пул топаверасиз. Давлат ишида юрасизми ойликни кутиб?!
Шунда бу иш тармоқли маркетинг эканлигини тушундим. Автобус ойнасидан кўчага қараб, ўзимни чалғитишга, тўғрироғи бу аёлга ўзимни чалғигандек кўрсатишга уриндим. У пинагини бузмай, бир нималарни гапиришда давом этарди.
- Ҳўш, компаниянгиз қанақа? Нимани реклама қилиш керак?
- Вой, реклама қилиб юрмайсиз. Таниган-билган одамларингизга маълумот берсангиз бўлди. Йўл ҳаққи тўлаш учун кўзини бизлардан олиб қочганидан фойдаланиб, шеригимга қарадим: - Бу аёлни танийсизми?
- Йўқ, бемалол гаплашиб кетганидан сенинг танишинг деб ўйлагандим.
“Oriflame”, “Faberlic”, “Mary Key”, “TIENS” (Tyan-shi”), “quest.net”. Бу номлар сизга нотаниш бўлмаса керак. Ёки маҳсулотидан фойдалангансиз, ёки компания аъзоси бўлгансиз. Ўтган бир неча йиллар давомида тармоқли маркетинг компаниялари ҳам, мижозлари ҳам кўпайди. Бир қарасангиз, ҳамма ўзини шу компанияларга ураётгандек туюлади. Кимнингдир қўлида “Oriflame” каталоги, кимдир “quest.net”дан олган совғасини кўз-кўз қилса, бошқаси “Тян-ши” орқали чет эл саёҳатига бориб келганини оғзидан бол томиб гапиради. Тармоқли бизнес орқасидан уй, машина, бойликка эга бўлганлар, миллионерга айланганларни эшитиб, сизни ҳам бу янги бизнес ўзига оҳанграбодек торта бошлайди, осонлик билан миллионер бўлиш истагида ёнасиз. Аслида қандай? Бу ишга кирганларнинг ҳаммаси ҳам муваффақиятга эриша оладими? Миллионлар топаман деб қўлидаги пулини ҳам йўқотганлар нима қиларкин?
“Oriflame” компанияси. Дунё бўйича тарқатадиган маҳсулотларининг 90,2 фоизни Шветсия косметика маҳсулотлари, 6,2 фоизни уй учун керакли буюмлар, шунингдек кийим-кечаклар, маиший ва совғабоп товарлар ташкил қилади. Йилига 17 та каталог, 3 ҳафтада бир янги маҳсулот тақдим этади. 7 ярим минг балл билан “менеджер”, кейинги 7 та каталог давомида шу кўрсаткични сақлаб туриш билан “директор”, қўл остидагилардан иккита директорни чиқариш билан “олтин директор” унвонини олади.
Компаниянинг “Сотувчи бўлма – каталогнинг ўзи сотади” деган гапи бор. Инсонларга оддий ва осон йўл билан пул топишни таклиф қилади. Барча тармоқли маркетинг компаниялари каби “пирамида” усулида бизнес даромадини ташкил қилган, яъни бир аъзо кимнидир бизнесга жалб қилса, янги аъзонинг фаолиятидан (маҳсулотларни сотиб олиши, аъзо таклиф қилиши) у одамга ҳам балл қўшилаверади.
Шаҳноза Одилзода, талаба: Бир аёл “Oriflame” маҳсулотларини сотиб, 100 балл тўпласам, симка совға қилинишини айтиб қизиқтирди. Айтганини қилдим. Лекин турли баҳоналар қилиб, сумкани бергани йўқ. 100 балл тўплаган меҳнатим бир пул бўлди. “Oriflame”га аъзо бўлиб фойда кўрмадим.
Севиля Расулова, харидор: “Oriflame”га тез-тез буюртма берардим. Лекин маҳсулотларнинг айнан мен танлаган ранги келмас, ё умуман ололмай қолардим. Бир марта кремга буюртма бердим, озгина ўтмай, компания аъзосидан буюртмани бекор қилишни сўрадим. Крем харид қилиш фикридан қайтгандим. У эса “Маҳсулотни олмаслигингиз мумкин, лекин пулингиз қайтарилмайди, банк ҳисобига тушириб бўлганмиз” деди. Бозордан харид қилган нарсангизни қайтариб олиб боришингиз мумкин-у, тармоқли маркетинг маҳсулотини қайтара олмас экансиз-да!
Азиза Усмонова, “Oriflame” компанияси аъзоси: “Аъзо бўлганимга 7-8 ойча бўлиб қолди. 2800 сўм тўлагандим, ҳозир 300 сўмга ҳам аъзо бўлишаётган экан. Ҳали қўлимга даромад пулимни олганим йўқ. Менга фойдали томони ҳар ой каталог келиши ва ундан чегирма билан нарсаларга буюртма беришим. Пул топмайман. Чунки ҳозир ёш болам бўлгани учун дарсларига боролмаяпман, кўчага чиқиб одамларга таклиф қилолмаяпман.
Демак, “уйда ўтириб пул топасиз” деб ишонтиришлари мантиққа тўғри келмайди. Компания ҳизматида юқори “юлдуз”ларга эга бўлиш учун тинмай ҳаракат қилишингиз, керак бўлса кўчада дуч келган инсонга компания маҳсулотлари ва аъзо бўлишни таклиф қилиб юришингиз керак. Шундай экан, рекламаларидаги “оддий уй бекасидан миллионерга айланиш” иборасини олиб ташлашлари (сиз учун эса ишонмаслик) тўғри бўлади.
Январ ойида “Oriflame” компаниясининг “Тож маҳал” кинотеатридаги тантанали еғилишида қатнашгандим. Унда кўп балл тўплаб, тизим доирасида юқори лавозимлардан бирига эришган 60-70 ёшлар орасидаги кишига сўз беришди. Отахон бу бизнес орқали Хаж сафарига етарли маблағ тўплабдилар. Яна бир келинчак эса Умра зиёратига шу ишдан тўплаган пули билан бориб келганини айтди. Бу ёш аёлни тушуниш мумкин, ҳар ой ўзига керакли косметик маҳсулотларни сотиб олса ҳам анча-мунча балл еғиб олади, катта ёшли, бунинг устига эркак кишининг бунчалик муваффақият қозонгани ҳақида сенсатсион мақола ёзгим келди. Ҳар холда чойхонага каталог кўтариб бормасалар керак. Билмадим, балки тармоқли маркетингнинг “пирамида” қоидаси қўл келгандир, улар ҳақида ортиқча гумонга бориш ниятим йўқ, нима бўлганда ҳам омадларини берсин!
“quest.net” компанияси. 11 йил муқаддам иш бошлаган қимматбаҳо тақинчоқлар, соатлар, телекоммуникация воситалари (маслан, қўл телефонлари), соғломлаштирувчи ва косметик маҳсулотлар тақдим этувчи компания. У биргина фирма ва унинг маҳсулотларига иҳтисослашмаган, бир неча гигант компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатган бўлиб, диллерлари орқали ўша маҳсулотларни реклама қилади.
Эркин Жўраев, “quest.net” компанияси аъзоси: 6 ой олдин дўстимнинг таклифи билан тизимга аъзо бўлдим. Аъзолик бадали тўланмайди, 400 долларга платинадан ясалган тақинчоқ сотиб олдим холос (“холос”?! – муаллиф таажжуби). “quest.net”да бир гап бор: “Бу бизнесда дарров бой бўлолмайсиз, лекин аниқ бой бўласиз”. Мен ҳам ҳали балансимни ташкил қилолганим йўқ. Ўзи мақсадим кўпчиликка ўхшаб пул топиш бўлмаган. “quest.net”да омадсизликка учраш сабаби жамоа билан ишлай олмаслик ва тармоқли маркетинг ҳақида ҳеч қандай билимга эга бўлмаслик, деб ўйлайман.
Бу тизимга минглаб инсонлар: талабалар, ишчи-ҳизматчилар, уй бекалари, ҳатто зиёлилару пенсиядагилар ҳам ўз орзулари, тез орада мўмай даромад орттириш илинжида кирадилар. Сизнинг ким бўлишингизнинг аҳамияти йўқ, талаб қилинадиган ягона ҳужжат – паспорт нусхаси. Бунга тармоқдагилар “Дипломни сотиб олиш ҳам мумкин, бизда яхши, расмиятчилик керак эмас ” деб изоҳ берадилар. Тармоқли маркетинг компаниясини тарк этолмайсиз, сизни ҳеч ким чиқариб юбормайди. Ўз хоҳишингиз билан ишлашни ташлаб қўйишингиз эса мумкин.
“Faberlic” компанияси. Турли хил косметика, атторлик молларини тақдим этувчи компания. 10 йил олдин Россияда фаолият бошлаган. 600 000 дан ортиқ консултантлари, 4000 дан ортиқ активлари бор. 1 балл учун 855 сўм, 3000 балл учун “директор” даражаси берилади.
Нозима, “Faberlic” компаниясида ‘директор” даражасига етганлардан: Бизнинг ишимиз қонуний, маҳсулотни буюртма берган кунингизоқ оласиз.
Ўзингиз учун буюртма берсангиз, 35 фоиз чегирма бор. Яна, … (гапини бўлдим)
- Бир ойда қанча пул топишим мумкин?
- Ҳаммаси сизнинг қўлингизда. Масалан, бир ойда 100 минг, 200 минг, 1 миллион…
- Лекин ҳамма ҳам бундай натижага эришавермайдику. Масалан, мен танишларимни аъзоликка кўндиролмасам, маҳсулотларни сотиб ололмасам, компаниядан қандай фойда кўраман?
- Бунда ҳам фойда олаверасиз. Мана менинг жамоамда 500 та одам бор. Шулардан 20 тачасини шахсан таклиф қилган бўлсам керак. Қўл остингиздаги одамлар яхши ишласа бўлди, ўз-ўзидан сизга пул келаверади, ишламасангиз ҳам.
Компания аъзолари сизни ўз қаторларига қўшиш мақсадида (сизни ҳам миллионер қилиш учун эмас, сиз туфайли балл олиб, миллионер бўлиш учун) турли психологик йўллардан фойдаланишади, бу ишга муккасидан кетган инсон учун “қариндош”, “хамкасб”, “дўст” йўқ, уларнинг ҳаммаси “мижоз” бўлиб қолган. Фикру зикри – тармоқли маркетинг орқали пул ишлаш, балл тўплаш.
“Тян-ши” компанияси. 14 йилдан бери Хитой тиббиёти маҳсулотларини тақдим этиб келяпти. Айниқса, шифобахш чойлари ва кальций таблеткалари билан машҳур. Корпорация маҳсулотлари “TIENS” логотипи остида ишлаб чиқарилади. Ҳозирги кунда 4 та йўналиш билан бизнинг бозорга кириб келган: соғломлаштириш, косметика ва атторлик моллари, ювиш воситалари, тиббиёт асбоб-ускуналари.
Мурод, “Тян-ши” (TIENS) компаниясида “лидер” даражасига етганлардан: Бизда мажбурлаш йўқ, ишимиз – билим ва ахборот бериш. Бизнинг ишимиз – ахборот бизнеси. “Бир ойда шунча маҳсулотни сотиб беришинг керак”, деб аъзоларга мажбурият юкламаймиз.
- Ойлик қанча?
- Бизда ойлик йўқ, даромад бор. Бошқа ишларда яхши ишлайсизми-йўқми, ойлик тўланаверади. Тармоқли маркетингда эса ишлаганингизга, меҳнат қилганингизга қараб ҳақ оласиз.
- Аъзо бўлиш учун…
- Фақат ҳужжатлар тўпламини сотиб олиш ва компанияда ўз ҳисоб рақамингизни очиш учун пул тўлайсиз. Билим олиш курсларимиз текин.
- Бу ишдан омадга эриша олмаганлар ҳам борми?
- Қобилияти бор одам, омадга эришади, ҳар доим. Омадга эриша олмаганлар – ялқовлар. “Бу бўлмайдиган нарса” деб хулоса қилганлар – аъзо бўлиб ўз устида ишламаганлар.
Бир аёлни биламан, компанияда юқори балл тўплаш учун иккита фарзандини уйида ёлғиз қолдириб, қаҳратон совуғу жазирама иссиқни билмай, метро олдида одамларга эълон тарқатади. Улардан қанчаси телефон қиладию, қанчаси аъзо бўларкин, дейсиз. Аъзо бўлган одам эса тезроқ юқори поғоналарга кўтарилишни кўзлайди. Чунки у яқинларига даромадли бизнес ҳақида тўлиб-тошиб гапириб берган, улар олдида миллионернинг жонли мисоли бўлиш учун ҳар нарсага тайёр.
Тармоқли маркетингга аъзо бўлганларга бир нарса деб гап уқтиришимга кўзим етмайди. Биламан, сизларни жуда кўп ўқитишди, ўз ғояларини сингдиришди, мийянгизга эътирозлардан ҳимояланувчи “меҳанизм” ўрнатилган. Айтмоқчи бўлганим ҳали бу бизнесни татиб кўрмаганларга. Олдингизда икки йўл бор. Биринчисига кўра тармоқли маркетинг компаниясига аъзо бўлинг ва чиндан ҳам миллионер бўлишни хоҳласангиз, бундан бошқа нарсани ўйламанг. Оила аъзоларингиздан тортиб юз кўрмас бўлиб кетган танишларингизгача бизнесни таклиф қилинг, керак бўлса-бўлмаса маҳсулотларини сотиб олинг – балл тўплайсиз, пулини чиқариб олишингизни ўйлаб ўтирмасдан газеталарга эълонлар беринг. Балки бир кун келиб орзуингиздаги даромадни оларсиз, балки бирон йилдан сўнг директор ҳам бўларсиз… Иккинчи йўл – ортиқча нарсаларга вақтингиз ва пулингизни сарфламасдан ҳар куни ўз ишингизга бориб, масъулиятдаги вазифаларингизни бажаринг, ҳотиржам ҳаёт кечиринг ва реал маошни кутинг!
П/С: Тармоқли маркетинг ҳақида биринчи бўлиб биз ёзмаяпмиз. Турли оммавий ахборот воситаларида акс эттирилган танқидий фикрлар компания бошида турганларга етиб боргач, улар буни “буюртмали мақола”, яъни бир тармоқли маркетинг компаниясининг иккинчисига бўлган носоғлом рақобати, деб баҳолабдилар. Огоҳлантираман, менинг ҳеч бир тармоқли маркетинг тизимига алоқам йўқ. Улардан на куйиб қолганман ва на бойиб.
Интернетда бизнес: яна бир эртак
Баъзи сайтларга кирсангиз ёки электрон почтангизга юборилган хат орқали бир эълонга рўбарў келасиз. Қаранг-а, сиз нафақат интернет учун пул кетқизасиз, балки у орқали пул ҳам топишингиз мумкин экан. Бу учун маълум сайтларни очишингиз ва унга жойлаштирилган реклама саҳифасини бир неча дақиқа очиқ қолдиришингиз керак. Шунингдек, бу ҳақида онлайн дўстларингизга ҳабар берасиз ва уларни аъзоликка таклиф қиласиз. Бир саҳифанинг очилиши ҳам дўстингизга, ҳам сизга балл қўшади. Осон иш, шундайми? Аммо бундан сиз эмас, бошқалар манфаатдор. Компютер антивирусларини сотувчи компаниялар шундай сайтлар билан ҳамкорлик қилиб олар экан, яъни реклама саҳифасини очганингизда интернетдан вирус “юқиши” жадаллашади ва сиз антивирусларга эҳтиёж сезасиз!
Дурдона Алимова
* * *
Avtobusda edim. Bekatdan bir ayol chiqib, oldimda o’tirgan hamrohim bilan quyuq so’rashib ketdi. Keyin menga yuzlandi:
- O’qiysizmi-ishlaysizmi? Uyda o’tirib pul topadigan ishni bilaman, kirmaysizmi? Shuncha yil o’qishga to’lagan pulingizni ham chiqarib olardingiz.
- Qanday ish ekan? (ko’z oldimga 4 yil to’lagan shartnoma pulim keldi)
- A’zo bo’lasiz – bo’ldi! Pul topaverasiz. Ishingiz qiyin emas, also qiyin emas. - Qanday ish? – savolimni takrorladim men.
- Qonuniy, rasman tasdiqlangan ish. Sizga to’g’ri keladigan, risoladagidek ish. A’zolarimiz ham, mijozlarimiz ham ko’p. Anchadan beri faoliyat yuritamiz, chiroyli ofisimiz bor.
“Obbo, men bundan nima ish qilishim kerakligini so’rayapmanu, boshqa narsalarni gapirib og’zi tinmaydi-ya!”
- Ketingizdan bir yaxshi odamni qo’ysangiz bas, siz hech narsa qilmasdan pul topaverasiz. Davlat ishida yurasizmi oylikni kutib?!
Shunda bu ish tarmoqli marketing ekanligini tushundim. Avtobus oynasidan ko’chaga qarab, o’zimni chalg’itishga, to’g’rirog’i bu ayolga o’zimni chalg’igandek ko’rsatishga urindim. U pinagini buzmay, bir nimalarni gapirishda davom etardi.
- Ho’sh, kompaniyangiz qanaqa? Nimani reklama qilish kerak?
- Voy, reklama qilib yurmaysiz. Tanigan-bilgan odamlaringizga ma’lumot bersangiz bo’ldi. Yo’l haqqi to’lash uchun ko’zini bizlardan olib qochganidan foydalanib, sherigimga qaradim: - Bu ayolni taniysizmi?
- Yo’q, bemalol gaplashib ketganidan sening tanishing deb o’ylagandim.
“Oriflame”, “Faberlic”, “Mary Key”, “TIENS” (Tyan-shi”), “quest.net”. Bu nomlar sizga notanish bo’lmasa kerak. Yoki mahsulotidan foydalangansiz, yoki kompaniya a’zosi bo’lgansiz. O’tgan bir necha yillar davomida tarmoqli marketing kompaniyalari ham, mijozlari ham ko’paydi. Bir qarasangiz, hamma o’zini shu kompaniyalarga urayotgandek tuyuladi. Kimningdir qo’lida “Oriflame” katalogi, kimdir “quest.net”dan olgan sovg’asini ko’z-ko’z qilsa, boshqasi “Tyan-shi” orqali chet el sayohatiga borib kelganini og’zidan bol tomib gapiradi. Tarmoqli biznes orqasidan uy, mashina, boylikka ega bo’lganlar, millionerga aylanganlarni eshitib, sizni ham bu yangi biznes o’ziga ohangrabodek torta boshlaydi, osonlik bilan millioner bo’lish istagida yonasiz. Aslida qanday? Bu ishga kirganlarning hammasi ham muvaffaqiyatga erisha oladimi? Millionlar topaman deb qo’lidagi pulini ham yo’qotganlar nima qilarkin?
“Oriflame” kompaniyasi. Dunyo bo’yicha tarqatadigan mahsulotlarining 90,2 foizni Shvetsiya kosmetika mahsulotlari, 6,2 foizni uy uchun kerakli buyumlar, shuningdek kiyim-kechaklar, maishiy va sovg’abop tovarlar tashkil qiladi. Yiliga 17 ta katalog, 3 haftada bir yangi mahsulot taqdim etadi. 7 yarim ming ball bilan “menedjer”, keyingi 7 ta katalog davomida shu ko’rsatkichni saqlab turish bilan “direktor”, qo’l ostidagilardan ikkita direktorni chiqarish bilan “oltin direktor” unvonini oladi.
Kompaniyaning “Sotuvchi bo’lma – katalogning o’zi sotadi” degan gapi bor. Insonlarga oddiy va oson yo’l bilan pul topishni taklif qiladi. Barcha tarmoqli marketing kompaniyalari kabi “piramida” usulida biznes daromadini tashkil qilgan, ya’ni bir a’zo kimnidir biznesga jalb qilsa, yangi a’zoning faoliyatidan (mahsulotlarni sotib olishi, a’zo taklif qilishi) u odamga ham ball qo’shilaveradi.
Shahnoza Odilzoda, talaba: Bir ayol “Oriflame” mahsulotlarini sotib, 100 ball to’plasam, simka sovg’a qilinishini aytib qiziqtirdi. Aytganini qildim. Lekin turli bahonalar qilib, sumkani bergani yo’q. 100 ball to’plagan mehnatim bir pul bo’ldi. “Oriflame”ga a’zo bo’lib foyda ko’rmadim.
Sevilya Rasulova, xaridor: “Oriflame”ga tez-tez buyurtma berardim. Lekin mahsulotlarning aynan men tanlagan rangi kelmas, yo umuman ololmay qolardim. Bir marta kremga buyurtma berdim, ozgina o’tmay, kompaniya a’zosidan buyurtmani bekor qilishni so’radim. Krem xarid qilish fikridan qaytgandim. U esa “Mahsulotni olmasligingiz mumkin, lekin pulingiz qaytarilmaydi, bank hisobiga tushirib bo’lganmiz” dedi. Bozordan xarid qilgan narsangizni qaytarib olib borishingiz mumkin-u, tarmoqli marketing mahsulotini qaytara olmas ekansiz-da!
Aziza Usmonova, “Oriflame” kompaniyasi a’zosi: “A’zo bo’lganimga 7-8 oycha bo’lib qoldi. 2800 so’m to’lagandim, hozir 300 so’mga ham a’zo bo’lishayotgan ekan. Hali qo’limga daromad pulimni olganim yo’q. Menga foydali tomoni har oy katalog kelishi va undan chegirma bilan narsalarga buyurtma berishim. Pul topmayman. Chunki hozir yosh bolam bo’lgani uchun darslariga borolmayapman, ko’chaga chiqib odamlarga taklif qilolmayapman.
Demak, “uyda o’tirib pul topasiz” deb ishontirishlari mantiqqa to’g’ri kelmaydi. Kompaniya hizmatida yuqori “yulduz”larga ega bo’lish uchun tinmay harakat qilishingiz, kerak bo’lsa ko’chada duch kelgan insonga kompaniya mahsulotlari va a’zo bo’lishni taklif qilib yurishingiz kerak. Shunday ekan, reklamalaridagi “oddiy uy bekasidan millionerga aylanish” iborasini olib tashlashlari (siz uchun esa ishonmaslik) to’g’ri bo’ladi.
Yanvar oyida “Oriflame” kompaniyasining “Toj mahal” kinoteatridagi tantanali yeg’ilishida qatnashgandim. Unda ko’p ball to’plab, tizim doirasida yuqori lavozimlardan biriga erishgan 60-70 yoshlar orasidagi kishiga so’z berishdi. Otaxon bu biznes orqali Xaj safariga yetarli mablag’ to’plabdilar. Yana bir kelinchak esa Umra ziyoratiga shu ishdan to’plagan puli bilan borib kelganini aytdi. Bu yosh ayolni tushunish mumkin, har oy o’ziga kerakli kosmetik mahsulotlarni sotib olsa ham ancha-muncha ball yeg’ib oladi, katta yoshli, buning ustiga erkak kishining bunchalik muvaffaqiyat qozongani haqida sensatsion maqola yozgim keldi. Har xolda choyxonaga katalog ko’tarib bormasalar kerak. Bilmadim, balki tarmoqli marketingning “piramida” qoidasi qo’l kelgandir, ular haqida ortiqcha gumonga borish niyatim yo’q, nima bo’lganda ham omadlarini bersin!
“Quest.net” kompaniyasi. 11 yil muqaddam ish boshlagan qimmatbaho taqinchoqlar, soatlar, telekommunikatsiya vositalari (maslan, qo’l telefonlari), sog’lomlashtiruvchi va kosmetik mahsulotlar taqdim etuvchi kompaniya. U birgina firma va uning mahsulotlariga ihtisoslashmagan, bir necha gigant kompaniyalar bilan hamkorlik o’rnatgan bo’lib, dillerlari orqali o’sha mahsulotlarni reklama qiladi.
Erkin Jo’rayev, “quest.net” kompaniyasi a’zosi: 6 oy oldin do’stimning taklifi bilan tizimga a’zo bo’ldim. A’zolik badali to’lanmaydi, 400 dollarga platinadan yasalgan taqinchoq sotib oldim xolos (“xolos”?! – muallif taajjubi). “Quest.net”da bir gap bor: “Bu biznesda darrov boy bo’lolmaysiz, lekin aniq boy bo’lasiz”. Men ham hali balansimni tashkil qilolganim yo’q. O’zi maqsadim ko’pchilikka o’xshab pul topish bo’lmagan. “Quest.net”da omadsizlikka uchrash sababi jamoa bilan ishlay olmaslik va tarmoqli marketing haqida hech qanday bilimga ega bo’lmaslik, deb o’ylayman.
Bu tizimga minglab insonlar: talabalar, ishchi-hizmatchilar, uy bekalari, hatto ziyolilaru pensiyadagilar ham o’z orzulari, tez orada mo’may daromad orttirish ilinjida kiradilar. Sizning kim bo’lishingizning ahamiyati yo’q, talab qilinadigan yagona hujjat – pasport nusxasi. Bunga tarmoqdagilar “Diplomni sotib olish ham mumkin, bizda yaxshi, rasmiyatchilik kerak emas ” deb izoh beradilar. Tarmoqli marketing kompaniyasini tark etolmaysiz, sizni hech kim chiqarib yubormaydi. O’z xohishingiz bilan ishlashni tashlab qo’yishingiz esa mumkin.
“Faberlic” kompaniyasi. Turli xil kosmetika, attorlik mollarini taqdim etuvchi kompaniya. 10 yil oldin Rossiyada faoliyat boshlagan. 600 000 dan ortiq konsultantlari, 4000 dan ortiq aktivlari bor. 1 ball uchun 855 so’m, 3000 ball uchun “direktor” darajasi beriladi.
Nozima, “Faberlic” kompaniyasida ‘direktor” darajasiga yetganlardan: Bizning ishimiz qonuniy, mahsulotni buyurtma bergan kuningizoq olasiz.
O’zingiz uchun buyurtma bersangiz, 35 foiz chegirma bor. Yana, … (gapini bo’ldim)
- Bir oyda qancha pul topishim mumkin?
- Hammasi sizning qo’lingizda. Masalan, bir oyda 100 ming, 200 ming, 1 million…
- Lekin hamma ham bunday natijaga erishavermaydiku. Masalan, men tanishlarimni a’zolikka ko’ndirolmasam, mahsulotlarni sotib ololmasam, kompaniyadan qanday foyda ko’raman?
- Bunda ham foyda olaverasiz. Mana mening jamoamda 500 ta odam bor. Shulardan 20 tachasini shaxsan taklif qilgan bo’lsam kerak. Qo’l ostingizdagi odamlar yaxshi ishlasa bo’ldi, o’z-o’zidan sizga pul kelaveradi, ishlamasangiz ham.
Kompaniya a’zolari sizni o’z qatorlariga qo’shish maqsadida (sizni ham millioner qilish uchun emas, siz tufayli ball olib, millioner bo’lish uchun) turli psixologik yo’llardan foydalanishadi, bu ishga mukkasidan ketgan inson uchun “qarindosh”, “xamkasb”, “do’st” yo’q, ularning hammasi “mijoz” bo’lib qolgan. Fikru zikri – tarmoqli marketing orqali pul ishlash, ball to’plash.
“Tyan-shi” kompaniyasi. 14 yildan beri Xitoy tibbiyoti mahsulotlarini taqdim etib kelyapti. Ayniqsa, shifobaxsh choylari va kalsiy tabletkalari bilan mashhur. Korporatsiya mahsulotlari “TIENS” logotipi ostida ishlab chiqariladi. Hozirgi kunda 4 ta yo’nalish bilan bizning bozorga kirib kelgan: sog’lomlashtirish, kosmetika va attorlik mollari, yuvish vositalari, tibbiyot asbob-uskunalari.
Murod, “Tyan-shi” (TIENS) kompaniyasida “lider” darajasiga yetganlardan: Bizda majburlash yo’q, ishimiz – bilim va axborot berish. Bizning ishimiz – axborot biznesi. “Bir oyda shuncha mahsulotni sotib berishing kerak”, deb a’zolarga majburiyat yuklamaymiz.
- Oylik qancha?
- Bizda oylik yo’q, daromad bor. Boshqa ishlarda yaxshi ishlaysizmi-yo’qmi, oylik to’lanaveradi. Tarmoqli marketingda esa ishlaganingizga, mehnat qilganingizga qarab haq olasiz.
- A’zo bo’lish uchun…
- Faqat hujjatlar to’plamini sotib olish va kompaniyada o’z hisob raqamingizni ochish uchun pul to’laysiz. Bilim olish kurslarimiz tekin.
- Bu ishdan omadga erisha olmaganlar ham bormi?
- Qobiliyati bor odam, omadga erishadi, har doim. Omadga erisha olmaganlar – yalqovlar. “Bu bo’lmaydigan narsa” deb xulosa qilganlar – a’zo bo’lib o’z ustida ishlamaganlar.
Bir ayolni bilaman, kompaniyada yuqori ball to’plash uchun ikkita farzandini uyida yolg’iz qoldirib, qahraton sovug’u jazirama issiqni bilmay, metro oldida odamlarga e’lon tarqatadi. Ulardan qanchasi telefon qiladiyu, qanchasi a’zo bo’larkin, deysiz. A’zo bo’lgan odam esa tezroq yuqori pog’onalarga ko’tarilishni ko’zlaydi. Chunki u yaqinlariga daromadli biznes haqida to’lib-toshib gapirib bergan, ular oldida millionerning jonli misoli bo’lish uchun har narsaga tayyor.
Tarmoqli marketingga a’zo bo’lganlarga bir narsa deb gap uqtirishimga ko’zim yetmaydi. Bilaman, sizlarni juda ko’p o’qitishdi, o’z g’oyalarini singdirishdi, miyyangizga e’tirozlardan himoyalanuvchi “mehanizm” o’rnatilgan. Aytmoqchi bo’lganim hali bu biznesni tatib ko’rmaganlarga. Oldingizda ikki yo’l bor. Birinchisiga ko’ra tarmoqli marketing kompaniyasiga a’zo bo’ling va chindan ham millioner bo’lishni xohlasangiz, bundan boshqa narsani o’ylamang. Oila a’zolaringizdan tortib yuz ko’rmas bo’lib ketgan tanishlaringizgacha biznesni taklif qiling, kerak bo’lsa-bo’lmasa mahsulotlarini sotib oling – ball to’playsiz, pulini chiqarib olishingizni o’ylab o’tirmasdan gazetalarga e’lonlar bering. Balki bir kun kelib orzuingizdagi daromadni olarsiz, balki biron yildan so’ng direktor ham bo’larsiz… Ikkinchi yo’l – ortiqcha narsalarga vaqtingiz va pulingizni sarflamasdan har kuni o’z ishingizga borib, mas’uliyatdagi vazifalaringizni bajaring, hotirjam hayot kechiring va real maoshni kuting!
P/S: Tarmoqli marketing haqida birinchi bo’lib biz yozmayapmiz. Turli ommaviy axborot vositalarida aks ettirilgan tanqidiy fikrlar kompaniya boshida turganlarga yetib borgach, ular buni “buyurtmali maqola”, ya’ni bir tarmoqli marketing kompaniyasining ikkinchisiga bo’lgan nosog’lom raqobati, deb baholabdilar. Ogohlantiraman, mening hech bir tarmoqli marketing tizimiga aloqam yo’q. Ulardan na kuyib qolganman va na boyib.
Internetda biznes: yana bir ertak
Ba’zi saytlarga kirsangiz yoki elektron pochtangizga yuborilgan xat orqali bir e’longa ro’baro’ kelasiz. Qarang-a, siz nafaqat internet uchun pul ketqizasiz, balki u orqali pul ham topishingiz mumkin ekan. Bu uchun ma’lum saytlarni ochishingiz va unga joylashtirilgan reklama sahifasini bir necha daqiqa ochiq qoldirishingiz kerak. Shuningdek, bu haqida onlayn do’stlaringizga habar berasiz va ularni a’zolikka taklif qilasiz. Bir sahifaning ochilishi ham do’stingizga, ham sizga ball qo’shadi. Oson ish, shundaymi? Ammo bundan siz emas, boshqalar manfaatdor. Kompyuter antiviruslarini sotuvchi kompaniyalar shunday saytlar bilan hamkorlik qilib olar ekan, ya’ni reklama sahifasini ochganingizda internetdan virus “yuqishi” jadallashadi va siz antiviruslarga ehtiyoj sezasiz!
Durdona Alimova