Тавба нима?

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 17.12.2015

“Тавба” сўзининг қайтмоқ, пушаймон бўлмоқ, гуноҳларни тарк этиб Ҳаққа юз бурмоқ, келажакда гуноҳни такрорламасликка азм этмоқ каби маънолари бор.

Имом Ғаззолийга кўра, тавба илм, ҳол, ва феъл каби навбати билан бир-бирини тақозо этувчи уч нарсанинг бирлашувидан пайдо бўладиган ўзгармас илоҳий суннатдир. Бу босқичларнинг ҳар бири ўзидан кейинги босқич учун заруратдир. Чунки Аллоҳ таолонинг мулк ва малакутга жорий этган қонунидаги узлуксизлик шуни тақозо қилади.

Гуноҳлар боис пайдо бўлиб, банда билан унинг суюкли нарсалари орасини тўсадиган улкан зарарни англаш илмдир. Бу улкан зарарни тўла англаган киши ўз қалбига ғолиб бўлади. Бу англаш суюкли нарсасини бой берган қалбда алам-оғриқ пайдо қилади. Қалбда йўқотиш ҳисси ортгани сайин аламнинг шиддати ҳам кучаяди. Маҳбубини ўзининг бир ёмон феъли сабаб бой бергани учун қалб афсус чекади. Қалбнинг бу оғриғи надомат дейилади. Оғриқ ичкарини бутунлай эгаллаб олганидан сўнг, қалбда қасд деб аталган ўзгача бир ҳолат намоён бўлади (қасд – гуноҳни тарк этишни мақсад қилиш, шу мақсад томон қадам ташлаш).

Тавба шундай оғриқки, у бекор ўтаётган умрни ҳис қилиш, Аллоҳнинг ғазаби остида зое бўлаётган бебаҳо неъмат – ўтган ва ўтаётган кунларни ўйлаб, қонли ёшлар тўкишдир. Дарҳақиқат, ўтган хатодан пушаймон бўлиб, ғамга ботиш мусулмон учун вожибдир. Бу ҳол тавбанинг руҳи, ўнгланиш у билан камолига етади.

Тавбанинг шартлари

Олимлар бундай деганлар: “Тавбанинг учта шарти бор: Гуноҳдан тўхташ, пушаймон бўлиш ва унга қайтмасликка аҳд қилиш”. Баъзи олимлар эса: “Тавбада содир этилган гуноҳдан пушаймон бўлишнинг ўзи етарлидир. Зеро, бу пушаймонлик гуноҳдан узилишни ва қайтиб уни қилмасликка аҳд қилишни тақозо этади. Бу иккиси пушаймонликдан пайдо бўлади, шунинг учун ҳам: “Пушаймонлик тавбадир”, дейишган.

Фахриддин Розий “Мафотиҳул ғайб” номли тафсирида тавба учун лозим бўлган нарсаларни санаб ўтган: “1. Қилган гуноҳ ё ножўя ҳаракатини бас қилиш. Бас қилиш нега керак? Агар банда гуноҳ ё ножўя ишини ташламаса, қилишда давом этса, бу тавба бўлмайди; 2.Ўтмишда қилган шу гуноҳларини ҳам бас қилиш. Пушаймонлик нега керак? Агар банда қилган гуноҳидан пушаймон бўлмаса, қилган ишидан рози, ўша ишга кўнгли бор демак. Бир ишга кўнгли бўлган инсон ўшани қилиш эҳтимоли борлиги учун ҳам тавба қилган бўлмайди; 3. Шу гуноҳ ё ножўя ҳаракатга ўхшаш ишни асло қилмасликка аҳд қилиш. Қилган гуноҳига ўхшаш гуноҳдан ҳам узоқ бўлишга аҳд қилиш нега керак? Зеро, гуноҳ ишни қилиб бўлди. Гуноҳни яна ният қилиш ҳам гуноҳ!; 4. Юқоридагиларнинг барчасини яна қилишдан қўрқиш. Қўрқув инсонга тавба қилишни, сўнг бу ишни бас қилишдан ўзга йўл йўқлигини хотирлатади. Ҳақиқий тавба учун ана шуларнинг барчаси керакдир”.

Тавба ва истиғфор ўртасидаги фарқ

“Истиғфор” – кечирим, мағфират сўраш дегани. Давомли гуноҳ қиладиган кимса ҳам, тавбакор ҳам истиғфор айтиши мумкин.

“Тавба” сўзининг таърифида: “Гуноҳдан воз кечиш, унга қайтмасликка аҳд қилиш ва ундан бутунлай узилишдир”, дейилган. Биргина истиғфорнинг ўзидан бу маъно тушунилмайди.

Имом Қуртубий “Ал-Муфҳим”да истиғфорнинг фойдаси катталигини, аммо уни давомли гуноҳ қилишга барҳам бериб, пушаймонлик ғами эзиб турган ҳолда, тил билан дилни бир қилиб, самимий айтиш кераклигини ёзади. Қуртубийга кўра, ана шундай истиғфор тавбанинг таржимасидир. Бу асло тили билан “астағфируллоҳ” деб қўйиб, гуноҳини давом эттиравериш эмас. Бундай кимсаларнинг истиғфори истиғфорга муҳтождир!

Насуҳ тавбаси нима?

“Насуҳ” тавбаси чин, самимий ва ҳақиқий тавба дегани бўлиб, уламолар унга қуйидагича таъриф беришган:

Ҳазрат Умар, Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳум) таърифларига кўра, насуҳ тавбаси сут елинга қайтмагани каби, яна гуноҳга қайтилмаган тавбадир.

Қатода айтади: “Насуҳ самимий ва чин дилдан қилинган тавбадир. Холис ҳам деб изоҳланган”. Ҳасан Басрий эса: “Насуҳ суйган гуноҳини ёмон кўриб, уни эслаганда, мағфират сўрашдир”, деганлар.

“Насуҳ тавбаси қабул бўлишига ишонилмаган ва шунинг учун қўрқилган тавбадир”, деб ҳам таърифланган.

Калбий айтади: “Насуҳ тавбаси дилда пушаймон бўлиш, тил билан мағфират сўраш, гуноҳдан қатъий воз кечиш ва қайтиб қилмасликка аҳд қилишдир”.

Саъид ибн Жубайр деди: “Насуҳ қабул бўладиган тавба демакдир. У учта шарти бўлмаса, қабул бўлмайди: қабул бўлмаслик қўрқуви, қабул бўлишидан умид ва тоатларда бардавомлик”.

Саид бин Мусайяб айтади: “Насуҳ тавбаси ўзингизга у билан самимий ҳолда яхшилик қилган тавбангиздир”.

Қуразий дейди: “Насуҳ тавбасининг ушбу тўртта хусусияти бор: тил билан мағфират сўраш, қилинган гуноҳдан холис надомат чекиш, гуноҳга қайтмасликка қалбдан қарор қилиш ва ёмон дўстлардан узоқлашиш”.

Фузайл ибн Иёз айтади: “Гуноҳини доимо кўз ўнгида тутиши ва ҳар доим уни кўриб тургандек ҳаракат қилишидир”.

Ибн Саммок айтган: “Аллоҳ таолодан уялмай қилган гуноҳингни ёдда тутиб, сени кутаётган нарсага тайёрланишингдир”.

Абу Бакр Варроқ айтган: “Насуҳ тавбаси, худди Табук сафаридан қолиб кетган уч киши (аҳволи) каби, ер юзи кенглигига қарамай, сенга тор бўлиб қолишидир”.

Абу Бакр Воситий айтади: “Насуҳ ҳеч қандай йўқотишлар дардида қилинмаган тавбадир. Чунки дунёда нафсининг роҳати учун гуноҳ қилган кимса, кейин ўзининг охиратдаги роҳати учун тавба қилса, унинг тавбаси Аллоҳ учун эмас, ўзининг ҳимояси учун бўлади”.

Абу Бакр Даккок айтади: “Насуҳ тавбаси ҳақини еган одамларига ҳақларини қайтариш, душманлари билан ризолашиш ва итоатларни давомли одатга айлантиришдир”.

Рувайм дейди: “Насуҳ тавбаси маъсият пайтида Ҳаққа орқа ўгирганингдек, тавба асносида ортга қайрилмай, Аллоҳга юз буришдир”.

Зуннун айтади: “Насуҳ тавбасининг уч аломати бор: оз гапириш, оз ейиш ва оз ухлаш”.

Шақиқ айтади: “Насуҳ тавбаси кишининг ўзини кўп айблаши ва давомли пушаймонлик туйишидир”.

Сиррий Сақатий айтади: “Насуҳ тавбаси киши ўзига ва мўминларга насиҳат қилмасидан юзага келмайди. Чунки тавба қилган ва унга боғлиқ қолган киши бошқа одамларнинг ҳам ўзига ўхшашини истайди”.

Жунайд дейди: “Насуҳ тавбаси гуноҳни абадий эсламаслик шарти билан унутишдир. Чунки тавбаси саҳиҳ бўлган киши Аллоҳни севган бўлади. Аллоҳни севган киши эса, Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсани унутади”.

Анас ибн Молик айтади: “Насуҳ тавбаси кишининг кўзёшларини оқизиши, гуноҳга қарши тура оладиган қалбга эга бўлиши демакдир”.

Фатҳ Мавсилий айтган: “Насуҳ тавбасининг уч аломати бор: ҳавойи нафсга хилоф қилиш, кўп йиғлаш ва очлигу чанқоқликка бардош беришдир”.

Саҳл Тустарий айтади: ”Насуҳ аҳли сунна вал жамоа учун лозим бўлган тавбадир. Чунки бидъатчининг тавбаси бўлмайди. Бунга далил Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом): “Аллоҳ ҳар бир бидъатчининг олдига уни тавбадан тўсувчи парда қўйган”, деган мазмундаги ҳадисларидир”.

Ҳузайфадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишларича, у бундай деган: “Бир гуноҳдан тавба қилиб, кейин яна унга қайтиш кишига ёмонлик сифатида етади”.

Тавбанинг аҳамияти ва зарурати

Гуноҳдан сўнг дарҳол тавба қилиш вожибдир. Чунки гуноҳнинг ҳалокатли эканини англаш имон тақозосидир. Тавбани кечиктириш мумкин эмаслигини англаган киши дарҳол амалга ўтади, ўзини ёмон феъллардан тия бошлайди. Ҳар бир илм яхши амал бажариш учун ўрганилади. Модомики, илм амалга сабаб бўлмас экан, унинг масъулиятини тўла ҳис қилиш мушкул. Гуноҳларнинг зарарини билиш, англаб етиш илмдир. Мана шундай илм гуноҳларни тарк қилишга сабаб бўлади. Ундан кўзланган мақсад ҳам аслида ана шу.

Кимки гуноҳларни тарк этмас экан, имони заифлашиб бораверади. Зарарли озиқлар баданга қандай таъсир этса, гуноҳлар ҳам имонга шундай таъсир қилади. Доимий равишда ичкарида тўпланиб қолаётган зарарли озиқлар киши сезмаган ҳолда унинг мизожини ўзгартиради, ҳатто уни бузилишгача олиб боради. Натижада киши дафъатан дардга чалинади, дафъатан ўлади.

Гуноҳларнинг имонга таъсири ҳам шу йўсинда бошланиб, шу йўсинда якун топади. Демак, бу ўткинчи дунёда ўлимдан қўрқувчи кишига дарҳол ва ҳар қандай ҳолатда зарарли озиқлардан тийилмоқ вожиб. Абадий ҳалокатдан қўрқувчи кишига эса гуноҳлардан тийилишнинг вожиблиги яна бир ҳисса кўпроқдир.

Кишининг динини гуноҳлари заҳарлайди. Кимки уни содир этса, фурсат борида бу қилмишидан қайтмоғи вожиб. Бу фурсат умрдир. Фурсат бой берилса, умр зое бўлади. Бундан ҳам аламлироғи эса, охират саодатини бой беришдир.

“Ирфон” тақвимининг 2014 йил 2-сонидан олинди.

* * *

“Tavba” so‘zining qaytmoq, pushaymon bo‘lmoq, gunohlarni tark etib Haqqa yuz burmoq, kelajakda gunohni takrorlamaslikka azm etmoq kabi ma’nolari bor.

Imom G‘azzoliyga ko‘ra, tavba ilm, hol, va fe’l kabi navbati bilan bir-birini taqozo etuvchi uch narsaning birlashuvidan paydo bo‘ladigan o‘zgarmas ilohiy sunnatdir. Bu bosqichlarning har biri o‘zidan keyingi bosqich uchun zaruratdir. Chunki Alloh taoloning mulk va malakutga joriy etgan qonunidagi uzluksizlik shuni taqozo qiladi.

Gunohlar bois paydo bo‘lib, banda bilan uning suyukli narsalari orasini to‘sadigan ulkan zararni anglash ilmdir. Bu ulkan zararni to‘la anglagan kishi o‘z qalbiga g‘olib bo‘ladi. Bu anglash suyukli narsasini boy bergan qalbda alam-og‘riq paydo qiladi. Qalbda yo‘qotish hissi ortgani sayin alamning shiddati ham kuchayadi. Mahbubini o‘zining bir yomon fe’li sabab boy bergani uchun qalb afsus chekadi. Qalbning bu og‘rig‘i nadomat deyiladi. Og‘riq ichkarini butunlay egallab olganidan so‘ng, qalbda qasd deb atalgan o‘zgacha bir holat namoyon bo‘ladi (qasd – gunohni tark etishni maqsad qilish, shu maqsad tomon qadam tashlash).

Tavba shunday og‘riqki, u bekor o‘tayotgan umrni his qilish, Allohning g‘azabi ostida zoe bo‘layotgan bebaho ne’mat – o‘tgan va o‘tayotgan kunlarni o‘ylab, qonli yoshlar to‘kishdir. Darhaqiqat, o‘tgan xatodan pushaymon bo‘lib, g‘amga botish musulmon uchun vojibdir. Bu hol tavbaning ruhi, o‘nglanish u bilan kamoliga yetadi.

Tavbaning shartlari

Olimlar bunday deganlar: “Tavbaning uchta sharti bor: Gunohdan to‘xtash, pushaymon bo‘lish va unga qaytmaslikka ahd qilish”. Ba’zi olimlar esa: “Tavbada sodir etilgan gunohdan pushaymon bo‘lishning o‘zi yetarlidir. Zero, bu pushaymonlik gunohdan uzilishni va qaytib uni qilmaslikka ahd qilishni taqozo etadi. Bu ikkisi pushaymonlikdan paydo bo‘ladi, shuning uchun ham: “Pushaymonlik tavbadir”, deyishgan.

Faxriddin Roziy “Mafotihul g‘ayb” nomli tafsirida tavba uchun lozim bo‘lgan narsalarni sanab o‘tgan: “1. Qilgan gunoh yo nojo‘ya harakatini bas qilish. Bas qilish nega kerak? Agar banda gunoh yo nojo‘ya ishini tashlamasa, qilishda davom etsa, bu tavba bo‘lmaydi; 2.O‘tmishda qilgan shu gunohlarini ham bas qilish. Pushaymonlik nega kerak? Agar banda qilgan gunohidan pushaymon bo‘lmasa, qilgan ishidan rozi, o‘sha ishga ko‘ngli bor demak. Bir ishga ko‘ngli bo‘lgan inson o‘shani qilish ehtimoli borligi uchun ham tavba qilgan bo‘lmaydi; 3. Shu gunoh yo nojo‘ya harakatga o‘xshash ishni aslo qilmaslikka ahd qilish. Qilgan gunohiga o‘xshash gunohdan ham uzoq bo‘lishga ahd qilish nega kerak? Zero, gunoh ishni qilib bo‘ldi. Gunohni yana niyat qilish ham gunoh!; 4. Yuqoridagilarning barchasini yana qilishdan qo‘rqish. Qo‘rquv insonga tavba qilishni, so‘ng bu ishni bas qilishdan o‘zga yo‘l yo‘qligini xotirlatadi. Haqiqiy tavba uchun ana shularning barchasi kerakdir”.

Tavba va istig‘for o‘rtasidagi farq

“Istig‘for” – kechirim, mag‘firat so‘rash degani. Davomli gunoh qiladigan kimsa ham, tavbakor ham istig‘for aytishi mumkin.

“Tavba” so‘zining ta’rifida: “Gunohdan voz kechish, unga qaytmaslikka ahd qilish va undan butunlay uzilishdir”, deyilgan. Birgina istig‘forning o‘zidan bu ma’no tushunilmaydi.

Imom Qurtubiy “Al-Mufhim”da istig‘forning foydasi kattaligini, ammo uni davomli gunoh qilishga barham berib, pushaymonlik g‘ami ezib turgan holda, til bilan dilni bir qilib, samimiy aytish kerakligini yozadi. Qurtubiyga ko‘ra, ana shunday istig‘for tavbaning tarjimasidir. Bu aslo tili bilan “astag‘firulloh” deb qo‘yib, gunohini davom ettiraverish emas. Bunday kimsalarning istig‘fori istig‘forga muhtojdir!

Nasuh tavbasi nima?

“Nasuh” tavbasi chin, samimiy va haqiqiy tavba degani bo‘lib, ulamolar unga quyidagicha ta’rif berishgan:

Hazrat Umar, Ibn Mas’ud, Ubay ibn Ka’b (roziyallohu anhum) ta’riflariga ko‘ra, nasuh tavbasi sut yelinga qaytmagani kabi, yana gunohga qaytilmagan tavbadir.

Qatoda aytadi: “Nasuh samimiy va chin dildan qilingan tavbadir. Xolis ham deb izohlangan”. Hasan Basriy esa: “Nasuh suygan gunohini yomon ko‘rib, uni eslaganda, mag‘firat so‘rashdir”, deganlar.

“Nasuh tavbasi qabul bo‘lishiga ishonilmagan va shuning uchun qo‘rqilgan tavbadir”, deb ham ta’riflangan.

Kalbiy aytadi: “Nasuh tavbasi dilda pushaymon bo‘lish, til bilan mag‘firat so‘rash, gunohdan qat’iy voz kechish va qaytib qilmaslikka ahd qilishdir”.

Sa’id ibn Jubayr dedi: “Nasuh qabul bo‘ladigan tavba demakdir. U uchta sharti bo‘lmasa, qabul bo‘lmaydi: qabul bo‘lmaslik qo‘rquvi, qabul bo‘lishidan umid va toatlarda bardavomlik”.

Said bin Musayyab aytadi: “Nasuh tavbasi o‘zingizga u bilan samimiy holda yaxshilik qilgan tavbangizdir”.

Quraziy deydi: “Nasuh tavbasining ushbu to‘rtta xususiyati bor: til bilan mag‘firat so‘rash, qilingan gunohdan xolis nadomat chekish, gunohga qaytmaslikka qalbdan qaror qilish va yomon do‘stlardan uzoqlashish”.

Fuzayl ibn Iyoz aytadi: “Gunohini doimo ko‘z o‘ngida tutishi va har doim uni ko‘rib turgandek harakat qilishidir”.

Ibn Sammok aytgan: “Alloh taolodan uyalmay qilgan gunohingni yodda tutib, seni kutayotgan narsaga tayyorlanishingdir”.

Abu Bakr Varroq aytgan: “Nasuh tavbasi, xuddi Tabuk safaridan qolib ketgan uch kishi (ahvoli) kabi, yer yuzi kengligiga qaramay, senga tor bo‘lib qolishidir”.

Abu Bakr Vositiy aytadi: “Nasuh hech qanday yo‘qotishlar dardida qilinmagan tavbadir. Chunki dunyoda nafsining rohati uchun gunoh qilgan kimsa, keyin o‘zining oxiratdagi rohati uchun tavba qilsa, uning tavbasi Alloh uchun emas, o‘zining himoyasi uchun bo‘ladi”.

Abu Bakr Dakkok aytadi: “Nasuh tavbasi haqini yegan odamlariga haqlarini qaytarish, dushmanlari bilan rizolashish va itoatlarni davomli odatga aylantirishdir”.

Ruvaym deydi: “Nasuh tavbasi ma’siyat paytida Haqqa orqa o‘girganingdek, tavba asnosida ortga qayrilmay, Allohga yuz burishdir”.

Zunnun aytadi: “Nasuh tavbasining uch alomati bor: oz gapirish, oz yeyish va oz uxlash”.

Shaqiq aytadi: “Nasuh tavbasi kishining o‘zini ko‘p ayblashi va davomli pushaymonlik tuyishidir”.

Sirriy Saqatiy aytadi: “Nasuh tavbasi kishi o‘ziga va mo‘minlarga nasihat qilmasidan yuzaga kelmaydi. Chunki tavba qilgan va unga bog‘liq qolgan kishi boshqa odamlarning ham o‘ziga o‘xshashini istaydi”.

Junayd deydi: “Nasuh tavbasi gunohni abadiy eslamaslik sharti bilan unutishdir. Chunki tavbasi sahih bo‘lgan kishi Allohni sevgan bo‘ladi. Allohni sevgan kishi esa, Allohdan boshqa hamma narsani unutadi”.

Anas ibn Molik aytadi: “Nasuh tavbasi kishining ko‘zyoshlarini oqizishi, gunohga qarshi tura oladigan qalbga ega bo‘lishi demakdir”.

Fath Mavsiliy aytgan: “Nasuh tavbasining uch alomati bor: havoyi nafsga xilof qilish, ko‘p yig‘lash va ochligu chanqoqlikka bardosh berishdir”.

Sahl Tustariy aytadi: ”Nasuh ahli sunna val jamoa uchun lozim bo‘lgan tavbadir. Chunki bid’atchining tavbasi bo‘lmaydi. Bunga dalil Payg‘ambarimizning (alayhissalom): “Alloh har bir bid’atchining oldiga uni tavbadan to‘suvchi parda qo‘ygan”, degan mazmundagi hadislaridir”.

Huzayfadan (roziyallohu anhu) rivoyat qilishlaricha, u bunday degan: “Bir gunohdan tavba qilib, keyin yana unga qaytish kishiga yomonlik sifatida yetadi”.

Tavbaning ahamiyati va zarurati

Gunohdan so‘ng darhol tavba qilish vojibdir. Chunki gunohning halokatli ekanini anglash imon taqozosidir. Tavbani kechiktirish mumkin emasligini anglagan kishi darhol amalga o‘tadi, o‘zini yomon fe’llardan tiya boshlaydi. Har bir ilm yaxshi amal bajarish uchun o‘rganiladi. Modomiki, ilm amalga sabab bo‘lmas ekan, uning mas’uliyatini to‘la his qilish mushkul. Gunohlarning zararini bilish, anglab yetish ilmdir. Mana shunday ilm gunohlarni tark qilishga sabab bo‘ladi. Undan ko‘zlangan maqsad ham aslida ana shu.

Kimki gunohlarni tark etmas ekan, imoni zaiflashib boraveradi. Zararli oziqlar badanga qanday ta’sir etsa, gunohlar ham imonga shunday ta’sir qiladi. Doimiy ravishda ichkarida to‘planib qolayotgan zararli oziqlar kishi sezmagan holda uning mizojini o‘zgartiradi, hatto uni buzilishgacha olib boradi. Natijada kishi daf’atan dardga chalinadi, daf’atan o‘ladi.

Gunohlarning imonga ta’siri ham shu yo‘sinda boshlanib, shu yo‘sinda yakun topadi. Demak, bu o‘tkinchi dunyoda o‘limdan qo‘rquvchi kishiga darhol va har qanday holatda zararli oziqlardan tiyilmoq vojib. Abadiy halokatdan qo‘rquvchi kishiga esa gunohlardan tiyilishning vojibligi yana bir hissa ko‘proqdir.

Kishining dinini gunohlari zaharlaydi. Kimki uni sodir etsa, fursat borida bu qilmishidan qaytmog‘i vojib. Bu fursat umrdir. Fursat boy berilsa, umr zoe bo‘ladi. Bundan ham alamlirog‘i esa, oxirat saodatini boy berishdir.

“Irfon” taqvimining 2014 yil 2-sonidan olindi.