Ҳалол савдо — касбларнинг энг яхшиси

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 03.08.2016

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ бандаларига ҳалол касб қилишни ва ҳаромдан қочишни амр этди. Севикли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳалол касб қилиш ва ҳалол яшаш йўлларини умматларига тушунтириб, ўз ҳаётларида амалга ошириб, кўрсатиб бердилар.

Маълумки, инсон ҳаётининг аксар қисми молиявий муомала билан ва шунга доир муаммолар таъсирида ўтади. Чунки турмуш шуни тақозо этади. Агар молиявий муомала, олди бердилар йўлга қўйилмаса, зарурий қоидалар ишлаб чиқилмаса, турмуш қийинлашиб, одамлар орасида келишмовчиликлар кўпайиб кетган бўларди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда муомалотнинг умумий қоидаларини баён қилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уларнинг тафсилотини тушунтирдилар. Мусулмонлар намоз масалаларини нечоғли ўрганган бўлсалар, савдо масалаларини ҳам шунчалик ўрганишди.

Ризқни таниш

Имом Ҳоким Жобир ибн Абдуллоҳдан, Ибн Мурдавайҳ ва Хатиблар Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилишади: Авф ибн Молик ал Ашжаий (розийаллоҳу анҳу) камбағал, кўп болали одам эди. У бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Ўғлим душман қўлида асирда, онаси бундан жазавага тушяпти, нимага буюрасиз?” деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сен ва аёлинг “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтиб, сабр қилинглар”, дедилар. Эру хотин икковлари ана шу калимани кўп айтишди, сабр қилишди. Орадан кўп ўтмай, асирликдаги ўғил душманнинг ғафлатдалигидан фойдаланиб, қўйларини олиб қочиб, отаси ҳузурига келди. Ота хабарни Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) етказди. Шу вақт: “…Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур...”, деган оят нозил бўлди (Талоқ, 2 3). Яъни, ким Аллоҳ таоло буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, дунё қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳ унга кўрсатади; хаёлига келмаган томондан ризқ етказади.

Одатда, аксар кишилар “ризқу рўзим кўпайсин” деган мақсадда тақводан воз кечади, тақво йўлидан юрмайди. Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқиб, айта оламизки, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйланмаган тарафдан келишига сабаб бўлади.

Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби уламолари таърифича, “Аллоҳ таоло махлуқотларига – одамлар ва ҳайвонларга берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир”. Аллоҳ таоло катта ёки кичик ҳар бир инсонга, ҳар бир ҳайвонга берган ва улар фойдаланадиган емак, ичмак, кийим ёки уй-жой уларнинг ризқидир.

Ризқ икки қисмга тақсимланади: ҳалол ризқ ва ҳаром ризқ. Бунга далил Бақара сурасининг 172 оятидир: “Эй имон келтирганлар, Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар ва Унга шукр қилинглар!”

Абу Хафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Нажмиддин Насафий (461 537 ҳ.) ўзининг “Ал ақоид ан Насафия” рисоласида: “Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳар бир инсон ўз ризқини – хоҳ у ҳалол бўлсин, хоҳ ҳаром – тўла олади. Бирор инсон ўз ризқини емади ёки унинг ризқини биров еб қўйди, деб тасаввур қилинмайди”, деб ёзади.

Абу Умомадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Руҳул Қудус менинг кўнглимга: “Нафс ажали етмагунича ва ўз ризқини тўла олмагунича зинҳор ўлмас, Аллоҳга тақво қилинглар, ризқни исташда ҳаддан ошманглар, ризқнинг кеч қолиши сизни Аллоҳга маъсият ила уни талаб қилишга олиб бормасин. Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага фақат У Зотга тоат қилиш ила эришилади”, деган маънони солди”, дедилар”.

Бу ҳадиси шариф бизга ҳар бир жон ўз ризқини тўла олиши муқаррар эканини, ризқни тақво асосида, ҳалол йўл билан талаб этиш зарурлигини, ризқи кеч қолса, ҳаромга қўл уриш мумкин эмаслигини баён қилмоқда. Имом Бухорий Абу Дардодан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидагиларни айтадилар: “Албатта, ризқ бандани худди ажали уни қувгандек қувиб юради”. Демак, ризқ адашиб кетмас экан.

Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Аллоҳ покдир ва покдан бошқани қабул қилмас. Албатта, Аллоҳ мўминлар учун расулларга амр қилган нарсани амр қилган. (Аллоҳ) “Эй пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар, албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билувчиман”, деган, деб огоҳлантирилганлар.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби ризқни пок ва нопокка тақсим қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло фақат ҳалол, пок ризқнигина қабул қилишини таъкидлайди; ажру савоб ҳам шунга қараб берилади; ҳаром, нопок ризққа азоб беради ва у сабабли жазолайди. Ҳуд сурасида: Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир”, дейилган (6-оят). Яъни, ер юзида ўрмалаган нарса – одамзот, ҳайвонот, ҳашарот, қурт қумурсқа ва бошқа жонзотлар борки, уларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Бу махлуқотлар орасида мўмин инсон Аллоҳнинг амрига биноан доимо пок нарсани ейди, бу илоҳий амр унинг фойдаси учундир. Имом Аҳмад, Имом Насаий ва Ибн Можа Савбондан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилишади: “Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқидан маҳрум бўлади, қадарни дуогина ўзгартиради, умрни эса яхшилик узайтиради”. Улуғ ватандошимиз Абул Баракот Ҳофизуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий (ваф. 701 ҳ.) машҳур асарлари – “Мадорикут танзил” тафсирида Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилганлар: “Инсон қилган гуноҳлари эвазига хотирасидан ҳам айрилиб боради”.

Ризқни ҳалол касб орқали талаб қилиш

“Бас, намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз” (Жумъа, 10).

Яъни, Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин мусулмонларни намозни адо этгач, ер юзига тарқалиб, ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳ таолонинг фазлидан талаб қилиш, деб номламоқда. Намоздан кейин ким савдосига, ким касал кўргани, ким илм талабига – ҳар ким ўз ишига қайтиши мумкин. Чунки ер юзи бўйлаб тарқалиш буйруғи мажбурий эмас. Лекин баъзи кишилар бу амрга жиддий амал қилишган. Ибн Абу Хотимдан ривоят қилинади. Ирок ибн Молик (розийаллоҳу анҳу) жума намозидан сўнг масжид эшигидан чиқарканлар: “Эй бор Худоё, мен даъватингга жавоб қилдим, фарз намозингни ўқидим ва айтганингдек ер юзига тарқалдим. Менга Ўз фазлингдан ризқ бергин, Сен энг яхши ризқ берувчисан”, дер эканлар. Қуръони каримда бу маънодаги бошқа оятлар ҳам мавжуд. Жумладан, Мулк сурасининг 15 оятида айтилади: “У (Аллоҳ) сизларга ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у(Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверинглар ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан енглар. Тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир”.

Уламоларимиз қадимдан ушбу ояти кариманинг тафсирини Исломда меҳнатга чорлаш, ризқ териш мақсадида ер юзининг турли жойларида ҳаракат қилиш жоизлигига далил қилиб келтиришади. Бу оятдаги “юринг” деган хитоб мусулмонларни доимо касб корга ундаган ва дангасалик, бекорчиликдан четланишга чақирган. Шу билан бирга, ризқ Аллоҳ таолодан бўлишини унутмаслик зарурлигини эслатган. Яъни, мусулмон одам ер юзида ризқ талабида бўлиши ва ҳалол йўл билан касб қилиши керак.

Аллоҳ таоло: “Кундузни эса тирикчилик (вақти) қилдик”, дейди ( Набаъ, 11). Бу ҳам маош, ризқу рўз топиш учун ҳаракат қилиш зарурлигини билдиради. Ўша ҳаракатга касб қилиш дейилади. Уламоларимиз касбни шундай таърифлашади: “Касб мақсадни ҳосил қилиш учун ҳаракат этиш ва унга сабаб бўладиган нарсаларни ишга солишдир”. Шунингдек, улар таваккул таърифида: “Дунё ва охират ишларида фойдани жалб қилиш ҳамда зарарни даф этишда қалбнинг Аллоҳ таолога сидқидилдан эътимод қилиши”, дейишади. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича, таваккул қалбга ва касб аъзоларга боғлиқ иш бўлиб, сабабларни ишга солмагунча, таваккул ҳосил қилинмайди.

Буюк ватандошимиз Ҳаким Термизий Муовия ибн Қуррадан ривоят қилади: Умар ибн Ҳаттоб бир гуруҳ одамларга йўлиқиб қолиб: “Сизлар кимсизлар?” деб сўради. “Таваккул қилувчилармиз”, дейишди. “Йўқ, сизлар текинхўрларсиз, таваккул қилувчи аввал донни ерга сепиб қўйиб, кейин Аллоҳга таваккул қилади”, деди.

Бу ўринда таваккул қилиш билан бирга сабабларини ҳам пухта бажариш кераклиги баён қилинмоқда. Ҳазрат Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилсангиз, У Зот оч кетиб, тўқ қайтадиган қушларни ризқлантиргани каби сизларни ризқлантиради”, дедилар”.

Бу ҳадиси шарифда, агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул қилсалар, суянсалар, худди ҳеч қандай жамғармага эга бўлмаган қушларга керак бўлган пайтда ризқ берган Розиқ субҳанаҳу ва таоло уларга ҳам ризқ бериши аниқ экани ҳақида сўз кетмоқда. Фақат, қуш уясидан чиқиб, ризқини топишга ҳаракат этганидек, бандалар ҳам керакли ҳаракатни қилишлари лозим.

Ҳаром касб, ҳаром ризқнинг ёмон оқибати

Тўғри келган нарсани суриштирмай, ўзиники қилиб олиш, ундан фойдаланиш ҳайвонга хосдир. Инсон ҳалол ҳаромни ажратиши билан ҳайвондан фарқ қилади. Мусулмон киши ҳаромдан ҳазар қилишда ўта масъулиятли бўлиши керак. Акс ҳолда, уни дунёда ҳам, охиратда ҳам ёмон оқибат кутади.

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Одамларга бир замон келадики, унда киши молни қандай қўлга киритганига, ҳалолдан ё ҳаромдан топганига эътибор қилмайди”, дедилар”.

Одамлар ҳақиқий Исломдан узоқлашиши натижасида ҳалол билан ҳаромни ажратиш гўёки иккинчи даражага тушгандек. Мол-дунё тўплаш, яхши ҳаётга осон эришиш учун айрим кишилар ҳаромдан, жиноятдан, пасткашликдан тап тортмайдиган бўлиб қолишди. Ҳатто ҳалол яшашга уринган кишиларнинг устидан кулиш, уларни камситиш оддий ҳолга айланди. Оилани боқиш вазифамиз экан деб, кўчадан топганларини, ҳалолми, ҳаромми, суриштирмасдан олиб келиб фарзандларига едирадиган ота-оналар ҳам бор.

Ноҳақ, ҳаром йўллар билан касб қилиш оммавийлашиб кетса, хунук оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар баъзи кишилар ўйлаб топган оддий гаплар эмас. Аллоҳ таоло: Мол(мулк)ларингизниўрталарингиздаботил(йўллар)биланемангиз!” (Бақара, 188), деб марҳамат қилади. Яъни, бир бирингизнинг молингизга, ҳақингизга хиёнат қилманг. Имом Қуртубий оятдаги ботил(йўл)биланемасликка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб, ҳаром касб қилиб мол, бойлик топиш ва бошқа шу кабилар киради, деганлар. Ушбу оят тафсирида Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: “Аллоҳ таоло кишини ноҳақ, ёлғон қасам билан биродарининг молини ўзиники қилиб олишдан қайтарди. Бировнинг ҳақини ейиш икки хил бўлади: зулм орқали – тортиб олиш, хиёнат, ўғрилик; ҳазил ва ўйин орқали – қимор ва бошқа шунга ўхшаш бекорчи эрмаклар”.

Ҳаром ейиш, яъни, Аллоҳ ман қилган нарсаларнинг истеъмоли дунёнинг ўзида ҳам, охиратда ҳам ёмон оқибатларга олиб келади.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтганлар: “Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст боши чанг бўлади, қўлларини осмонга чўзиб: “Ё Раббим, Ё Раббим...” дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!” (ИмомМуслим).

Ҳазрат Анас (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Расулуллоҳ, мени дуоси ижобат бўладиган қилиб қўйинг”, дебдилар. У кишига жавобан Пайғамбармиз (алайҳиссалом) “Луқмангизни ҳалол қилинг”, деган эканлар.

Дуо қабул бўлиши учун луқманинг ҳалол бўлиши шартлиги ушбу ҳадислардан англашилиб турибди. Унда ҳаром ейишнинг дунё ва охират учун энг биринчи ёмон оқибати дуонинг қабул этилмаслиги бўлиб чиқади. Дуонинг қабул бўлмаслигида эса ибодат ва бошқа яхши амалларнинг ҳам қабул бўлмаслигига олиб бориш хавфи бор. Аллоҳ сақласин!

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Албатта, Аллоҳ ўрталарингизда ризқни тақсимлаганидек хулқларингизни ҳам тақсимлагандир. Албатта, Аллоҳ таоло дунёни яхши кўрган ва яхши кўрмаган бандаларига бераверади, динни эса фақат яхши кўрган бандасига беради.

Аллоҳ кимга динни ато этган бўлса, ҳақиқатда уни яхши кўрибди. Жоним измида бўлган Зотга қасам, дили ва тили мусулмон бўлмагунча ҳеч бир банда мусулмон бўлмайди, то қўшниси “бавоиқ”идан омонда бўлмагунича имонли бўлмайди”. “Бавоиқ нима?” деб сўрашган эди, “Алдов ва зулм” дедилар да, давом этдилар: “Қайси бир банда ҳаромдан мол топиб, уни садақа қилса, қабул қилинмайди, инфоқ эҳсон қилса, баракаси бўлмайди, ўзидан кейинга қолдирса, дўзах учун ҳозирлаган озуқаси бўлади. Аниқки, Аллоҳ ёмонликни ёмонлик билан ўчирмайди, билъакс, ёмонликни яхшилик билан ўчиради. Шубҳасиз, нопок нопокни ўчирмайди” (ИмомАҳмадвабошқалар).

Мазкур ҳадисдан ҳаром еювчи кишининг садақаси қабул бўлмаслигини, ўзидан кейин қолдирса, дўзах учун ҳозирлаган озуқаси бўлишини билиб оламиз.

Ҳаром билан озиқланиш фарзанд тарбиясини ҳам бузади. Булар ҳаром ейишнинг дунёдаги ёмон оқибатларидир. Бундай шум амал охиратда ҳам бир неча ёмон оқибатларга сабаб бўлади. Каъб ибн Ужрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Эй Каъб ибн Ужра, ноҳақ – ҳаромдан ўсган гўшт (жасад) жаннатга кирмайди” (ИбнҲиббон).

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди, ўзлари эса дўзахга улоқтирилади”. “Ё Расулуллоҳ, бундай бўлишининг боиси недир?” деб сўрашди. “Улар намоз ўқир, рўза тутар, ҳаж қилар эдилар, бироқ бирон бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда қилади”, деб жавоб бердилар.

Демак, ҳаром еювчи кишиларнинг амаллари беҳуда бўлади ва ўзлари дўзахга улоқтирилади. Бундан да ёмон оқибат бўлмаса керак!

Бу ўринда Абу Бакр Сиддиқнинг (розийаллоҳу анҳу) тақволарини мисол келтириш мумкин. Ойшадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: “Абу Бакр Сиддиқнинг (розийаллоҳу анҳу) хирож тўлайдиган ғуломи – қули бор эди. Абу Бакр унинг хирожидан тановул қилар эдилар. Бир куни у зот қули келтирган таомни ея бошладилар. Ғулом Абу Бакрдан сўради: “Бу нималигини биласизми?”. “Йўқ, у нима?”. “Жоҳилиятда бир кишига фол очган эдим. Фолбинлик яхши бўлмаган, мен уни алдаган эдим. Ҳозир ҳалиги киши йўлиқиб, ўша ишим учун менга мана шу сиз еган нарсани берди”, деган эди, Абу Бакр қўлларини оғизларига тиқиб, қоринларидаги бор нарсани қайт қилиб ташладилар” (Имом Бухорий).

Биз ҳам у зотларга ўхшаб тақводор бўлишимиз учун нима қилмоғимиз зарур? Аввало, ман қилинган нарсаларни ва уларни ман қилган Зотни танимоғимиз керак. Уламоларнинг фатволари бўйича, “хоин, алдовчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етимнинг молини ноҳақ еювчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарзга биноан бир нарса олиб, ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, томоша учун дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай ҳақини олиб қолувчи даллол ва ҳур одамни сотиб, пулини еювчи кимсалар бошқаларнинг ҳақини ноҳақ, яъни ҳаром еювчилар сирасига киради”.

Бундан хулоса шуки, инсонда яшаш ҳуқуқи ва мол тўплаш ҳуқуқи бўлганидек, луқмасини ҳаромдан сақлаш масъулияти ҳам бор. Луқма поклигини кўз қорачиғини сақлагандек асраш лозим.

Аллоҳ таолодан афв ва мағфират сўраймиз. Зеро, У Зот афв қилишни яхши кўрадиган ва афв қиладиган Зотдир. Бизларни Ўзи суйган, рози бўладиган ишларга, жумладан, ҳаромдан сақланишга муваффақ қилишини сўраймиз.

Тўғри савдо ибодат, бузуқ савдо гуноҳдир

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “...Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган...” (Бақара, 275).

Савдога доир ҳукмларга фиқҳий ва ҳадис китобларида алоҳида бўлимлар ажратилган. Чунки савдо инсонларнинг бу дунёда қиладиган муомалалари орасида энг кўп юз берадиганларидан биридир. Унинг нотўғрилиги турли балоларга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло одамларни бир бирига муҳтож қилиб яратган. Инсон ўзи ёлғиз яшай олмайди. У ўзига ўхшаш бошқа инсонлар билан бирга умргузаронлик қилади. Жамоавий ҳаётда одам болалари ўзаро муомалада бўлишга, нарсаларини айирбошлашга, олди берди қилишга муҳтож. Бу муомалалар тартибга солинмаса, одамларнинг ўзларига қўйиб қўйилса, кучли кучсизни, ақлли ақли озни, моҳир нўноқни алдаб қўйиши, ҳақини поймол қилиши турган гап.

Ислом дини савдо сотиқ, иқтисодий ишларда ҳам ўз таълимотларига эга. Агар инсон ушбу таълимотлардан узоқлашиб, нафсига қул бўлса, шайтон ҳам унинг олдида ип эшолмай қолади.

Азиз ўқувчи! Ушбу сатрларни ўқир экансиз, бехос хотирингизга баъзида ўзингиз гувоҳ бўлган, баъзида эса қулоқларингизга чалинган воқеалар келмасдан иложи йўқ. Сифати яхши молни кўргазмага қўйиб, ёмонини тортиб ёки ўлчаб бераётган кимсалар оз эмас. Муддати ўтиб, яроқсиз, ҳаттоки зарарли ҳолга келиб қолган дори дармонларни шифо излаб юрган бечора беморларга пуллаётганлар-чи?

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буғдой сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб: “Қандай сотяпсан?” деб сўрадилар. У хабар берди. Шунда у зотга: “Қўлингни буғдойга тиқ”, деб илҳом қилинди. У зот қўлларини тиқсалар, ҳўл экан. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким алдаса, биздан эмасдир”, дедилар (Абу Довуд, Имом Муслим ва Имом Термизий). “У зот: “Эй таом эгаси! Бу нима?”дедилар”. “Ёмғир теккан эди, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. “Буни одамлар кўришлари учун таомнинг устига қўйсанг бўлмасмиди?! Ким алдаса, мендан эмас!” дедилар (Имом Муслим ва Имом Термизий).

Савдо молининг айби бўлса, уни харидорга айтиб сотиш керак, айбини кўриб туриб олса, ўзининг иши. Демак, савдода алдамчилик қилиш савдогарни мусулмонга хос ахлоқ доирасидан чиқарар экан. Бозорда шеригининг ширин анорини кесиб кўргазмага қўйиб, ўзининг аччиқ анорини пуллайдиганлар; сигирини бир икки кун соғмасдан, елинини шишириб, бозорга олиб чиқадиганлар; қазига гўшт тайёрлашда сув сепиб, намлаш эвазига оғирлигини ошираётганлар; килодан, литрдан уриб қолишнинг янгидан янги усулларини ихтиро қилаётганлар; қўйингки, инсон боласининг ақлига сиғмайдиган нарсалар, ҳийла найранглар ҳаётимизнинг бозор ва савдо сотиқ билан боғлиқ қисмини қамраб олаётгани бу иллатлар доираси кенгайиб бораётганидан далолатдир. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир” дедилар”. (Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд). Имом Муслимнинг ривоятида: “Савдода кўп қасам ичишдан ҳазир бўлинглар. Чунки у ўтказади ва ўчиради”, дейилган.

Бозор оралар экансиз, баъзи савдогарларнинг молини ўтказиш учун ёлғон сўзлашларини, ҳатто қасам ҳам ичаётганларини, кўпинча эса, харидорлар уларнинг қасамига ишониб, молларини сотиб олишаётганларини ҳам кўриб қоласиз. Ёлғон гап ёки қасам билан молини сотган савдогар савдоим юришди, деб хурсанд бўлади. Аслида эса, ёлғон гапиргани, ёлғон қасам ичгани учун молининг баракаси учганини билмайди. Миқдор кўпайгани билан баракаси бўлмаса, нафақат фойда камаяди, балки бошқа томондан балолар ҳам келиб қолади.

Шунинг учун савдогар ростгўй бўлиши, қасам ичиб молини ўтказишга уринмаслиги лозим. Тўғрилик билан, бировни алдамасдан қилинган савдода барака бўлади. Бу барака эса, албатта, эгасига ва унинг оиласию рўзғорига юқади, фойда беради. Ҳалол савдогарнинг даражаси ҳам баланд бўлади.

Рифоъадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “У киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан намозгоҳга чиққан эканлар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) савдо қилаётган одамларни кўриб: “Эй тожирлар жамоаси!” дедилар. Улар бошларини кўтаришиб, чақириққа жавобан қарашди. Шунда у зот: “Албатта, тожирлар қиёмат куни фожирлар бўлиб қайта тирилурлар. Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилганлар бундан мустасно”, дедилар”.

Бошқа бир ривоятда: “Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, дейилган. Ушбу икки ҳадисни Имом Термизий ривоят қилган. Албатта, бундай улуғ зотлар билан бир сафда туриш олий даража ҳисобланади. Чунки мазкур сифатлар эгаси бўлган савдогар савдо қилганида фожирлик, алдамчилик, ҳаромхўрликка йўл қўймайди. Агар тожир тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, бу дунёда ҳасрат чекади, охиратда эса шарманда бўлади.

Савдогарлик, агар шариат кўрсатган йўл билан бўлса, ибодат саналади. Сабаби, бундай савдогарлар тижоратлари орқали нафақат ўзларига, балки атрофдаги жамият, қишлоғи, шаҳри, маҳалласига ҳам катта наф келтирадилар, кўпчиликнинг эҳтиёжини қондирадилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам тижорат қилганлар. Ростгўй, мусулмон тожир қиёмат кунида юксак мартаба соҳибларидан ҳисобланиб, набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.

Мўмин мусулмон энг яхши савдогар, энг яхши ишчи, энг яхши деҳқон, энг яхши косиб, энг яхши муҳандис, энг яхши табиб (ва ҳоказо) бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Бу талабларга жавоб бериш учун касб қиладиган ишининг ҳақларини ўрнига қўйиш бош вазифаси бўлмоғи керак. Энг аввало, ўз касбини яхши ҳамда пухта эгаллаши мақсадга мувофиқдир. Ойша онамиздан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Аллоҳ сизлардан бирингиз иш қилганида, уни яхшилаб бажаришини севади”, дедилар (Байҳақий).

Бизда марҳумларни йўқлаб, қилинадиган йиғинга эҳсон дейиш одат бўлиб қолган. Аслида эса, ҳар бир ишни астойдил, самимий, ўрнига қўйиб қилиш, яъни яхшилаб бажаришга эҳсон дейилади.

Жаброил (алайҳиссалом) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эҳсон нима?” деб сўраганларида, у зот: “Эҳсон Аллоҳга Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғингдир. Агар сен Уни кўрмасанг ҳам, У, албатта, сени кўради”, деб жавоб бердилар.

Зикр қилинган бу ҳадиси мубораклардан биз ҳар бир иш эгаси ўз касбининг мутахассиси бўлмоғи лозимлигини, жумладан, савдо ходими ҳам ўз ишига ҳалоллик билан ёндашиши зарурлигини билиб оламиз. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар иш эгасининг қўлига тушмаса, қиёматни кутавер”, деганлар.

Ҳамма ушбу кўрсатмаларга амал қилганида эди, ҳақлар зое бўлмаган бўлар эди! Одамлар бир бирларининг ҳақини емаган, ҳамма бир биридан рози бўлган тақдирда, фарзандларнинг луқмаларида ҳалоллик устунлик қиларди.

Яна бир улуғ қоида шуки, тирикчилик жараёнида алдамчилик қилмаслик керак.

Ибн Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Бир киши Набийга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзининг савдо сотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот (алайҳиссалом): “Қачон савдо қиладиган бўлсанг, алдаш йўқ, дегин”, дедилар” (ИмомБухорий, ИмомМуслимваИмомНасаий).

Ушбу ҳадиси шарифдан савдо сотиқда, молиявий муомалаларда алдаш ҳаром эканини билиб оламиз. Ҳадисда зикри келган саҳобийнинг бошларига шикаст етиб, бироз фикрлари ва тиллари оғир бўлиб қолган экан. Тутилиб гапирар ва олди сотдида алданиб қолар эканлар. Ўзларининг бу ҳолларидан шикоят қилганларида, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олди сотдидан олдин савдолашаётган одамга алдаш йўқ, деб огоҳлантириш бериб қўйишни тавсия қилганлар. Шояд шунда нариги томон алдашни ўзига эп кўрмаса.

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат куни уч тоифанинг хусуматчиси бўламан: Мен билан аҳд қилиб, кейин алдаган одамнинг, ҳурни сотиб, пулини еган одамнинг ва одам ишлатиб, ҳақини бермаган одамнинг”, деди”.

Қиёмат куни ҳар ким ўз ҳолидан хавотирда турганида кимларгадир Аллоҳ таолонинг Ўзи хусуматчи бўлса, бу жуда катта бахтсизлик, чидаб бўлмас ютқизиқдир. Аллоҳ бундай тоифалардан қилиб қўймасин, омин!

Молиявий муносабатларда ишонч катта ўрин эгаллайди. Одатда, шерик томонни ишонтириш учун баъзилар Аллоҳ таолони ўртага қўшадилар. Яъни, Аллоҳ таоло номи билан ваъда берадилар. Сўнгра ўз ваъдаларининг устидан чиқишмайди. Иши битганидан кейин хиёнат қилишдан ҳам тойишмайди баъзида.

Қиёмат куни Аллоҳ таоло бир бирига хусуматчи инсонлар орасида ҳукм чиқаради. У Зот ўша куни Ўзининг номи билан аҳд бериб, кейин алдаганларга нисбатан Ўзи хусуматчи бўлади. Ҳукм чиқарувчининг Ўзи хусуматчиси бўлган одамнинг ҳоли қандоқ бўлиши маълум нарса. Шунинг учун ҳам зинҳор Аллоҳнинг номи ила аҳд бериб туриб, кейин алдамаслик керак.

Аллоҳ таоло инсонга ато этган ҳуррият, озодлик энг улкан неъматдир. Бу неъматни ундан тортиб олиб, ўзини қул қилиш энг катта жиноят ҳисобланади. Ислом дини қулчиликка қарши кураш олиб бориш жараёнида қулларни озод қилиш чора тадбирларини кўриш билан бир қаторда ҳур, озод инсонларни банди қилиш йўлларини ҳам тўсди. Ҳур инсонни қул деб сотиб, баҳосини еган одамга Аллоҳ таолонинг Ўзи қиёмат куни хусуматчи бўлишини билдик. Албатта, бугунги давримизда қулдорлик тузуми тугатилган бўлса да, “одам савдоси” деган бир ҳаром савдо пайдо бўлиб қолди.

Яратганга ҳамду санолар бўлсин, ҳукуматимиз одам савдоси жиноятига қарши қатъий чоралар кўрмоқда. Бундай қабиҳ йўл билан пул топаётганлар билиб қўйсинлар, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга хусуматчи бўлади.

Маълум ҳақ эвазига бировларни ишга ёллаб, ишлатиб бўлгач, ҳақини бермай юрган одам ҳам катта гуноҳкор ҳисобланади. Чунки бундай ҳолатда инсоннинг ҳақи поймол қилинди. Инсон ҳақини поймол қилган кишига ҳам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи хусуматчи бўлади. Бировни ишлатадиган одам қиёмат куни шарманда бўлишини хоҳламаса, Аллоҳ таоло менга хусуматчи бўлмасин деса, ишлатган ишчисига ўз вақтида ҳақини миннатдорлик билан тўлиқ берсин, меҳнаткашнинг ҳақини поймол қилмасин.

Ҳаловат ва хотиржамлик – ҳалолликда

Аллоҳга беадад шукрлар, чексиз ҳамду санолар бўлсин, юртимизни истиқлол неъматидан баҳраманд айлаб, беқиёс эркинликлар йўлини очиб қўйди. Энди халқимиз ўзи ва теварак атрофдаги халқлар босиб ўтган йўлни, ортда қолган тарихни танқидий ўрганиб, керакли қадамни қўрқмасдан ташлай олади. Буёғига энди шунчаки: “Бошқалар билан нима ишим бор, эртага нима бўлса бўлавермайдими, бугунги куним ғанимат!” деб яшаш ярамайди. Чунки “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади”.

Бугун кўзи очиқ ҳар бир ватандошимиз зийрак бўлиши лозим. Сабаби, мустақил, ёш давлатнинг кўз тикиб турган ҳасадчилари, сохта “дўстлари” кўп бўлиши табиий.

Расули акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илмни талаб қилинглар, гарчи у Хитойда бўлса ҳам” мазмунли тавсияларига амал қилиш бугунги кунимизда жуда зарур. Бу муборак тавсияга амал қилмаганлар оғзидаги ошини олдириб қўяди.

Ҳурматли Президентимизнинг: “Биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз, кам бўлмаймиз ҳам”, деган шиори асосида ишонч билан ҳаракат қилиб, ҳаром қаерда, ҳалол қаерда эканини ойдай, кундай равшанлаштириб олиш, билганларимизга амал қилиш учун кечаю кундуз интилмоғимиз керак. Ҳалолига ҳисоб, ҳаромига азоб бор эканини унутмаслигимиз керак. Демак, бундан ҳаром ёки гуноҳ ишни қилишдан сақланиш зарурлиги, фақат ҳалол йўлдан юрган тақдирдагина

мутлақ яхшилик, ҳузур ҳаловатга етиш мумкинлиги ҳақидаги билим келиб чиқади. Англашиляптики, ҳаром ва гуноҳ одамнинг қалбини, демакки, вужудини доим қоронғи қилиб, ич ичдан эзилиб юришига сабаб бўлади. Ҳалоллик ва тўғрилик эса, одамнинг қалб хотиржамлигига асосдир.

Ўғри ўзининг қилаётган ўғирлигидан қалбан хотиржам эмас, “Ишларим юришиб кетса эди, умуман ўғирлик қилмасдим”, деб қайта қайта ўз ўзига сўз беради. Агарчи унинг бойлиги кўпайиб кетса ҳам, то шу гуноҳини тарк этмагунча ҳаловат топмайди. Шунинг учун у баъзан қийинчиликда қолган қандайдир инсонларга ёрдам бергиси келиб, қалб роҳатига етишишни хоҳлаб қолади. Ҳатто, шундай қилади ҳам. У астойдил киришса, ўғрилигини ташлаб ҳам кетади. Бироқ ҳамон ўғирлигини тарк этмаётган экан, у ўзининг қалбида ғалаён қилаётган ўша икки ўт орасида куйиб юраверади.

Одам ўлдиришдан тоймайдиган жаллодлар ҳам ўзларининг бу ишлари учун кунига неча марталаб афсуслар чекади, мени ҳам бир куни ўлдиришлари мумкин ку, деган қўрқув уни ҳеч қачон тинч қўймайди. Аммо манфур ишини давом эттираверади, қалби эса баттар қорайиб бораверади. Баъзан эса кимгадир раҳм қилиб, унинг қандайдир бирор ташвишини енгиллаштириб ҳам беради. Бу билан у шунча роҳатланадики, сабабини ўзи ҳам билмайди. У ўзининг қилган хунрезликларидан астойдил тавба қилишни, яхши одамлар сафига кириб, оддий ҳаёт кечиришни доимий равишда орзу қилиб юради.

Жамият орасида салмоқ жиҳатидан қанчадир фоизни ташкил қиладиган ашаддий товламачи, ёлғончи кимсалар ҳамиша бўлади. Улар ҳам ўзларининг бу қилмишларидан обрўлари кунма кун, соатма соат тушиб бораётганини сезишади. Бу амаллари сабаб виждонан роса қийналиб юришади. Алдаб чарчаганларидан баъзан тўғри ишлар қилишади. Ва шу озгина тўғри ишларидан ўзлари роса хурсанд бўлишади.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: Раббингиз Одам ўғилларининг белларидан (пушти камарларидан) зурриётларини (руҳларини) чиқариб олиб, уларни ўзларига гувоҳ қилиб: “Мен Раббингиз эмасманми?” (деди). (Улар): “Раббимизсан, иқрормиз” – дедилар” (Аъроф, 172).

Яъни, Одамнинг (алайҳиссалом) сулбидан то охир замонгача бу дунёга келадиган инсонларнинг руҳлари чиқарилиб жам қилинганида, ҳаммалари Аллоҳ таолонинг Хожалигига, ўзлари Унинг қуллари эканига тиллари ва диллари билан иқрор бўлишган. Яъни, ҳар бир инсон Парвардигорнинг буюрганларини қилишга, қайтарганларидан қайтишга ваъда берган. Шу туфайли нотўғри иш қилганлар ваъдасига хилоф амаллар содир этганлари учун хотиржамлигини йўқотишади, тўғри иш қилганлар ваъдасига вафо қилганлари учун шодмон бўлишади.

Шу ўринда инсонга қалбий хотиржамлик ва ҳаловатнинг нақадар зарурлигига яна бир неча мисол келтирмоқчимиз. Мусулмонлар, билибми-билмайми, бирор гуноҳ содир этишса, бу ишларидан афсус надоматлар чекиб, Таввобу Роҳим бўлган Раббисига истиғфорлар айтишиб, тавба қилишади ва амалларидан қайтишади. Ана шундан кейингина қалб сокинлигига ва хотиржамликка эришадилар.

Фиръавнга (алайҳил лаъна) Аллоҳ таоло чексиз бойлик бериб, кўнглига келганини муҳайё қилиб қўйди, на бир касаллик, на бир муаммога дуч келмади. Фиръавн ҳаддидан ошиб, ўзини “худо” деб эълон қилди. Лекин у ҳам ўзининг ожиз бир банда эканини, бир кун келиб, унга ҳам ўлим етишини билар эди. Шунинг учун қалбининг туб тубида доимо бир қўрқув, дилқоронғилик сақланиб юрар, ҳаловати йўқ эди. Бу гапларнинг тасдиғи Қуръони каримда турибди. Мусонинг (алайҳиссалом) ортидан таъқиб қилиб, денгизга ғарқ бўлиши аниқ бўлиб қолгач, у имон келтирди (Юнуссураси, 90, 91, 92 оятлар).

Халқимизда сақланиб келаётган бир мақолда юқоридаги мавзуга алоқадор фикр таъкидланади: “Яримта ноним – роҳати жоним”. Мақолнинг сиртқи ва бирламчи маъноси озгина бўлса ҳам, ҳалол ризқ топган одам қалб ҳаловатини сезиши ҳақида. Буни бошқача томондан таърифлаш ҳам мумкин: қанчалик бойиб кетсанг да, қалбингга ғубор туширадиган ишни қилишдан сақлан, шунда олдингдаги ҳалол ризқингни роҳатланиб, маза қилиб ейсан.

“Аллоҳ мўминлардан жонларини ва молларини жаннат эвазига “сотиб олди...” (Тавба, 111).

Аввалдан то охир бу дунё ҳаётида яшаб, қандайдир ишлар ва фаолиятлар билан шуғулланган инсон зоти борки, ҳар бир босган қадами, қасд қилган ўйи мукаммал ёзиб турилади. Бу ҳаёти дунёда қилган амаллари эвазига ё жаннатни, ё дўзахни сотиб олади.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифларида: “Барака ўн қисмдир, шундан тўққизтаси савдода”, дейдилар. Биз ушбу китобда “савдо” сўзининг нафақат тижорат маъносини, балки ундан катта ва кенг маъноларни, баъзан эса мажозий маъноларни ҳам истифода қилмоқчимиз. Мақсад – қисқа бўлса ҳам, гапни тугал айтиш. Тавфиқ Аллоҳдан.

Умуман олсак, савдо инсоннинг ҳаёт кечириш, наслини давом эттириш, ҳалолдир, ҳаромдир – ризқ излаш учун бошқа инсонлар билан керакли ҳар турли молий, лафзий, жисмоний муомалаларга киришувини билдиради. Тилимизда умр савдоси, мол мулк савдоси, насия савдо, нақд савдо, рост савдо, ёлғон савдо, ҳалол савдо, ҳаром савдо, лафз

савдоси (аҳдлашув, сулҳ), тана савдоси, ғирром савдо, қул савдоси, одам савдоси каби иборалар истеъмол қилинади. Баъзилари тез тез, баъзилари аҳён аҳёнда ишлатилади. Биз ҳам ўрни билан уларнинг айримлари ҳақида тўхталишга ҳаракат қиламиз.

Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. Шунинг учун савдо хусусида сўз юритишда савдо ва унинг ҳар хил турларини шартли равишда иккига бўламиз: Аллоҳ рози бўлган савдо Аллоҳнинг қаҳру ғазабига сабаб бўладиган савдо. Масалага ана шу мезон асосида ёндашсак, иншааллоҳ, тўғри йўл тутган бўламиз. Бақара сурасининг 275 оятида олди-сотди – ҳалол, рибо – ҳаром эканлиги айтилади.

Аллоҳ таоло олди сотди – ҳалол деяптими, демак, бу бир вақтнинг ўзида ҳам савдо қилишга рухсатни, ҳам савдони ҳалол олиб боришга буйруқни билдириб келяпти. Нотўғри қадам қўйилса, ношаръий амал қилинса, савдо ҳалол бўлмайди. Шу сабабдан қайси савдо Аллоҳ ризосига, қалб хотиржамлигига олиб боради ю, қайсилари, аксинча, жазога сабаб бўлади, буларни очиқлашга эҳтиёж бор.

Расули акрамдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда: “Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, деб марҳамат қилинган (Имом Термизий).

Ўшандоқ улуғ зотлар билан бир сафда бўлиш қанчалар ҳам олий бахт! Буни ҳар бир мўмин мусулмон орзу қилиши аниқ. Жаннат бениҳоя қиммат жой, унга етиб бориш унчалик ҳам осон бўлмаслиги табиий. “Меҳнатнинг таги роҳат”. Дўзах эса доимий қийинчилик жойи. Унга бориш, унга етишиш жуда ҳам осон, арзон. Эҳтимол, шунинг учун дўзах йўли кўпларни оҳанрабоси, “жилваю нозлари” билан ўзига ром қилар?! Лекин дунё тамаддунида ўзига хос салмоққа эга бўлган донишманд халқимизнинг мақоли бор: “Арзоннинг шўрваси татимас”, Дўзах, жаҳаннам жуда ёмон жой. Аллоҳ паноҳ берсин!

Ҳалол яшаш ҳаловатдир

Худога шукр, доимо халқ орасида юрамиз, кечаю кундуз одамлар билан мулоқотда бўламиз. Кимнингдир ҳаёт тарзидан хурсанд бўлсак, кимларнингдир дунёқарашидан ранжиймиз.

Ёши улуғларимиздан кўп эшитганмиз. Ўтган асрнинг қирқинчи, эллигинчи йилларида халқнинг бошига чунонам қийинчиликлар тушган, эшитган одам “Оҳ!” деб юборади. Лекин ўша вақтлар ҳам одамлар ҳалол яшашган. Умумий, оммавий сабр қаноат бўлган. Очарчилик, қаҳатчилик, ҳар хил офатлар тез тез бўлиб турган, очлик, касалчиликдан қанча қанча одамлар ўлиб кетишган, бироқ ялпи талон торож бўлмаган. Нимага? Чунки одамларнинг инсофи, имони бўлган, қорни оч эса-да, кўзи тўқ бўлган.

Инсон дунёнинг қаерига бормасин, барибир, нима биландир шуғулланиб, тирикчилик қилиши керак. Бу ҳамма биладиган гап. Шароитлар сал бошқачароқ, енгилроқ бўлиши мумкин. Бироқ ҳар жойнинг ҳам ўзига яраша яхши ёмон томонлари бор. Мукаллаф ҳар бир мусулмон ҳалол ризқ излашга буюрилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ёзадилар: “Ибодат фақат намозу рўзадан иборат эмас”. Демак, бир мусулмон киши газета кўтариб, сотиб юрадими, фаррош бўлиб ишлайдими, мол боқадими, бирор юқори идорада, заводда ишлайдими, ҳарбий ва бошқа хизматлар билан машғулми, машинаси билан киракашлик қиладими, барибир, нияти тўғри бўлса, у ибодат қилаётган бўлади. Худди минглаб ракат нафл намоз ўқиган, роса иссиқ ёки ўта совуқ кунда нафл рўза тутган кишилар қанчалик савоб топса, ўшанчалик савоб топиши ҳам мумкин бўлади. Мўмин банда касб қилиб чарчаса, фарз ибодатини адо этиб, ухлаб қолса, уйқуси ҳам ибодат бўлиб ёзилаверади. Чунки у ҳам диний, ҳам дунёвий ибодат билан банд эди.

“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ, 5).

Инсон ўз яқин атрофида тирикчилик қилиш имкони бўлатуриб, нотинч жойларга бориб юриши, ўз Ватанида тижоратми ё бошқа бирор касб биланми шуғулланиб яшаш имконини ташлаб, фаҳшу зино вабосига ғарқ бўлган бошқа давлатга кетиши ҳеч дуруст эмас. Ибодатли одам ўзининг, бола чақасининг ризқини таъминлашга интилиб чарчаса, бу қийинчилигу оғирчиликлар жаннат роҳатига етишиш учун тўлов бўлиб юзага чиқади.

“Аллоҳ йўлида (бойликларингиздан) сарфлангиз ва ўз қўлларингиз (бахиллик қилиш) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара, 195).

Зеро, жаннатга кириш учун пок ният билан Аллоҳ ризосига мувофиқ ҳаракат қилиш талаб этилади.

Аллоҳ таоло рози бўлган савдолар

Бу мавзуда жуда кўп гапирилди, китобу мақолалар чоп этилди. Биз ҳам маърифат излаган дилларга айрим нарсаларнигина эслатиб ўтишни мақсад қилдик. Бу ўринда ҳеч бир кишини айблаш ниятимиз йўқ. Фақат жамиятимизда бўлаётган айрим ҳодисалар санаб ўтилади. Қандай қилиб бўлса ҳам, юртдошларимиз ўзаро ҳамжиҳатликда маънавий моддий чиройли ҳаёт кечиришларига сабабчи бўлсак, шояд Вал аср сурасидаги илоҳий тавсияга эргашганлардан бўлиб қолсак, деб умид қиламиз: “Асрга қасамки, (ҳар бир) инсон зиён (бахтсизлик)дадир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина (бундан мустаснодирлар). Яъни, бошқача айтилса, имон келтириб, солиҳ амаллар қилган ва бир бирларини ҳақ йўлга, чиройли сабрга чақирганларгина зиёнкорлардан бўлмайди.

Сотиладиган нарсанинг айби ва камчилигини айтиб сотиш талаби

Яхши танишларимиздан бири сўзлаб берди. У киши поездда кўп юрар экан.

Поезд бир бекатга борганида, ҳар галгидек асал сотиб юрадиган бир йигит вагонга чиқибди. У йигит вагонларни айланиб, асал сотиб келгач, ўша танишимизнинг олдига келиб ўтирибди да, салом аликдан сўнг тамадди қила бошлабди. У ёқ бу ёқдан суҳбат бошланибди. Гап айланиб, асал ҳақида сўз кетибди. Маълум бўлишича, асал сотувчи йигит бир идишдагини тоза асал деб, қолганларини тоза эмас, деб сотиб юраркан. Танишимиз мўминлик фаросати билан йигитнинг бир камчилигини сезиб қолибди ва йигитнинг ўзидан сўраб, бу масалага аниқлик киритиб олибди: йигитнинг тоза асал деб сотаётгани асал экан-у, тоза эмас деб сотаётгани қиём экан. Уларнинг суҳбатини ҳеч ким эшитмаётганини билгани учун танишимиз очиқ танбеҳ берибди: “Ука, асал бўлмаган нарсани асал деб сотишингиздан ўзингизнинг кўнглингиз розими?” Йигит жавобан: “Ака, шундай қилишга мажбур бўляпман, чунки савдо яхши бўлмаяпти. Қиёмлигини билишса, одамлар умуман олишмайди”. У киши давом этиб: “Укажон, мен сизни бирон кишининг олдида уялтириш учун эмас, Аллоҳ учун айтяпман, “Мўмин мўминнинг кўзгуси”, деган ҳадиси шариф борлигини биласиз. Сиз Аллоҳга таваккул қилинг да, ё қиёмни умуман сотманг, ё қиёмлигини айтиб сотинг. Сизга тўғрилигингиз учун харидорни Меҳрибон Худои таолонинг Ўзи жўнатади. Ҳозиргача қиммат асал оз сотилаётган бўлса, ундан кейин кўрасиз қанча сотилишини. Шу вақтгача одамларни алдаб, қиёмни асал деб сотганингиз учун астойдил тавба қилиш эсингиздан чиқмасин”. Йигит: “Хўп, айтганингиздек қиламан”, дебди.

Кўпинча, тўй қиладиган одамлар совға салом учун тарқатиб юборишга арзон ва қулай кийим кечаклар излаб қолишади, қидириб қидириб, шунчалик арзон кўйлаклар топишадики, ўйлаб ҳам ўтиришмасдан, бемалол ўнлаб, балки яна ҳам кўпроқ сотиб олишади. Сотаётган “ишбилармон”лар харидорларнинг кўйлакларни очиб кўришларига йўл қўйишмайди. Агар очиб кўришни хоҳлашса, пулини аввалдан тўлашларини ва сотиб олингач, қайтариб бермасликларини шарт қилиб қўйишади. Харидор бу ерда бир гап борлигини билса-да кўйлакларни сотиб олади ва уйга боргач, очиб ҳам кўрмайди. Тўй куни бу совғалар тарқатилади. Ҳадя теккан киши уйига бориб очиб кўргач, кимдан хафа бўлишни билмай қолади. Чунки кўйлак на бирор кишининг қоматига тўғри келади, на кийишга, на бирон кишига беришга ярайди, матоси ҳам “ҳалигидақа”. Бу катта қаллоблик кимдан чиққанини билмай, тушунолмай хуноб бўлади.

Бу ерда на ишлаб чиқарувчи, на савдогар, на сотиб олувчи барака топмайди. Чунки барака Аллоҳдан, Аллоҳни эса алдаб бўлмайди. Гап савдо ҳақида кетаётгани учун бу можароларда кўпроқ савдогарни айблаш мумкин. Чунки у шунақа каззоб ишлаб чиқарувчининг маҳсулотларини нафақат сотиб олмаслиги, балки уни инсофга чақириши керак. Чунки бундай қаллоблик маҳсулотларини сотиб олаётганлар биринчи бўлиб сотувчидан норози бўлишади. Ва очиб, киймоқчи бўлганлар совға қилганлардан хафа бўлишади. Ноилож қўл силтаб қўя қолишади. Агар савдогар ишлаб чиқарувчига танбеҳ берса ва сотиб олмаса, ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини сота олмайди ва “кўзи очилади”.

Ҳар хил маиший техника, машина, мотоцикл ва асбоб ускуналар савдоси билан шуғулланадиганлар ҳақида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин.

Озиқ овқат ва дори-дармон сотувчилар масъулияти

Бу ўта муҳим иш билан шуғуланувчилар, ҳали харажатини чиқармадим, балки сотилиб қолса, яна фойда кўрарман, деб ўтирмасликлари керак. Агар яроқсиз ҳолга келиб қолган маҳсулотларни, одамларга зарар етказмаслик учун Аллоҳдан қўрқиб, ташлаб юборишса, Парвардигор бошқа тарафдан ўша мард савдогарнинг молига ва ризқига барака ёғдиради.

Аксинча бўлса, маҳсулотни сотиб олганларнинг соғлигига кўпроқ ё камроқ зиён етиши, бунинг орқасидан жабрланувчи сотувчидан норози бўлиши ёхуд жанжал чиқариши

мумкин. Натижада, сотувчи яхшигина жарима тўлаши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Бу муомалада ким фойда кўрди-ю, ким зарар? Охир оқибат сотувчи ҳам, харидор ҳам маънавий ва моддий шикаст кўришди. Барака ҳам кўтарилди. Ўзи, аслида, ҳамма барака учун тирикчилик қилмайдими?!

Усталар ва иш берувчилар муомаласидаги нозик жиҳатлар

Уста қиладиган ишининг сифатига, иш берувчи эса керакли ашёлар, иш шароити ва иш ҳақи учун жавоб бериши лозим. Қайси бир томон ғирромлик қилса ҳам, иш бузилади, ҳар иккала тараф учун бош оғриғи кўпаяди. Атрофга қаранг, қанчалаб усталар бажариб бўлган ишларига иш ҳақи олишолмай юришибди, неча неча кишиларни усталар алдаб кетишган. Ҳаммаси ҳам ўзини ҳақ деб, нариги тарафни ноҳақ деб гапиришади. Нима бўлганида ҳам, ғирромлик қилган тарафдан барака қочади. У то ўзи алдаганларни топиб, рози қилмагунича, ҳаловат, ҳузур деган яхшиликлардан узоқда бўлади.

Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат куни уч тоифанинг хусуматчиси бўлурман: Мен билан аҳд бериб, кейин алдаган одамнинг, ҳурни сотиб, пулини еган одамнинг ва одам ишлатиб, ҳақини бермаган одамнинг,” деди”, деб огоҳлантирдилар”.

Бу каби жанжаллар шунчалик кўпки, ҳатто қўшни давлатларга бориб ишлаганлар ҳам ҳақларини ололмай, қайтиб келишяпти.

Биз суҳбатлашаётган мавзудаги низолар келиб чиқмаслиги учун тавсия этилаётган қуръоний кўрсатманинг моҳияти қисқача мана бундан иборат: уста ва иш берувчи ўртада бўладиган иш жараёни ва унга белгиланадиган иш ҳақи тўғрисида бир холис, одил гувоҳ ҳузурида келишиб олишади; ўша одил инсон шартномани бир неча нусха қоғозга ёзиб, томонларга беради. Ундан кейин иккала тараф иш кўламини ҳар уч кун ёки бир ҳафтада аниқ ўлчаб ё чамалаб кўришгач, бажарилган иш ҳақи тўланиб, ҳисоб китоб икки нусхада ёзилиб кетилаверади. Бу ёзма ахборот иш берувчига ҳам, устага ҳам қулайлик ва аниқлик келтиришидан ташқари, ҳар иккаласини ҳушёрликка чорлаб туради. Жами иш ҳажми тугаб, иш ҳақи тўлиқ тўланиб бўлгач, икки томон бир бири билан розилашади ва ўша одил гувоҳ иштирокида ёзилган қоғозга яна керакли ёзувларни киритишиб, имзо қўйишади.

Қариялардан эшитиб юрадиганимиз: “Яхши ёдида сақлашдан ёмон ёзув яхши” ҳикмати ҳам бежиз айтилмаган. Чунки Ислом таълимоти мустаҳкам имонли аждодларимиз қон қонига сингиб кетган. Улар “Мардикор устанинг ҳақини унинг пешона тери қотмасдан беринг”, деган қоидага амал қилишган. Ислом арконларини, тартиб интизомни қаттиқ ушласак, ўзаро муомалотларимизда ҳеч қачон совуқлик бўлмайди, ҳаловат билан яшаб, ёруғ юз, комил имон билан ўтамиз бу дунёдан!

Ишлаб чиқаришдаги ҳалоллик

Мўмин мусулмон инсон ўзининг ва аҳлу аёлининг нафақаи рўзғорини таъминлаши учун бир ёки бир неча касб ҳунар қилса, айниқса, халққа фойдаси етадиган нарсалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйса, бу ҳартомонлама катта ютуқ ҳисобланади: ҳам ўзи ва оиласига, ҳам жамиятга, ҳам давлатга манфаат келтирган бўлади. У, албатта, ишлаб чиқарувчи сифатида фаолият бошлаш билан бирга ҳуқуқий, илмий, фиқҳий, иқтисодий илмларни ҳам имкон қадар ўрганиб олса, нур устига нур бўлади. Бундан ташқари, у қилаётган иши дунё учун ҳам, охират учун ҳам фойдали бўлиши, бировнинг ҳақини емаслиги ва ўзининг ҳақини ҳам ҳеч кимга олдирмаслиги ҳақида Аллоҳ таолодан дуо қилиб, сўраб туриши керак.

Ишни юритиш давомида қўл остидаги ишчиларни ҳам саралашга эътибор қилиши, уларнинг иш шароити, ишлаш самараси ва сифатини доимо назоратда сақлашга ҳаракат қилиши лозим. Ишни ташкил қилиш жараёнида кичкина бўлса ҳам ғирромликка йўл қўйилмасликка астойдил интилиши зарур. Чунки кичик алдовдан катта қаллоблик келиб чиқиши хавфи йўқ эмас.

Бошқа ташкилот ёки корхоналар билан олди берди қилишда муаммолар занжирига тушиб қолмаслик чорасини олдиндан кўриб қўйган яхши. Бунинг учун мунтазам равишда корхонанинг ички ва ташқи фаолиятини тафтиш қилиб бориш лозим. Шундай қилинганида, ҳеч бир замон на юқоридан уюштирилган назоратларда, на бошқа хил ҳисоб китобларда ноқулай аҳвол юзага келмайди. Ишлаб чиқарган маҳсулотини сифатли қилиб сотув шохобчасига етказса, бараканинг ошишига сабаб бўлади.

Ишлаб чиқарувчи фаолиятини мазкур тариқаларда амалга оширса, “Ҳалоллик сўзда эмас, ишда” шиорининг соҳибига айланади. Бундай кишилар, иншааллоҳ, Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам, одамлар ўртасида ҳам фазилатлилар, обрўлилардан ҳисобланади.

2010 йил бошида оммавий ахборот воситаларида бир хабар тарқалди: “TOYOTA” ширкати ўзи ишлаб чиқарган 7 000 000 дона машинани чақириб олди”. Бунга машиналарнинг қаеридадир ўтиб кетган камчилик сабаб эди. Яъни, ўша камчилик қайсики машинада кузатилса, ўша машина эгаси ширкатнинг расмий вакилларига бориб, машинасини бепул таъмирлатиб олиши керак. Аввало, бу чақириб олиш ҳалоллик ва айбини тан олишдир.

Иккинчидан, бу чақириб олиш – сиртдан қаралса, “TOYOTA”нинг обрўсини туширганга ўхшаб кўринса да, аслида, ширкат аҳлининг ҳалоллиги ва ўз ишларига талабчанлигини жаҳон афкор оммаси олдида билдириб, исботлаб қўйди. Бу ишлар рекламасиз реклама бўлиб юзага чиқди ҳамда мазкур автомобил ширкатининг обрўси ошишига хизмат қилди. Биз ҳам бунга ибрат кўзи билан қараб, ишлаб чиқаришни ташкил қилишда, режалар тузишда бу усулни эътибордан соқит қилмаслигимиз керак.

Лафз савдоси

Лафз, бошқача айтилса, тил билан берилган ваъда инсоннинг атрофдагилар орасида субутли ёки субутсиз эканини белгилайди. Агар у лафзида турса, демак, унга теварак атрофдагиларнинг ишончи ортиб боради. Тескариси бўлса, аксинча, ҳеч ким ишонмай қўяди.

Бироқ ишончни сақлаш ҳам осон эмас. Баъзида бу анча қимматга тушиши ҳам мумкин. Лекин сақлай билиш керак. Чунки ҳадиси шарифда айтилган: “Ваъда қарздир”. Бу – жиддий гап. Бирор кишига ваъда беришдан олдин ўйлаб кўриш, кейин ваъдани бажаришнинг ҳаракатида бўлиш керак. Шундай қилинганидагина доимий, кўп йиллик ишонч ва обрўга эга бўлиб борилаверади.

Дунё тажрибасига эътибор қиладиган бўлсак, оламга донғи кетган шундай ширкатлар ва консернлар борки, улар бу даражадаги обрў ҳамда муваффақиятларга эришувининг асосий сабабларидан бири лафзга масъулликдан, деб бемалол айтиш мумкин. Албатта, уларнинг фаолиятларида юқорида таъкидлаб ўтилган қоидаларнинг деярли ҳаммасини топиш мумкин.

Сут маҳсулотлари ва шарбатлар ишлаб чиқарувчи хорижий ширкатнинг юртимиздаги вакиллигида ишлайдиган Нодиржон исмли йигит ҳикоя қилишича, ширкат одамлари ниҳоятда тоза ишлайди; ноҳақликка умуман йўл қўйилмайди, кимнинг ғирром ёки ёлғончи экани сезилиб қолса, у ишдан четлатилади. Қишлоқлардан ва маҳаллалардан сутни йиғиб олишга махсус одамлар ҳамда хизмат машиналари тайинланади; сут одамлардан қиммат нархда сотиб олинади, ҳар бир жойнинг сути алоҳида идишга солиниб, бу ҳақда тегишли белги қўйилади. Сотиб олинган сутлардан таҳлил учун озгинадан намуна олинади ва то лаборатория натижалари чиққунча қолган сутнинг ҳаммаси совитгичларда сақланади, бир қанча соатдан кейин таҳлил натижаси тайёр бўлади: шунга кўра, агар сут яроқли бўлса, ишлаб чиқаришга киритилади, агар яроқсиз бўлса, махсус ажратилган жойга тўкилади; ўша сут олинган жойнинг одамлари ишончни оқламаган ҳисобланади ва бошқа улардан сут олинмайди. Сув ишлаб чиқариш ҳам шу даражадаги аниқлик ва ҳалоллик асосида ишлайди. Ишлаб чиқарилган сув ҳам, сут ҳам бирданига сотувга чиқарилмайди, балки катта катта қисмларга ажратилиб, махсус жойларда маълум бир вақтгача сақланади. Назорат вақти ўтиб бўлгач, ҳар бир қисм ичидан яна таҳлил учун намуналар олинади, худди аввалгидек, таҳлил натижаси чиққунича тайёр маҳсулот сотувга чиқарилмай тўхтатиб турилади. Натижа ижобий бўлсагина, шохобчаларга тарқатилади. Борди ю, таҳлил натижаси салбий бўлса, ўша қисм ҳеч ачинмасдан йўқ қилиб ташланади. Иш шу билан тугамайди. Сотув шохобчалари ҳам назорат қилинади. Агар улар маҳсулотни сақлаш қоидасига амал қилишмаётгани ёки нархни келишилганидан инсофсизларча ошириб юборгани аниқланса, ўша савдо ташкилоти билан, гарчи жуда кўп маҳсулот харид қилаётган бўлса ҳам, лафзсизлиги сабаб, иқтисодий алоқа тўхтатилади.

Ана сизга лафзга масъуллик ва ҳалолликка муносабат. Эътибор қилган бўлсангиз, лаборатория натижаси салбий бўлганида, қанчалаб пул эвазига қўлга киритилган хом ашё ёки тайёр маҳсулот ташлаб юборилади, фойда зиёнга қарамай, ноинсофлиги маълум бўлиб қолган ҳамкорлар билан алоқа бутунлай узилади. Бу харажатлар пулга чақиб кўрилса, яхшигина камомад, йўқотиш бўлаётганини сезиш қийин эмас. Лекин ким сўзда ҳам, ишда ҳам ҳалол бўлса, Аллоҳ таоло баракот ато этади. Биз билмаймиз, ёлғиз Унинг Ўзи билади.

Қарз ҳақида

Қарз беришнинг савоби ҳадя берганнинг савобидан кўра кўпроқлиги ҳақида ҳадиси шариф бор. Узиш ниятида қарз олган кишига Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдам беради деган маънода Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадислар ривоят қилинган. Худо сақласин у, агар банда еб кетиш ниятида бировдан қарз олса, ундай одам ўз бошига бало юклаб олган бўлади ва ниятига мувофиқ бу қарзидан қутулолмай кетади. Имтиҳон дунёсини тарк этганидан кейин унинг яқинлари қарзини узадими-йўқми, номаълум.

Шунинг учун мўмин банда лозим вақтларда Аллоҳнинг ёрдамидан умид қилиб, узиш ниятида қарз олса ва бу қарзини чиройли қилиб узиб, қарз эгасини рози қилиш ҳаракатида бўлса, иншааллоҳ, қарзидан қутулиб, унинг ўзи ҳам, қарз берган банда ҳам кўп кўп савобу ажрларга эришади.

Халқимизда “Қизғанчиқдан қарз олма, қарз олсанг ҳам харжлама” деган мақол бор. Бу мақол нима учун айтилганини билиш қийин эмас. Аввали, қизғанчиқдан қарз олишнинг ўзи қийин иш, иккинчидан, ундай одам қарз беришга рози бўлган тақдирда ҳам, тезликда қайтариб беришинга тўғри келиб қолиши мумкин, шунинг учун уни ишлатмай турганинг маъқул, дейиляпти. Лекин нима бўлганида ҳам, у қарзнинг эгаси, қисташга ҳақли. Шундай экан, қарз олувчи ҳам, берувчи ҳам Аллоҳ таолонинг розилиги ниятида ҳаракат қилиши лозим. Бир томоннинг иши битиб қолсин, иккинчи томоннинг ҳам пули куйиб кетмасин.

“Қарз” сўзи аслида кесиш маъносини беради. Яъни, имкони бор одам ўзининг маблағи ёки сармоясидан қандайдир бир қисмини кесиб, бошқасига беради. Олган одам эса ўша кесилган жойни яна қайта тиклаб бериши лозим. Қуръони мажиднинг бир неча жойида “Аллоҳ учун қарзи ҳасана берувчиборми?” маъносидаги оятлар келади (Бақара, 245; Моида, 12). Бу бой, мард кишиларга хитоб. Ўшандай кишилар қарзи ҳасана4 беришсин ва қарз олган тараф то жойини тўлдиргунича сабр этиб, қисталанг қилмай турсин. Бу вақтда Раззоқ ва Ваҳҳоб Аллоҳ таоло Ўз фазли билан бошқа томондан қарзи ҳасана берган мўмин бандасига файзу баракот етказиб туради. Бу одамзотнинг эмас, Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг ваъдаси. У Зот ваъдасига асло хилоф қилмайди!

Бандасининг иши – Ундан дуо қилиб сўраш ва шу йўналишда тўғри ният билан ҳаракат қилиш. Мисоли тоғнинг этагида туриб: “Эй Худо, менинг шу тоққа чиқишимни насиб қил”, деб сўраб, кейин тоққа чиқишни бошлашдек. Шунда ҳам Парвардигор насиб қилсагина, тоғнинг тепасига чиқади, насиб этмаган бўлса, бир қадам ҳам силжиёлмайди. Эътиқодимиз ана шундай. “Олма, пиш, оғзимга туш”, деб ҳаракатсиз қараб ўтириш бизнинг йўлимизга тўғри келмайди. Чунки ҳазрат Биби Марямга ҳам: “Қуриган хурмо шохини силкит”, дейилди (Марям, 25). Силкитмаса ҳам беришга қодир эди, лекин Ўз неъматини шу силкитиш сабабига боғлаб қўйди. Силкитди, қуриган хурмодан мева тўкилди.

Зотан, бу дунё ишлари сабабларга пайваста қилинган. Демак, сўраб Аллоҳ таолога илтижо қиламиз, сўраганимизга мувофиқ ҳаракат қилиб, сабабларни амалга оширамиз. Бериш ё бермаслик, етказиш ё етказмаслик Унинг сири. Ҳукм ҳам Уники, хоҳиш ҳам! Хоҳлаган вақтида ҳар қандай сабабни ўртадан кўтариб, тўғридан тўғри етказади ҳам.

Умр савдоси

Умр савдоси ҳақида бу рисолада ёзишнинг қандай зарурати бор эди, деган савол туғилиши мумкин. Жавоб шуки, ҳалол савдо ҳақида гаплашишга киришдикми, демак, гапимиз чала бўлиб қолмаслиги керак. Чунки умр савдоси ўзига хос нозик муомала тури. Чунончи, тафсирларда Масад сурасидаги “ва маа касаб” дан мурод Абу Лаҳабнинг халқ ичида гердайиб юришига сабаб бўлган ўғиллари дейилади. Оятнинг мазмуни бундай: “Унга топган мол мулки ва ўғиллари қора кунида асқотмади”. Демак, унинг ўғиллари касб қилиб топган нарсаларидан ҳисобланади.

Бугунги кунда аёл билан аёл, эркак билан эркак ўзаро никоҳ қуриб яшашига расман йўл бераётган давлатлар ҳақида ўқиб, эшитиб қоляпмиз. Баъзи жойларда одат бўлиб боряптики, йигит билан қиз ёки эркак билан аёл қонуний эр хотин бўлишдан олдин биргаликда қанчадир вақт ҳаёт кечиришиб, ундан кейин ё турмуш қуришяпти, ё навбатдаги жуфтини излаб, икки ёққа тарқаб кетишяпти. Ўртада фарзанд бўлиб қолиши масъулияти билан умуман қизиқишмаяпти. Гўёки бозорга бориб, мол танлади ю, уйига олиб кетди; ёқса, олади, ёқмаса, қўйиб юборади ва бошқасини танлайди. Бу каби умр савдосини олиб борадиганлар ҳақиқий яхшиликка асло етишолмайди. Чунки жинсий ҳаётга бундай масъулятсиз муносабат ҳеч бир шариат, ҳеч бир динда ҳалол эмас.

Шукр, халқнинг хизматидамиз, “Никоҳ ўқиб қўйинг”, дейишади, ўқиб қўямиз. Баъзан келин куёвлар наинки мусулмонча ҳаёт тарзи, ҳатто имон калимасини айтишни эплолмай қолишяпти. Биргина йигирма ўттиз дақиқалик никоҳ маросимида қайси айтилган нарсаларни эслаб қолишади, билмаймиз.

Худонинг берган куни диний идорага ораларига уч талоқ тушиб қолган эр хотинлар келишади: “У эди, бу эди, маст эдим, аласт эдим, талоқ айтиб юборибман, фарзандларимиз нима бўлади, илтимос, бир йўл топиб беринглар”.

Шукроналар бўлсин, ён атрофимизда қарийб эллик олтмиш минг табаррук ҳожи ота ва ҳожи оналаримиз юришибди. Уларни тез тез зиёрат қилиб, дуоларини олиб туриш ёшу катта учун фақат фойда бўлади. Ҳаётда у бу ишларни қилишда уларнинг қимматли маслаҳатларини сўраб туришга одатланиш керак. Чунки бу ерда Исломнинг бош шиорларидан бўлган одоб масаласи бор. Қолаверса, “Қари билганини пари билмас” деганларидек, уларнинг тажрибалари ҳам қўл келиб қолиши шубҳасиз.

Инсон салбий иллатларга ёпишганидан кейин, уни чиқариб олиш қийин бўлади, яхшиси, уни бундай иллатдан узоқ сақлаш керак. Кўз олдимизда боламиз қайноқ чойга интилса, жим қараб турмаймиз, бу аниқ гап. Маъсум маъсума ўғил қизларимиз, ўсмир ўспирин ёшларимиз, йигит қизларимиз, қайси динни ушласам экан, деб иккиланиб юрган фуқароларимиз бор. Уларга тўғри диний таълим олган мутахассисларимиз эътиқод илмини ўргатишмаса, кимдан ўрганишади? Бу савол пишиб етилган, ечимини кутиб турибди. Бебаҳо бойлик бўлган умр сармояси ботил нарсаларга харжланиб кетмаслиги керак. Мабодо шундай бўлиб қолса, бундай умр савдоси пуч, арзимаган нарсага айланиб қолган бўлади. Худо сақласин!

Оила қуриш савдосини етарли диний, дунёвий билимлар билан бошламаган кишиларнинг келажаги ҳавас қиларли даражада бўлмайди. Бу табиий. Янги қурилаётган оиланинг мутасаддилари – қуда андалар, тоға ва амакилар, амма холалар, янгалар бу юмушнинг чорасини олдиндан кўриб қўйишлари, келин куёв умр савдосини пухталик билан бошлашлари лозим. То бўлажак келин куёв ўзаро муносабатларида гуноҳ ишлардан узоқ бўлсин:

“Биз ўзимизни бошқара оламиз, жинсий муомаладан эҳтиёт бўламиз”, деб учрашувга чиқиш олов билан ўйнашгандек гап. Олов билан ўйнашган кишини у куйдириб қўйиши осон бўлганидек, хилватда қолган ёшларни устаси фаранг шайтон минг хил алдов билан “ёмонлик”ка бошлаб қўя олади. Мабодо шундай ҳолат юз берса, уларнинг умр савдолари хатар билан эгизак бўлиб қолади. Ҳатто аянчли кунларга тушишлари ҳам мумкин.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир гал саҳобаи киромларига: “Хотинларингиз билан қўшилганингиз учун ҳам ажр оласиз”, деб марҳамат қилдилар. Саҳобалар сўрашди: “Ё Расулуллоҳ, ўз нафсимизни қондирсак ҳам ажр бериладими?”. “Нафсингизни ҳаромдан қондирсангиз, гуноҳ ёзиладими?”. “Ҳа”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Демак, жуфти ҳалолингиз билан қўшилганингизга ҳам ажр оласиз”, дедилар. Буни ёшу катталаримиз яхши билиб олишлари нур устига нур бўлади.

Келин куёвларга талоқ илми, жинсий алоқадаги ҳаром ва ҳалол илми, ғусл, таҳорату намоз илми, эр хотиннинг бир биридаги ҳақлари ва бурчлари, оила тежамкорлиги илми ва ҳоказолар, албатта, тўй бўлишидан хийла олдин ўргатилиши керак. Шундай астойдил ҳаракатлар натижасида миллатимизнинг обрўсини оширадиган фарзандлар туғилади. Солиҳ зурриётлар дунёга келиши, халқимизнинг бир бири билан ўзаро ширин шаръий ҳаёт кечириши учун шароитлар яратишимиз, ҳар турли зарурий хизматларни бажариш учун иккиланмасдан, тортинмасдан, жидду жаҳд қилишимиз керак.

Қуръони каримда “қайси қавм ўзини ўнгламаса, уларнинг аҳволини Аллоҳ ўзгартирмайди”, мазмунли оятлар бор (Анфол, 53; Раъд, 11). Миллатнинг умумий бахти, саодатли эртаси учун бугун ҳаракат қилиш шарт. Ҳаракат биздан, баракат Аллоҳдан!

Аллоҳ таоло ман қилган савдолар

Бу ўринда айрим манҳиётларни зикр қилмоқчимиз. Мақсад – жамиятимиз гуллаб яшнашига халал бераётган ишлардан халос бўлиш чорасини излаш.

Алим ва Ҳаким Зот бандалари учун зарарли бўлган нарса ва амалларни Ўзининг Китоби ва Расули орқали билдириб, бандаларига ақл юритиб, мазкур зарарли нарса ва амаллардан узоқда бўлишни буюрган. Ўша нарсалар ҳаром ва гуноҳ деган умумий ном билан аталади. Қайси бир инсон ёхуд қавм ҳаром ва гуноҳларга аралашиб қолса, энг биринчи навбатда ўз жонига зулм қилган бўлади.

Тана савдоси

Бу сўз бирикмаси зикр қилинган ҳамоно фоҳиша ва зинокорлар эсга келади. Зино Қуръонда ҳам, ҳадисда ҳам ман қилинган, ҳаддан ўтган бузуқ ва оқибати хатарли нарсадир. Маънавий тубан, ўз қадрини поймол қилган аёл ва эркак бу йўлга юради. Зинокорлар нафақат ўзларини хонавайрон қилишади, балки улар туфайли элдан барака кўтарилади, қаҳатчилик юз беради.

Зино сабабли қотиллар пайдо бўлади. Улар бу йўлга кирган аёлларнинг ҳомилаларини олиш билан машғул. Қизлар, аёллар зино орқали, хиёнат сабабли ҳомила орттириб, қилар ишни қилиб бўлишгач, ўзларини бу “шармандалик юки”дан қутқарадиган “халоскор” излаб қолишади. Кимларнингдир воситасида излаб топганлари ўша кимсалар ҳомилани бурда бурда қилиб олиб ташлашади.

Одам сотган Абдуллоҳ

Бугунги кунда ер юзида қуллар қолмаган. Ҳамма ҳур. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида озод одам боласини сотиш қаттиқ қораланган: Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган, юқорида ҳам келтирганимиз ҳадисда: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло “Мен қиёмат куни уч тоифанинг хусуматчиси бўламан: Мен билан аҳд бериб, кейин алдаган одамнинг, ҳурни сотиб, баҳосини еган одамнинг ва одам ишлатиб, ҳақини бермаган одамнинг, дейди” дедилар”.

Чет элларга ишлаш учун кетганларнинг кўпларини бегоналар эмас, ўз юртдошлари, маҳалладошлари сотишганини эшитиб қоляпмиз. Қулнинг орзуси битта – озодликка чиқиш бўлгани сингари, ўша сотилган инсонлар ҳам кеча бўлсин, кундуз бўлсин, тутқунликдан қутулиб, ўз юртига қайтиш чорасини қидиришади. Бундай имкон туғилиши биланоқ фойдаланиб олишади ва уйига келишгач, ўша ўзини сотиб юборган “ишбилармон” танишидан, унинг оиласидан ўч олиш ҳаракатига тушишади.

Одам сотганлар эса, буни жуда яхши ҳис қилишгани учун юртига қайтолмай юришади. Қайтса, эл юрт олдида шарманда бўлишидан ташқари, яна қамоққа тушиб жазоланиш ҳам кутиб турибди. Шунинг учун улар ўша юртларда юришга мажбур. Лекин қилган қилмишлари эвазига хор зор бўлиш хавфи уларни ҳеч қачон, бир лаҳза бўлсин, тарк этмайди. Улар худди асаларининг эркагидек уйига қайтолмай қолиб кетишлари ҳам мумкин. Бундай шармандаликлардан Аллоҳ сақласин!

Ёлғон савдо

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёлғончи биздан эмас”, деганлар. Ўзини мўмин мусулмон ҳисоблайдиган кишига мана шу ҳадиси шариф кўп нарса беради. Бу улуғ қоида ва чегара. Гап сўзда бўладими, ишда, савдода бўладими, қатъи назар, мўмин инсон ёлғондан узоқда туради. Ёлғонни одат қилган киши энг аввало ўзига ёмонлик қилган бўлади; ёлғон аралашган жойдан барака қочади. Чунки ҳамма нарсадан хабардор Аллоҳ таоло ёлғончини яхши кўрмайди.

Кўплар ширин, чиройли ёлғон билан ишларини битириб юришга уста. Уларнинг шиори: “Э э, ишинг битгунча чўчқани “тоға” де!”. Йўқ нарсани савдо қилишиб, пулини олганлар, бузуқни соз деб, яримни бутун деб сотганлар, ўзиники бўлмаган нарсани пуллаганлар, бирор нарсани олиб, ҳақини бермасдан ё бир қисмини бериб, қолганини ўзлаштириб кетганлар, ўзларича фойда қилдим, деб ўйлашса да, аслида, катта зиён қилишади, ишидан, ризқидан, хонадонидан файз-барака кўтарилади, охиратда азобга гирифтор бўлишади. Чунки Аллоҳ таоло ёлғон аралашган иш ва гаплардан рози бўлмайди.

Пора савдоси

Мазкур савдо жаҳон мамлакатларини ўйлантириб турган катта муаммолардан биридир. Пора муомаласи барча динларда гуноҳ ҳисобланади. Икки олам саййиди Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) порадан қаттиқ қайтарганлар: “Пора берувчи ҳам, олувчи ҳам, ўртада турувчи ҳам жаҳаннамга ташланади”.

Порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб боради. Пора воситасида ноҳақлик ҳақ мақомига чиқиши боис жамият пароканда бўлади. Мамлакатимиз мустаҳкамлиги, ривожи ва гуллаб-яшнашини, охирати обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро пора олиш ва бериш иллатидан халос бўлиши керак.

Хиёнат (хоинлик) савдоси

Хиёнат асло яхшилик келтирмайди. Хиёнатнинг тури кўп: дўстликка хиёнат, оиласига, жуфтига, яхши кўрганларига хиёнат, хўжайинига, шеригига, аҳдлашганларига хиёнат, ота она, ака ука, опа сингилга хиёнат, Ватанига, ватандошларига, динига, диндошларига хиёнат, омонатга, молга хиёнат, устозга хиёнат... Ҳеч бир динда, ҳеч бир давлатда хиёнат оқланмайди.

Ўқитувчи, ишчи хизматчи, шифокор, муҳандис ё бошқа соҳада ишловчи иш вақти ўз жойида бўлмасдан, ойлик маошини олса ҳам, хиёнат ҳисобланади. Чегарачи чегарада ухлаб қолса, бу ҳам хиёнат. Постда турган посбон ёки қоровул иш жойини ташлаб кетса, бу ҳам хиёнат. Солиқ олувчи солиқ тўловчи билан келишиб, солиқни камайтириш ҳисобига бир қисмини ўзи ўзлаштириб олса, бу ҳам жиноят, ҳам хиёнат. Ҳар хил иморат қурувчи ва таъмирловчилар, йўллар қурувчилар ва таъмирловчилар ёхуд бошқа соҳаларнинг масъуллари қилинмаган ишни қилинди деб, ёки оз харажат қилинган жойга кўп харажат кўрсатиб, давлатнинг пулини ўзлаштирса, гарчи буни бошқалар билмай қолса да, хиёнат, жиноят, ўғрилик ва гуноҳнинг каттасини қилган бўлади.

Ўзини ақлли деб санайдиган одамга кетидан жазони жалб қиладиган амаллар қилиш ҳеч тўғри келмайди. Унинг билатуриб, бундай қилиши худди “Қамоқхонага ҳам одам керак, дўзахга ҳам одам керак, мен ана ўшандайлар тоифасиданман” деганидай бўлади. Бу гапларни айтишдан мақсад – мазкур икки жойга дўстларимиз ҳам, ётларимиз ҳам тушмасин. Ҳаммамизнинг муроду ниятимиз мана шу нуқтада кесишуви керак.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

"Мирза Юсуф" жоме масжиди имом хатиби

* * *

 

Mehribon va rahmli Alloh bandalariga halol kasb qilishni va haromdan qochishni amr etdi. Sevikli Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) halol kasb qilish va halol yashash yo‘llarini ummatlariga tushuntirib, o‘z hayotlarida amalga oshirib, ko‘rsatib berdilar.

Ma’lumki, inson hayotining aksar qismi moliyaviy muomala bilan va shunga doir muammolar ta’sirida o‘tadi. Chunki turmush shuni taqozo etadi. Agar moliyaviy muomala, oldi berdilar yo‘lga qo‘yilmasa, zaruriy qoidalar ishlab chiqilmasa, turmush qiyinlashib, odamlar orasida kelishmovchiliklar ko‘payib ketgan bo‘lardi.

Alloh taolo Qur’oni karimda muomalotning umumiy qoidalarini bayon qildi. Payg‘ambarimiz (alayhissalom) ularning tafsilotini tushuntirdilar. Musulmonlar namoz masalalarini nechog‘li o‘rgangan bo‘lsalar, savdo masalalarini ham shunchalik o‘rganishdi.

Rizqni tanish

Imom Hokim Jobir ibn Abdullohdan, Ibn Murdavayh va Xatiblar Abdulloh ibn Abbosdan rivoyat qilishadi: Avf ibn Molik al Ashjaiy (roziyallohu anhu) kambag‘al, ko‘p bolali odam edi. U bir kuni Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) huzurlariga kelib: “Ey Allohning rasuli! O‘g‘lim dushman qo‘lida asirda, onasi bundan jazavaga tushyapti, nimaga buyurasiz?” dedi. Payg‘ambarimiz (alayhissalom): “Sen va ayoling “Laa havla va laa quvvata illaa billah”ni ko‘p aytib, sabr qilinglar”, dedilar. Eru xotin ikkovlari ana shu kalimani ko‘p aytishdi, sabr qilishdi. Oradan ko‘p o‘tmay, asirlikdagi o‘g‘il dushmanning g‘aflatdaligidan foydalanib, qo‘ylarini olib qochib, otasi huzuriga keldi. Ota xabarni Payg‘ambarimizga (alayhissalom) yetkazdi. Shu vaqt: “…Kim Allohga taqvo qilsa, U unga (tashvishlardan) chiqish yo‘lini (paydo) qilur. Yana, uni o‘zi o‘ylamagan joydan rizqlantirur...”, degan oyat nozil bo‘ldi (Taloq, 2 3). Ya’ni, kim Alloh taolo buyurganini qilib, qaytarganidan qaytsa, dunyo qiyinchiliklaridan chiqadigan yo‘lni Alloh unga ko‘rsatadi; xayoliga kelmagan tomondan rizq yetkazadi.

Odatda, aksar kishilar “rizqu ro‘zim ko‘paysin” degan maqsadda taqvodan voz kechadi, taqvo yo‘lidan yurmaydi. Ushbu oyati karimaning ma’nosidan kelib chiqib, ayta olamizki, taqvodorlik qiyinchiliklarning osonlashishi va rizqning o‘ylanmagan tarafdan kelishiga sabab bo‘ladi.

Ahli sunna val-jamoa mazhabi ulamolari ta’rificha, “Alloh taolo maxluqotlariga – odamlar va hayvonlarga bergan va ular manfaat olgan dunyoviy va uxroviy har bir narsa rizqdir”. Alloh taolo katta yoki kichik har bir insonga, har bir hayvonga bergan va ular foydalanadigan yemak, ichmak, kiyim yoki uy-joy ularning rizqidir.

Rizq ikki qismga taqsimlanadi: halol rizq va harom rizq. Bunga dalil Baqara surasining 172 oyatidir: “Ey imon keltirganlar, Allohgagina ibodat qiluvchi bo‘lsangiz, sizlarga Biz rizq qilib bergan pokiza narsalardan yenglar va Unga shukr qilinglar!”

Abu Xafs Umar ibn Muhammad ibn Ahmad ibn Ismoil ibn Muhammad ibn Ali ibn Luqmon Najmiddin Nasafiy (461 537 h.) o‘zining “Al aqoid an Nasafiya” risolasida: “Harom ham rizqdir. Har bir inson o‘z rizqini – xoh u halol bo‘lsin, xoh harom – to‘la oladi. Biror inson o‘z rizqini yemadi yoki uning rizqini birov yeb qo‘ydi, deb tasavvur qilinmaydi”, deb yozadi.

Abu Umomadan (roziyallohu anhu) rivoyat qilinadi: “Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Ruhul Qudus mening ko‘nglimga: “Nafs ajali yetmagunicha va o‘z rizqini to‘la olmagunicha zinhor o‘lmas, Allohga taqvo qilinglar, rizqni istashda haddan oshmanglar, rizqning kech qolishi sizni Allohga ma’siyat ila uni talab qilishga olib bormasin. Albatta, Allohning huzuridagi narsaga faqat U Zotga toat qilish ila erishiladi”, degan ma’noni soldi”, dedilar”.

Bu hadisi sharif bizga har bir jon o‘z rizqini to‘la olishi muqarrar ekanini, rizqni taqvo asosida, halol yo‘l bilan talab etish zarurligini, rizqi kech qolsa, haromga qo‘l urish mumkin emasligini bayon qilmoqda. Imom Buxoriy Abu Dardodan (roziyallohu anhu) rivoyat qilgan hadisi sharifda Nabiy (sollallohu alayhi va sallam) quyidagilarni aytadilar: “Albatta, rizq bandani xuddi ajali uni quvgandek quvib yuradi”. Demak, rizq adashib ketmas ekan.

Imom Muslim Abu Hurayradan (roziyallohu anhu) rivoyat qilgan hadisi sharifda Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam): “Albatta, Alloh pokdir va pokdan boshqani qabul qilmas. Albatta, Alloh mo‘minlar uchun rasullarga amr qilgan narsani amr qilgan. (Alloh) “Ey payg‘ambarlar! Pok narsalardan yenglar va solih amallar qilinglar, albatta, Men nima amal qilayotganingizni o‘ta biluvchiman”, degan, deb ogohlantirilganlar.

Ahli sunna val jamoa mazhabi rizqni pok va nopokka taqsim qilgan bo‘lsa ham, Alloh taolo faqat halol, pok rizqnigina qabul qilishini ta’kidlaydi; ajru savob ham shunga qarab beriladi; harom, nopok rizqqa azob beradi va u sababli jazolaydi. Hud surasida: “Yerda o‘rmalovchi biror narsa (jonzot) yo‘qki, uning rizqi (ta’minoti) Allohning zimmasida bo‘lmasa! (U) uning qarorgohini ham, oromgohini ham bilur. Hammasi aniq Kitob (Lavhul-Mahfuz)da (yozilgan)dir”, deyilgan (6-oyat). Ya’ni, yer yuzida o‘rmalagan narsa – odamzot, hayvonot, hasharot, qurt qumursqa va boshqa jonzotlar borki, ularning hammasiga Alloh taolo rizq beradi. Bu maxluqotlar orasida mo‘min inson Allohning amriga binoan doimo pok narsani yeydi, bu ilohiy amr uning foydasi uchundir. Imom Ahmad, Imom Nasaiy va Ibn Moja Savbondan (roziyallohu anhu) rivoyat qilishadi: “Albatta, banda qilgan gunohi tufayli rizqidan mahrum bo‘ladi, qadarni duogina o‘zgartiradi, umrni esa yaxshilik uzaytiradi”. Ulug‘ vatandoshimiz Abul Barakot Hofizuddin Abdulloh ibn Ahmad ibn Mahmud Nasafiy (vaf. 701 h.) mashhur asarlari – “Madorikut tanzil” tafsirida Abdulloh ibn Mas’uddan (roziyallohu anhu) rivoyat qilganlar: “Inson qilgan gunohlari evaziga xotirasidan ham ayrilib boradi”.

Rizqni halol kasb orqali talab qilish

“Bas, namoz tugaganidan so‘ng yer yuzi bo‘ylab tarqaling va Allohning fazlidan talab qiling va Allohni ko‘p eslang, shoyadki, yutuqqa erishsangiz” (Jum’a, 10).

Ya’ni, Alloh taolo bu oyati karimada mo‘min musulmonlarni namozni ado etgach, yer yuziga tarqalib, halol yo‘l bilan rizq topishga targ‘ib qilmoqda va bu ishni Alloh taoloning fazlidan talab qilish, deb nomlamoqda. Namozdan keyin kim savdosiga, kim kasal ko‘rgani, kim ilm talabiga – har kim o‘z ishiga qaytishi mumkin. Chunki yer yuzi bo‘ylab tarqalish buyrug‘i majburiy emas. Lekin ba’zi kishilar bu amrga jiddiy amal qilishgan. Ibn Abu Xotimdan rivoyat qilinadi. Irok ibn Molik (roziyallohu anhu) juma namozidan so‘ng masjid eshigidan chiqarkanlar: “Ey bor Xudoyo, men da’vatingga javob qildim, farz namozingni o‘qidim va aytganingdek yer yuziga tarqaldim. Menga O‘z fazlingdan rizq bergin, Sen eng yaxshi rizq beruvchisan”, der ekanlar. Qur’oni karimda bu ma’nodagi boshqa oyatlar ham mavjud. Jumladan, Mulk surasining 15 oyatida aytiladi: “U (Alloh) sizlarga yerni xoksor (bo‘ysunuvchi) qilib qo‘ygan zotdir. Bas, u(Yer)ning har tomonida (sayohat, tijorat yoki dehqonchilik qilib) yuraveringlar va (Allohning bergan) rizqidan yenglar. Tirilib chiqish Uning huzurigadir”.

Ulamolarimiz qadimdan ushbu oyati karimaning tafsirini Islomda mehnatga chorlash, rizq terish maqsadida yer yuzining turli joylarida harakat qilish joizligiga dalil qilib keltirishadi. Bu oyatdagi “yuring” degan xitob musulmonlarni doimo kasb korga undagan va dangasalik, bekorchilikdan chetlanishga chaqirgan. Shu bilan birga, rizq Alloh taolodan bo‘lishini unutmaslik zarurligini eslatgan. Ya’ni, musulmon odam yer yuzida rizq talabida bo‘lishi va halol yo‘l bilan kasb qilishi kerak.

Alloh taolo: “Kunduzni esa tirikchilik (vaqti) qildik”, deydi ( Naba’, 11). Bu ham maosh, rizqu ro‘z topish uchun harakat qilish zarurligini bildiradi. O‘sha harakatga kasb qilish deyiladi. Ulamolarimiz kasbni shunday ta’riflashadi: “Kasb maqsadni hosil qilish uchun harakat etish va unga sabab bo‘ladigan narsalarni ishga solishdir”. Shuningdek, ular tavakkul ta’rifida: “Dunyo va oxirat ishlarida foydani jalb qilish hamda zararni daf etishda qalbning Alloh taologa sidqidildan e’timod qilishi”, deyishadi. Ahli sunna val jamoa mazhabi bo‘yicha, tavakkul qalbga va kasb a’zolarga bog‘liq ish bo‘lib, sabablarni ishga solmaguncha, tavakkul hosil qilinmaydi.

Buyuk vatandoshimiz Hakim Termiziy Muoviya ibn Qurradan rivoyat qiladi: Umar ibn Hattob bir guruh odamlarga yo‘liqib qolib: “Sizlar kimsizlar?” deb so‘radi. “Tavakkul qiluvchilarmiz”, deyishdi. “Yo‘q, sizlar tekinxo‘rlarsiz, tavakkul qiluvchi avval donni yerga sepib qo‘yib, keyin Allohga tavakkul qiladi”, dedi.

Bu o‘rinda tavakkul qilish bilan birga sabablarini ham puxta bajarish kerakligi bayon qilinmoqda. Hazrat Umardan (roziyallohu anhu) rivoyat qilinadi: “Nabiy (sollallohu alayhi va sallam): “Agar sizlar Allohga haqiqiy tavakkul qilsangiz, U Zot och ketib, to‘q qaytadigan qushlarni rizqlantirgani kabi sizlarni rizqlantiradi”, dedilar”.

Bu hadisi sharifda, agar bandalar Alloh taologa haqiqiy tavakkul qilsalar, suyansalar, xuddi hech qanday jamg‘armaga ega bo‘lmagan qushlarga kerak bo‘lgan paytda rizq bergan Roziq subhanahu va taolo ularga ham rizq berishi aniq ekani haqida so‘z ketmoqda. Faqat, qush uyasidan chiqib, rizqini topishga harakat etganidek, bandalar ham kerakli harakatni qilishlari lozim.

Harom kasb, harom rizqning yomon oqibati

To‘g‘ri kelgan narsani surishtirmay, o‘ziniki qilib olish, undan foydalanish hayvonga xosdir. Inson halol haromni ajratishi bilan hayvondan farq qiladi. Musulmon kishi haromdan hazar qilishda o‘ta mas’uliyatli bo‘lishi kerak. Aks holda, uni dunyoda ham, oxiratda ham yomon oqibat kutadi.

Abu Hurayradan (roziyallohu anhu) rivoyat qilinadi: “Nabiy (sollallohu alayhi va sallam) “Odamlarga bir zamon keladiki, unda kishi molni qanday qo‘lga kiritganiga, haloldan yo haromdan topganiga e’tibor qilmaydi”, dedilar”.

Odamlar haqiqiy Islomdan uzoqlashishi natijasida halol bilan haromni ajratish go‘yoki ikkinchi darajaga tushgandek. Mol-dunyo to‘plash, yaxshi hayotga oson erishish uchun ayrim kishilar haromdan, jinoyatdan, pastkashlikdan tap tortmaydigan bo‘lib qolishdi. Hatto halol yashashga uringan kishilarning ustidan kulish, ularni kamsitish oddiy holga aylandi. Oilani boqish vazifamiz ekan deb, ko‘chadan topganlarini, halolmi, harommi, surishtirmasdan olib kelib farzandlariga yediradigan ota-onalar ham bor.

Nohaq, harom yo‘llar bilan kasb qilish ommaviylashib ketsa, xunuk oqibatlarga olib kelishi mumkinligi haqidagi fikrlar ba’zi kishilar o‘ylab topgan oddiy gaplar emas. Alloh taolo: “Mol(mulk)laringiznio‘rtalaringizdabotil(yo‘llar)bilanemangiz!” (Baqara, 188), deb marhamat qiladi. Ya’ni, bir biringizning molingizga, haqingizga xiyonat qilmang. Imom Qurtubiy oyatdagi “botil(yo‘l)bilanemaslik”ka haromning barcha turlari: qimor, aldamchilik, harom narsalarni sotib, harom kasb qilib mol, boylik topish va boshqa shu kabilar kiradi, deganlar. Ushbu oyat tafsirida Ibn Abbos (roziyallohu anhu) aytadilar: “Alloh taolo kishini nohaq, yolg‘on qasam bilan birodarining molini o‘ziniki qilib olishdan qaytardi. Birovning haqini yeyish ikki xil bo‘ladi: zulm orqali – tortib olish, xiyonat, o‘g‘rilik; hazil va o‘yin orqali – qimor va boshqa shunga o‘xshash bekorchi ermaklar”.

Harom yeyish, ya’ni, Alloh man qilgan narsalarning iste’moli dunyoning o‘zida ham, oxiratda ham yomon oqibatlarga olib keladi.

Payg‘ambarimiz (alayhissalom) aytganlar: “Bir kishi uzoq safar qiladi, sochi to‘zg‘ib, ust boshi chang bo‘ladi, qo‘llarini osmonga cho‘zib: “Yo Rabbim, Yo Rabbim...” deydi. Holbuki, yegani harom, kiygani harom va haromdan oziqlangan. Bas, uning duosi qanday ijobat bo‘lsin?!” (ImomMuslim).

Hazrat Anas (roziyallohu anhu) Payg‘ambarga (sollallohu alayhi va sallam): “Yo Rasululloh, meni duosi ijobat bo‘ladigan qilib qo‘ying”, debdilar. U kishiga javoban Payg‘ambarmiz (alayhissalom) “Luqmangizni halol qiling”, degan ekanlar.

Duo qabul bo‘lishi uchun luqmaning halol bo‘lishi shartligi ushbu hadislardan anglashilib turibdi. Unda harom yeyishning dunyo va oxirat uchun eng birinchi yomon oqibati duoning qabul etilmasligi bo‘lib chiqadi. Duoning qabul bo‘lmasligida esa ibodat va boshqa yaxshi amallarning ham qabul bo‘lmasligiga olib borish xavfi bor. Alloh saqlasin!

Abdulloh ibn Mas’uddan rivoyat qilinadi: Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) aytdilar: “Albatta, Alloh o‘rtalaringizda rizqni taqsimlaganidek xulqlaringizni ham taqsimlagandir. Albatta, Alloh taolo dunyoni yaxshi ko‘rgan va yaxshi ko‘rmagan bandalariga beraveradi, dinni esa faqat yaxshi ko‘rgan bandasiga beradi.

Alloh kimga dinni ato etgan bo‘lsa, haqiqatda uni yaxshi ko‘ribdi. Jonim izmida bo‘lgan Zotga qasam, dili va tili musulmon bo‘lmaguncha hech bir banda musulmon bo‘lmaydi, to qo‘shnisi “bavoiq”idan omonda bo‘lmagunicha imonli bo‘lmaydi”. “Bavoiq nima?” deb so‘rashgan edi, “Aldov va zulm” dedilar da, davom etdilar: “Qaysi bir banda haromdan mol topib, uni sadaqa qilsa, qabul qilinmaydi, infoq ehson qilsa, barakasi bo‘lmaydi, o‘zidan keyinga qoldirsa, do‘zax uchun hozirlagan ozuqasi bo‘ladi. Aniqki, Alloh yomonlikni yomonlik bilan o‘chirmaydi, bil’aks, yomonlikni yaxshilik bilan o‘chiradi. Shubhasiz, nopok nopokni o‘chirmaydi” (ImomAhmadvaboshqalar).

Mazkur hadisdan harom yeyuvchi kishining sadaqasi qabul bo‘lmasligini, o‘zidan keyin qoldirsa, do‘zax uchun hozirlagan ozuqasi bo‘lishini bilib olamiz.

Harom bilan oziqlanish farzand tarbiyasini ham buzadi. Bular harom yeyishning dunyodagi yomon oqibatlaridir. Bunday shum amal oxiratda ham bir necha yomon oqibatlarga sabab bo‘ladi. Ka’b ibn Ujradan (roziyallohu anhu) rivoyat qilinadi: Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) aytdilar: “Ey Ka’b ibn Ujra, nohaq – haromdan o‘sgan go‘sht (jasad) jannatga kirmaydi” (IbnHibbon).

Imom Tabaroniy rivoyat qilgan hadisda Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) aytdilar: “Qiyomat kunida ayrim kishilarni olib kelishadi. Ularning Tuhoma tog‘icha keladigan yaxshiliklari bo‘ladi. Ular keltirilgach, Alloh ularning yaxshiliklarini to‘zg‘igan g‘uborga aylantirib qo‘yadi, o‘zlari esa do‘zaxga uloqtiriladi”. “Yo Rasululloh, bunday bo‘lishining boisi nedir?” deb so‘rashdi. “Ular namoz o‘qir, ro‘za tutar, haj qilar edilar, biroq biron bir harom narsaga duch kelsalar, uni olishar edi. Shu bois Alloh ularning amallarini behuda qiladi”, deb javob berdilar.

Demak, harom yeyuvchi kishilarning amallari behuda bo‘ladi va o‘zlari do‘zaxga uloqtiriladi. Bundan da yomon oqibat bo‘lmasa kerak!

Bu o‘rinda Abu Bakr Siddiqning (roziyallohu anhu) taqvolarini misol keltirish mumkin. Oyshadan (roziyallohu anho) rivoyat qilinadi: “Abu Bakr Siddiqning (roziyallohu anhu) xiroj to‘laydigan g‘ulomi – quli bor edi. Abu Bakr uning xirojidan tanovul qilar edilar. Bir kuni u zot quli keltirgan taomni yeya boshladilar. G‘ulom Abu Bakrdan so‘radi: “Bu nimaligini bilasizmi?”. “Yo‘q, u nima?”. “Johiliyatda bir kishiga fol ochgan edim. Folbinlik yaxshi bo‘lmagan, men uni aldagan edim. Hozir haligi kishi yo‘liqib, o‘sha ishim uchun menga mana shu siz yegan narsani berdi”, degan edi, Abu Bakr qo‘llarini og‘izlariga tiqib, qorinlaridagi bor narsani qayt qilib tashladilar” (Imom Buxoriy).

Biz ham u zotlarga o‘xshab taqvodor bo‘lishimiz uchun nima qilmog‘imiz zarur? Avvalo, man qilingan narsalarni va ularni man qilgan Zotni tanimog‘imiz kerak. Ulamolarning fatvolari bo‘yicha, “xoin, aldovchi, o‘g‘ri, battol, foiz oluvchi (sudxo‘r) va beruvchi, yetimning molini nohaq yeyuvchi, yolg‘on guvohlik beruvchi, qarzga binoan bir narsa olib, undan tonuvchi, poraxo‘r, o‘lchov va tarozidan urib qoluvchi, molining aybini yashirib sotuvchi, qimorboz, sehrgar, munajjim, fohisha, tomosha uchun dod solib yig‘lovchi, sotuvchidan so‘ramay haqini olib qoluvchi dallol va hur odamni sotib, pulini yeyuvchi kimsalar boshqalarning haqini nohaq, ya’ni harom yeyuvchilar sirasiga kiradi”.

Bundan xulosa shuki, insonda yashash huquqi va mol to‘plash huquqi bo‘lganidek, luqmasini haromdan saqlash mas’uliyati ham bor. Luqma pokligini ko‘z qorachig‘ini saqlagandek asrash lozim.

Alloh taolodan afv va mag‘firat so‘raymiz. Zero, U Zot afv qilishni yaxshi ko‘radigan va afv qiladigan Zotdir. Bizlarni O‘zi suygan, rozi bo‘ladigan ishlarga, jumladan, haromdan saqlanishga muvaffaq qilishini so‘raymiz.

To‘g‘ri savdo ibodat, buzuq savdo gunohdir

Qur’oni karimda bunday marhamat qilingan: “...Alloh bay’ni halol, sudxo‘rlikni (esa) harom qilgan...” (Baqara, 275).

Savdoga doir hukmlarga fiqhiy va hadis kitoblarida alohida bo‘limlar ajratilgan. Chunki savdo insonlarning bu dunyoda qiladigan muomalalari orasida eng ko‘p yuz beradiganlaridan biridir. Uning noto‘g‘riligi turli balolarga sabab bo‘ladi. Alloh taolo odamlarni bir biriga muhtoj qilib yaratgan. Inson o‘zi yolg‘iz yashay olmaydi. U o‘ziga o‘xshash boshqa insonlar bilan birga umrguzaronlik qiladi. Jamoaviy hayotda odam bolalari o‘zaro muomalada bo‘lishga, narsalarini ayirboshlashga, oldi berdi qilishga muhtoj. Bu muomalalar tartibga solinmasa, odamlarning o‘zlariga qo‘yib qo‘yilsa, kuchli kuchsizni, aqlli aqli ozni, mohir no‘noqni aldab qo‘yishi, haqini poymol qilishi turgan gap.

Islom dini savdo sotiq, iqtisodiy ishlarda ham o‘z ta’limotlariga ega. Agar inson ushbu ta’limotlardan uzoqlashib, nafsiga qul bo‘lsa, shayton ham uning oldida ip esholmay qoladi.

Aziz o‘quvchi! Ushbu satrlarni o‘qir ekansiz, bexos xotiringizga ba’zida o‘zingiz guvoh bo‘lgan, ba’zida esa quloqlaringizga chalingan voqealar kelmasdan iloji yo‘q. Sifati yaxshi molni ko‘rgazmaga qo‘yib, yomonini tortib yoki o‘lchab berayotgan kimsalar oz emas. Muddati o‘tib, yaroqsiz, hattoki zararli holga kelib qolgan dori darmonlarni shifo izlab yurgan bechora bemorlarga pullayotganlar-chi?

Nabiy (sollallohu alayhi va sallam) bug‘doy sotayotgan odamning oldidan o‘tayotib: “Qanday sotyapsan?” deb so‘radilar. U xabar berdi. Shunda u zotga: “Qo‘lingni bug‘doyga tiq”, deb ilhom qilindi. U zot qo‘llarini tiqsalar, ho‘l ekan. Nabiy (sollallohu alayhi va sallam): “Kim aldasa, bizdan emasdir”, dedilar (Abu Dovud, Imom Muslim va Imom Termiziy). “U zot: “Ey taom egasi! Bu nima?”dedilar”. “Yomg‘ir tekkan edi, ey Allohning Rasuli”, dedi. “Buni odamlar ko‘rishlari uchun taomning ustiga qo‘ysang bo‘lmasmidi?! Kim aldasa, mendan emas!” dedilar (Imom Muslim va Imom Termiziy).

Savdo molining aybi bo‘lsa, uni xaridorga aytib sotish kerak, aybini ko‘rib turib olsa, o‘zining ishi. Demak, savdoda aldamchilik qilish savdogarni musulmonga xos axloq doirasidan chiqarar ekan. Bozorda sherigining shirin anorini kesib ko‘rgazmaga qo‘yib, o‘zining achchiq anorini pullaydiganlar; sigirini bir ikki kun sog‘masdan, yelinini shishirib, bozorga olib chiqadiganlar; qaziga go‘sht tayyorlashda suv sepib, namlash evaziga og‘irligini oshirayotganlar; kilodan, litrdan urib qolishning yangidan yangi usullarini ixtiro qilayotganlar; qo‘yingki, inson bolasining aqliga sig‘maydigan narsalar, hiyla nayranglar hayotimizning bozor va savdo sotiq bilan bog‘liq qismini qamrab olayotgani bu illatlar doirasi kengayib borayotganidan dalolatdir. Abu Hurayradan (roziyallohu anhu) rivoyat qilinadi: “Nabiy (sollallohu alayhi va sallam): “Qasam ichish savdo molini o‘tkazuvchi, barakani o‘chiruvchidir” dedilar”. (Imom Buxoriy, Imom Muslim, Abu Dovud). Imom Muslimning rivoyatida: “Savdoda ko‘p qasam ichishdan hazir bo‘linglar. Chunki u o‘tkazadi va o‘chiradi”, deyilgan.

Bozor oralar ekansiz, ba’zi savdogarlarning molini o‘tkazish uchun yolg‘on so‘zlashlarini, hatto qasam ham ichayotganlarini, ko‘pincha esa, xaridorlar ularning qasamiga ishonib, mollarini sotib olishayotganlarini ham ko‘rib qolasiz. Yolg‘on gap yoki qasam bilan molini sotgan savdogar savdoim yurishdi, deb xursand bo‘ladi. Aslida esa, yolg‘on gapirgani, yolg‘on qasam ichgani uchun molining barakasi uchganini bilmaydi. Miqdor ko‘paygani bilan barakasi bo‘lmasa, nafaqat foyda kamayadi, balki boshqa tomondan balolar ham kelib qoladi.

Shuning uchun savdogar rostgo‘y bo‘lishi, qasam ichib molini o‘tkazishga urinmasligi lozim. To‘g‘rilik bilan, birovni aldamasdan qilingan savdoda baraka bo‘ladi. Bu baraka esa, albatta, egasiga va uning oilasiyu ro‘zg‘origa yuqadi, foyda beradi. Halol savdogarning darajasi ham baland bo‘ladi.

Rifo’adan (roziyallohu anhu) rivoyat qilinadi: “U kishi Nabiy (sollallohu alayhi va sallam) bilan namozgohga chiqqan ekanlar. U zot (sollallohu alayhi va sallam) savdo qilayotgan odamlarni ko‘rib: “Ey tojirlar jamoasi!” dedilar. Ular boshlarini ko‘tarishib, chaqiriqqa javoban qarashdi. Shunda u zot: “Albatta, tojirlar qiyomat kuni fojirlar bo‘lib qayta tirilurlar. Allohga taqvo qilgan, yaxshilik va rostgo‘ylik qilganlar bundan mustasno”, dedilar”.

Boshqa bir rivoyatda: “Rostgo‘y, omonatli tojir nabiylar, siddiqlar va shahidlar bilan birgadir”, deyilgan. Ushbu ikki hadisni Imom Termiziy rivoyat qilgan. Albatta, bunday ulug‘ zotlar bilan bir safda turish oliy daraja hisoblanadi. Chunki mazkur sifatlar egasi bo‘lgan savdogar savdo qilganida fojirlik, aldamchilik, haromxo‘rlikka yo‘l qo‘ymaydi. Agar tojir taqvodor, yaxshilik qiluvchi va rostgo‘y bo‘lmasa, bu dunyoda hasrat chekadi, oxiratda esa sharmanda bo‘ladi.

Savdogarlik, agar shariat ko‘rsatgan yo‘l bilan bo‘lsa, ibodat sanaladi. Sababi, bunday savdogarlar tijoratlari orqali nafaqat o‘zlariga, balki atrofdagi jamiyat, qishlog‘i, shahri, mahallasiga ham katta naf keltiradilar, ko‘pchilikning ehtiyojini qondiradilar. Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) ham tijorat qilganlar. Rostgo‘y, musulmon tojir qiyomat kunida yuksak martaba sohiblaridan hisoblanib, nabiylar, siddiqlar va shahidlar bilan birga bo‘ladi.

Mo‘min musulmon eng yaxshi savdogar, eng yaxshi ishchi, eng yaxshi dehqon, eng yaxshi kosib, eng yaxshi muhandis, eng yaxshi tabib (va hokazo) bo‘lishga harakat qilishi lozim. Bu talablarga javob berish uchun kasb qiladigan ishining haqlarini o‘rniga qo‘yish bosh vazifasi bo‘lmog‘i kerak. Eng avvalo, o‘z kasbini yaxshi hamda puxta egallashi maqsadga muvofiqdir. Oysha onamizdan (roziyallohu anho) rivoyat qilinadi: Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Albatta, Alloh sizlardan biringiz ish qilganida, uni yaxshilab bajarishini sevadi”, dedilar (Bayhaqiy).

Bizda marhumlarni yo‘qlab, qilinadigan yig‘inga ehson deyish odat bo‘lib qolgan. Aslida esa, har bir ishni astoydil, samimiy, o‘rniga qo‘yib qilish, ya’ni yaxshilab bajarishga ehson deyiladi.

Jabroil (alayhissalom) Payg‘ambarimizdan (sollallohu alayhi va sallam): “Ehson nima?” deb so‘raganlarida, u zot: “Ehson Allohga Uni ko‘rib turganingdek ibodat qilmog‘ingdir. Agar sen Uni ko‘rmasang ham, U, albatta, seni ko‘radi”, deb javob berdilar.

Zikr qilingan bu hadisi muboraklardan biz har bir ish egasi o‘z kasbining mutaxassisi bo‘lmog‘i lozimligini, jumladan, savdo xodimi ham o‘z ishiga halollik bilan yondashishi zarurligini bilib olamiz. Zero, Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Agar ish egasining qo‘liga tushmasa, qiyomatni kutaver”, deganlar.

Hamma ushbu ko‘rsatmalarga amal qilganida edi, haqlar zoe bo‘lmagan bo‘lar edi! Odamlar bir birlarining haqini yemagan, hamma bir biridan rozi bo‘lgan taqdirda, farzandlarning luqmalarida halollik ustunlik qilardi.

Yana bir ulug‘ qoida shuki, tirikchilik jarayonida aldamchilik qilmaslik kerak.

Ibn Umardan (roziyallohu anhu) rivoyat qilinadi: “Bir kishi Nabiyga (sollallohu alayhi va sallam) o‘zining savdo sotiqda aldanib qolishini zikr qildi. Shunda u zot (alayhissalom): “Qachon savdo qiladigan bo‘lsang, aldash yo‘q, degin”, dedilar” (ImomBuxoriy, ImomMuslimvaImomNasaiy).

Ushbu hadisi sharifdan savdo sotiqda, moliyaviy muomalalarda aldash harom ekanini bilib olamiz. Hadisda zikri kelgan sahobiyning boshlariga shikast yetib, biroz fikrlari va tillari og‘ir bo‘lib qolgan ekan. Tutilib gapirar va oldi sotdida aldanib qolar ekanlar. O‘zlarining bu hollaridan shikoyat qilganlarida, Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam) oldi sotdidan oldin savdolashayotgan odamga aldash yo‘q, deb ogohlantirish berib qo‘yishni tavsiya qilganlar. Shoyad shunda narigi tomon aldashni o‘ziga ep ko‘rmasa.

Abu Hurayradan (roziyallohu anhu) rivoyat qilinadi: “Nabiy (sollallohu alayhi va sallam) dedilar: “Alloh taolo: “Men qiyomat kuni uch toifaning xusumatchisi bo‘laman: Men bilan ahd qilib, keyin aldagan odamning, hurni sotib, pulini yegan odamning va odam ishlatib, haqini bermagan odamning”, dedi”.

Qiyomat kuni har kim o‘z holidan xavotirda turganida kimlargadir Alloh taoloning O‘zi xusumatchi bo‘lsa, bu juda katta baxtsizlik, chidab bo‘lmas yutqiziqdir. Alloh bunday toifalardan qilib qo‘ymasin, omin!

Moliyaviy munosabatlarda ishonch katta o‘rin egallaydi. Odatda, sherik tomonni ishontirish uchun ba’zilar Alloh taoloni o‘rtaga qo‘shadilar. Ya’ni, Alloh taolo nomi bilan va’da beradilar. So‘ngra o‘z va’dalarining ustidan chiqishmaydi. Ishi bitganidan keyin xiyonat qilishdan ham toyishmaydi ba’zida.

Qiyomat kuni Alloh taolo bir biriga xusumatchi insonlar orasida hukm chiqaradi. U Zot o‘sha kuni O‘zining nomi bilan ahd berib, keyin aldaganlarga nisbatan O‘zi xusumatchi bo‘ladi. Hukm chiqaruvchining O‘zi xusumatchisi bo‘lgan odamning holi qandoq bo‘lishi ma’lum narsa. Shuning uchun ham zinhor Allohning nomi ila ahd berib turib, keyin aldamaslik kerak.

Alloh taolo insonga ato etgan hurriyat, ozodlik eng ulkan ne’matdir. Bu ne’matni undan tortib olib, o‘zini qul qilish eng katta jinoyat hisoblanadi. Islom dini qulchilikka qarshi kurash olib borish jarayonida qullarni ozod qilish chora tadbirlarini ko‘rish bilan bir qatorda hur, ozod insonlarni bandi qilish yo‘llarini ham to‘sdi. Hur insonni qul deb sotib, bahosini yegan odamga Alloh taoloning O‘zi qiyomat kuni xusumatchi bo‘lishini bildik. Albatta, bugungi davrimizda quldorlik tuzumi tugatilgan bo‘lsa da, “odam savdosi” degan bir harom savdo paydo bo‘lib qoldi.

Yaratganga hamdu sanolar bo‘lsin, hukumatimiz odam savdosi jinoyatiga qarshi qat’iy choralar ko‘rmoqda. Bunday qabih yo‘l bilan pul topayotganlar bilib qo‘ysinlar, qiyomat kuni Alloh taoloning O‘zi ularga xusumatchi bo‘ladi.

Ma’lum haq evaziga birovlarni ishga yollab, ishlatib bo‘lgach, haqini bermay yurgan odam ham katta gunohkor hisoblanadi. Chunki bunday holatda insonning haqi poymol qilindi. Inson haqini poymol qilgan kishiga ham qiyomat kuni Alloh taoloning O‘zi xusumatchi bo‘ladi. Birovni ishlatadigan odam qiyomat kuni sharmanda bo‘lishini xohlamasa, Alloh taolo menga xusumatchi bo‘lmasin desa, ishlatgan ishchisiga o‘z vaqtida haqini minnatdorlik bilan to‘liq bersin, mehnatkashning haqini poymol qilmasin.

Halovat va xotirjamlik – halollikda

Allohga beadad shukrlar, cheksiz hamdu sanolar bo‘lsin, yurtimizni istiqlol ne’matidan bahramand aylab, beqiyos erkinliklar yo‘lini ochib qo‘ydi. Endi xalqimiz o‘zi va tevarak atrofdagi xalqlar bosib o‘tgan yo‘lni, ortda qolgan tarixni tanqidiy o‘rganib, kerakli qadamni qo‘rqmasdan tashlay oladi. Buyog‘iga endi shunchaki: “Boshqalar bilan nima ishim bor, ertaga nima bo‘lsa bo‘lavermaydimi, bugungi kunim g‘animat!” deb yashash yaramaydi. Chunki “Ko‘r hassasini bir marta yo‘qotadi”.

Bugun ko‘zi ochiq har bir vatandoshimiz ziyrak bo‘lishi lozim. Sababi, mustaqil, yosh davlatning ko‘z tikib turgan hasadchilari, soxta “do‘stlari” ko‘p bo‘lishi tabiiy.

Rasuli akramning (sollallohu alayhi va sallam): “Ilmni talab qilinglar, garchi u Xitoyda bo‘lsa ham” mazmunli tavsiyalariga amal qilish bugungi kunimizda juda zarur. Bu muborak tavsiyaga amal qilmaganlar og‘zidagi oshini oldirib qo‘yadi.

Hurmatli Prezidentimizning: “Biz hech kimdan kam bo‘lmaganmiz, kam bo‘lmaymiz ham”, degan shiori asosida ishonch bilan harakat qilib, harom qaerda, halol qaerda ekanini oyday, kunday ravshanlashtirib olish, bilganlarimizga amal qilish uchun kechayu kunduz intilmog‘imiz kerak. Haloliga hisob, haromiga azob bor ekanini unutmasligimiz kerak. Demak, bundan harom yoki gunoh ishni qilishdan saqlanish zarurligi, faqat halol yo‘ldan yurgan taqdirdagina

mutlaq yaxshilik, huzur halovatga yetish mumkinligi haqidagi bilim kelib chiqadi. Anglashilyaptiki, harom va gunoh odamning qalbini, demakki, vujudini doim qorong‘i qilib, ich ichdan ezilib yurishiga sabab bo‘ladi. Halollik va to‘g‘rilik esa, odamning qalb xotirjamligiga asosdir.

O‘g‘ri o‘zining qilayotgan o‘g‘irligidan qalban xotirjam emas, “Ishlarim yurishib ketsa edi, umuman o‘g‘irlik qilmasdim”, deb qayta qayta o‘z o‘ziga so‘z beradi. Agarchi uning boyligi ko‘payib ketsa ham, to shu gunohini tark etmaguncha halovat topmaydi. Shuning uchun u ba’zan qiyinchilikda qolgan qandaydir insonlarga yordam bergisi kelib, qalb rohatiga yetishishni xohlab qoladi. Hatto, shunday qiladi ham. U astoydil kirishsa, o‘g‘riligini tashlab ham ketadi. Biroq hamon o‘g‘irligini tark etmayotgan ekan, u o‘zining qalbida g‘alayon qilayotgan o‘sha ikki o‘t orasida kuyib yuraveradi.

Odam o‘ldirishdan toymaydigan jallodlar ham o‘zlarining bu ishlari uchun kuniga necha martalab afsuslar chekadi, meni ham bir kuni o‘ldirishlari mumkin ku, degan qo‘rquv uni hech qachon tinch qo‘ymaydi. Ammo manfur ishini davom ettiraveradi, qalbi esa battar qorayib boraveradi. Ba’zan esa kimgadir rahm qilib, uning qandaydir biror tashvishini yengillashtirib ham beradi. Bu bilan u shuncha rohatlanadiki, sababini o‘zi ham bilmaydi. U o‘zining qilgan xunrezliklaridan astoydil tavba qilishni, yaxshi odamlar safiga kirib, oddiy hayot kechirishni doimiy ravishda orzu qilib yuradi.

Jamiyat orasida salmoq jihatidan qanchadir foizni tashkil qiladigan ashaddiy tovlamachi, yolg‘onchi kimsalar hamisha bo‘ladi. Ular ham o‘zlarining bu qilmishlaridan obro‘lari kunma kun, soatma soat tushib borayotganini sezishadi. Bu amallari sabab vijdonan rosa qiynalib yurishadi. Aldab charchaganlaridan ba’zan to‘g‘ri ishlar qilishadi. Va shu ozgina to‘g‘ri ishlaridan o‘zlari rosa xursand bo‘lishadi.

Qur’oni karimda bunday marhamat qilingan: “Rabbingiz Odam o‘g‘illarining bellaridan (pushti kamarlaridan) zurriyotlarini (ruhlarini) chiqarib olib, ularni o‘zlariga guvoh qilib: “Men Rabbingiz emasmanmi?” (dedi). (Ular): “Rabbimizsan, iqrormiz” – dedilar” (A’rof, 172).

Ya’ni, Odamning (alayhissalom) sulbidan to oxir zamongacha bu dunyoga keladigan insonlarning ruhlari chiqarilib jam qilinganida, hammalari Alloh taoloning Xojaligiga, o‘zlari Uning qullari ekaniga tillari va dillari bilan iqror bo‘lishgan. Ya’ni, har bir inson Parvardigorning buyurganlarini qilishga, qaytarganlaridan qaytishga va’da bergan. Shu tufayli noto‘g‘ri ish qilganlar va’dasiga xilof amallar sodir etganlari uchun xotirjamligini yo‘qotishadi, to‘g‘ri ish qilganlar va’dasiga vafo qilganlari uchun shodmon bo‘lishadi.

Shu o‘rinda insonga qalbiy xotirjamlik va halovatning naqadar zarurligiga yana bir necha misol keltirmoqchimiz. Musulmonlar, bilibmi-bilmaymi, biror gunoh sodir etishsa, bu ishlaridan afsus nadomatlar chekib, Tavvobu Rohim bo‘lgan Rabbisiga istig‘forlar aytishib, tavba qilishadi va amallaridan qaytishadi. Ana shundan keyingina qalb sokinligiga va xotirjamlikka erishadilar.

Fir’avnga (alayhil la’na) Alloh taolo cheksiz boylik berib, ko‘ngliga kelganini muhayyo qilib qo‘ydi, na bir kasallik, na bir muammoga duch kelmadi. Fir’avn haddidan oshib, o‘zini “xudo” deb e’lon qildi. Lekin u ham o‘zining ojiz bir banda ekanini, bir kun kelib, unga ham o‘lim yetishini bilar edi. Shuning uchun qalbining tub tubida doimo bir qo‘rquv, dilqorong‘ilik saqlanib yurar, halovati yo‘q edi. Bu gaplarning tasdig‘i Qur’oni karimda turibdi. Musoning (alayhissalom) ortidan ta’qib qilib, dengizga g‘arq bo‘lishi aniq bo‘lib qolgach, u imon keltirdi (Yunussurasi, 90, 91, 92 oyatlar).

Xalqimizda saqlanib kelayotgan bir maqolda yuqoridagi mavzuga aloqador fikr ta’kidlanadi: “Yarimta nonim – rohati jonim”. Maqolning sirtqi va birlamchi ma’nosi ozgina bo‘lsa ham, halol rizq topgan odam qalb halovatini sezishi haqida. Buni boshqacha tomondan ta’riflash ham mumkin: qanchalik boyib ketsang da, qalbingga g‘ubor tushiradigan ishni qilishdan saqlan, shunda oldingdagi halol rizqingni rohatlanib, maza qilib yeysan.

“Alloh mo‘minlardan jonlarini va mollarini jannat evaziga “sotib oldi...” (Tavba, 111).

Avvaldan to oxir bu dunyo hayotida yashab, qandaydir ishlar va faoliyatlar bilan shug‘ullangan inson zoti borki, har bir bosgan qadami, qasd qilgan o‘yi mukammal yozib turiladi. Bu hayoti dunyoda qilgan amallari evaziga yo jannatni, yo do‘zaxni sotib oladi.

Payg‘ambar (sollallohu alayhi va sallam) bir hadisi shariflarida: “Baraka o‘n qismdir, shundan to‘qqiztasi savdoda”, deydilar. Biz ushbu kitobda “savdo” so‘zining nafaqat tijorat ma’nosini, balki undan katta va keng ma’nolarni, ba’zan esa majoziy ma’nolarni ham istifoda qilmoqchimiz. Maqsad – qisqa bo‘lsa ham, gapni tugal aytish. Tavfiq Allohdan.

Umuman olsak, savdo insonning hayot kechirish, naslini davom ettirish, haloldir, haromdir – rizq izlash uchun boshqa insonlar bilan kerakli har turli moliy, lafziy, jismoniy muomalalarga kirishuvini bildiradi. Tilimizda umr savdosi, mol mulk savdosi, nasiya savdo, naqd savdo, rost savdo, yolg‘on savdo, halol savdo, harom savdo, lafz

savdosi (ahdlashuv, sulh), tana savdosi, g‘irrom savdo, qul savdosi, odam savdosi kabi iboralar iste’mol qilinadi. Ba’zilari tez tez, ba’zilari ahyon ahyonda ishlatiladi. Biz ham o‘rni bilan ularning ayrimlari haqida to‘xtalishga harakat qilamiz.

Alhamdulilloh, musulmonmiz. Shuning uchun savdo xususida so‘z yuritishda savdo va uning har xil turlarini shartli ravishda ikkiga bo‘lamiz: Alloh rozi bo‘lgan savdo Allohning qahru g‘azabiga sabab bo‘ladigan savdo. Masalaga ana shu mezon asosida yondashsak, inshaalloh, to‘g‘ri yo‘l tutgan bo‘lamiz. Baqara surasining 275 oyatida oldi-sotdi – halol, ribo – harom ekanligi aytiladi.

Alloh taolo oldi sotdi – halol deyaptimi, demak, bu bir vaqtning o‘zida ham savdo qilishga ruxsatni, ham savdoni halol olib borishga buyruqni bildirib kelyapti. Noto‘g‘ri qadam qo‘yilsa, noshar’iy amal qilinsa, savdo halol bo‘lmaydi. Shu sababdan qaysi savdo Alloh rizosiga, qalb xotirjamligiga olib boradi yu, qaysilari, aksincha, jazoga sabab bo‘ladi, bularni ochiqlashga ehtiyoj bor.

Rasuli akramdan (sollallohu alayhi va sallam) rivoyat qilingan bir hadisi sharifda: “Rostgo‘y, omonatli tojir nabiylar, siddiqlar va shahidlar bilan birgadir”, deb marhamat qilingan (Imom Termiziy).

O‘shandoq ulug‘ zotlar bilan bir safda bo‘lish qanchalar ham oliy baxt! Buni har bir mo‘min musulmon orzu qilishi aniq. Jannat benihoya qimmat joy, unga yetib borish unchalik ham oson bo‘lmasligi tabiiy. “Mehnatning tagi rohat”. Do‘zax esa doimiy qiyinchilik joyi. Unga borish, unga yetishish juda ham oson, arzon. Ehtimol, shuning uchun do‘zax yo‘li ko‘plarni ohanrabosi, “jilvayu nozlari” bilan o‘ziga rom qilar?! Lekin dunyo tamaddunida o‘ziga xos salmoqqa ega bo‘lgan donishmand xalqimizning maqoli bor: “Arzonning sho‘rvasi tatimas”, Do‘zax, jahannam juda yomon joy. Alloh panoh bersin!

Halol yashash halovatdir

Xudoga shukr, doimo xalq orasida yuramiz, kechayu kunduz odamlar bilan muloqotda bo‘lamiz. Kimningdir hayot tarzidan xursand bo‘lsak, kimlarningdir dunyoqarashidan ranjiymiz.

Yoshi ulug‘larimizdan ko‘p eshitganmiz. O‘tgan asrning qirqinchi, elliginchi yillarida xalqning boshiga chunonam qiyinchiliklar tushgan, eshitgan odam “Oh!” deb yuboradi. Lekin o‘sha vaqtlar ham odamlar halol yashashgan. Umumiy, ommaviy sabr qanoat bo‘lgan. Ocharchilik, qahatchilik, har xil ofatlar tez tez bo‘lib turgan, ochlik, kasalchilikdan qancha qancha odamlar o‘lib ketishgan, biroq yalpi talon toroj bo‘lmagan. Nimaga? Chunki odamlarning insofi, imoni bo‘lgan, qorni och esa-da, ko‘zi to‘q bo‘lgan.

Inson dunyoning qaeriga bormasin, baribir, nima bilandir shug‘ullanib, tirikchilik qilishi kerak. Bu hamma biladigan gap. Sharoitlar sal boshqacharoq, yengilroq bo‘lishi mumkin. Biroq har joyning ham o‘ziga yarasha yaxshi yomon tomonlari bor. Mukallaf har bir musulmon halol rizq izlashga buyurilgan.

Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlari yozadilar: “Ibodat faqat namozu ro‘zadan iborat emas”. Demak, bir musulmon kishi gazeta ko‘tarib, sotib yuradimi, farrosh bo‘lib ishlaydimi, mol boqadimi, biror yuqori idorada, zavodda ishlaydimi, harbiy va boshqa xizmatlar bilan mashg‘ulmi, mashinasi bilan kirakashlik qiladimi, baribir, niyati to‘g‘ri bo‘lsa, u ibodat qilayotgan bo‘ladi. Xuddi minglab rakat nafl namoz o‘qigan, rosa issiq yoki o‘ta sovuq kunda nafl ro‘za tutgan kishilar qanchalik savob topsa, o‘shanchalik savob topishi ham mumkin bo‘ladi. Mo‘min banda kasb qilib charchasa, farz ibodatini ado etib, uxlab qolsa, uyqusi ham ibodat bo‘lib yozilaveradi. Chunki u ham diniy, ham dunyoviy ibodat bilan band edi.

“Bas, albatta, har bir qiyinchilik bilan birga yengillik bordir” (Sharh, 5).

Inson o‘z yaqin atrofida tirikchilik qilish imkoni bo‘laturib, notinch joylarga borib yurishi, o‘z Vatanida tijoratmi yo boshqa biror kasb bilanmi shug‘ullanib yashash imkonini tashlab, fahshu zino vabosiga g‘arq bo‘lgan boshqa davlatga ketishi hech durust emas. Ibodatli odam o‘zining, bola chaqasining rizqini ta’minlashga intilib charchasa, bu qiyinchiligu og‘irchiliklar jannat rohatiga yetishish uchun to‘lov bo‘lib yuzaga chiqadi.

“Alloh yo‘lida (boyliklaringizdan) sarflangiz va o‘z qo‘llaringiz (baxillik qilish) bilan o‘zlaringizni halokatga tashlamangiz! (Barcha ishlarni) chiroyli qilingiz. Albatta, Alloh chiroyli (ish) qiluvchilarni yaxshi ko‘radi” (Baqara, 195).

Zero, jannatga kirish uchun pok niyat bilan Alloh rizosiga muvofiq harakat qilish talab etiladi.

Alloh taolo rozi bo‘lgan savdolar

Bu mavzuda juda ko‘p gapirildi, kitobu maqolalar chop etildi. Biz ham ma’rifat izlagan dillarga ayrim narsalarnigina eslatib o‘tishni maqsad qildik. Bu o‘rinda hech bir kishini ayblash niyatimiz yo‘q. Faqat jamiyatimizda bo‘layotgan ayrim hodisalar sanab o‘tiladi. Qanday qilib bo‘lsa ham, yurtdoshlarimiz o‘zaro hamjihatlikda ma’naviy moddiy chiroyli hayot kechirishlariga sababchi bo‘lsak, shoyad Val asr surasidagi ilohiy tavsiyaga ergashganlardan bo‘lib qolsak, deb umid qilamiz: “Asrga qasamki, (har bir) inson ziyon (baxtsizlik)dadir! Faqat imon keltirgan va solih amallarni qilgan, bir-birlariga Haq (yo‘li)ni tavsiya etgan va bir-birlariga sabrli bo‘lishni tavsiya etgan zotlargina (bundan mustasnodirlar). Ya’ni, boshqacha aytilsa, imon keltirib, solih amallar qilgan va bir birlarini haq yo‘lga, chiroyli sabrga chaqirganlargina ziyonkorlardan bo‘lmaydi.

Sotiladigan narsaning aybi va kamchiligini aytib sotish talabi

Yaxshi tanishlarimizdan biri so‘zlab berdi. U kishi poezdda ko‘p yurar ekan.

Poezd bir bekatga borganida, har galgidek asal sotib yuradigan bir yigit vagonga chiqibdi. U yigit vagonlarni aylanib, asal sotib kelgach, o‘sha tanishimizning oldiga kelib o‘tiribdi da, salom alikdan so‘ng tamaddi qila boshlabdi. U yoq bu yoqdan suhbat boshlanibdi. Gap aylanib, asal haqida so‘z ketibdi. Ma’lum bo‘lishicha, asal sotuvchi yigit bir idishdagini toza asal deb, qolganlarini toza emas, deb sotib yurarkan. Tanishimiz mo‘minlik farosati bilan yigitning bir kamchiligini sezib qolibdi va yigitning o‘zidan so‘rab, bu masalaga aniqlik kiritib olibdi: yigitning toza asal deb sotayotgani asal ekan-u, toza emas deb sotayotgani qiyom ekan. Ularning suhbatini hech kim eshitmayotganini bilgani uchun tanishimiz ochiq tanbeh beribdi: “Uka, asal bo‘lmagan narsani asal deb sotishingizdan o‘zingizning ko‘nglingiz rozimi?” Yigit javoban: “Aka, shunday qilishga majbur bo‘lyapman, chunki savdo yaxshi bo‘lmayapti. Qiyomligini bilishsa, odamlar umuman olishmaydi”. U kishi davom etib: “Ukajon, men sizni biron kishining oldida uyaltirish uchun emas, Alloh uchun aytyapman, “Mo‘min mo‘minning ko‘zgusi”, degan hadisi sharif borligini bilasiz. Siz Allohga tavakkul qiling da, yo qiyomni umuman sotmang, yo qiyomligini aytib soting. Sizga to‘g‘riligingiz uchun xaridorni Mehribon Xudoi taoloning O‘zi jo‘natadi. Hozirgacha qimmat asal oz sotilayotgan bo‘lsa, undan keyin ko‘rasiz qancha sotilishini. Shu vaqtgacha odamlarni aldab, qiyomni asal deb sotganingiz uchun astoydil tavba qilish esingizdan chiqmasin”. Yigit: “Xo‘p, aytganingizdek qilaman”, debdi.

Ko‘pincha, to‘y qiladigan odamlar sovg‘a salom uchun tarqatib yuborishga arzon va qulay kiyim kechaklar izlab qolishadi, qidirib qidirib, shunchalik arzon ko‘ylaklar topishadiki, o‘ylab ham o‘tirishmasdan, bemalol o‘nlab, balki yana ham ko‘proq sotib olishadi. Sotayotgan “ishbilarmon”lar xaridorlarning ko‘ylaklarni ochib ko‘rishlariga yo‘l qo‘yishmaydi. Agar ochib ko‘rishni xohlashsa, pulini avvaldan to‘lashlarini va sotib olingach, qaytarib bermasliklarini shart qilib qo‘yishadi. Xaridor bu yerda bir gap borligini bilsa-da ko‘ylaklarni sotib oladi va uyga borgach, ochib ham ko‘rmaydi. To‘y kuni bu sovg‘alar tarqatiladi. Hadya tekkan kishi uyiga borib ochib ko‘rgach, kimdan xafa bo‘lishni bilmay qoladi. Chunki ko‘ylak na biror kishining qomatiga to‘g‘ri keladi, na kiyishga, na biron kishiga berishga yaraydi, matosi ham “haligidaqa”. Bu katta qalloblik kimdan chiqqanini bilmay, tushunolmay xunob bo‘ladi.

Bu yerda na ishlab chiqaruvchi, na savdogar, na sotib oluvchi baraka topmaydi. Chunki baraka Allohdan, Allohni esa aldab bo‘lmaydi. Gap savdo haqida ketayotgani uchun bu mojarolarda ko‘proq savdogarni ayblash mumkin. Chunki u shunaqa kazzob ishlab chiqaruvchining mahsulotlarini nafaqat sotib olmasligi, balki uni insofga chaqirishi kerak. Chunki bunday qalloblik mahsulotlarini sotib olayotganlar birinchi bo‘lib sotuvchidan norozi bo‘lishadi. Va ochib, kiymoqchi bo‘lganlar sovg‘a qilganlardan xafa bo‘lishadi. Noiloj qo‘l siltab qo‘ya qolishadi. Agar savdogar ishlab chiqaruvchiga tanbeh bersa va sotib olmasa, ishlab chiqaruvchi o‘z mahsulotini sota olmaydi va “ko‘zi ochiladi”.

Har xil maishiy texnika, mashina, mototsikl va asbob uskunalar savdosi bilan shug‘ullanadiganlar haqida ham shunday gaplarni aytish mumkin.

Oziq ovqat va dori-darmon sotuvchilar mas’uliyati

Bu o‘ta muhim ish bilan shug‘ulanuvchilar, hali xarajatini chiqarmadim, balki sotilib qolsa, yana foyda ko‘rarman, deb o‘tirmasliklari kerak. Agar yaroqsiz holga kelib qolgan mahsulotlarni, odamlarga zarar yetkazmaslik uchun Allohdan qo‘rqib, tashlab yuborishsa, Parvardigor boshqa tarafdan o‘sha mard savdogarning moliga va rizqiga baraka yog‘diradi.

Aksincha bo‘lsa, mahsulotni sotib olganlarning sog‘ligiga ko‘proq yo kamroq ziyon yetishi, buning orqasidan jabrlanuvchi sotuvchidan norozi bo‘lishi yoxud janjal chiqarishi

mumkin. Natijada, sotuvchi yaxshigina jarima to‘lashi ham ehtimoldan xoli emas.

Bu muomalada kim foyda ko‘rdi-yu, kim zarar? Oxir oqibat sotuvchi ham, xaridor ham ma’naviy va moddiy shikast ko‘rishdi. Baraka ham ko‘tarildi. O‘zi, aslida, hamma baraka uchun tirikchilik qilmaydimi?!

Ustalar va ish beruvchilar muomalasidagi nozik jihatlar

Usta qiladigan ishining sifatiga, ish beruvchi esa kerakli ashyolar, ish sharoiti va ish haqi uchun javob berishi lozim. Qaysi bir tomon g‘irromlik qilsa ham, ish buziladi, har ikkala taraf uchun bosh og‘rig‘i ko‘payadi. Atrofga qarang, qanchalab ustalar bajarib bo‘lgan ishlariga ish haqi olisholmay yurishibdi, necha necha kishilarni ustalar aldab ketishgan. Hammasi ham o‘zini haq deb, narigi tarafni nohaq deb gapirishadi. Nima bo‘lganida ham, g‘irromlik qilgan tarafdan baraka qochadi. U to o‘zi aldaganlarni topib, rozi qilmagunicha, halovat, huzur degan yaxshiliklardan uzoqda bo‘ladi.

Abu Hurayradan (roziyallohu anhu) rivoyat qilinadi: “Nabiy (sollallohu alayhi va sallam): “Alloh taolo: “Men qiyomat kuni uch toifaning xusumatchisi bo‘lurman: Men bilan ahd berib, keyin aldagan odamning, hurni sotib, pulini yegan odamning va odam ishlatib, haqini bermagan odamning,” dedi”, deb ogohlantirdilar”.

Bu kabi janjallar shunchalik ko‘pki, hatto qo‘shni davlatlarga borib ishlaganlar ham haqlarini ololmay, qaytib kelishyapti.

Biz suhbatlashayotgan mavzudagi nizolar kelib chiqmasligi uchun tavsiya etilayotgan qur’oniy ko‘rsatmaning mohiyati qisqacha mana bundan iborat: usta va ish beruvchi o‘rtada bo‘ladigan ish jarayoni va unga belgilanadigan ish haqi to‘g‘risida bir xolis, odil guvoh huzurida kelishib olishadi; o‘sha odil inson shartnomani bir necha nusxa qog‘ozga yozib, tomonlarga beradi. Undan keyin ikkala taraf ish ko‘lamini har uch kun yoki bir haftada aniq o‘lchab yo chamalab ko‘rishgach, bajarilgan ish haqi to‘lanib, hisob kitob ikki nusxada yozilib ketilaveradi. Bu yozma axborot ish beruvchiga ham, ustaga ham qulaylik va aniqlik keltirishidan tashqari, har ikkalasini hushyorlikka chorlab turadi. Jami ish hajmi tugab, ish haqi to‘liq to‘lanib bo‘lgach, ikki tomon bir biri bilan rozilashadi va o‘sha odil guvoh ishtirokida yozilgan qog‘ozga yana kerakli yozuvlarni kiritishib, imzo qo‘yishadi.

Qariyalardan eshitib yuradiganimiz: “Yaxshi yodida saqlashdan yomon yozuv yaxshi” hikmati ham bejiz aytilmagan. Chunki Islom ta’limoti mustahkam imonli ajdodlarimiz qon qoniga singib ketgan. Ular “Mardikor ustaning haqini uning peshona teri qotmasdan bering”, degan qoidaga amal qilishgan. Islom arkonlarini, tartib intizomni qattiq ushlasak, o‘zaro muomalotlarimizda hech qachon sovuqlik bo‘lmaydi, halovat bilan yashab, yorug‘ yuz, komil imon bilan o‘tamiz bu dunyodan!

Ishlab chiqarishdagi halollik

Mo‘min musulmon inson o‘zining va ahlu ayolining nafaqai ro‘zg‘orini ta’minlashi uchun bir yoki bir necha kasb hunar qilsa, ayniqsa, xalqqa foydasi yetadigan narsalar ishlab chiqarishni yo‘lga qo‘ysa, bu hartomonlama katta yutuq hisoblanadi: ham o‘zi va oilasiga, ham jamiyatga, ham davlatga manfaat keltirgan bo‘ladi. U, albatta, ishlab chiqaruvchi sifatida faoliyat boshlash bilan birga huquqiy, ilmiy, fiqhiy, iqtisodiy ilmlarni ham imkon qadar o‘rganib olsa, nur ustiga nur bo‘ladi. Bundan tashqari, u qilayotgan ishi dunyo uchun ham, oxirat uchun ham foydali bo‘lishi, birovning haqini yemasligi va o‘zining haqini ham hech kimga oldirmasligi haqida Alloh taolodan duo qilib, so‘rab turishi kerak.

Ishni yuritish davomida qo‘l ostidagi ishchilarni ham saralashga e’tibor qilishi, ularning ish sharoiti, ishlash samarasi va sifatini doimo nazoratda saqlashga harakat qilishi lozim. Ishni tashkil qilish jarayonida kichkina bo‘lsa ham g‘irromlikka yo‘l qo‘yilmaslikka astoydil intilishi zarur. Chunki kichik aldovdan katta qalloblik kelib chiqishi xavfi yo‘q emas.

Boshqa tashkilot yoki korxonalar bilan oldi berdi qilishda muammolar zanjiriga tushib qolmaslik chorasini oldindan ko‘rib qo‘ygan yaxshi. Buning uchun muntazam ravishda korxonaning ichki va tashqi faoliyatini taftish qilib borish lozim. Shunday qilinganida, hech bir zamon na yuqoridan uyushtirilgan nazoratlarda, na boshqa xil hisob kitoblarda noqulay ahvol yuzaga kelmaydi. Ishlab chiqargan mahsulotini sifatli qilib sotuv shoxobchasiga yetkazsa, barakaning oshishiga sabab bo‘ladi.

Ishlab chiqaruvchi faoliyatini mazkur tariqalarda amalga oshirsa, “Halollik so‘zda emas, ishda” shiorining sohibiga aylanadi. Bunday kishilar, inshaalloh, Alloh taoloning huzurida ham, odamlar o‘rtasida ham fazilatlilar, obro‘lilardan hisoblanadi.

2010 yil boshida ommaviy axborot vositalarida bir xabar tarqaldi: “TOYOTA” shirkati o‘zi ishlab chiqargan 7 000 000 dona mashinani chaqirib oldi”. Bunga mashinalarning qaeridadir o‘tib ketgan kamchilik sabab edi. Ya’ni, o‘sha kamchilik qaysiki mashinada kuzatilsa, o‘sha mashina egasi shirkatning rasmiy vakillariga borib, mashinasini bepul ta’mirlatib olishi kerak. Avvalo, bu chaqirib olish halollik va aybini tan olishdir.

Ikkinchidan, bu chaqirib olish – sirtdan qaralsa, “TOYOTA”ning obro‘sini tushirganga o‘xshab ko‘rinsa da, aslida, shirkat ahlining halolligi va o‘z ishlariga talabchanligini jahon afkor ommasi oldida bildirib, isbotlab qo‘ydi. Bu ishlar reklamasiz reklama bo‘lib yuzaga chiqdi hamda mazkur avtomobil shirkatining obro‘si oshishiga xizmat qildi. Biz ham bunga ibrat ko‘zi bilan qarab, ishlab chiqarishni tashkil qilishda, rejalar tuzishda bu usulni e’tibordan soqit qilmasligimiz kerak.

Lafz savdosi

Lafz, boshqacha aytilsa, til bilan berilgan va’da insonning atrofdagilar orasida subutli yoki subutsiz ekanini belgilaydi. Agar u lafzida tursa, demak, unga tevarak atrofdagilarning ishonchi ortib boradi. Teskarisi bo‘lsa, aksincha, hech kim ishonmay qo‘yadi.

Biroq ishonchni saqlash ham oson emas. Ba’zida bu ancha qimmatga tushishi ham mumkin. Lekin saqlay bilish kerak. Chunki hadisi sharifda aytilgan: “Va’da qarzdir”. Bu – jiddiy gap. Biror kishiga va’da berishdan oldin o‘ylab ko‘rish, keyin va’dani bajarishning harakatida bo‘lish kerak. Shunday qilinganidagina doimiy, ko‘p yillik ishonch va obro‘ga ega bo‘lib borilaveradi.

Dunyo tajribasiga e’tibor qiladigan bo‘lsak, olamga dong‘i ketgan shunday shirkatlar va konsernlar borki, ular bu darajadagi obro‘ hamda muvaffaqiyatlarga erishuvining asosiy sabablaridan biri lafzga mas’ullikdan, deb bemalol aytish mumkin. Albatta, ularning faoliyatlarida yuqorida ta’kidlab o‘tilgan qoidalarning deyarli hammasini topish mumkin.

Sut mahsulotlari va sharbatlar ishlab chiqaruvchi xorijiy shirkatning yurtimizdagi vakilligida ishlaydigan Nodirjon ismli yigit hikoya qilishicha, shirkat odamlari nihoyatda toza ishlaydi; nohaqlikka umuman yo‘l qo‘yilmaydi, kimning g‘irrom yoki yolg‘onchi ekani sezilib qolsa, u ishdan chetlatiladi. Qishloqlardan va mahallalardan sutni yig‘ib olishga maxsus odamlar hamda xizmat mashinalari tayinlanadi; sut odamlardan qimmat narxda sotib olinadi, har bir joyning suti alohida idishga solinib, bu haqda tegishli belgi qo‘yiladi. Sotib olingan sutlardan tahlil uchun ozginadan namuna olinadi va to laboratoriya natijalari chiqquncha qolgan sutning hammasi sovitgichlarda saqlanadi, bir qancha soatdan keyin tahlil natijasi tayyor bo‘ladi: shunga ko‘ra, agar sut yaroqli bo‘lsa, ishlab chiqarishga kiritiladi, agar yaroqsiz bo‘lsa, maxsus ajratilgan joyga to‘kiladi; o‘sha sut olingan joyning odamlari ishonchni oqlamagan hisoblanadi va boshqa ulardan sut olinmaydi. Suv ishlab chiqarish ham shu darajadagi aniqlik va halollik asosida ishlaydi. Ishlab chiqarilgan suv ham, sut ham birdaniga sotuvga chiqarilmaydi, balki katta katta qismlarga ajratilib, maxsus joylarda ma’lum bir vaqtgacha saqlanadi. Nazorat vaqti o‘tib bo‘lgach, har bir qism ichidan yana tahlil uchun namunalar olinadi, xuddi avvalgidek, tahlil natijasi chiqqunicha tayyor mahsulot sotuvga chiqarilmay to‘xtatib turiladi. Natija ijobiy bo‘lsagina, shoxobchalarga tarqatiladi. Bordi yu, tahlil natijasi salbiy bo‘lsa, o‘sha qism hech achinmasdan yo‘q qilib tashlanadi. Ish shu bilan tugamaydi. Sotuv shoxobchalari ham nazorat qilinadi. Agar ular mahsulotni saqlash qoidasiga amal qilishmayotgani yoki narxni kelishilganidan insofsizlarcha oshirib yuborgani aniqlansa, o‘sha savdo tashkiloti bilan, garchi juda ko‘p mahsulot xarid qilayotgan bo‘lsa ham, lafzsizligi sabab, iqtisodiy aloqa to‘xtatiladi.

Ana sizga lafzga mas’ullik va halollikka munosabat. E’tibor qilgan bo‘lsangiz, laboratoriya natijasi salbiy bo‘lganida, qanchalab pul evaziga qo‘lga kiritilgan xom ashyo yoki tayyor mahsulot tashlab yuboriladi, foyda ziyonga qaramay, noinsofligi ma’lum bo‘lib qolgan hamkorlar bilan aloqa butunlay uziladi. Bu xarajatlar pulga chaqib ko‘rilsa, yaxshigina kamomad, yo‘qotish bo‘layotganini sezish qiyin emas. Lekin kim so‘zda ham, ishda ham halol bo‘lsa, Alloh taolo barakot ato etadi. Biz bilmaymiz, yolg‘iz Uning O‘zi biladi.

Qarz haqida

Qarz berishning savobi hadya berganning savobidan ko‘ra ko‘proqligi haqida hadisi sharif bor. Uzish niyatida qarz olgan kishiga Alloh taoloning O‘zi yordam beradi degan ma’noda Payg‘ambarimizdan (sollallohu alayhi va sallam) hadislar rivoyat qilingan. Xudo saqlasin u, agar banda yeb ketish niyatida birovdan qarz olsa, unday odam o‘z boshiga balo yuklab olgan bo‘ladi va niyatiga muvofiq bu qarzidan qutulolmay ketadi. Imtihon dunyosini tark etganidan keyin uning yaqinlari qarzini uzadimi-yo‘qmi, noma’lum.

Shuning uchun mo‘min banda lozim vaqtlarda Allohning yordamidan umid qilib, uzish niyatida qarz olsa va bu qarzini chiroyli qilib uzib, qarz egasini rozi qilish harakatida bo‘lsa, inshaalloh, qarzidan qutulib, uning o‘zi ham, qarz bergan banda ham ko‘p ko‘p savobu ajrlarga erishadi.

Xalqimizda “Qizg‘anchiqdan qarz olma, qarz olsang ham xarjlama” degan maqol bor. Bu maqol nima uchun aytilganini bilish qiyin emas. Avvali, qizg‘anchiqdan qarz olishning o‘zi qiyin ish, ikkinchidan, unday odam qarz berishga rozi bo‘lgan taqdirda ham, tezlikda qaytarib berishinga to‘g‘ri kelib qolishi mumkin, shuning uchun uni ishlatmay turganing ma’qul, deyilyapti. Lekin nima bo‘lganida ham, u qarzning egasi, qistashga haqli. Shunday ekan, qarz oluvchi ham, beruvchi ham Alloh taoloning roziligi niyatida harakat qilishi lozim. Bir tomonning ishi bitib qolsin, ikkinchi tomonning ham puli kuyib ketmasin.

“Qarz” so‘zi aslida kesish ma’nosini beradi. Ya’ni, imkoni bor odam o‘zining mablag‘i yoki sarmoyasidan qandaydir bir qismini kesib, boshqasiga beradi. Olgan odam esa o‘sha kesilgan joyni yana qayta tiklab berishi lozim. Qur’oni majidning bir necha joyida “Alloh uchun qarzi hasana beruvchibormi?” ma’nosidagi oyatlar keladi (Baqara, 245; Moida, 12). Bu boy, mard kishilarga xitob. O‘shanday kishilar qarzi hasana4 berishsin va qarz olgan taraf to joyini to‘ldirgunicha sabr etib, qistalang qilmay tursin. Bu vaqtda Razzoq va Vahhob Alloh taolo O‘z fazli bilan boshqa tomondan qarzi hasana bergan mo‘min bandasiga fayzu barakot yetkazib turadi. Bu odamzotning emas, Haq subhonahu va taoloning va’dasi. U Zot va’dasiga aslo xilof qilmaydi!

Bandasining ishi – Undan duo qilib so‘rash va shu yo‘nalishda to‘g‘ri niyat bilan harakat qilish. Misoli tog‘ning etagida turib: “Ey Xudo, mening shu toqqa chiqishimni nasib qil”, deb so‘rab, keyin toqqa chiqishni boshlashdek. Shunda ham Parvardigor nasib qilsagina, tog‘ning tepasiga chiqadi, nasib etmagan bo‘lsa, bir qadam ham siljiyolmaydi. E’tiqodimiz ana shunday. “Olma, pish, og‘zimga tush”, deb harakatsiz qarab o‘tirish bizning yo‘limizga to‘g‘ri kelmaydi. Chunki hazrat Bibi Maryamga ham: “Qurigan xurmo shoxini silkit”, deyildi (Maryam, 25). Silkitmasa ham berishga qodir edi, lekin O‘z ne’matini shu silkitish sababiga bog‘lab qo‘ydi. Silkitdi, qurigan xurmodan meva to‘kildi.

Zotan, bu dunyo ishlari sabablarga payvasta qilingan. Demak, so‘rab Alloh taologa iltijo qilamiz, so‘raganimizga muvofiq harakat qilib, sabablarni amalga oshiramiz. Berish yo bermaslik, yetkazish yo yetkazmaslik Uning siri. Hukm ham Uniki, xohish ham! Xohlagan vaqtida har qanday sababni o‘rtadan ko‘tarib, to‘g‘ridan to‘g‘ri yetkazadi ham.

Umr savdosi

Umr savdosi haqida bu risolada yozishning qanday zarurati bor edi, degan savol tug‘ilishi mumkin. Javob shuki, halol savdo haqida gaplashishga kirishdikmi, demak, gapimiz chala bo‘lib qolmasligi kerak. Chunki umr savdosi o‘ziga xos nozik muomala turi. Chunonchi, tafsirlarda Masad surasidagi “va maa kasab” dan murod Abu Lahabning xalq ichida gerdayib yurishiga sabab bo‘lgan o‘g‘illari deyiladi. Oyatning mazmuni bunday: “Unga topgan mol mulki va o‘g‘illari qora kunida asqotmadi”. Demak, uning o‘g‘illari kasb qilib topgan narsalaridan hisoblanadi.

Bugungi kunda ayol bilan ayol, erkak bilan erkak o‘zaro nikoh qurib yashashiga rasman yo‘l berayotgan davlatlar haqida o‘qib, eshitib qolyapmiz. Ba’zi joylarda odat bo‘lib boryaptiki, yigit bilan qiz yoki erkak bilan ayol qonuniy er xotin bo‘lishdan oldin birgalikda qanchadir vaqt hayot kechirishib, undan keyin yo turmush qurishyapti, yo navbatdagi juftini izlab, ikki yoqqa tarqab ketishyapti. O‘rtada farzand bo‘lib qolishi mas’uliyati bilan umuman qiziqishmayapti. Go‘yoki bozorga borib, mol tanladi yu, uyiga olib ketdi; yoqsa, oladi, yoqmasa, qo‘yib yuboradi va boshqasini tanlaydi. Bu kabi umr savdosini olib boradiganlar haqiqiy yaxshilikka aslo yetisholmaydi. Chunki jinsiy hayotga bunday mas’ulyatsiz munosabat hech bir shariat, hech bir dinda halol emas.

Shukr, xalqning xizmatidamiz, “Nikoh o‘qib qo‘ying”, deyishadi, o‘qib qo‘yamiz. Ba’zan kelin kuyovlar nainki musulmoncha hayot tarzi, hatto imon kalimasini aytishni eplolmay qolishyapti. Birgina yigirma o‘ttiz daqiqalik nikoh marosimida qaysi aytilgan narsalarni eslab qolishadi, bilmaymiz.

Xudoning bergan kuni diniy idoraga oralariga uch taloq tushib qolgan er xotinlar kelishadi: “U edi, bu edi, mast edim, alast edim, taloq aytib yuboribman, farzandlarimiz nima bo‘ladi, iltimos, bir yo‘l topib beringlar”.

Shukronalar bo‘lsin, yon atrofimizda qariyb ellik oltmish ming tabarruk hoji ota va hoji onalarimiz yurishibdi. Ularni tez tez ziyorat qilib, duolarini olib turish yoshu katta uchun faqat foyda bo‘ladi. Hayotda u bu ishlarni qilishda ularning qimmatli maslahatlarini so‘rab turishga odatlanish kerak. Chunki bu yerda Islomning bosh shiorlaridan bo‘lgan odob masalasi bor. Qolaversa, “Qari bilganini pari bilmas” deganlaridek, ularning tajribalari ham qo‘l kelib qolishi shubhasiz.

Inson salbiy illatlarga yopishganidan keyin, uni chiqarib olish qiyin bo‘ladi, yaxshisi, uni bunday illatdan uzoq saqlash kerak. Ko‘z oldimizda bolamiz qaynoq choyga intilsa, jim qarab turmaymiz, bu aniq gap. Ma’sum ma’suma o‘g‘il qizlarimiz, o‘smir o‘spirin yoshlarimiz, yigit qizlarimiz, qaysi dinni ushlasam ekan, deb ikkilanib yurgan fuqarolarimiz bor. Ularga to‘g‘ri diniy ta’lim olgan mutaxassislarimiz e’tiqod ilmini o‘rgatishmasa, kimdan o‘rganishadi? Bu savol pishib yetilgan, yechimini kutib turibdi. Bebaho boylik bo‘lgan umr sarmoyasi botil narsalarga xarjlanib ketmasligi kerak. Mabodo shunday bo‘lib qolsa, bunday umr savdosi puch, arzimagan narsaga aylanib qolgan bo‘ladi. Xudo saqlasin!

Oila qurish savdosini yetarli diniy, dunyoviy bilimlar bilan boshlamagan kishilarning kelajagi havas qilarli darajada bo‘lmaydi. Bu tabiiy. Yangi qurilayotgan oilaning mutasaddilari – quda andalar, tog‘a va amakilar, amma xolalar, yangalar bu yumushning chorasini oldindan ko‘rib qo‘yishlari, kelin kuyov umr savdosini puxtalik bilan boshlashlari lozim. To bo‘lajak kelin kuyov o‘zaro munosabatlarida gunoh ishlardan uzoq bo‘lsin:

“Biz o‘zimizni boshqara olamiz, jinsiy muomaladan ehtiyot bo‘lamiz”, deb uchrashuvga chiqish olov bilan o‘ynashgandek gap. Olov bilan o‘ynashgan kishini u kuydirib qo‘yishi oson bo‘lganidek, xilvatda qolgan yoshlarni ustasi farang shayton ming xil aldov bilan “yomonlik”ka boshlab qo‘ya oladi. Mabodo shunday holat yuz bersa, ularning umr savdolari xatar bilan egizak bo‘lib qoladi. Hatto ayanchli kunlarga tushishlari ham mumkin.

Rasuli akram (sollallohu alayhi va sallam) bir gal sahobai kiromlariga: “Xotinlaringiz bilan qo‘shilganingiz uchun ham ajr olasiz”, deb marhamat qildilar. Sahobalar so‘rashdi: “Yo Rasululloh, o‘z nafsimizni qondirsak ham ajr beriladimi?”. “Nafsingizni haromdan qondirsangiz, gunoh yoziladimi?”. “Ha”, deyishdi. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Demak, jufti halolingiz bilan qo‘shilganingizga ham ajr olasiz”, dedilar. Buni yoshu kattalarimiz yaxshi bilib olishlari nur ustiga nur bo‘ladi.

Kelin kuyovlarga taloq ilmi, jinsiy aloqadagi harom va halol ilmi, g‘usl, tahoratu namoz ilmi, er xotinning bir biridagi haqlari va burchlari, oila tejamkorligi ilmi va hokazolar, albatta, to‘y bo‘lishidan xiyla oldin o‘rgatilishi kerak. Shunday astoydil harakatlar natijasida millatimizning obro‘sini oshiradigan farzandlar tug‘iladi. Solih zurriyotlar dunyoga kelishi, xalqimizning bir biri bilan o‘zaro shirin shar’iy hayot kechirishi uchun sharoitlar yaratishimiz, har turli zaruriy xizmatlarni bajarish uchun ikkilanmasdan, tortinmasdan, jiddu jahd qilishimiz kerak.

Qur’oni karimda “qaysi qavm o‘zini o‘nglamasa, ularning ahvolini Alloh o‘zgartirmaydi”, mazmunli oyatlar bor (Anfol, 53; Ra’d, 11). Millatning umumiy baxti, saodatli ertasi uchun bugun harakat qilish shart. Harakat bizdan, barakat Allohdan!

Alloh taolo man qilgan savdolar

Bu o‘rinda ayrim manhiyotlarni zikr qilmoqchimiz. Maqsad – jamiyatimiz gullab yashnashiga xalal berayotgan ishlardan xalos bo‘lish chorasini izlash.

Alim va Hakim Zot bandalari uchun zararli bo‘lgan narsa va amallarni O‘zining Kitobi va Rasuli orqali bildirib, bandalariga aql yuritib, mazkur zararli narsa va amallardan uzoqda bo‘lishni buyurgan. O‘sha narsalar harom va gunoh degan umumiy nom bilan ataladi. Qaysi bir inson yoxud qavm harom va gunohlarga aralashib qolsa, eng birinchi navbatda o‘z joniga zulm qilgan bo‘ladi.

Tana savdosi

Bu so‘z birikmasi zikr qilingan hamono fohisha va zinokorlar esga keladi. Zino Qur’onda ham, hadisda ham man qilingan, haddan o‘tgan buzuq va oqibati xatarli narsadir. Ma’naviy tuban, o‘z qadrini poymol qilgan ayol va erkak bu yo‘lga yuradi. Zinokorlar nafaqat o‘zlarini xonavayron qilishadi, balki ular tufayli eldan baraka ko‘tariladi, qahatchilik yuz beradi.

Zino sababli qotillar paydo bo‘ladi. Ular bu yo‘lga kirgan ayollarning homilalarini olish bilan mashg‘ul. Qizlar, ayollar zino orqali, xiyonat sababli homila orttirib, qilar ishni qilib bo‘lishgach, o‘zlarini bu “sharmandalik yuki”dan qutqaradigan “xaloskor” izlab qolishadi. Kimlarningdir vositasida izlab topganlari o‘sha kimsalar homilani burda burda qilib olib tashlashadi.

Odam sotgan Abdulloh

Bugungi kunda yer yuzida qullar qolmagan. Hamma hur. Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam) hadisi shariflarida ozod odam bolasini sotish qattiq qoralangan: Abu Hurayradan (roziyallohu anhu) rivoyat qilingan, yuqorida ham keltirganimiz hadisda: Nabiy (sollallohu alayhi va sallam): “Alloh taolo “Men qiyomat kuni uch toifaning xusumatchisi bo‘laman: Men bilan ahd berib, keyin aldagan odamning, hurni sotib, bahosini yegan odamning va odam ishlatib, haqini bermagan odamning, deydi” dedilar”.

Chet ellarga ishlash uchun ketganlarning ko‘plarini begonalar emas, o‘z yurtdoshlari, mahalladoshlari sotishganini eshitib qolyapmiz. Qulning orzusi bitta – ozodlikka chiqish bo‘lgani singari, o‘sha sotilgan insonlar ham kecha bo‘lsin, kunduz bo‘lsin, tutqunlikdan qutulib, o‘z yurtiga qaytish chorasini qidirishadi. Bunday imkon tug‘ilishi bilanoq foydalanib olishadi va uyiga kelishgach, o‘sha o‘zini sotib yuborgan “ishbilarmon” tanishidan, uning oilasidan o‘ch olish harakatiga tushishadi.

Odam sotganlar esa, buni juda yaxshi his qilishgani uchun yurtiga qaytolmay yurishadi. Qaytsa, el yurt oldida sharmanda bo‘lishidan tashqari, yana qamoqqa tushib jazolanish ham kutib turibdi. Shuning uchun ular o‘sha yurtlarda yurishga majbur. Lekin qilgan qilmishlari evaziga xor zor bo‘lish xavfi ularni hech qachon, bir lahza bo‘lsin, tark etmaydi. Ular xuddi asalarining erkagidek uyiga qaytolmay qolib ketishlari ham mumkin. Bunday sharmandaliklardan Alloh saqlasin!

Yolg‘on savdo

Payg‘ambarimiz (sollallohu alayhi va sallam): “Yolg‘onchi bizdan emas”, deganlar. O‘zini mo‘min musulmon hisoblaydigan kishiga mana shu hadisi sharif ko‘p narsa beradi. Bu ulug‘ qoida va chegara. Gap so‘zda bo‘ladimi, ishda, savdoda bo‘ladimi, qat’i nazar, mo‘min inson yolg‘ondan uzoqda turadi. Yolg‘onni odat qilgan kishi eng avvalo o‘ziga yomonlik qilgan bo‘ladi; yolg‘on aralashgan joydan baraka qochadi. Chunki hamma narsadan xabardor Alloh taolo yolg‘onchini yaxshi ko‘rmaydi.

Ko‘plar shirin, chiroyli yolg‘on bilan ishlarini bitirib yurishga usta. Ularning shiori: “E e, ishing bitguncha cho‘chqani “tog‘a” de!”. Yo‘q narsani savdo qilishib, pulini olganlar, buzuqni soz deb, yarimni butun deb sotganlar, o‘ziniki bo‘lmagan narsani pullaganlar, biror narsani olib, haqini bermasdan yo bir qismini berib, qolganini o‘zlashtirib ketganlar, o‘zlaricha foyda qildim, deb o‘ylashsa da, aslida, katta ziyon qilishadi, ishidan, rizqidan, xonadonidan fayz-baraka ko‘tariladi, oxiratda azobga giriftor bo‘lishadi. Chunki Alloh taolo yolg‘on aralashgan ish va gaplardan rozi bo‘lmaydi.

Pora savdosi

Mazkur savdo jahon mamlakatlarini o‘ylantirib turgan katta muammolardan biridir. Pora muomalasi barcha dinlarda gunoh hisoblanadi. Ikki olam sayyidi Muhammad Mustafo (sollallohu alayhi va sallam) poradan qattiq qaytarganlar: “Pora beruvchi ham, oluvchi ham, o‘rtada turuvchi ham jahannamga tashlanadi”.

Poraxo‘rlik jamiyat barqarorligining muhim asosi bo‘lgan adolatning yo‘qolishiga olib boradi. Pora vositasida nohaqlik haq maqomiga chiqishi bois jamiyat parokanda bo‘ladi. Mamlakatimiz mustahkamligi, rivoji va gullab-yashnashini, oxirati obod bo‘lishini istagan har bir fuqaro pora olish va berish illatidan xalos bo‘lishi kerak.

Xiyonat (xoinlik) savdosi

Xiyonat aslo yaxshilik keltirmaydi. Xiyonatning turi ko‘p: do‘stlikka xiyonat, oilasiga, juftiga, yaxshi ko‘rganlariga xiyonat, xo‘jayiniga, sherigiga, ahdlashganlariga xiyonat, ota ona, aka uka, opa singilga xiyonat, Vataniga, vatandoshlariga, diniga, dindoshlariga xiyonat, omonatga, molga xiyonat, ustozga xiyonat... Hech bir dinda, hech bir davlatda xiyonat oqlanmaydi.

O‘qituvchi, ishchi xizmatchi, shifokor, muhandis yo boshqa sohada ishlovchi ish vaqti o‘z joyida bo‘lmasdan, oylik maoshini olsa ham, xiyonat hisoblanadi. Chegarachi chegarada uxlab qolsa, bu ham xiyonat. Postda turgan posbon yoki qorovul ish joyini tashlab ketsa, bu ham xiyonat. Soliq oluvchi soliq to‘lovchi bilan kelishib, soliqni kamaytirish hisobiga bir qismini o‘zi o‘zlashtirib olsa, bu ham jinoyat, ham xiyonat. Har xil imorat quruvchi va ta’mirlovchilar, yo‘llar quruvchilar va ta’mirlovchilar yoxud boshqa sohalarning mas’ullari qilinmagan ishni qilindi deb, yoki oz xarajat qilingan joyga ko‘p xarajat ko‘rsatib, davlatning pulini o‘zlashtirsa, garchi buni boshqalar bilmay qolsa da, xiyonat, jinoyat, o‘g‘rilik va gunohning kattasini qilgan bo‘ladi.

O‘zini aqlli deb sanaydigan odamga ketidan jazoni jalb qiladigan amallar qilish hech to‘g‘ri kelmaydi. Uning bilaturib, bunday qilishi xuddi “Qamoqxonaga ham odam kerak, do‘zaxga ham odam kerak, men ana o‘shandaylar toifasidanman” deganiday bo‘ladi. Bu gaplarni aytishdan maqsad – mazkur ikki joyga do‘stlarimiz ham, yotlarimiz ham tushmasin. Hammamizning murodu niyatimiz mana shu nuqtada kesishuvi kerak.

Rahmatulloh SAYFUDDINOV

Yunusobod tumani bosh imom xatibi,

Toshkent Islom Instituti o‘qituvchisi,

"Mirza Yusuf" jome masjidi imom xatibi