Рамазоннинг фазилати

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 26.05.2017

Салмони Форсий розияллоҳу анҳу шундай ривоят қиладилар: «Шаъбоннинг охирги кунида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай хутба ўқидилар: «Эй инсонлар! Улуғ ва муборак бир ойнинг сояси устингизга тушди. (Чунки бу кун шаъбоннинг охирги куни, ҳали рамазон ойи кирмаганлиги учун шундай дедилар). «Шундай бир ойки, унда минг ойдан афзал бир кеча бор...»

Минг ойдан яхши бўлган бу кеча – қадр кечасидир. Қадр кечаси рамазон ойида мавжуд бўлиб, қайси кундалиги яширилган, сир тутилган. Севимли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазоннинг охирги ўн кунидаги тоқ кунлардан изланг», – деб айтган бўлсалар-да, аниқ қайси кунлиги махсус маълум қилинмаган. Баъзан рамазоннинг бошланиши бирор кунга силжиб қолиши мумкин. Шунинг учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қадр кечасини топиб, ундан фойдаланиш учун, рамазоннинг охирги ўн кунини уйларига бормасдан, масжидда тоат-ибодат билан эътикофда ўтказардилар. Азиз пайғамбаримизнинг бу суннатларига жиддий равишда амал қилишимиз лозим.

Аллоҳ таоло: «Менга бандаларим дуо қилсалар, дуоларини ижобат этаман, ихлос билан сўраганларини бераман», – деб ваъда берган. Шунинг учун ҳам бу муборак ойда қалбдан, ич-ичдан, астойдил дунё ва охират саодатини сўраб дуо қилишимиз керак. Иншоаллоҳ, дуоларимиз ижобат бўлади.

«Аллоҳ таоло рамазон ойида кундузлари рўза тутишни фарз қилди. Кечалари туриб намоз ўқишни татаввуъ қилди». Татаввуъ – фарз бўлмаган ҳолда бажариладиган ихтиёрий гўзал нафл амаллардир. Биз кундузлари рўза тутамиз, аммо кечаси ўқиладиган татаввуъ намозни ўқияпмизми? Ўқияпмиз, ўқидик, шу кунгача ўқиб келдик... Хўп, биз яна нима қилдик? Хуфтон намозидан кейин таровиҳ намозини адо этдик. Бу – ўша кечанинг татаввуъ қилинган намози. У бошқа вақтларда ўқилмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати бўлганлиги учун ҳам ишқ билан ўқиймиз.

Юқоридаги ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бир киши рамазон ойида Аллоҳга яқинлигини мустаҳкамламоқчи бўлиб, бирор ибодат ёки хайрли амални бажарса, гўё рамазондан бошқа ойда бир фарзни бажаргандек бўлади. Ва кимки, рамазонда бир фарзни адо қилса, гўё рамазондан бошқа ойда етмишта фарзни адо қилгандек савобга эга бўлади», – дея марҳамат қиладилар. Масалан, закотни рамазонда бериш керак деган ҳеч қандай мажбурият йўқ, аммо ўша фарз (закот) рамазонда адо этилса, рамазондан бошқа ойда адо этилган етмишта фарз амалнинг савобига тенг бўлади.

Масалан, рамазон ойида умра зиёратини адо этса нима бўлади? Бошқа ойда борганга нисбатан кўпроқ савобга эришади. Аниқроғи, рамазонда умра ибодатини адо этган одам Ҳаж қилган билан баробар бўлади. Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари бор. Бу – рамазоннинг баракоти туфайлидир. Ҳадиси шарифдан ташқарига чиқмаганлигим учун рамазон билан алоқадор бўлган бошқа ҳадисларни ҳали гапирганимча йўқ. Рамазон ойида Аллоҳ таоло жаннатни, осмонни, ерни ва маънавий оламни яхшилаб тайёрлаб қўяди. Мўъминларга жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади. Само безатилади. Бу ойда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга амр қилади: «Бориб, шайтонларнинг бошлиқларини занжирбанд қилиб денгизга улоқтир!» Ҳадиси шарифда маълумот берилишича, бу ойда шайтонларнинг оёқ-қўллари боғланади, куч-қуввати таъсирсизлантирилади, инсонларни йўлдан оздириш фаолиятлари камайтирилади. Бу – биз инсонлар учун Аллоҳ тарафидан берилган жуда ҳам яхши бир фурсатдир.

Осмоннинг безатилиши, жаннатнинг зийнатланиши, унинг эшиклари очилиши каби хушхабарлар рамазоннинг нечоғли аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Қаранг, агар бу ойда бирор яхшилик қилинса, бир фарз бажарилса, бошқа ойда қилингандан етмиш баробар ортиқ савобга эришилар экан. Муҳтарам биродарлар! Бу дегани қўлингдан келгунча, имкон қадар хайрли иш қилишга ҳаракат қил, дегани... Хайрли иш қилиш билан инсоннинг ғайрати ортади, маънавий камолоти ошади... Шундай эмасми?..

«Рамазон – сабр ойи». Аллоҳ таоло рамазон ойида баъзи ҳалол нарсаларни таъқиқлаган: «(Рамазонда) сув ичманг, кундузи овқатланманг ва ҳоказо». Хўп бўлади, деймиз-да, буйруқни бажарамиз. Ташна қолсак ҳам сув ичмаймиз. Ҳозир, қиш кунида кун қисқа бўлгани учун рўза тутиш осонроқ. Аммо ёзда кунлар узаяди. Бунинг устига ўрим-йиғим мавсуми, шунга қарамай, боболаримиз сувсизликдан оғизлари қуриса ҳам, лаблари ёрилиб кетса ҳам рўза тутишни давом эттирганлар. Сабр қилганлар. Чунки бу – сабр ойидир.

Демак, рамазонда озми-кўпми сабр имтиҳонини топширамиз. Тонгдан шомга қадар сабр қилсак қандай бахт!.. Сабр қиламиз: сув ичмаймиз, овқат емаймиз, аммо мен бу ерда сабр деганда кўпроқ жаҳл ва ғазабдан тийилишга урғу бермоқчиман: болаларингиз, хотинингиз, ҳамсоянгизга қизишмайсиз, юмшоқ муомалада бўласиз, ҳалим ва салим бўласиз! Шунингдек, ҳаромга қарамайсиз, тилингизни тиясиз, кўзингизни сақлайсиз! Буларнинг ҳаммаси сабр билан боғлиқ эзгу ишлардир.

«Сабрнинг савоби, мукофоти – жаннатдир». Инсон сабр этиш учун қийналади, тишини-тишига қўяди, ранж чекади, аммо сабр қилганлиги учун жаннатга сазовор бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу сўзлари билан сабр қилганлар жаннатга эришажагидан хушхабар бермоқдалар.

Бу ой шаҳрул мувосодир. Яъни бошқаларга моддий жиҳатдан ёрдамлашиш, едириш-ичириш ойидир. Кўмагимиз туфайли ўзгалар ҳам неъматлар билан таъминланади.

«Бу ойда Аллоҳ мўъминнинг ризқини кўпайтиради». Ҳақиқатан ҳам худди шундай. Уйингиздаги умумий овқатланиш режаси жадвалини чизиб кўринг. Ўн бир ой ичидаги ейиш-ичиш озуқалари билан рамазон ойи дастурхонингиздаги ҳолатни таққослаб кўринг. Рамазон ойига келганда жадвал дарҳол ўзгаради. Нега бундай? Чунки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Рамазон келиши билан мўъминнинг ризқи ортади, дастурхон файзу баракага тўлади».

Аллома устозимиз Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ҳазратлари «Ризқ – бу инсон томоғидан ўтган луқмадир, киссасидаги нарса эмас», – деган сўзни кўп айтардилар. Яъни инсоннинг томоғидан ўтгани унинг ризқи ҳисобланади.

Ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмизки, рамазонда мўъминларнинг ризқи ортмоқда. Ҳар хил озиқ-овқатлар, шарбатлар дастурхонни безамоқда. Уларни санаб улгурмаймиз. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўъминнинг ризқи орттирилади», – деб айтганлар.

Юқоридаги ҳадисда таъкидланишича, «Агар киши бу ойда бирор рўзадорга ифторлик берса, бу гуноҳларининг мағфират қилинишига сабаб бўлади». Қаранг, бу ерда масаланинг бошқа томони ҳам бор экан... Демак, дастурхонимизни, кўнглимизни, дилимизни очиқ қилиб, «Марҳамат, бизникида ифторлик қилинг», – деб саховат кўрсатишимиз керак.

(Ва итқа рақабатиҳи минан-нар). «Ва у кишининг бўйни жаҳаннамдан озод қилинган бўлади. (Ва кана лаҳу мисли ажриҳи). «Ва у кишига, яъни ифторлик берган кишига, рўзадор қанча савобга эга бўлган бўлса, шунча миқдорда ажр-савоб берилади» (мин ғайри ан янқуса мин ажриҳи шайъун). «Яъни рўзадорнинг савобидан ҳеч бир нарса камайтирилмасдан, худди ўшанча миқдордаги савоб ифторлик берган кишига ҳам берилади».

Бу ҳам жуда аҳамиятли иш, унга жиддий эътибор бериш лозим. Чунки, бир рўзадорга ифторлик бериш билан сиз ҳам унинг топган савобига тенг шерик бўлиб, савоб топасиз.

Ҳадиси шариф давомида яна бир мужда келмоқда. Биласизки, саҳобаи киромлар жуда оғир аҳволда яшаганлар. Шу боис: «Эй, Расулуллоҳ! Биз ифторлик берадиган, дастурхон безатадиган ҳолатда эмасмиз! «Уйида ейдиган-ичадиган ортиқча нарсаси бўлмаган кишилар нима қилишади!», – деб сўраганларида, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Бир киши бирор рўзадорга бир дона хурмо ёки бир қултум сув ёхуд озгина сут берган бўлса, Аллоҳ у кишини савоб билан сийлайди». Яъни у киши бой бўлмаса ҳам рўзадорга бирор нарса бериб, у қилган амаллар савобича ажрга ноил бўлади.

Шунинг учун борига қаноат қилиб, саховат қўлларини очиб ифторлик беришга шошилинг! Ҳаттоки, агар киши чўнтагида бир дона хурмо олиб юрса ҳам кўп фойда қилиши мумкин. Йўлда кетишда инсон ҳар хил сабабларга кўра ифторликка етолмаслиги мумкин. Шу вақтда у хурмони инъом қилади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойининг фазилатларини мадҳ этишда давом этмоқдалар: «Бу шундай ойки, унинг боши раҳматдир». Яъни, инсон бу ойда Худонинг раҳматига дохил бўлади. Иншоаллоҳ, биз ушбу ойда Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиб турибмиз, алҳамду лиллоҳ...

(Ва авсатуҳу мағфиратун). Рамазоннинг «ўртасида эса, қулнинг гуноҳлари мағфират этилади». Гуноҳкормиз, айбдормиз, юзимиз қора, кечмишимиз қоронғу... Қусуримиз кўп бўлса-да, рамазоннинг ярмига етганимизда тутган рўзаларимиз эвазига Аллоҳ гуноҳларимизни кечиради.

(Ва ахируҳу итқун минан-нар). «Рамазоннинг охири эса бу ойни рўза тутиб ўтказган қуллари учун жаҳаннамдан озод бўлишдир». «Эй қулим, сен рўза тутдинг, мен эса сени афв қилдим, мағфират айладим, жаҳаннам азобидан озодсан!» – дея марҳамат қилади Аллоҳ таоло.
Аллоҳ бизни ҳам жаҳаннамдан озод бўлган ўша бахтиёр қулларидан қилсин!

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Ким қулига бу ойда юклайдиган ишини озгина енгиллатса, (қулларнинг баъзилари мусулмон бўларди) Аллоҳ у қулнинг соҳибини мағфират этиб, жаҳаннамдан озод қилади».

Ва яна, «Рамазон ойида тўрт ишни кўп бажаринг». Бу тўрт ишнинг иккитаси билан Раббингизнинг розилигини топасиз, қолган иккитаси ҳам сиз воз кеча олмайдиган, ўзингиз муҳтож бўлган ва қўлга киритишингиз лозим бўлган ишлардир» – дедилар.

Бу ишлар нима экан? Раббингиз рози бўладиган, Уни рози қиладиган бу иккита ишнинг биринчиси: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ» – дейиш. Бу жуда ҳам муҳим сўз! «Мен шаҳодат бераманки, Аллоҳ таолонинг шериги, назири йўқ, фақат Аллоҳ бор». Иккинчиси эса истиғфор айтишлик. Демак, рамазон ойида «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ» билан «Астағфируллоҳ»ни кўп айтамиз. «Астағфируллоҳ ал-азим ва атубу илайҳ» дейишимиз ҳам мумкин.

Мен аввал ҳам мақолаларимда: «Рамазон – тасаввуф ойи», – деганман. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тасаввуфни қандай тушунтираётганликларини кўриб турибмиз. Рамазонда кўпроқ «Ла илаҳа иллаллоҳ», «Астағфируллоҳ» – дейсиз. Бу билан “Раббингизни рози қиласиз”, деб буюрмоқдалар. Қаранг, Раббимиз нақадар лутфкорки, биз «Ла илаҳа иллаллоҳ» деймиз, у рози бўлади, «Астағфируллоҳ», «Мени кечир, эй Раббим!» – деймиз, Раббимиз яна рози бўлади. Нақадар гўзал динимиз бор бизнинг, алҳамду лиллоҳ.

Бу икки калимани мазмунига етиб такрорлаш сўфийликнинг бош талабларидандир.
Аллоҳнинг ўзидан паноҳ сўраладиган икки нарса: «Аллоҳдан жаннатини исташингиз, жаҳаннамдан Аллоҳга сиғинишингиздир». Ҳа, демак: «Ё Рабби! Бизни жаннатингга дохил айла! Эй Рабби! Бизни жаҳаннамдан сақлагин!» – деб айтамиз.

«Ат-тарғиб ват-тарҳиб» китобида шундай ҳадис келган: «Ким бу ойда бир рўзадорни сероб қилса, Аллоҳ унга Кавсаримдан бир шарбат инъом қилади, ичган кишининг чанқоғи босиладики, бошқа асло ташна бўлмайди».

Бу билан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорни икром этган кишини Аллоҳ таоло ҳам ҳавзи Кавсардан икром этишининг хабарини бердилар.

Бу ҳадиси  шариф  бизни ҳушёрликка чақириб, қуйидаги амалларини бажаришга даъват қилади: қадр кечасини топишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун рамазоннинг охирги ўн кунида эътикофга кирамиз. Рамазон байрамида, агар бойлигимиз етса, бирорта қурбонлик сўямиз. Бу ойнинг сабр ойи эканлиги учун сабр қиламиз ва сабрнинг муқобили жаннат эканлигини мушоҳада этамиз. Бу ойда бажарилган бирор хайрли амал, бошқа ойда қилинган етмиш хайрга тенглигини унутмаймиз ва савобли ишларни қилишга шошиламиз.

Бу ойда ризқ кўпаяди. Шунинг учун «алҳамду лиллоҳ», деймиз. Бу ой моддий жиҳатдан фақирларни қўллаш ойи бўлганлигидан, уларга моддий ёрдам берамиз. Хоҳ пул билан, хоҳ киядиган ёки егулик нарсалар икром қилиш орқали ёрдамлашамиз. Ҳамма байрамни нишонлайди, рамазон ойи мобайнида бир яхшилаб дам оламиз.

Рўзадорларнинг бир-бирини ифтор қилиши улуғ савобдир. Кимки, рўзадорга ифторлик берса гуноҳлари мағфират қилинади, жаҳаннамдан озод бўлади ва ифторлик берган киши ўша рўзадорнинг савобидек ажр олади. Бунинг учун нима қиламиз? Оқшомлари дастурхонимизни ёзамиз – мусофирларни, рўзадорларни ифторлик зиёфатига таклиф қиламиз. Агар бунга имконимиз бўлмаса, бир қултум сув, бир дона хурмо ёки бироз соғилган сут икром қилинса, у рўзани очишга сабаб бўлса, шу билан ҳам худди ўша савобни олиш мумкин.

Бу ойда «Ла илаъҳа иллаллоҳ»ни, «Астағфируллоҳ»ни кўп такрорлаймиз, Аллоҳдан жаннатни истаймиз ва жаҳаннамдан Аллоҳга сиғинамиз. Аллоҳга кўпроқ ёлвориб сўраймиз: «Бизни афв эт... бизни жаҳаннамга ташлама, эй Аллоҳ! Бизни жаҳаннамдан озод қил!» – деймиз.

Аллоҳ таоло бизни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларда хабар берган барча яхшиликларга муваффақ айласин! Қанчадан-қанча муборак рамазон ойларига Аллоҳнинг суюкли қулларидек етишишни, Аллоҳ яхши кўрган шаклда бу ойларни иҳё этиб, яшаб, ибодат билан безаб, бу ойларнинг файзу баракотидан, савобларидан, илоҳий неъматларидан фойдаланишни Аллоҳ ҳаммамизга насиб этсин...

Умримизни Аллоҳ ризолиги ичида кечириб, севган қулларидек бўлиб, қалбимиз нурланиб, ичимиз ишқуллоҳ-муҳаббатуллоҳга тўлиб, умримизни Аллоҳнинг ризолигида ўтказишимизни Аллоҳ ўзи барчамизга насиб этсин.

Бу дунёдан ҳусну хотима ила видолашиб охиратга боришни, ҳузурига ўзи севган, рози бўлган, юзи ёруғ ва нурли қуллардек боришимизни насиб айласин. Раббимиз жаннати билан, жамоли билан барчамизни мушарраф айласин. Шарафли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога қўшни қилсин! Унинг ҳавзи Кавсаридан тўйиб-тўйиб ичишимизни Раббимиз барчамизга насиб этсин!..

2 феврал 1995 / 2 Рамазон 1415

Маҳмуд Асъад Жўшоннинг "Рамазон ва тақво" китобидан

Salmoni Forsiy roziyallohu anhu shunday rivoyat qiladilar: «Sha’bonning oxirgi kunida Rasululloh sallallohu alayhi vasallam bizga shunday xutba o‘qidilar: «Ey insonlar! Ulug‘ va muborak bir oyning soyasi ustingizga tushdi. (Chunki bu kun sha’bonning oxirgi kuni, hali ramazon oyi kirmaganligi uchun shunday dedilar). «Shunday bir oyki, unda ming oydan afzal bir kecha bor...»

Ming oydan yaxshi bo‘lgan bu kecha – qadr kechasidir. Qadr kechasi ramazon oyida mavjud bo‘lib, qaysi kundaligi yashirilgan, sir tutilgan. Sevimli Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam: «Ramazonning oxirgi o‘n kunidagi toq kunlardan izlang», – deb aytgan bo‘lsalar-da, aniq qaysi kunligi maxsus ma’lum qilinmagan. Ba’zan ramazonning boshlanishi biror kunga siljib qolishi mumkin. Shuning uchun Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam muborak qadr kechasini topib, undan foydalanish uchun, ramazonning oxirgi o‘n kunini uylariga bormasdan, masjidda toat-ibodat bilan e’tikofda o‘tkazardilar. Aziz payg‘ambarimizning bu sunnatlariga jiddiy ravishda amal qilishimiz lozim.

Alloh taolo: «Menga bandalarim duo qilsalar, duolarini ijobat etaman, ixlos bilan so‘raganlarini beraman», – deb va’da bergan. Shuning uchun ham bu muborak oyda qalbdan, ich-ichdan, astoydil dunyo va oxirat saodatini so‘rab duo qilishimiz kerak. Inshoalloh, duolarimiz ijobat bo‘ladi.

«Alloh taolo ramazon oyida kunduzlari ro‘za tutishni farz qildi. Kechalari turib namoz o‘qishni tatavvu’ qildi». Tatavvu’ – farz bo‘lmagan holda bajariladigan ixtiyoriy go‘zal nafl amallardir. Biz kunduzlari ro‘za tutamiz, ammo kechasi o‘qiladigan tatavvu’ namozni o‘qiyapmizmi? O‘qiyapmiz, o‘qidik, shu kungacha o‘qib keldik... Xo‘p, biz yana nima qildik? Xufton namozidan keyin tarovih namozini ado etdik. Bu – o‘sha kechaning tatavvu’ qilingan namozi. U boshqa vaqtlarda o‘qilmaydi. Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallamning sunnati bo‘lganligi uchun ham ishq bilan o‘qiymiz.

Yuqoridagi hadisi sharifda Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam: «Agar bir kishi ramazon oyida Allohga yaqinligini mustahkamlamoqchi bo‘lib, biror ibodat yoki xayrli amalni bajarsa, go‘yo ramazondan boshqa oyda bir farzni bajargandek bo‘ladi. Va kimki, ramazonda bir farzni ado qilsa, go‘yo ramazondan boshqa oyda yetmishta farzni ado qilgandek savobga ega bo‘ladi», – deya marhamat qiladilar. Masalan, zakotni ramazonda berish kerak degan hech qanday majburiyat yo‘q, ammo o‘sha farz (zakot) ramazonda ado etilsa, ramazondan boshqa oyda ado etilgan yetmishta farz amalning savobiga teng bo‘ladi.

Masalan, ramazon oyida umra ziyoratini ado etsa nima bo‘ladi? Boshqa oyda borganga nisbatan ko‘proq savobga erishadi. Aniqrog‘i, ramazonda umra ibodatini ado etgan odam Haj qilgan bilan barobar bo‘ladi. Bu haqda Payg‘ambar alayhissalomning hadislari bor. Bu – ramazonning barakoti tufaylidir. Hadisi sharifdan tashqariga chiqmaganligim uchun ramazon bilan aloqador bo‘lgan boshqa hadislarni hali gapirganimcha yo‘q. Ramazon oyida Alloh taolo jannatni, osmonni, yerni va ma’naviy olamni yaxshilab tayyorlab qo‘yadi. Mo‘‘minlarga jannat eshiklari ochiladi, jahannam eshiklari yopiladi. Samo bezatiladi. Bu oyda Alloh taolo Jabroil alayhissalomga amr qiladi: «Borib, shaytonlarning boshliqlarini zanjirband qilib dengizga uloqtir!» Hadisi sharifda ma’lumot berilishicha, bu oyda shaytonlarning oyoq-qo‘llari bog‘lanadi, kuch-quvvati ta’sirsizlantiriladi, insonlarni yo‘ldan ozdirish faoliyatlari kamaytiriladi. Bu – biz insonlar uchun Alloh tarafidan berilgan juda ham yaxshi bir fursatdir.

Osmonning bezatilishi, jannatning ziynatlanishi, uning eshiklari ochilishi kabi xushxabarlar ramazonning nechog‘li ahamiyatga ega ekanligini ko‘rsatadi. Qarang, agar bu oyda biror yaxshilik qilinsa, bir farz bajarilsa, boshqa oyda qilingandan yetmish barobar ortiq savobga erishilar ekan. Muhtaram birodarlar! Bu degani qo‘lingdan kelguncha, imkon qadar xayrli ish qilishga harakat qil, degani... Xayrli ish qilish bilan insonning g‘ayrati ortadi, ma’naviy kamoloti oshadi... Shunday emasmi?..

«Ramazon – sabr oyi». Alloh taolo ramazon oyida ba’zi halol narsalarni ta’qiqlagan: «(Ramazonda) suv ichmang, kunduzi ovqatlanmang va hokazo». Xo‘p bo‘ladi, deymiz-da, buyruqni bajaramiz. Tashna qolsak ham suv ichmaymiz. Hozir, qish kunida kun qisqa bo‘lgani uchun ro‘za tutish osonroq. Ammo yozda kunlar uzayadi. Buning ustiga o‘rim-yig‘im mavsumi, shunga qaramay, bobolarimiz suvsizlikdan og‘izlari qurisa ham, lablari yorilib ketsa ham ro‘za tutishni davom ettirganlar. Sabr qilganlar. Chunki bu – sabr oyidir.

Demak, ramazonda ozmi-ko‘pmi sabr imtihonini topshiramiz. Tongdan shomga qadar sabr qilsak qanday baxt!.. Sabr qilamiz: suv ichmaymiz, ovqat yemaymiz, ammo men bu yerda sabr deganda ko‘proq jahl va g‘azabdan tiyilishga urg‘u bermoqchiman: bolalaringiz, xotiningiz, hamsoyangizga qizishmaysiz, yumshoq muomalada bo‘lasiz, halim va salim bo‘lasiz! Shuningdek, haromga qaramaysiz, tilingizni tiyasiz, ko‘zingizni saqlaysiz! Bularning hammasi sabr bilan bog‘liq ezgu ishlardir.

«Sabrning savobi, mukofoti – jannatdir». Inson sabr etish uchun qiynaladi, tishini-tishiga qo‘yadi, ranj chekadi, ammo sabr qilganligi uchun jannatga sazovor bo‘ladi. Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam o‘zlarining bu so‘zlari bilan sabr qilganlar jannatga erishajagidan xushxabar bermoqdalar.

Bu oy shahrul muvosodir. Ya’ni boshqalarga moddiy jihatdan yordamlashish, yedirish-ichirish oyidir. Ko‘magimiz tufayli o‘zgalar ham ne’matlar bilan ta’minlanadi.

«Bu oyda Alloh mo‘‘minning rizqini ko‘paytiradi». Haqiqatan ham xuddi shunday. Uyingizdagi umumiy ovqatlanish rejasi jadvalini chizib ko‘ring. O‘n bir oy ichidagi yeyish-ichish ozuqalari bilan ramazon oyi dasturxoningizdagi holatni taqqoslab ko‘ring. Ramazon oyiga kelganda jadval darhol o‘zgaradi. Nega bunday? Chunki, Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam aytganlar: «Ramazon kelishi bilan mo‘‘minning rizqi ortadi, dasturxon fayzu barakaga to‘ladi».

Alloma ustozimiz Muhammad Zohid Qo‘tqu hazratlari «Rizq – bu inson tomog‘idan o‘tgan luqmadir, kissasidagi narsa emas», – degan so‘zni ko‘p aytardilar. Ya’ni insonning tomog‘idan o‘tgani uning rizqi hisoblanadi.

O‘zimiz guvoh bo‘lib turibmizki, ramazonda mo‘‘minlarning rizqi ortmoqda. Har xil oziq-ovqatlar, sharbatlar dasturxonni bezamoqda. Ularni sanab ulgurmaymiz. Chunki Rasululloh sallallohu alayhi vasallam: «Mo‘‘minning rizqi orttiriladi», – deb aytganlar.

Yuqoridagi hadisda ta’kidlanishicha, «Agar kishi bu oyda biror ro‘zadorga iftorlik bersa, bu gunohlarining mag‘firat qilinishiga sabab bo‘ladi». Qarang, bu yerda masalaning boshqa tomoni ham bor ekan... Demak, dasturxonimizni, ko‘nglimizni, dilimizni ochiq qilib, «Marhamat, biznikida iftorlik qiling», – deb saxovat ko‘rsatishimiz kerak.

(Va itqa raqabatihi minan-nar). «Va u kishining bo‘yni jahannamdan ozod qilingan bo‘ladi. (Va kana lahu misli ajrihi). «Va u kishiga, ya’ni iftorlik bergan kishiga, ro‘zador qancha savobga ega bo‘lgan bo‘lsa, shuncha miqdorda ajr-savob beriladi» (min g‘ayri an yanqusa min ajrihi shay’un). «Ya’ni ro‘zadorning savobidan hech bir narsa kamaytirilmasdan, xuddi o‘shancha miqdordagi savob iftorlik bergan kishiga ham beriladi».

Bu ham juda ahamiyatli ish, unga jiddiy e’tibor berish lozim. Chunki, bir ro‘zadorga iftorlik berish bilan siz ham uning topgan savobiga teng sherik bo‘lib, savob topasiz.

Hadisi sharif davomida yana bir mujda kelmoqda. Bilasizki, sahobai kiromlar juda og‘ir ahvolda yashaganlar. Shu bois: «Ey, Rasululloh! Biz iftorlik beradigan, dasturxon bezatadigan holatda emasmiz! «Uyida yeydigan-ichadigan ortiqcha narsasi bo‘lmagan kishilar nima qilishadi!», – deb so‘raganlarida, Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam bunday deganlar: «Bir kishi biror ro‘zadorga bir dona xurmo yoki bir qultum suv yoxud ozgina sut bergan bo‘lsa, Alloh u kishini savob bilan siylaydi». Ya’ni u kishi boy bo‘lmasa ham ro‘zadorga biror narsa berib, u qilgan amallar savobicha ajrga noil bo‘ladi.

Shuning uchun boriga qanoat qilib, saxovat qo‘llarini ochib iftorlik berishga shoshiling! Hattoki, agar kishi cho‘ntagida bir dona xurmo olib yursa ham ko‘p foyda qilishi mumkin. Yo‘lda ketishda inson har xil sabablarga ko‘ra iftorlikka yetolmasligi mumkin. Shu vaqtda u xurmoni in’om qiladi.

Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam ramazon oyining fazilatlarini madh etishda davom etmoqdalar: «Bu shunday oyki, uning boshi rahmatdir». Ya’ni, inson bu oyda Xudoning rahmatiga doxil bo‘ladi. Inshoalloh, biz ushbu oyda Allohning rahmatiga sazovor bo‘lib turibmiz, alhamdu lilloh...

(Va avsatuhu mag‘firatun). Ramazonning «o‘rtasida esa, qulning gunohlari mag‘firat etiladi». Gunohkormiz, aybdormiz, yuzimiz qora, kechmishimiz qorong‘u... Qusurimiz ko‘p bo‘lsa-da, ramazonning yarmiga yetganimizda tutgan ro‘zalarimiz evaziga Alloh gunohlarimizni kechiradi.

(Va axiruhu itqun minan-nar). «Ramazonning oxiri esa bu oyni ro‘za tutib o‘tkazgan qullari uchun jahannamdan ozod bo‘lishdir». «Ey qulim, sen ro‘za tutding, men esa seni afv qildim, mag‘firat ayladim, jahannam azobidan ozodsan!» – deya marhamat qiladi Alloh taolo.
Alloh bizni ham jahannamdan ozod bo‘lgan o‘sha baxtiyor qullaridan qilsin!

Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam shunday deydilar: «Kim quliga bu oyda yuklaydigan ishini ozgina yengillatsa, (qullarning ba’zilari musulmon bo‘lardi) Alloh u qulning sohibini mag‘firat etib, jahannamdan ozod qiladi».

Va yana, «Ramazon oyida to‘rt ishni ko‘p bajaring». Bu to‘rt ishning ikkitasi bilan Rabbingizning roziligini topasiz, qolgan ikkitasi ham siz voz kecha olmaydigan, o‘zingiz muhtoj bo‘lgan va qo‘lga kiritishingiz lozim bo‘lgan ishlardir» – dedilar.

Bu ishlar nima ekan? Rabbingiz rozi bo‘ladigan, Uni rozi qiladigan bu ikkita ishning birinchisi: «Ashhadu an la ilaha illalloh» – deyish. Bu juda ham muhim so‘z! «Men shahodat beramanki, Alloh taoloning sherigi, naziri yo‘q, faqat Alloh bor». Ikkinchisi esa istig‘for aytishlik. Demak, ramazon oyida «Ashhadu alla ilaha illalloh» bilan «Astag‘firulloh»ni ko‘p aytamiz. «Astag‘firulloh al-azim va atubu ilayh» deyishimiz ham mumkin.

Men avval ham maqolalarimda: «Ramazon – tasavvuf oyi», – deganman. Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam tasavvufni qanday tushuntirayotganliklarini ko‘rib turibmiz. Ramazonda ko‘proq «La ilaha illalloh», «Astag‘firulloh» – deysiz. Bu bilan “Rabbingizni rozi qilasiz”, deb buyurmoqdalar. Qarang, Rabbimiz naqadar lutfkorki, biz «La ilaha illalloh» deymiz, u rozi bo‘ladi, «Astag‘firulloh», «Meni kechir, ey Rabbim!» – deymiz, Rabbimiz yana rozi bo‘ladi. Naqadar go‘zal dinimiz bor bizning, alhamdu lilloh.

Bu ikki kalimani mazmuniga yetib takrorlash so‘fiylikning bosh talablaridandir.
Allohning o‘zidan panoh so‘raladigan ikki narsa: «Allohdan jannatini istashingiz, jahannamdan Allohga sig‘inishingizdir». Ha, demak: «Yo Rabbi! Bizni jannatingga doxil ayla! Ey Rabbi! Bizni jahannamdan saqlagin!» – deb aytamiz.

«At-targ‘ib vat-tarhib» kitobida shunday hadis kelgan: «Kim bu oyda bir ro‘zadorni serob qilsa, Alloh unga Kavsarimdan bir sharbat in’om qiladi, ichgan kishining chanqog‘i bosiladiki, boshqa aslo tashna bo‘lmaydi».

Bu bilan Payg‘ambarimiz sallallohu alayhi vasallam ro‘zadorni ikrom etgan kishini Alloh taolo ham havzi Kavsardan ikrom etishining xabarini berdilar.

Bu hadisi  sharif  bizni hushyorlikka chaqirib, quyidagi amallarini bajarishga da’vat qiladi: qadr kechasini topishga harakat qilamiz. Buning uchun ramazonning oxirgi o‘n kunida e’tikofga kiramiz. Ramazon bayramida, agar boyligimiz yetsa, birorta qurbonlik so‘yamiz. Bu oyning sabr oyi ekanligi uchun sabr qilamiz va sabrning muqobili jannat ekanligini mushohada etamiz. Bu oyda bajarilgan biror xayrli amal, boshqa oyda qilingan yetmish xayrga tengligini unutmaymiz va savobli ishlarni qilishga shoshilamiz.

Bu oyda rizq ko‘payadi. Shuning uchun «alhamdu lilloh», deymiz. Bu oy moddiy jihatdan faqirlarni qo‘llash oyi bo‘lganligidan, ularga moddiy yordam beramiz. Xoh pul bilan, xoh kiyadigan yoki yegulik narsalar ikrom qilish orqali yordamlashamiz. Hamma bayramni nishonlaydi, ramazon oyi mobaynida bir yaxshilab dam olamiz.

Ro‘zadorlarning bir-birini iftor qilishi ulug‘ savobdir. Kimki, ro‘zadorga iftorlik bersa gunohlari mag‘firat qilinadi, jahannamdan ozod bo‘ladi va iftorlik bergan kishi o‘sha ro‘zadorning savobidek ajr oladi. Buning uchun nima qilamiz? Oqshomlari dasturxonimizni yozamiz – musofirlarni, ro‘zadorlarni iftorlik ziyofatiga taklif qilamiz. Agar bunga imkonimiz bo‘lmasa, bir qultum suv, bir dona xurmo yoki biroz sog‘ilgan sut ikrom qilinsa, u ro‘zani ochishga sabab bo‘lsa, shu bilan ham xuddi o‘sha savobni olish mumkin.

Bu oyda «La ila’ha illalloh»ni, «Astag‘firulloh»ni ko‘p takrorlaymiz, Allohdan jannatni istaymiz va jahannamdan Allohga sig‘inamiz. Allohga ko‘proq yolvorib so‘raymiz: «Bizni afv et... bizni jahannamga tashlama, ey Alloh! Bizni jahannamdan ozod qil!» – deymiz.

Alloh taolo bizni Rasululloh sallallohu alayhi vasallam bu hadisi shariflarda xabar bergan barcha yaxshiliklarga muvaffaq aylasin! Qanchadan-qancha muborak ramazon oylariga Allohning suyukli qullaridek yetishishni, Alloh yaxshi ko‘rgan shaklda bu oylarni ihyo etib, yashab, ibodat bilan bezab, bu oylarning fayzu barakotidan, savoblaridan, ilohiy ne’matlaridan foydalanishni Alloh hammamizga nasib etsin...

Umrimizni Alloh rizoligi ichida kechirib, sevgan qullaridek bo‘lib, qalbimiz nurlanib, ichimiz ishqulloh-muhabbatullohga to‘lib, umrimizni Allohning rizoligida o‘tkazishimizni Alloh o‘zi barchamizga nasib etsin.

Bu dunyodan husnu xotima ila vidolashib oxiratga borishni, huzuriga o‘zi sevgan, rozi bo‘lgan, yuzi yorug‘ va nurli qullardek borishimizni nasib aylasin. Rabbimiz jannati bilan, jamoli bilan barchamizni musharraf aylasin. Sharafli Payg‘ambarimiz Muhammad Mustafoga qo‘shni qilsin! Uning havzi Kavsaridan to‘yib-to‘yib ichishimizni Rabbimiz barchamizga nasib etsin!..

2 fevral 1995 / 2 Ramazon 1415

Mahmud As’ad Jo‘shonning "Ramazon va taqvo" kitobidan

Мулоҳазалар   

0 #1 Умида 20.06.2017 14:11
Мени қайни опам куксартроз сон чанок суягини чириши 3-босқичи касаллиги билан азоб чекмоқда, даволаниш учун ўзида имконият йўқ шунга рўза кунлари савоб учун ёрдам берадиган инсонлар борми. Шундай ёрдам сураб хали мўминларга мурожат қилсак тўғри булармикан
Иқтибос олиш

Мулоҳаза қўшиш


Ҳимоя коди
Янгилаш