ИШИД: хаёл ва ҳақиқат

Рукн: Долзарб мавзу Чоп этилган: 22.01.2015

Бугун бутун дунё эътиборини жалб этган, сўнгги пайтда мусулмонлар ҳақида ёмон тасаввур уйғонишига энг катта сабаблардан бири, Ислом номи билан мусулмонликка умуман алоқаси бўлмаган, муқаддас динимизда ҳаром қилинган ишларни ўзларига ҳалол қилиб олган “Ироқ ва Шом Ислом давлати” (ИШИД) деб аталаётган террорчи ташкилот фитнаси барча учун оғир мусибат бўлди.

Америкаликлар 2003 йили Ироқнинг суннийлар яшайдиган ерларини истило қилганидан кейин иорданиялик Абу Мусо аз-Зарқавий “Ал-Қоида” бўлимини ташкил қилди. ИШИДнинг илдизлари шулардан келиб чиқади. Уларга “Жайшут тоиф ал мансура”, “Жайш аҳли сунна вал жамоа”, “Жайшул фотиҳин”, “Жунудус саҳоба” қўшилди. 2006 йилнинг 15 октябрида “Ироқ Ислом давлати” эълон қилинди. Бунинг оқибатида бу ташкилотга “Ансор ат-тавҳид”, “Ал-ғуроба”, “Исломий жиҳод”, “Асаибал аҳвал”, “Жамаъал муробитин”, “Ансорут тавҳид ва сунна”, “Фурсанат тавҳид”, “Жунуди миллати Иброҳим”га ўхшаган майда гуруҳлар келиб қўшилди. Террорчи гуруҳлардан ташкил топган бу давлат 2014 йилнинг 29 июнь куни ўзини халифалик давлати деб эълон қилди. Унга Абубакр ал-Бағдодий халифа этиб тайинланди.

“Ироқ ва Шом Ислом давлати” ўз душманлари сифатида биринчи навбатда Саудия Арабистони, Форс кўрфази подшоҳликлари, Иордания ва Мисрни кўради. Иккинчи даврадаги  душманлар, уларнинг фикрича, мусулмонларни эзиб келаётган ҳукуматлар — АҚШ, Россия ва ғарб мамлакатларидир.

“Ислом давлати” террорчи ташкилоти аъзоларидан бири Абу Туроб ал-Мақдисий “Биз шайхимиз ал-Бағдодий бошчилигида Маккани эгаллаб, у ерда тошга ибодат қилаётганларни ўлдирамиз ва Каъбани бузамиз. Бугунги кунда  одамлар ҳажга Аллоҳ розилиги учун эмас балки тошга ибодат қилиш учун боришмоқда” деб  таъкидлади.

Ироқ ва Сурия ҳудудидаги террорчи гуруҳлар таркибида дунёнинг 80 ортиқ мамлакатларидан бўлган жами 50000 дан ортиқ жангарилар, шу жумладан, Марказий Осиё республикалари фуқаролари ҳам бор.

Жаҳоннинг турли бурчакларидан турли миллатга мансуб бўлган, бир-бирини умуман танимайдиган шунча одам бир жойда қандай йиғилди? Уларни дин йўлида “муқаддас уруш” ғояси атрофида бирлаштираётганлар аслида ким?

Ислом номидан қилинаётган ғайриисломий жиноятлар

“Халифалик” давлати номи остида бошқарилаётган бу куч ўзини гўёки ислом тартиб қоидаларини “тўлиқ” амалга ошириш ниқоби остида динимизга зид ишларни  қилмоқда. Уларнинг таълимотларига қарши чиққан одамлар шафқатсиз равишда ўлдирилмоқда, аёвсиз жазоланмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Мўъминун” сурасининг 53-оятида “Ҳар фирқа ўз ҳузурларидаги нарса ила хурсанддирлар” деган.

Мазкур гуруҳнинг қилган ишлари аслида бошдан-оёқ жиноят, қотиллик ва фитна, қолаверса, ер юзидаги энг катта фисқу фасодлардан бўлса-да, лекин ўзларининг наздида бу жиноятлари яхшилик, эзгулик ва диннинг талаби сифатида ҳас-пўшланяпти. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу даврларидаги фитначи гуруҳлар ҳам ўзларининг асоссиз эътиқодларига қарши чиққанларни аёвсиз жазолаб, ўлдирганлар.

Асирларни қатл қилиш

Исломга кўра, асирларни қатл қилиш ҳаромдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни: «Ортига қараб қочган ўлдирилмас! Ярадорлар ҳам ўлдирилмас! Ким эшигини ёпиб олса, омондадир!» деганлар («Мусаннаф». Ибн Абу Шайба (6/498).

Тарихдан маълумки, мусулмон ҳукмдорларнинг бирорталари асирларни қатл қилдирмаганлар. Ҳаттоки уларга нсибатан зулму ситам, зўравонлик қилинишлигига ҳам йўл қўймаганлар. Асирларни қатл қилиш эса мусулмон бўлмаган ёки Исломни ниқоб қилиб олган гуруҳ ва жамоалар тарафидангина содир этилиши мумкин бўлган жиноятдир.

ИШИД жангарилари томонидан 2014 йилнинг июнида Тикритда, Сабакир аскаргоҳида 1700 асир қатл қилинди. Июль ойида Ғозиш-шоир даласида 200 киши, август ойида Шуайтот қабиласидан 700 киши, Делизурда 600 киши ўлдирилди. Улар қуролсиз тинч аҳоли эди. Шунингдек Раққада, Табақа ҳаво аскаргоҳида 250 асир ҳам қатл қилинди. Улар амалга ошираётган қатл саҳналари дунё оммавий ахборот воситаларининг доимий мавзусига айланди.

Айтинг-чи, шу ҳам Исломданми? Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган тинчлик дини Ислом ёвузликка даъват қиладими? Асло, йўқ!

Элчиларни ўлдириш

Барча динларда элчиларни ўлдириш ҳаромдир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Жорий бўлган суннатга кўра, элчилар қатл қилинмайди» (Муснади имоми Аҳмад (6/306).

Халқимизда ҳам “Элчига ўлим йўқ” деган нақл бежиз айтилмаган.

Ҳозирги кунги ахборот воситаларининг мухбирлари чинакам ахборот элчилари ҳисобланадилар, чунки улар қиладиган иш ҳақиқатни юзага чиқариш, оммага, инсониятга етказишдир.

ИШИДчилар Жеймс Фоули, Степан Сотлофф каби мухбирларни ҳибсга олиб, Степан Сотлоффнинг улардан нажот сўрашига, онасининг шафқат сўраб ялиниб-ёлворишига қарамай, шафқатсизларча қатл қилдилар.

Хайрия ёрдамлари етказиш ходимлари ҳам раҳмат, яхшилик элчисидир. Улар ана шундай ходимлардан бири Девид Хенесни, мусулмонликни қабул қилганига қарамай Абдул Раҳмон Кессигни ҳам аёвсиз сўйдилар.

Уларнинг бу қилмишларини шу пайтгача дунёдаги ҳеч қайси гуруҳ ёки жамоа, ҳаттоки, динимизга тиш-тирноғи билан қарши чиққан, Исломни ер юзидан супуриб ташлаш учун ҳар қандай қотилликка ҳам тайёр бўлган Макка мушриклари ҳам бу жиноятдан хазар қилганлар. Бу қотилликларга буюрган “қози”нинг ҳукмини шаръий деб бўладими?

Бегуноҳ инсонларни қатл қилиш

Исломдаги энг катта гуноҳлардан бири одам ўлдиришдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Шунинг учун ҳам Бану Исроилга: «Ким бир жонни бирор жон сабабисиз ёки ер юзида бузғунчилик қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдиргандек бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», – деб ёздик. Батаҳқиқ, расулларимиз уларга очиқ-ойдин ҳужжатлар олиб келдилар. Сўнгра, ўшандан кейин ҳам улардан кўплари ер юзида ҳаддан ошувчилардан бўлдилар» (Моида сураси, 32-оят).

ИШИД фитначилари шиа мусулмонларини, язидийларни, насороларни ва уларнинг ғояларига бўйсунмаган барчани аёвсиз қатл этмоқдалар, улар орасида аёллар ва болаларнинг борлиги ачинарлидир.

Бегуноҳ инсонларни қатл қилишдан мақсад аҳоли ўртасида қўрқув, ваҳима уйғотиш эмасми? Қайси исломий давлат аҳолини қўрқитиш йўли билан қурилган?

Мусулмонларни кофирга чиқариш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ», деса, мендан жонини, молини сақлабди. Фақат ҳаққи билан бўлса, мустасно. Уларнинг ҳисоби Аллоҳнинг зиммасидадир», деганлар («Саҳиҳул Бухорий». Жиҳод китоби (2946).

Ибн Умар ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳум: «Аҳли қиблани кофирга чиқариш йўқ», дейишган (Ҳофиз Ҳайсамийнин. «Мажмаъуз завоид»).

ИШИДнинг “олим”лари шиа, алавий, язидийларни, шунингдек, ўзларидек фикр қилмайдиган суннийларни ҳам кофирга чиқариб, ўлдиришга ҳукм қилмоқдалар. Ҳатто “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб гувоҳлик берганларни ҳам отиб ташламоқдалар.

Имом Бухорий Ибн Умар, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Қачон киши ўз биродарига эй кофир, деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади” деганлар. Шу ҳадиси шарифнинг ҳукмига мувофиқ мусулмонларни кофирга чиқараётганларнинг ўзлари кофир эмасми? 

Аҳли китобларни ўлдириш, черковларни бузиш

Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сизлар билан дин борасида уруш қилмаган ва сизларни диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни севадир», деган (Мумтаҳина сураси, 8-оят).

ИШИД жангарилари араб насороларининг оилаларини қонга ботирдилар, черковларини бузиб ташладилар, уйларини, мол-мулкларини таладилар, баъзиларини қатл қилдилар, баъзиларини ватангадо қилдилар, кўпчилиги биргина эгнидаги кийими билан қочишга мажбур бўлди. Бу насоролар Исломга қарши уруш қилаётган жангчилар эмас эди. Улар бирорта одамга тажовуз қилишмаган эди, ерлик аҳолига дўст, биродар, қўшни, ватандош эдилар. Улар душман эмас эдилар, балки 1400 йилдан буён дўст бўлиб, тинч-тотув ҳаёт кечириб келаётган эдилар. Улар ўз юртларини ҳимоя қилиб, салибчиларга, мустамлакачиларга, Исроилга ва бошқа босқинчиларга қарши курашган эдилар.

Террорчилар эгаллаб олган ҳудудларда истиқомат қилаётган бошқа дин вакилларига ўлим таҳдиди остида ҳар ой 250 АҚШ доллари миқдорида солиқ (жизя) тўлашга мажбур қилдилар.

Аллоҳ таоло “Анъом” сурасининг 108-оятида шундай марҳамат қилади: “Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз. Бас, билмасдан, зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик. Сўнгра эса, қайтиб борадиган жойлари Роббиларигадир. Бас, у қилиб юрган ишларининг хабарини берур.”

 Ушбу ояти кариманинг маъносига мувофиқ, террорчиларнинг қилаётган жиноятлари аслида аҳли китобларни ва бошқа дин вакилларини мусулмонларга нисбатан нафратларини кучайтириб, уларга қарши уруш қилишга чорлаётган даъват эмасмикан? Аҳли китобларни ўлдириш, черковларни бузиш халқлар ва динлар орасида низо қўзғолишига олиб келмайдими?

Инсонларни қул қилиш

Уламолардан бирортаси инкор қилмаган ҳақиқат шуки, Ислом қулдорликка барҳам беришга жазм қилган ва бу борада нафақат назарий жиҳатдан, амалий жиҳатдан ҳам тарих инкор эта олмайдиган даражада намуна кўрсатган.

ИШИДчилар аёлларни асир олиб, уларни чўри қилдилар, шу йўл билан яна янги фитнани, ер юзида фасодни қўзғаб, фаҳш ишларга қўл урдилар. Шунингдек, улар бутун дунёдан муслималарни ўзларига чақириб, дин йўлидаги “жинсий” жиҳодга даъват этмоқдалар. Алданган муслималар эса худди фоҳишалардек хор бўлмоқдалар.

Мусулмонларнинг барча уламолари бир овоздан қулдорлик тугатилган, уни қайтадан жорий қилиш мутлақо мумкин эмас деб иттифоқ қилганлар. ИШИД жангариларининг қулдорликни қўмсаб қолганликлари уларнинг нафс ва шаҳватнинг қули эканликлари аломати эмасми? Муслималарни фоҳиша қилиб, уларни сарсон-саргардонликка маҳкум этиш Исломда борми?

Азоблаш, таҳқирлаш

Инсонларни азоблаш, таҳқирлаш, калака қилиш барча самовий динларда ман этилган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларида: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейдилар (муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадиси шарифнинг маъносига мувофиқ ИШИД жангариларини мусулмонлар деб атай оламизми? Ваҳоланки улар динимизнинг барча аҳкомларини ўзларининг ақидалари, ғояларини амалга ошириш суиистеъмол қиляптилар-ку!

ИШИД аҳли баъзи шахслар ва оилаларни қўрқитиб, уларга жисмоний жароҳатлар, турли азоблар етказган. Одамларни тириклай кўмиб юбориш, бошларини пичоқ билан кесиш, қатлдан олдин уларни масхара қилиш, уриб-сўкиш, одамларнинг калласини кесиб, уни бирор нарсанинг устига ўрнатиб ёки осиб қўйиш каби ишлар, афсуски, одатий ҳолга айланган.

Уларнинг қилаётган бу жиноятлари бир пайтлар Имом Ҳусайн р.а. бошчилигидаги бир қанча саҳобалар ва аҳли байтларнинг Карбало даштида бошлари кесилиб, масхара қилинганини эслатмайдими? Асирларни хҳрлаш ва азоблаш қайси мўминнинг одабига хос?

Анбиёлар, саҳобаларнинг қабрларини, мақомотларини бузиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қабрларни зиёрат қилишдан сизларни қайтарган эдим, энди Муҳаммадга онасининг қабрини зиёрат қилишга рухсат берилди. Сизлар ҳам қабрларни зиёрат қилинглар, чунки уларни зиёрат қилиш охиратни эслатади», деганлар («Саҳиҳи Муслим» (977). Сунани ат-Термизий (1054).

Улар анбиёларнинг, саҳобаларнинг қабрларини портлатиб юбордилар. Ироқнинг Мовсул шаҳридаги XI-XIII асрга мансуб ўнлаб масжид ва зиёратгоҳлар террорчилар  томонидан бузиб ташланди.

Масжидларни бузадиган кишиларни мусулмон деб атаса бўладими?

Аслида Ислом динига қизиқишни бошлаган янги мусулмонларни турли алдовлар билан ўзига чорлаётган “Ироқ ва Шом Ислом давлати” қўпорувчи ғаразли кучларнинг махсус лойиҳаси бўлиб, ташкилот бошида турганларнинг асл мақсади дунёга мусулмонларни ёмон қилиб кўрсатиш, шиа ва суннийлар орасига янада низо солиш, ўзини исломий деб атаётган турли гуруҳларни бир жойга йиғиб, гиж-гижлаб, мусулмонни мусулмоннинг қўли билан ўлдиришдир.

Огоҳ бўлинг! Эй кўзлари сўқирлар, қалбини моғор босган тошбағирларб қўлларини бегуноҳ инсонлар қонлари билан булғаётганлар! Сиз қилаётган ҳижрат, жонингизни бераётган жиҳод аслида Ислом душманларининг мусулмонларга қарши қаратилган фитнасига хизмат холос!

Мақолани тайёрлашда Дунё уламоларининг Бағдодийга очиқ хатидан фойдаланилди.

* * *

Bugun butun dunyo e’tiborini jalb etgan, so‘nggi paytda musulmonlar haqida yomon tasavvur uyg‘onishiga eng katta sabablardan biri, Islom nomi bilan musulmonlikka umuman aloqasi bo‘lmagan, muqaddas dinimizda harom qilingan ishlarni o‘zlariga halol qilib olgan “Iroq va Shom Islom davlati” (IShID) deb atalayotgan terrorchi tashkilot fitnasi barcha uchun og‘ir musibat bo‘ldi.

Amerikaliklar 2003 yili Iroqning sunniylar yashaydigan yerlarini istilo qilganidan keyin iordaniyalik Abu Muso az-Zarqaviy “Al-Qoida” bo‘limini tashkil qildi. IShIDning ildizlari shulardan kelib chiqadi. Ularga “Jayshut toif al mansura”, “Jaysh ahli sunna val jamoa”, “Jayshul fotihin”, “Junudus sahoba” qo‘shildi. 2006 yilning 15 oktyabrida “Iroq Islom davlati” e’lon qilindi. Buning oqibatida bu tashkilotga “Ansor at-tavhid”, “Al-g‘uroba”, “Islomiy jihod”, “Asaibal ahval”, “Jama’al murobitin”, “Ansorut tavhid va sunna”, “Fursanat tavhid”, “Junudi millati Ibrohim”ga o‘xshagan mayda guruhlar kelib qo‘shildi. Terrorchi guruhlardan tashkil topgan bu davlat 2014 yilning 29 iyun kuni o‘zini xalifalik davlati deb e’lon qildi. Unga Abubakr al-Bag‘dodiy xalifa etib tayinlandi.

“Iroq va Shom Islom davlati” o‘z dushmanlari sifatida birinchi navbatda Saudiya Arabistoni, Fors ko‘rfazi podshohliklari, Iordaniya va Misrni ko‘radi. Ikkinchi davradagi  dushmanlar, ularning fikricha, musulmonlarni ezib kelayotgan hukumatlar — AQSh, Rossiya va g‘arb mamlakatlaridir.

“Islom davlati” terrorchi tashkiloti a’zolaridan biri Abu Turob al-Maqdisiy “Biz shayximiz al-Bag‘dodiy boshchiligida Makkani egallab, u yerda toshga ibodat qilayotganlarni o‘ldiramiz va Ka’bani buzamiz. Bugungi kunda  odamlar hajga Alloh roziligi uchun emas balki toshga ibodat qilish uchun borishmoqda” deb  ta’kidladi.

Iroq va Suriya hududidagi terrorchi guruhlar tarkibida dunyoning 80 ortiq mamlakatlaridan bo‘lgan jami 50000 dan ortiq jangarilar, shu jumladan, Markaziy Osiyo respublikalari fuqarolari ham bor.

Jahonning turli burchaklaridan turli millatga mansub bo‘lgan, bir-birini umuman tanimaydigan shuncha odam bir joyda qanday yig‘ildi? Ularni din yo‘lida “muqaddas urush” g‘oyasi atrofida birlashtirayotganlar aslida kim?

Islom nomidan qilinayotgan g‘ayriislomiy jinoyatlar

“Xalifalik” davlati nomi ostida boshqarilayotgan bu kuch o‘zini go‘yoki islom tartib qoidalarini “to‘liq” amalga oshirish niqobi ostida dinimizga zid ishlarni  qilmoqda. Ularning ta’limotlariga qarshi chiqqan odamlar shafqatsiz ravishda o‘ldirilmoqda, ayovsiz jazolanmoqda.

Alloh taolo Qur’oni karimning “Mo‘‘minun” surasining 53-oyatida “Har firqa o‘z huzurlaridagi narsa ila xursanddirlar” degan.

Mazkur guruhning qilgan ishlari aslida boshdan-oyoq jinoyat, qotillik va fitna, qolaversa, yer yuzidagi eng katta fisqu fasodlardan bo‘lsa-da, lekin o‘zlarining nazdida bu jinoyatlari yaxshilik, ezgulik va dinning talabi sifatida has-po‘shlanyapti. Hazrat Ali roziyallohu anhu davrlaridagi fitnachi guruhlar ham o‘zlarining asossiz e’tiqodlariga qarshi chiqqanlarni ayovsiz jazolab, o‘ldirganlar.

Asirlarni qatl qilish

Islomga ko‘ra, asirlarni qatl qilish haromdir. Nabiy sollallohu alayhi vasallam Makka fathi kuni: «Ortiga qarab qochgan o‘ldirilmas! Yaradorlar ham o‘ldirilmas! Kim eshigini yopib olsa, omondadir!» deganlar («Musannaf». Ibn Abu Shayba (6/498).

Tarixdan ma’lumki, musulmon hukmdorlarning birortalari asirlarni qatl qildirmaganlar. Hattoki ularga nsibatan zulmu sitam, zo‘ravonlik qilinishligiga ham yo‘l qo‘ymaganlar. Asirlarni qatl qilish esa musulmon bo‘lmagan yoki Islomni niqob qilib olgan guruh va jamoalar tarafidangina sodir etilishi mumkin bo‘lgan jinoyatdir.

IShID jangarilari tomonidan 2014 yilning iyunida Tikritda, Sabakir askargohida 1700 asir qatl qilindi. Iyul oyida G‘ozish-shoir dalasida 200 kishi, avgust oyida Shuaytot qabilasidan 700 kishi, Delizurda 600 kishi o‘ldirildi. Ular qurolsiz tinch aholi edi. Shuningdek Raqqada, Tabaqa havo askargohida 250 asir ham qatl qilindi. Ular amalga oshirayotgan qatl sahnalari dunyo ommaviy axborot vositalarining doimiy mavzusiga aylandi.

Ayting-chi, shu ham Islomdanmi? Rasuli akram sollallohu alayhi vasallam olib kelgan tinchlik dini Islom yovuzlikka da’vat qiladimi? Aslo, yo‘q!

Elchilarni o‘ldirish

Barcha dinlarda elchilarni o‘ldirish haromdir. Ibn Mas’ud roziyallohu anhu aytadilar: «Joriy bo‘lgan sunnatga ko‘ra, elchilar qatl qilinmaydi» (Musnadi imomi Ahmad (6/306).

Xalqimizda ham “Elchiga o‘lim yo‘q” degan naql bejiz aytilmagan.

Hozirgi kungi axborot vositalarining muxbirlari chinakam axborot elchilari hisoblanadilar, chunki ular qiladigan ish haqiqatni yuzaga chiqarish, ommaga, insoniyatga yetkazishdir.

IShIDchilar Jeyms Fouli, Stepan Sotloff kabi muxbirlarni hibsga olib, Stepan Sotloffning ulardan najot so‘rashiga, onasining shafqat so‘rab yalinib-yolvorishiga qaramay, shafqatsizlarcha qatl qildilar.

Xayriya yordamlari yetkazish xodimlari ham rahmat, yaxshilik elchisidir. Ular ana shunday xodimlardan biri Devid Xenesni, musulmonlikni qabul qilganiga qaramay Abdul Rahmon Kessigni ham ayovsiz so‘ydilar.

Ularning bu qilmishlarini shu paytgacha dunyodagi hech qaysi guruh yoki jamoa, hattoki, dinimizga tish-tirnog‘i bilan qarshi chiqqan, Islomni yer yuzidan supurib tashlash uchun har qanday qotillikka ham tayyor bo‘lgan Makka mushriklari ham bu jinoyatdan xazar qilganlar. Bu qotilliklarga buyurgan “qozi”ning hukmini shar’iy deb bo‘ladimi?

Begunoh insonlarni qatl qilish

Islomdagi eng katta gunohlardan biri odam o‘ldirishdir. Alloh taolo marhamat qiladi: «Shuning uchun ham Banu Isroilga: «Kim bir jonni biror jon sababisiz yoki yer yuzida buzg‘unchilik qilmasa ham o‘ldirsa, xuddi hamma odamlarni o‘ldirgandek bo‘ladi. Kim uni tiriltirsa, xuddi hamma odamlarni tiriltirgandek bo‘ladi», – deb yozdik. Batahqiq, rasullarimiz ularga ochiq-oydin hujjatlar olib keldilar. So‘ngra, o‘shandan keyin ham ulardan ko‘plari yer yuzida haddan oshuvchilardan bo‘ldilar» (Moida surasi, 32-oyat).

IShID fitnachilari shia musulmonlarini, yazidiylarni, nasorolarni va ularning g‘oyalariga bo‘ysunmagan barchani ayovsiz qatl etmoqdalar, ular orasida ayollar va bolalarning borligi achinarlidir.

Begunoh insonlarni qatl qilishdan maqsad aholi o‘rtasida qo‘rquv, vahima uyg‘otish emasmi? Qaysi islomiy davlat aholini qo‘rqitish yo‘li bilan qurilgan?

Musulmonlarni kofirga chiqarish

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam «Kim «Laa ilaaha illalloh», desa, mendan jonini, molini saqlabdi. Faqat haqqi bilan bo‘lsa, mustasno. Ularning hisobi Allohning zimmasidadir», deganlar («Sahihul Buxoriy». Jihod kitobi (2946).

Ibn Umar va Oisha onamiz roziyallohu anhum: «Ahli qiblani kofirga chiqarish yo‘q», deyishgan (Hofiz Haysamiynin. «Majma’uz zavoid»).

IShIDning “olim”lari shia, alaviy, yazidiylarni, shuningdek, o‘zlaridek fikr qilmaydigan sunniylarni ham kofirga chiqarib, o‘ldirishga hukm qilmoqdalar. Hatto “La ilaha illalloh” deb guvohlik berganlarni ham otib tashlamoqdalar.

Imom Buxoriy Ibn Umar, Abu Hurayra roziyallohu anhumolardan rivoyat qilgan hadisi sharifda Payg‘ambarimiz (s.a.v.): “Qachon kishi o‘z birodariga ey kofir, desa, ikkovlaridan biri o‘shandoq bo‘ladi” deganlar. Shu hadisi sharifning hukmiga muvofiq musulmonlarni kofirga chiqarayotganlarning o‘zlari kofir emasmi? 

Ahli kitoblarni o‘ldirish, cherkovlarni buzish

Alloh taolo: «Alloh sizlar bilan din borasida urush qilmagan va sizlarni diyorlaringizdan quvib chiqarmaganlarga yaxshilik va adolat qilishdan sizlarni qaytarmas. Albatta, Alloh adolat qiluvchilarni sevadir», degan (Mumtahina surasi, 8-oyat).

IShID jangarilari arab nasorolarining oilalarini qonga botirdilar, cherkovlarini buzib tashladilar, uylarini, mol-mulklarini taladilar, ba’zilarini qatl qildilar, ba’zilarini vatangado qildilar, ko‘pchiligi birgina egnidagi kiyimi bilan qochishga majbur bo‘ldi. Bu nasorolar Islomga qarshi urush qilayotgan jangchilar emas edi. Ular birorta odamga tajovuz qilishmagan edi, yerlik aholiga do‘st, birodar, qo‘shni, vatandosh edilar. Ular dushman emas edilar, balki 1400 yildan buyon do‘st bo‘lib, tinch-totuv hayot kechirib kelayotgan edilar. Ular o‘z yurtlarini himoya qilib, salibchilarga, mustamlakachilarga, Isroilga va boshqa bosqinchilarga qarshi kurashgan edilar.

Terrorchilar egallab olgan hududlarda istiqomat qilayotgan boshqa din vakillariga o‘lim tahdidi ostida har oy 250 AQSh dollari miqdorida soliq (jizya) to‘lashga majbur qildilar.

Alloh taolo “An’om” surasining 108-oyatida shunday marhamat qiladi: “Ularning Allohdan o‘zga ibodat qiladiganlarini so‘kmangiz. Bas, bilmasdan, zulm ila Allohni so‘kib yurmasinlar. Shunday qilib, har bir ummatga amalini ziynatlab qo‘ydik. So‘ngra esa, qaytib boradigan joylari Robbilarigadir. Bas, u qilib yurgan ishlarining xabarini berur.”

 Ushbu oyati karimaning ma’nosiga muvofiq, terrorchilarning qilayotgan jinoyatlari aslida ahli kitoblarni va boshqa din vakillarini musulmonlarga nisbatan nafratlarini kuchaytirib, ularga qarshi urush qilishga chorlayotgan da’vat emasmikan? Ahli kitoblarni o‘ldirish, cherkovlarni buzish xalqlar va dinlar orasida nizo qo‘zg‘olishiga olib kelmaydimi?

Insonlarni qul qilish

Ulamolardan birortasi inkor qilmagan haqiqat shuki, Islom quldorlikka barham berishga jazm qilgan va bu borada nafaqat nazariy jihatdan, amaliy jihatdan ham tarix inkor eta olmaydigan darajada namuna ko‘rsatgan.

IShIDchilar ayollarni asir olib, ularni cho‘ri qildilar, shu yo‘l bilan yana yangi fitnani, yer yuzida fasodni qo‘zg‘ab, fahsh ishlarga qo‘l urdilar. Shuningdek, ular butun dunyodan muslimalarni o‘zlariga chaqirib, din yo‘lidagi “jinsiy” jihodga da’vat etmoqdalar. Aldangan muslimalar esa xuddi fohishalardek xor bo‘lmoqdalar.

Musulmonlarning barcha ulamolari bir ovozdan quldorlik tugatilgan, uni qaytadan joriy qilish mutlaqo mumkin emas deb ittifoq qilganlar. IShID jangarilarining quldorlikni qo‘msab qolganliklari ularning nafs va shahvatning quli ekanliklari alomati emasmi? Muslimalarni fohisha qilib, ularni sarson-sargardonlikka mahkum etish Islomda bormi?

Azoblash, tahqirlash

Insonlarni azoblash, tahqirlash, kalaka qilish barcha samoviy dinlarda man etilgan.

Payg‘ambarimiz Muhammad (s.a.v.) hadislarida: “Tili va qo‘lidan musulmonlar salomat bo‘lgan inson haqiqiy musulmondir. Alloh taolo qaytargan narsalarni tark qilgan inson haqiqiy muhojirdir”, deydilar (muttafaqun alayh).

Ushbu hadisi sharifning ma’nosiga muvofiq IShID jangarilarini musulmonlar deb atay olamizmi? Vaholanki ular dinimizning barcha ahkomlarini o‘zlarining aqidalari, g‘oyalarini amalga oshirish suiiste’mol qilyaptilar-ku!

IShID ahli ba’zi shaxslar va oilalarni qo‘rqitib, ularga jismoniy jarohatlar, turli azoblar yetkazgan. Odamlarni tiriklay ko‘mib yuborish, boshlarini pichoq bilan kesish, qatldan oldin ularni masxara qilish, urib-so‘kish, odamlarning kallasini kesib, uni biror narsaning ustiga o‘rnatib yoki osib qo‘yish kabi ishlar, afsuski, odatiy holga aylangan.

Ularning qilayotgan bu jinoyatlari bir paytlar Imom Husayn r.a. boshchiligidagi bir qancha sahobalar va ahli baytlarning Karbalo dashtida boshlari kesilib, masxara qilinganini eslatmaydimi? Asirlarni xhrlash va azoblash qaysi mo‘minning odabiga xos?

Anbiyolar, sahobalarning qabrlarini, maqomotlarini buzish

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: «Qabrlarni ziyorat qilishdan sizlarni qaytargan edim, endi Muhammadga onasining qabrini ziyorat qilishga ruxsat berildi. Sizlar ham qabrlarni ziyorat qilinglar, chunki ularni ziyorat qilish oxiratni eslatadi», deganlar («Sahihi Muslim» (977). Sunani at-Termiziy (1054).

Ular anbiyolarning, sahobalarning qabrlarini portlatib yubordilar. Iroqning Movsul shahridagi XI-XIII asrga mansub o‘nlab masjid va ziyoratgohlar terrorchilar  tomonidan buzib tashlandi.

Masjidlarni buzadigan kishilarni musulmon deb atasa bo‘ladimi?

Aslida Islom diniga qiziqishni boshlagan yangi musulmonlarni turli aldovlar bilan o‘ziga chorlayotgan “Iroq va Shom Islom davlati” qo‘poruvchi g‘arazli kuchlarning maxsus loyihasi bo‘lib, tashkilot boshida turganlarning asl maqsadi dunyoga musulmonlarni yomon qilib ko‘rsatish, shia va sunniylar orasiga yanada nizo solish, o‘zini islomiy deb atayotgan turli guruhlarni bir joyga yig‘ib, gij-gijlab, musulmonni musulmonning qo‘li bilan o‘ldirishdir.

Ogoh bo‘ling! Ey ko‘zlari so‘qirlar, qalbini mog‘or bosgan toshbag‘irlarb qo‘llarini begunoh insonlar qonlari bilan bulg‘ayotganlar! Siz qilayotgan hijrat, joningizni berayotgan jihod aslida Islom dushmanlarining musulmonlarga qarshi qaratilgan fitnasiga xizmat xolos!

Maqolani tayyorlashda Dunyo ulamolarining Bag‘dodiyga ochiq xatidan foydalanildi.